Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Минг йиллардан буён қайта-қайта айтилиб келаётган бўлса ҳам, яна айтайлик: Экология қалбдан бошланади

Касални даволагандан кўра, касалликнинг олдини олган маъқул!
Бугун экология масаласи худди пандемия, терроризм, иқтисодий инқироз каби муаммоларга ўхшаб, энг долзарб мавзулардан бирига айланяпти.
 

Минг йиллардан буён қайта-қайта айтилиб келаётган бўлса ҳам, яна айтайлик: Экология қалбдан  бошланади

Йўқ, бу ерда глобал экологик муаммолар назарда тутилаётгани йўқ. Иқлим ўзгариши, музликлар қисқариб бораётгани, ҳавонинг ифлосланиши, буларнинг оқибати бўлган тош­қину тўфонлар, ўрмон ёнғинлари сингари глобал экологик муаммолар анчадан буён бор.
Биз бугун тозалик экологияси ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Очиқ тан олиш керак – бугун шаҳарларимиз кўчаларига, хиёбонларига қараб бўлмай қолди. Қаерга қарасангиз, баклажка, сигарет қутиси, музқаймоқ қоғози, ҳар хил этикеткалар, полиэтилен пакетлар ва ҳоказога кўзингиз тушади. Яқин-яқиндан улар орасига тиббий ниқоб ҳам қўшилди.
Илгари қишлоқларимиз бир нави эди. Энди улар ҳам шаҳарларимиз билан тенглашиб олди. Бугун қишлоқларимизда юқорида саналганларнинг ҳаммасини, афсуски, топиш мумкин.
Баъзан ҳатто памперслар ҳам учраяпти, додингни кимга айтишни билмайсан!
Хўп, деймиз, шаҳар ва қишлоқларимиз гавжум жойлар, одам кўп бўлганидан кейин битта-яримта шундай нарсаларни ташлайди-да. Унда шаҳарлараро катта йўлларимиз бўйидаги аҳволни нима билан изоҳлаймиз? Илгари бепоён дашту далаларимиз, пурвиқор тоғларимиз, баҳорда қизил рангга бурканадиган адирларимиз кўзни қувонтирар эди. Биз ўз «цивилизациямиз»ни ўша ерларга ҳам етказдик.
Мавсум пайти тоғлардаги, сой-дарёлар бўйларидаги дам олиш жойларини ҳам «одам изи» босиб кетади.
Ваҳоланки...
Ваҳоланки, илгари ариқдан сув олиб ичардик. Ариқлар ҳовлидан ҳовлига, қишлоқдан қишлоққа, шаҳардан шаҳарга оқиб ўтар, зилол сув мусаффолигини ҳеч ҳам йўқотмас эди. Бугун бунга ишониш қийин. Лекин ўша кунларни кўрган авлоднинг кўпчилиги, шукрки, бугун ҳам ҳаёт. Ишонмаганлар ўшалардан бир сўраб кўрсин.
Сувнинг поклигини сақлаш диний ҳам эмас, инсоний ҳам эмас, шунчаки ички маданиятдан келиб чиқувчи бурч эди. Биров ўргатмайдиган қоида, ҳеч қаерда ёзилмаган қонун эди.
Кейин-кейин «сувга туфлама» деган гап­лар пайдо бўлди. Гарчанд, илгари бундай гап умуман тилга олинмаган.
Ҳозир кашандаларга эътибор берсак, негадир сигарета қолдиғини иложи борича сувга ташлашга ҳаракат қилади. Ёнида оқар сув бўлмаса, бирор кўлмакка бўлса ҳам ташлайди.
Аслида умуман ишлатилган ҳар қандай нарсани ерга ташлашнинг ўзи жуда катта одобсизлик эмасмиди? Фақат сув эмас, умуман, ҳеч қаер бунчалар абгор бўлмасди. Ҳеч қаер!
Ўйлантирадиган томони шундаки, бирортамиз уйимизда ўзимизни шундай тутмаймиз. Ҳамма уйини озода сақлашга ҳаракат қилади, гард юқса, хуноб бўлади, кайфияти бузилади. Нега унда маҳалла, қишлоқ, шаҳар, мамлакатга келганда, бунчалар бепарво-беписандмиз?
Мана шу ўйлантиради.
Ҳамма гап қалбимизни моғор босиб кетганида эмасмикан, деган фикр келади беихтиёр. Қалби тоза одам ҳеч қандай жойни булғамайди. Жой деганда, аниқ жой-манзилни ҳам, ўзгаларнинг назарини, демакки, кўнглини ҳам назарда тутмоқдамиз. Ҳадиси шарифда айтилади: «Ҳақиқий мусулмон тили ва қўлидан инсонларга озор етмайдиган кишидир».
Ҳақиқий инсон теварак атрофига ҳам озор етказмайди.
Ҳа, қалби тоза одам ҳеч қандай жойни булғамайди. Чунки... булғамайди-да! Булғамайди, вассалом! У булғаш деган нарсани билмайди!
Бу эса бугунги тозалик экологияси муаммоларига ечим излашни қалбни поклашдан бошламоқ лозим, деган хулосага олиб келади.
Уйимизни озода сақлаяпмизми, келинг, маҳалла ё қишлоғимизни ҳам тоза тутишни одат қилайлик. Токи, маҳалла ё қишлоғимизга гард юқса, қалбимиз безовта бўладиган бўлсин. Худди уйимизнинг нотозалиги бизни нотинч қилгани каби.
Маҳалламизни озода сақлай бошладикми (келажакда), келинг, туманимизда ҳам тозаликни сақлашга ўрганайлик. Токи, унга юққан гард қалбимизни тирнайдиган бўлсин.
Шу тариқа тозалик жўғрофиясини кенгайтириб кетаверсак, бир кун келиб, юртимизда ҳаво бирмунча мусаффо бўлиб қолганини нафақат жисман, балки қалбан ҳам ҳис қилиб қолсак, ажаб эмас.
Ҳамма ўзидан бошласа, ҳар биримиз қурум босган қалбимизга қулоқ тутиб, «нега энди мен биринчи бўлиб бошлар эканман, бошқалар барибир билганини қилаверади!» демасдан, шу бугундан соф турмуш тарзи ва соф хулқ меъёрларини маҳкам тутсак, балки бир-биримизга ўрнак бўлармидик. Биримиз бошқа биримизни ибрат сифатида кўраверсак, балки йўлда ётган тошни биринчи бўлиб четга олиб қў­йишда мусобақалаша бошлармидик.
Қайдам...  лекин яхши ният-да. Шунинг ўзи, айтганларидек, ярим давлат. Бу ўринда эса, тозаликни назарда тутадиган бўлсак, яримдан кўра анча каттароқ давлат.
Биз қалбни бошқа қусурлардан ҳам тозаламоғимиз даркор. Масалан, уйда кундуз куни чироқ ёқмаймиз, лекин ишхонада чироқсиз ўтирмаймиз. Арзимаган гап, дейди скептицизм тарафдорлари. Электр энергияси исроф бўлгани, ҳавони қўшимча равишда қиздирганимиз, кўз гавҳаримизни табиийликдан йироқлаштирганимиз арзимаган гап бўлса, майли, улар айтганчалик бўла қолсин. Фақат битта эслатма: шифокорлар инсон кўзи ҳар қандай ёруғликда ҳарф ўқишга қурби етишини, «қоронғуда нарса ўқиш – зарар», деган эски баёнотлар асоссиз эканини аниқлади. Гарчи, Бобо Қуёш ўлкамизга йил-ўн икки ой шу қадар саховат билан нур тўкадики, буни асло қоронғу деб бўлмаса-да, биз иш жойимизга кирганда, хонада чироқ ўчиқ бўлса, ҳамкасбларга «нега қоронғуда ўтирибсизлар?!» деб айтишга ўзимизни чандон-чандон ҳақли деб биламиз.
Мана шу жиҳатдан ҳам қалбимизни жиндай тозалаб олишимиз лозимдек кўринади (истаганлар тозалаб олишимиз зарур деб ўқисин).
Тежамкорлик ва билиб-билмай қилинадиган исроф ҳақида бир ҳамкасбимиз яқинда ғалати гап айтиб қолди. Дам олиш куни уйда ёлғиз қолганда, қўл ювадиган жойга бир челак қўйиб қўйибди. Жўмракдан неча марта фойдаланганини, бошқа тафсилотларини четга суриб, натижанинг ўзини келтирамиз: ўша куни челак тушга бормай тўлиб қолибди. Давомига унинг мулоҳазаси: «Енгилгина қўл-бет ювганда, шунчаки чайилганда, жўмракдан оққан сувнинг шунчаси исроф бўлар экан. Бир эски офтобамиз бор эди. Тушдан кейин шунга сув тўлдириб, ишлата бошладим. Оқшомга боргандаям тугамаган эди».
Алҳол, ўша ҳамкасбимиз зарурат бўлмаса, жўмракни очмаётган экан.
Насиҳат, танбеҳ, дакки ҳеч кимга ёқмайди. Шундай бўлса-да, онда-сонда бир-биримизни тартибга чақириб турсак, яхши бўларди. «Қоғозни бу ерга ташламай туринг, ҳов анави ерда чиқит қутиси бор, ҳозир яқинлашиб қоламиз», қабилида енгил, беозор даъватлар билан бошлаб, ўзимизда тозалик эклогияси маданиятини ривожлантириш вақти аллақачон етган. Ҳатто ўрнимизга четдан кимдир келиб, бутун мамлакатни тозалаб кетган тақдирда ҳам, барибир озодаликка беписанд бўлмаслигимиз керак. Ваҳоланки, четда ҳеч ким унақа мақсад билан ҳузуримизга ошиқаётгани йўқ. Демак, чора – фақат ўз қўлимизда.
Меҳмонга уйимизни имкон қадар гўзал манзарада кўрсатамиз. Юртимизни ҳам аввало ўз-ўзимизга, қолаверса, кундан-кун сони ошиб бораётган чет эллик меҳмонларимизга мумкин қадар нафис қиёфада намойиш этайлик. Шунинг пайидан бўлсак, шаҳару қишлоқларимиз уйимизга кириб бориб, хонадонимизнинг нотозалигига ҳам бепарво бўладиган ҳолга тушиб қолмаймиз.

Мадина МАШРАБХОН




Ўхшаш мақолалар

Коса тагидаги  Нимкоса  ёхуд алдагани бола яхшими?

Коса тагидаги Нимкоса ёхуд алдагани бола яхшими?

🕔16:57, 02.05.2024 ✔17

Сўнгги вақтларда умумтаълим мактаблари учун мўлжалланган дарсликларда кузатилаётган камчиликлар борасида тез-тез мулоҳаза билдирилмоқда. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда бу ҳақда неча маротаба танқидий фикрлар айтилаётганига қарамасдан аҳвол эски ҳаммом – эски тослигича қолаётгани жуда ачинарлидир.

Батафсил
Энди кўмирфурушларни  кучайтирилган  жазо кутмоқда

Энди кўмирфурушларни кучайтирилган жазо кутмоқда

🕔16:45, 02.05.2024 ✔11

Қиш бўйи кўмир талон-тарожи ҳақида эшитавериб, қулоғимиз қотиб кетти. Имтиёзли тарзда аҳолига берилиши керак бўлган кўмирлар йўлга чиқмаёқ талон-тарож қилинди. Айбдорларнинг бири жазоланган бўлса, камида учтасининг иши енг ичида битди. Шунинг ортидан қанчадан-қанча оилалар қишда совуқдан қалтираган бўлса, ажаб эмас.

Батафсил
Узоқ иш куни, касбий чарчоқ:  Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи  қачон таъминлади?

Узоқ иш куни, касбий чарчоқ: Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи қачон таъминлади?

🕔20:42, 19.04.2024 ✔45

Хоҳ давлат ишида ишланг, хоҳ хусусий секторда меҳнат ҳуқуқларимиз тез-тез поймол қилинади. Бошқача айтганда, меҳнат ҳуқуқларини талаб қилишга ўрганмаганмиз.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар