ёхуд очкўз оломону, бундан фойдаланаётган «уддабуронлар» аслида кимнинг томонида?
Ажиотаж талабга яраша қиммат таклиф
Кеча юртимизда электр энергияси узатилиши борасидаги узилишлар билан боғлиқ ҳолат худди хориж фильмларидаги қўрқинчли, оқибати мавҳум даҳшат саҳналарини эслатиб юборди. Биргина электр бошқарар экан бутун ҳаётимизни, дея ўйлаб қолдим. Электр ўчди, совуқ сув йўқ, иссиқ сув йўқ, лифт ишламайди (12-этажда тураман), табиий газ йўқ (бизда электр билан ишлайдиган плита). Учта фарзанд, совуқ уйда иссиқ чойсиз, иссиқ овқатсиз. Хуллас, аҳволни тасаввур қилдингиз. Аммо мен бундан нолимоқчи эмасман. Чунки қанчадан-қанча юртдошларим, чекка қишлоқлардаги оилалар йиллар давомида худди шу шароитда яшаб келяпти, мен бир кунликкина вазиятдан нолисам уят бўлар. Бироқ мавзу бу ҳақида ҳам эмас.
Кечаги кутилмаган ҳолатда менинг англаганим шуки, халқимиз (балки одамлар зич яшайдиган Тошкент шаҳри) бундай фавқулодда ҳодисага умуман тайёр эмас экан. Мен асарларда ўқиганимдек, фильмларда кўрганимдек тош келса кемириб, сув келса симириб, бир майизни қирқ бўлиб, ота-онасиз қолган гўдакларни бағрига олиб, бир бурда нонини ўзи емай етимларга берган халқ ўша фильмларда, эртакларда қолган экан. Минг афсус...
Икки йил олдин карантин эълон қилинганда ўзини картошкага урган оломону юртимнинг инсофини еган айрим тадбиркорларига шунча бало-қазолар ҳам кор қилмабди. Ўшанда саросимага тушган оломон, ҳа, айнан оломон, антисептик воситаю, дори-дармон, ниқоб ва озиқ-озиқ овқат маҳсулотларини ўз нархидан анча қимматга сотиб олишганди. Ҳаттоки бир акахон ўшанда 18 қоп катошка сотиб олиб, ярми омборида чириб кетганини мақтаниб гапиргани ҳам рост гап. Аммо биздан талаб бўлмаса, айримларнинг таклифини қуруқ қолдирсак, бизни ҳайратга, афсусга солган вазият бўлмас балки...
Иймонимиз бор, инсофимиз-чи?
Афсуски кечаги ҳолат ҳам бундан қолишмади. Электрдаги узилиш баҳона ким эканлигимизни яна бир таниб олиш имкони бўлди. Электр энергиясидаги носозлик ортидан табиий газ ва сув таъминотида ҳам юз берган узилишлар айрим (афсуски улар жудаям кўп экан) виждонсиз олибсотарларга (уларни тадбиркор дейишга ҳам тил бормайди) қўл келди.
3 минг сўмлик нон 7 минг, асли нархи 10 литрлик сув 30 минг, 3 минглик бир дона шам 30 минггача сотилди.
«Худога шукр, мусулмонман» дегувчиларнинг ва демайдиганларнинг ҳам асл башараси кўринди. «Ичида бир-икки кун свет бўлмасайди», деб туришган бўлса ҳам ажаб эмас, ўйлайман мен. Аслида эса шубҳам йўқ, очкўзларча йилтираган кўзлардан ҳаммасини ўқиб, уқиб турган бўламан. Энг биринчи ўйлаганим бир ютум ҳавога зор бўлиб, кислород аппаратига уланган беморлар бўлди. Бу жонивор аппарат бор йўғи 30 дақиқа ишларкан электрсиз. Ўйлаб кўринг, қанча одам шу ҳавога зор эди. Биз эса қулай пайтдан фойдаланиб, иложи бўлса шу ҳавони ҳам сотиб, миллион-миллиард пул қилишга тайёр даражада очкўзмиз. Ҳа, очкўз.
Энди ҳам амалдорларни, мансабдорларни очкўзликда, порахўрликда, ҳаром ейишда айблайдиган халққа раҳмимиз келиши керакми? Ҳаттоки қўшнисининг, қариндошининг, элдошининг мусибатидан, бошига тушган ишдан пул қиладиган одамлардан нимани умид қилиш мумкин?!
Сиз, ўша ўғри амалдордан шикоят қилувчи тадбиркор, бир кунлик бахтсиз ҳодисадан фойдаланиб 1 сўмлик маҳсулотни 100 мингга сотишингиз ҳалолмиди? Сизни ўша амалдорнинг ўрнига қўйишса унингдек бўлмаслигингизга, ҳалол ишлашингизга бизни қандай ишонтирасиз?..
Кўрдимки, очкўзлик қон-қонига сингиб кетган оломон эканмиз. Кўрдимки, ҳали ҳамон «Отнинг ўлими – итнинг байрами» ибораси шу кунимизга мос экан.
Қуръони Каримда шундай оят бор: «Албатта бир қавм ўзларини ўзгартирмагунча, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас.» (Раъд сураси, 11-оят) Биз қачон ўзгаришни ўзгалардан эмас ўзимиздан бошлаймиз? Нега ҳали ҳамон халқ бўлолмаймиз? Бировдан ўпкалашга ҳаққимиз бормикан?.. Саволлар бисёр. Жавоблар эса...
Ҳа, «Оч баччағардан – қоч баччағар» мақолини тушунгандек бўлдик кеча.
Воқеага муносабат: Президентдан халққача
Электр узилиши билан боғлиқ воқеа борасида жудаям кўп муносабатлар билдирилди. Президентимиздан тортиб оддий халқ вакилларигача ўз қарашларини, фикрларини, муносабатларини билдиришди.
Президент Шавкат Мирзиёев: «...Биз бугунги кунда глобал дунёда яшамоқдамиз. Глобал оламда ҳамма нарса бир-бирига боғлиқ. Ҳар бир одамнинг ҳаёти бутун инсоният ҳаёти билан янада кўпроқ боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Олис-яқин ҳудудларда юз бераётган турли ижтимоий-иқтисодий жараёнлар, техноген офатлар бизга ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди.
Мана куни кеча электр таъминоти бўйича содир бўлган техник узилиш бир зумда бутун минтақа ҳаётида кучли акс-садо берганига барчамиз гувоҳ бўлдик.
Бу ҳодисадан тўғри хулоса қилиб, биз Ўзбекистон тараққиётини давримизнинг глобал муаммолари билан янада боғлиқ ҳолда кўришимиз керак. Бу борадаги мавжуд таҳдид ва муаммоларни бартараф этишга доимо тайёр туришимиз керак.
Тинч-осойишта ҳаёт осмондан тушмайди. Бу ҳаётни қадрлаш, асраб-авайлаш, бу ҳаётни ҳимоя қилиш керак».
Сайёра Эргашева, Жиззах вилояти:
«Ноинсофликнинг энг олий кўринишини кўрсатди бугун айрим тужжор аҳли. Оддий шам Жиззах шаҳар савдо ва буюм бозорида 10 минг сўмдан 20 минг сўмгача. Яна бир-бирига мақтанганиничи, «ман шамни икки минг сўмдан олдим», «ман уч минг сўмдан юз пачка олиб, ўн беш минг сўмдан сотдим», дейди. «Тешибгина чиққурлар», деб кетди бир ёши каттароқ аёл ёнимда. Ҳа, тешиб чиқади, шам олганлар ўн беш минг сўм пулини рози бўлиб берган дейсизми, дедим. Хуллас, ана шунақа гаплар...»
Барно Султонова, журналист:
«Мен учун чироқнинг ўчиб қолгани, метрода ё лифтда одамларнинг қолиб кетгандаги тахликалари эмас, мусибатдан фойдаланиб шамни қиммат қилиб сотган оломон хавфли. Айтайлик, талабалар ёппасига уйга кетаётганда йўлкираларини осмон қадар нарх қўйиб оладиган оломон хавфли. Мана шундай одамлар давлатдан нолиса, амалдорлардан нолиса ўзингчи ўзинг, шу аммамга шу поччамда дейман.
Мен ўқиган бадиий асарларда, мен кўрган хориж киноларда битта мақсад бор, одам ҳар қандай вазиятдаям одам бўлиб қолиш керак. Айтайлик инсоннинг ҳайвондан фарқи нимада билинади? Масалан, сувга тушиб кетган мушукни ўзи чўкиб кетиш, шамоллаб қолиш эҳтимоли бўла туриб қутқарган инсон ҳақиқий инсондир. Ёки қўлидаги энг охирги бўлак нонини иккинчи оч одам билан бўлишган одам ҳақиқий инсонийлигини йўқотмаган, сақлаб қолган ҳисобланади. Айтингчи, ўша киракашлар, шам сотадиган тадбиркорлар шу қадар очми, уйи, машинаси йўқми, фурсатдан фойдаланиб қолса.
Бундай мусибатдан фойдаланиб фойда қилиб қолишни ўйлайдиган пасткаш одамлар билан ривожланмаймиз. Тепадагиларни порахўр, фирибгар, оч деб айблайвергунча, «ўзимчи», деган саволни бериб кўриш керакмикан? Аниқ биламан, кечагина давлатдан нолиётган шу одамлар мансабга ўтириб қолса, булардан баттар халқни талайди...
Саида ИБОДИНОВА