Ёшлигимизда қиш фасли совуқ бўлиб қорлар ҳам кўп ёғар эди. Дадам эрта тонгдан туриб қор кураб йўлак очардилар. Биз ҳам лой томлар устини кураб, баъзан деярли том бўйи уюлган қорни устига сакраб тушардик.
Хуллас, у вақтлар қиш фасли ўзгача бўларди. Ҳозирги кунга келиб негадир ёшлигимизда ёққанидек қор кузатилмаяпти. Қишнинг бошида бир қор ёғса, ўрталарига бориб об-ҳаво баҳор фаслидагидек бўлиб, ҳатто дарахтлар уйғониб қолмоқда. Томлардан осилиб турадиган қалин сумалаклар, музлаб қолган ҳовузлар устида бемалол яхмалак учишларни-ку айтмаса ҳам бўлади, деярли музламай қўйди ҳатто.
Об-ҳаводаги бундай ўзгаришлар нимадан далолат беради? Наҳотки қиш фасли йилдан-йилга қисқариб бораётган бўлса? Ёки минтақамиз ҳам аста-секинлик билан субтропик ўлкалар қаторидан жой оладими? Шу каби саволларимизга Ўзбекистон Гидрометеорология маркази етакчи мутахассиси, Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти доктаранти Эркин Абдулаҳатов жавоб берди.
– Юртимизда айни дамда қиш мавсуми бўлишига қарамасдан об-ҳаво баҳорнинг ҳавосидек. Нега 15-20 йил олдингидек икки-уч кунлаб тинмасдан ёққан қорларни бугунги кунда умуман кўрмаяпмиз? Бунга асосий сабаб нима?
– Авваллари ҳам минтақамиз жуда қорли-қаҳратонли қиш ҳукм сурадиган ҳудуд бўлмаган. Бугунги кунда дунё ҳамжамиятини иқлим ўзгариши муаммоси ташвишга солмоқда. Иқлим ўзгариши ҳароратнинг кўтарилиб кетишида акс этмоқда. Яъни, нафақат бизда, балки бутун дунёда иқлимнинг исиб кетиш жараёни кузатилмоқда. Ер юзида ҳозир меъёрий ҳароратдан бир даража кўтарилиши бизнинг минтақада икки даражага юқориламоқда. Масалан, Шимолий қутбда Россия деймизми, ёки Канада деймизми – ўша ҳудудларда 3-4 даражагача ҳарорат кўтарилиб бормоқда. Энг кам кўтарилиш эса экваторда жойлашган мамлакатларда кузатилаётгани аниқланган.
Хабарингиз бўлса, «Ўзгидромeт» сайти шу йилнинг бошида юртимизда ўртача йиллик ҳарорат 2021 йилда 1,17 даражадан 2,17 даражага кўтарилганлигини хабар қилган эди. Бу юртимизнинг барча ҳудудларида олдинги йилларга нисбатан йиллик ҳарорат икки даражага кўтарилганини англатади. Бунинг натижасида сўнгги йилларда қиш фаслида қор ёғмаётганига, баъзида баҳор-ёз фаслларида ноодатий об-ҳавога, баҳорнинг барвақт келишига гувоҳ бўляпмиз. Ваҳоланки халқимиз фаслларнинг ўз вақтида кириб келишига ўрганиб қолган.
Юртимизга кириб келадиган 15 турдаги ҳаво оқимлари мавжуд бўлиб, ҳозирги вақтда мана шу ҳаво оқимларининг мамлакатимиз ҳудудига кириб келиши кескин камайган. Биз нафас олаётган ҳавода исиш кузатилгани каби атмосферанинг юқори қатламларида ҳам худди шу ҳодиса юзага келмоқда. Шунинг ҳисобига совуқ ҳаво оқими массаларининг ривожланиши олдинги йилларга нисбатан камайган. Олдинлари юртимизга 20 фоиз совуқ ҳаво массалари кириб келган бўлса ҳозир бу 10 фоизга тушиб қолган. Бунинг асосий сабаби иқлим ўзгариши бўлиб, атмосферада циклон, антициклон ўзгаришлар юз бермоқда. Яъни, биз кўраётган мавсумларга хос бўлмаган иқлим ҳодисаларининг ортида мана шу ҳаво оқимларининг юртимизга олдинги даврга нисбатан бошқачароқ кўринишда кириб келишидир. Шимолдан кириб келадиган ҳаво оқимлари юқорида айтиб ўтганимиздек, қиш фаслида 20 фоизгача совуқ билан кирган бўлса, ёзда нисбатан мўътадиллашган. Иссиқ кунлардан сўнг булутли салқин ҳавога айланган.
Бу оқимлар ҳозир ҳам кириб келмоқда, лекин илгаригидек ўша мавсумда кириб келмаяпти. Авваллари совуқ ҳаво оқимларининг кириб келиши учун жанубдан келаётган ҳаво оқимларининг кучи ҳозиргичалик бўлмаган.
Ҳозир иссиқ ҳаво оқимлари туфайли унинг кириб келиш кучи бирмунча сўниб қолмоқда, яъни дарров совутиб қорга айлантириб беришга кучи етмаяпти. Шуларнинг ҳисобига қор ёғиши камайиб кетмоқда. Қорнинг ёғиши 0 даражада ёки 0 даражадан паст ҳолатда юзага келади. Сув буғи кристаллизация ҳолатига ўтади. Ҳозир иқлим ўзгариши туфайли жанубдан шимолга нисбатан сурилиш юзага келмоқда, яъни мўътадил иқлим минтақаси шимолга, қутбий иқлим минтақаларга тропик иқлим минтақалари ўтиши кузатилмоқда.
– Олдинлари куз тугар-тугамасдан қиш ўзининг совуқ ҳаволари билан кириб келарди. Бу йил бўлса бир маротаба қор ёғди холос. Қолаверса қиш ўзининг совуқлиги, изғиринлиги билан қиш. Лекин ҳозирда юртимизда ҳукм сураётган қиш об-ҳавоси гоҳ ўзининг исиб кетиши билан, гоҳ ёмғирли ҳавоси билан барчани лол қолдирмоқда. Бунга нима сабаб? Ўзи қиш фаслида ҳаво ҳарорати қандай бўлиши керак?
– Охирги йиллардан келиб чиқадиган бўлсак, қиш фасли деярли сўнгги уч йилда ноябрь ойидаёқ бошланиб, тўсатдан ҳаво ҳароратининг совиб кетиши кўп кузатилмоқда. Ўтган йили ҳам ноябрь ойида совуқ ҳаво оқими ҳукм сурган эди. Худдики январь ойида кузатиладиган совуқ ҳаво ноябрь ойида юзага келганди. Лекин олдинлари ҳам ноябрь ойи совуқ бўлган. Бироқ, ҳозирга келиб бу ҳолат анчайин кучайган. Январь, декабрь ойларидаги совуқ ҳаво ноябрь ойига тўғри келиб қолган. Шу сабабли биз декабр, январь ойларида ёғадиган қорларни ноябрь ойида кузатяпмиз. Жумладан, ўтган тўрт йил давомида орқама-кетин иқлимий меъёрда ноябрь ойлари совуқ бўлган. Ҳар битта ойнинг ўз ҳарорати мавжуд, мисол учун қиш фасли учун ўртача ойлик ҳарорат +3 – +5 даражада бўлиши керак. Энди юқорида таъкидлаганимдек ҳаво ҳарорати бизнинг минтақада 2 даражага юқорилаб кетиши қайсидир ойларда 3-4 даражагача кўтарилиб кетмоқда. Бу эса ҳозирги вақтда қиш ойларига ҳам, баҳор ойларига ҳам, ёз ойларига ҳам тўғри келмоқда. Бироқ, қайсидир йилларда бу кўтарилиш кўпроқ қиш ойларига тўғри келади.
Қиш фаслида ҳаво ҳарорати кўтарилиши, худди баҳор ҳавосини эслатади. Баҳорда юзага келадиган ҳарорат қишда кузатилади. Шунинг орқасидан биз қор ёғиш ҳодисаларини жуда ҳам кам кузатяпмиз, бу иқтисодиёт тармоқларидан ташқари қишлоқ хўжалиги тармоқларига жиддий зарар етказмоқда. Дарахтларнинг ҳозирги вақтда гуллаши жуда ёмон, чунки совуқ ҳаво оқими қачондир кириб келиши муқаррар.
Биз ҳозирча субтропик иқлим минтақага ўтганимиз йўқ, ўтиш давридамиз холос. Яъни, биз шимолдан кириб келадиган совуқ ҳаво оқимига барибир тайёр туришимиз зарур. Тўғри, ҳозир ҳаво ҳарорати баландроқдир, лекин битта ойнинг уч тўрт кунида совуқ ҳаво оқими кириб келиш эҳтимоли сақланиб турибди. Шунинг учун бунга доим тайёр туришимиз керак. Чунки бу ҳолат такрорланаверади, прогнозлар шунақа. Қиш ойларида илиқ об-ҳаво кучайиб бораверади, лекин шу билан бирга, совуқ ҳаво оқими ҳам бир ойда бир марта бўлса ҳам кириб келиши аниқ. Чунки бизнинг шимолимиз, шимолий-ғарбимиз совуқ ҳаво оқими кириб келиши учун очиқ.
Кунлар исиб кетиши доимий кузатилгани билан, барибир совуқ ҳаво оқими сақланиб туради. Қиш фаслида об-ҳаво ўртача ҳисобда кундузи +0 +2 кечқурунлари -5 -3 градусда бўлиши керак. Аммо қайсидир йиллари бу 3-4 даражагача кўтарилиб кетмоқда. Мана ҳозир ҳам ўртача +6 +5 даражага кўтарилган ҳаво ҳароратига гувоҳ бўляпмиз.
– Икки-уч йилдан буён қиш фаслининг бошланишида қор ёғиб кейин кунлар исиб кетиши кузатилмоқда. Табиийки бу ҳаводан сўнг дарахтлар вақтидан аввал куртак ёйиб гуллай бошлайди. Айнан барқ уриб гулга кирган чоғида совуқ об-ҳаво юзага келиб қор ёғади. Натижада гулга кирган дарахтларни совуқ уриши кузатилади. Бунга ҳам қандайдир экологик омилларнинг таъсири борми?
– Иқлимнинг ўзгариши ўз-ўзидан бўлмайди. Олимларнинг ўрганишича, бу ҳолатлар антропоген омиллар, яъни завод ва фабрикалардан чиқаётган заҳарли моддалар, чиқиндилар, автомобиллардан чиқаётган газлар, ўрмон ёнғинлари таъсири билан юзага келмоқда. Атмосферага чиқаётган жуда катта миқдорда, миллиардлаб тонна ифлос моддалар (буни ис гази деймиз) «парник эффекти»ни ҳосил қилмоқда. «Парник эффекти»ни ҳосил қилувчи кимёвий элементларни келтириб чиқармоқда. Парникни ичига кирсангиз барча жойида ҳарорат бир хил бўлади. Ер шари ҳам шунга қараб кетмоқда.
Ҳозир атмосфера ҳавосида 0,042 фоиз ис гази бор. Бундан 50 йил олдин мана шу кўрсатгич 0,028 фоиз эди. Мана шу кўрсаткичлар кўтарилиб борар экан, қуёш нури атмосферага тушгандан сўнг 30-40 фоизи ер сиртига келиб тушади, қолгани 70 фоизи қайтиб чиқиб кетади. 30-40 фоиз ер сиртига келган вақти ер сиртига қайтаётган нур атмосферадан ер сиртига тегиб яна атмосферага қайта нурланиш бўлади. Нурланишнинг чиқиб кетиш жараёнида сув буғлари, «парник эффекти» газларига бориб урилади, бу газлар қанчалик кўп бўлса, ҳаво ҳароратининг исишини кучайтириб юборади.
«Парник эффекти» газлари ўзи нима? Бу метан газлари, ис гази, сув буғлари – мана шунга ўхшаган олтита ингридиентни ўзида ҳосил қилади. Улар қуёш нурини ютиши натижасида, кечқурун ҳам ҳаво ҳарорати баланд сақланиб қолаверади. Олдинлари юртимизда 41-45 даражали ҳаво исиши кузатилган. Кундуз куни ҳаво ҳарорати 2-3 соат 40 даражадан юқори бўлган, кечга келиб эса, ҳаво ҳарорати 20-25 даражага тушган. Буни биздан олдинги авлодларимиз кўрган, биз эса афсуски кўрмаяпмиз. Кундузи 42-45 даража иссиқ бўляпти, кечқурун эса бу кўрсаткич 30 градусдан пастга тушмаяпти. Кечқурун ҳам ҳаво ҳарорати юқорилигича сақланиб қоляпти. Бунинг сабаби атмосферадаги газлар иссиқ об-ҳавони ушлаб қолиши ҳисобига ер сиртига қайтариб бермоқда. Яъни иқлим ўзгариши кундузи ва кечқурун кузатиладиган максимал ва минимал ҳароратларнинг янада бир бирига яқинлашишига олиб келмоқда. Натижада суткалик ўртача ҳарорат кўтарилиб кетмоқда.
Бунинг сабаблари кўп албатта. Дейлик, бундан 10-15 йил олдин 40 та одамга битта автомобиль тўғри келган бўлса, ҳозир 3-4 кишига битта автомобиль тўғри келмоқда. Улардан чиқаётган заҳарли газлар қанчалик ортганини энди ўзингиз тасаввур қилаверинг.
Ўтган йили Глазгода иқлим ўзгариши бўйича конференция бўлиб ўтди. Унда айтилишича Ўзбекистоннинг атмосферага чиқараётган заҳарли моддалар салмоғи 0,3 фоизни ташкил қилар экан.
Атмосферага энг кўп заҳарли моддалар чиқариш бўйича 30 фоиз билан Хитой биринчи ўринда, ундан сўнг Евроиттифоқ давлатлари турар экан. Ўзи бизнинг атмосферага чиқараётган заҳарли моддаларимиз жуда кўп эмас, лекин бунинг зарарини барча қатори тортяпмиз.
Мисол учун, бизда иқлим ўзгариши туфайли нима содир бўлди? Аввало, қурғоқчилик, чўллашиш кучайиб кетди. Унинг орқасидан чанг бўрон кўтарилиши тез-тез кузатилмоқда. Чунки ер тупроғида намлик кам, ўсимлик қоплами тугаган. Энди қум озгина шамол бўлиши билан кўтарилиб кетишга мойил бўлиб қолган.
– Яқинда Қашқадарё вилоятида икки хил фасл кузатилди. Китоб туманида қалин қор ёғди, Ғузор туманида эса бодом қийғос гуллади. Бир вилоятнинг ўзида бундай ҳол юз бериши табиий ҳолатми ёки бу ҳам иқлим ўзгаришининг оқибатими?
– Олдин ҳам бундай ҳолатлар кузатилган, фақат биз буни билмаганмиз. Ҳозир эса интернет тармоқлари орқали ҳар қандай маълумот жуда тез тарқалмоқда. Дарахт гуллашига сабаб, юқорида таъкидлаганимдек ҳаво ҳарорати исиб кетганидир.
Тоққа чиққанингиз сари ҳарорат пасайиб бораверади. Ҳар юз метрда 0,6 градусга пасаяди, ҳар километрда эса 6 градусга. Бу физика қонунида бор. Пастда эса акси – ҳаво ҳарорати иссиқ бўлади. Мана, куни кеча юртимизга катта оқим кириб келди. Оқим кириб келиши тепадан эмас, пастдан бўлди. Пастда ёмғир ёғиши, иссиқ ҳаво, бодом гуллаши учун қулай ҳавони юзага келтирди. Қашқадарё вилоятида ҳам бодом дарахтлари ўзига керакли бўлган ҳароратни йиғиб қўйиши натижасида гуллаб юборган. Юқорида эса тоғ бўлганлиги, ҳаво ҳарорати пастдагига қараганда пастроқ бўлганлиги учун қор ёғиш ҳодисаси кузатилган.
Мен шуни сўрардимки, об-ҳаво билан боғлиқ бирор хабарни ижтимоий тармоқларга жойлаётганда аввал манзилни тўлиқ ёзиш керак. Кўпчиликда ҳозир бу ёқда қор ёғяпти, бу ёқда бодом гулламоқда деган тасаввур вужудга келяпти-да. Аслида қор ёққан жой Китоб туманининг фалон посёлкаси денгиз сатҳидан масалан 3 минг метр баландда, бодом гуллаган жой эса Ғузор туманининг денгиз сатҳидан бор-йўғи 300-400 метр баландда жойлашган бўлиши мумкин-ку! Бу табиий ҳолат.
Бизнинг энг жанубий ҳудудимиз – Қашқадарё, Сурхондарёда бошқа вилоятларга қараганда ҳаво ҳарорати баланд бўлади. Бошқа вилоятларда ҳаво ҳарорати ўртача 0,1 градус иссиқ бўладиган бўлса қишнинг ҳарорати, Қашқадарё, Сурхондарёда 3-4 градус бўлган.
Юқорида айтганимиздек, иқлим ўзгариши туфайли ҳарорат икки градусга кўтарилиши ҳисобига февраль март ойларида кузатилиши керак бўлган об-ҳаво декабрь-январь ойларида юз беряпти. Шунинг ҳисобига дарахтлар вақтидан аввал уйғоняпти.
– Мутахассислар фикри қандай, яқин йиллар оралиғида қиш фасли қисқариб йўқолиб кетиши ҳам мумкинми? Юртимиз ҳам субтропик мамлакатлар қаторидан жой олиши эҳтимоли борми?
– Ҳозир минтақамизда кузатилаётган иқлим субтропик ўлкалар иқлимига қараб кетмоқда. Лекин қиш йўқолиб кетиш эҳтимоли йўқ. Чунки шимолда катта масофадаги очиқ майдонлар бор. Минтақамизда иссиқ об-ҳаволар кузатилиб туради, лекин совуқ ҳаво оқимлари кириб келиши эҳтимоли доим бўлади.
Куз билан баҳор фасли қисқариб бормоқда, қишда эса илиқлик ҳукмрон. Ҳозир мана шунақанги иқлим ўзгариши даврида яшаяпмиз. Дунё олимлари келажакда бизни қандай иқлим ўзгаришлари даври кутаётгани ҳақида прогнозлар тузишган. Дунё бўйича ҳаво ҳарорати кўтарилиб бориши прогноз қилиняпти, 2030 йил бутун дунёда 2-3 даража юқорилаши, 2050 йилга бориб 4-5 даражага, 2080 йилга бориб эса 6-7 даражагача ҳаво ҳарорати кўтарилиши прогноз қилинган. Ҳозир бизда ҳаво ҳарорати 2 градусга кўтарилганига шунчалик ўзгаришлар бўлмоқда, энди 2080 йилга бориб ҳаво ҳарорати 6 градусга юқорилаб кетишини тасаввур қилиб ҳам бўлмайди.
«Оила ва табиат» мухбири
Мансурбек ЖАББОРОВ
суҳбатлашди.