Газетамизнинг ўтган сонида чиқиндилар билан боғлиқ мавзу ёритилиб, полигонлар масаласи ҳақида фикр юритилган эди. Унда чиқинди полигонлари кўпгина давлатларда тобора камайиб бораётгани, у ерга ташланиши мумкин бўлган нарсалар асосан хомашё сифатида иккиламчи ишлаб чиқаришга жалб этилаётгани айтилган эди. Бизда ҳам полигонларни имкон қадар камайтириш зарурлиги ўртага ташланганди. Шулардан келиб чиққан ҳолда, битта полигон мисолида республикамизда бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳамда мавжуд вазият билан яқиндан танишишга ҳаракат қилдик.
Кўчаларни тўлдириб, ҳар ерда ётган чиқиндиларни кўриб «Нега одамлар ерга чиқинди ташлаб кетади?» деймиз. Аҳолига бу борада сўз очсангиз, маиший чиқиндиларни ташиш хизмати фаолиятидан нолишади, бироқ бу чиқиндиларни махсус машиналар олиб кетгунга қадар саралаш лозимлигини унутиб қўйишади. Ҳатто чиқиндилар қаерга олиб борилиши, нима қилиниши билан қизиқиб кўришмайди.
Аслида 2017−2018 йилларда қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш ва тизим инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилди. Жумладан 13 та санитария жиҳатидан тозалаш давлат унитар корхоналари ҳамда уларнинг туман ва шаҳарлардаги 172 та филиали фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, 9 та маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни комплекс амалга ошириш кластерлари ташкил этилди. Бу чиқиндилар билан боғлиқ ҳолат бирмунча яхшиланишига хизмат қилди. Бироқ аҳолининг чиқиндиларни саралаш маданияти ҳамон шакллангани йўқ.
60 гектар
фойдали ҳудуд
Тошкент шаҳрида тўпланаётган чиқиндилар Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган қарийб 60 гектар полигонга етказилади. Бугун бу ерга асосан органик чиқиндилар келтирилмоқда. Маҳаллий аҳоли вакиллари ва бошқа кўнгилли ишчилар ёрдамида полигонга келтирилган чиқиндилар орасидан қайта ишланишга яроқли целофан, резина, шиша, полиэтилен маҳсулотлар ажратиб олинмоқда. Қолгани эса махсус машиналар ёрдамида тупроқ билан аралаштириб, текислаб, зичланмоқда.
Афсусланарлиси шундаки, органик чиқиндилар йиллар давомида чириши оқибатида улардан заҳарли газ ва моддалар ажралиб чиқади. Табиийки, суюқлик қисми ер остига сизиб, ер ости сувларини зарарлаш эҳтимоли юқори. Газга айлангани эса, таркибида 50 фоиз метан бўлгани боис юқорига кўтарилиб, ёнғин чиқиши ва заҳарли тутун билан ҳавони ифлослаши турган гап.
Дунёнинг ривожланган мамлакатларида чиқиндилар қайта ишланиб, ундан биогаз, электр энергияси олинмоқда. Қишлоқ хўжалигида ҳам турли мақсадларда фойдаланиш орқали зарарини камайтириш чораси кўрилган. Бизда-чи? Буни йўлга қўйишда анча орқадамиз, боз устига чиқинди ташлаш маданиятини аҳоли орасида шакллантириш ҳам суст. Истаган одам хоҳлаган жойига чиқиндини отиб кетаверади. Ҳеч ким «мушугини пишт демайди».
Кунига 2 минг тонна чиқинди
— Тошкент шаҳридан чиқадиган чиқиндилар полигони Оҳангаронда жойлашган бўлиб, бу ерга кунига 2 минг тонна чиқинди келтирилади, — дейди Тошкент шаҳар «Махсустранс» ДУК раҳбари ўринбосари Шерзод КАТТАХЎЖАЕВ. — Бу ер илгари жарлик бўлган. Полигон 1970 йилларда ташкил топган ва майдони 58 гектар бўлган. Жарлик ўтган давр мобайнида зичланиб 40 метрдан ортиқ баландликка кўтарилди. Йилдан йилга унинг баландлиги ортиб бормоқда. Чиқинди полигонидаги асосий муаммо чиқинди гази билан боғлиқ, яъни чиқиндилар чириши натижасида газ ҳосил бўлади ва у юқорига кўтарилади. Газ ёниб, заҳарли тутун ҳосил қилади ва атмосферага, табиатга, ҳавога салбий таъсир кўрсатади. Чиқинди гази заҳарли газлар орасида 3-ўринда туради. Шу сабабли чиқинди газининг ёниши катта муаммо, у ёмғир ва қорда ҳам ёнаверади, ўчириш эса катта куч талаб қилади.
Афсуски, чиқиндилар келиши ортиб бормоқда, полигон йилига ўртача 5 метр баландлаб, чиқинди тоғи ҳосил бўлмоқда. Шу сабабли янги чиқинди полигонларини ташкил қилиш ва уни замонавий инфратузилма асосида қуришга эҳтиёж катта.
Ҳозирда 30 гектар жой янги чиқинди ташлаш полигони учун ажратилган бўлиб, замон талабига мосланади. Жумладан, ости битон ва резина қатламларга эга бўладиган учта чуқур қилинади. Тагига махсус мембрана ташланади ва бу ер ости сувлари зарарланишининг олдини олади. Шунингдек, чиқинди қатламлари орасида тўпланган газни тортиб олиш учун махсус қурилмалар ўрнатилади ва чиқинди газини олиш, уни аҳолига бериш имконияти бўлади. Бунинг учун Осиё тараққиёт банки томонидан 18,5 миллион АҚШ доллари ажратилган.
Янги полигон —
ечим эмас
Берилган маълумотга кўра, янги чиқиндихона икки йил муддатда қуриб битказилиши режалаштирилган. Ҳозирда қурилишни амалга ошириш учун тендер ўтказилмоқда ва ғолиб аниқланиши билан иш жадал суръатларда бошлаб юборилади.
Чиқиндиларни юклаш ва утилизация қилиш корхонасининг навбатчи механиги Нодирбек Мирзабоев берган маълумотга кўра, айни вақтда экскаватор, бульдозер, юклагич ҳамда компактор Оҳангарон чиқинди полигонида чиқиндиларни тупроқ билан аралаштириш, суриш ва зичлашга хизмат қилмоқда.
Аслида янги чиқинди полигонини қуриш билан чиқинди тоғлари камайиб қолмайди. Аҳоли орасида чиқиндиларни саралаш маданиятини ривожлантириш энг тўғри йўлдир. Жанубий Корея, Япония, Хитой сингари Осиё мамлакатларида чиқиндиларни белгиланган ҳудудга элтиб ташлаш маданияти жуда юқори. Боиси у ерда деярли барча ҳудудлар камералаштирилган бўлиб, қоидани бузган шахслар уйига жарима қоғози юборилади.
Биз ҳам шундай қилайлик, деймиз-у лекин шусиз ҳам аҳолининг камбағаллик даражаси ортган бир вақтда, буни тўғри қабул қилувчилар жуда кам бўлиши тайин. Жарима ўрнатилган тақдирда ҳам уни ундириш бўйича назорат яхши йўлга қўйилмаган. Умуман экологик қонунбузарликлар устидан назорат ва жаримани тўлаш кузатуви механизмини қайта кўриб чиқиш зарур. Тизимдаги камчиликлар бартараф этилиб, такомиллаштирилмас экан, халқни чиқиндини дуч келган жойга ташламасликка ўргатиш мушкуллигича қолаверади. Энг тўғри йўл эса, ёш авлод онгига тўғри экологик тарбияни сингдиришдир.
— Атроф муҳитга қанчалик зарар етказаётганимизни кўриш мақсадида ва экоакция ўтказиб, чиқиндиларни тозалашга бефарқ эмаслигимизни билдириш учун Оҳангарон чиқинди полигонига келдик, — дейди Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар кенгаши «Ёшлар қаноти» етакчиси Зилола ЗОКИРОВА. — Очиғи, бу ерда йиғилаётган чиқиндиларни кўриб, биз одамлар бир кунда табиатга қанчалик зарар келтираётганимизни, атрофимизни чиқинди ва ҳавони заҳарли газлар билан тўлдираётганимизни англадик. Энди ўз кўрганларимизни тенгдошларимиз, яқинларимизга етказиб, чиқиндиларни саралашнинг қанчалик муҳимлигини тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Она табиатнинг бетакрор тароватини сақлаб қолиш ва имкон қадар чиқиндиларни камроқ чиқариш лозимлигини сингдириш ва бу борада ўзимиз намуна кўрсатишимиз лозим. Биримиз ортимиздан 10 кишини эргаштира олсак ва ҳар бир ёш ана шундай ёнига бошқаларни чорласа, мақсадимизга етишимиз мумкин.
Ноннинг уволи бор
Полигонга тинимсиз шаҳар чиқиндиларини олиб келаётган автоуловлар қатори узилмайди.
Чиқинди тўкилганида эса ичида ҳамма нарсани, ҳатто қадоғидан очилмаган нонларни, овқатларни ҳам кўриш мумкин. Наҳот уволдан қўрқмай қўйдик, дея ачинишни ҳам билмайди киши.
Афсуски, ноннинг ушоғи ҳам нон, деган ҳикматни унутиб қўйяпмиз.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллик байрамига бағишлаб Тошкент вилоятида жойлашган «Оҳангарон» чиқинди полигони ҳудудида янги Экобоғ барпо этилиши учун жой ажратилди. Шу мақсадда Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар партия ташкилоти, Тошкент шаҳар «Махсустранс» ДУК ҳамда Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамкорлигида экологик ҳашар ўтказилиб, боғ учун ажратилган жой тозаланди.
Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Севара Файзиева Экобоғ ташкил этиш учун жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида мингдан ортиқ кўчат экилишини, очилиш маросими ўтказилишини таъкидлади. Чиқиндихона ёнида боғ нега керак, дерсиз, бироқ тан олиш керакки, дарахтлар ҳаводаги заҳарли газларнинг маълум қисмини ушлаб қолади ва тозалашга хизмат қилади.
Муаммо қаерда?
Асосий муаммолар маиший чиқиндилар ва саноат чиқиндилари ҳисобланади. Бугунги кунда мавжуд саноат чиқиндиларининг атига 0,2 фоизи қайта ишланмоқда. Хўш, қолганичи?
— Бугун чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш лозим, — дейди депутат Моҳира ХАЖАРОВА. – Қишлоқ аҳоли яшаш пунктларида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар етарли даражада таъминланмаган. Олис қишлоқларда эса деярли мавжуд эмас. Инфратузилмалар қониқарсиз, маиший техника, урналар ва уларни олиб чиқиб кетадиган техникалар ҳам етишмайди. Давлат ва хусусий шерикчилик миқёсида етарлича молиялаштирилмагани, маблағлар тўғри тақсимланмаслиги ҳам бу соҳада катта муаммо ва камчиликларни келтириб чиқармоқда. Яна бир муаммо — тўлов масаласи. Аҳоли томонидан чиқиндиларни олиб кетиш бўйича тўловларни ўз вақтида тўланмаслиги ҳам чиқиндилар тўпланиб қолишига сабаб бўлмоқда. Чиқинди ташлаш урналарига чиқиндиларни олиб боришга эринадиганлар ҳам кўп. Мана шу муаммоларга эътибор қаратилиб, ечими топилмас экан, чиқинди масаласи долзарблигича қолаверади.
Ечим стратегияси
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йил 17 апрель куни «2019−2028 йиллар даврида Ўзбекистонда қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Бу юртимизда мавжуд қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар қанчалик юқори эканини кўрсатиб, уларни бартараф этиш бўйича чора кўриш лозимлигини англатарди. Дарҳақиқат, қишлоқ жойларда чиқиндиларни олиб кетиш йўлга қўйилмаган, чиқиндихоналар ҳолати санитария талабига жавоб бермайдиган, чиқинди полигонларининг ҳолати ҳам ачинарли эди. Мазкур муаммо ва камчиликлар ўтган йиллар давомида ечимини топа бошлади.
Республикамиздаги ҳар бир туманда чиқинди сақлаш полигонлари мавжуд бўлиб, умумий майдони 12 минг гектарни ташкил қилади. Полигонларни ажратишда экспертиза хулосаси бериш, санитария талабига жавоб беришини назорат қилиш лозим. Ишлаб чиқилган стратегия ҳам ана шундай полигонларни камайтиришга хизмат қилади. Бу борада 2019−2028 йилларда қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегиясининг асосий вазифалари ҳам белгиланган. Унга кўра:
• қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлашнинг самарали ва замонавий тизимини яратиш;
• полигонларга кўмиш учун йўналтириладиган қаттиқ маиший чиқиндилар ҳажмини камайтириш, санитария ва экологик меъёрлар талабларига мувофиқ келадиган замонавий қаттиқ маиший чиқинди полигонларини яратиш, шунингдек, мавжуд полигонларни ёпиш ва рекультивация қилиш бўйича чора-тадбирларни кўриш;
• қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектларидан муқобил энергия манбалари сифатида фойдаланиш каби энг муҳим вазифалар белгиланган.
Мазкур стратегия иккита босқичда амалга оширилади. Биринчи босқич 2019−2021 йилларни ўз ичига олади. Бу даврда қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчилик базасини ва иқтисодий тартиботлар механизмларини такомиллаштирилиши кўзда тутилган. Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатишнинг самарали ташкил этилишини таъминлаш мақсадида санитария жиҳатидан тозалашнинг моддий-техник базасини ва инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда тўлов интизомини мустаҳкамлаш белгиланган. Қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида экологик таълим тизимини ривожлантириш учун методик ва ахборот таъминотини яратишга ҳам алоҳида аҳамият қаратилган.
Мазкур босқичда белгиланган вазифалар амалда нечоғлик бажарилгани йил сўнгида сарҳисоб қилинади. Ана шунда тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар қай даражада бартараф этилаётганини яна бир бор таҳлил қилиш мумкин. Бироқ бугун ҳамманинг кўз олдидаги воқелик бу борада ҳали қилиниши зарур ишлар кўплигидан далолат беради.
Иккинчи босқич 2022−2028 йилларни ўз ичига олади. Унда қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаб йиғиш бўйича инфратузилмани ривожлантириш, полигонларни оптималлаштириш, қайта юклаш станциялари ва чиқиндини қайта ишлаш объектларини қуриш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни комплекс амалга ошириш кластерлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича салоҳиятини ривожлантириш каби вазифалар белгиланган. Тўғри, бу вазифалар ҳали кейинги йилдан бошланиши кўзда тутилган. Аммо унда белгиланган айрим вазифалар, хусусан,
мавжуд полигонларни оптималлаштириш каби узоқни кўзлаб қилинадиган ишлар учун замин ҳозирлаб бориш кўп вақтлар талаб этади.
Ўшанда зарурат юзасидан ташкил қилинадиган саноқлигина полигонлар тупроқ, сув ва ҳаво хавфсизлиги, инсон саломатлиги, яшил ва жонли табиат мароми, қисқача айтганда, экотизим учун талафотсиз ҳудудга айланиши мумкин. Акс ҳолда, белгиланган вазифалар бажарилгани билан кўзланган натижага эришиш имконсиз бўлиб қолади.
Хулоса ўзингиздан
Биз юқорида чиқинди полигонлари масаласини биргина ҳудуд воситасида кузатдик. Балки таҳлил ва хулосаларимиз барча ҳудудлар учун тегишли ва холис бўлмаслиги мумкиндир. Аммо умумий вазият ҳақида дастлабки хулоса чиқариш учун бу таҳлиллар етарли бўлса керак.
Аҳоли орасида чиқиндилар сабабли юзага келадиган нохуш оқибатларни тушунтирмас, экологик маданиятни, табиатга бефарқ бўлмасликни шакллантирмас эканмиз, қилинадиган ишлар самараси юқори бўлмайди. Шундай экан, жамоатчилик назорати ва эътиборини кучайтириш бўйича ҳам тизимли ишлар зарур. Зеро, чиқинди тоғлари бир кун бизни ўраб олишига йўл қўймайлик, келажак авлод тақдирига бефарқ бўлмайлик.
Ноилахон АҲАДОВА,
«Оила ва табиат» мухбири