Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Чирчиқ дарёси ўзани қисқармоқдами?

Дарёбўйидаги ўзгаришлардан кўзланган мақсад нима?

Чирчиқ  дарёси ўзани қисқармоқдами?

Сўнгги йилларда юртимизнинг ҳар бир гўшасида қурилиш авж олиб, янгидан-янги бинолар қад ростламоқда. Ҳудудлар тозалигига алоҳида эътибор қаратилиб, аҳоли учун қулайликлар яратилмоқда. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва йўлга қўйишда сайр, юриш ва югуришга мўлжалланган йўлаклар қурилиб, анҳорлар, ариқ ва зовурлар, уларнинг атрофи тозаланмоқда, ободонлаштирилмоқда. Пойтахтимиздан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёси атрофида сўнгги вақтларда бошланган кенг кўламли қурилиш ишлари кўпчиликда саволлар туғдираётгани ҳам рост.

Ўрганишларимиз давомида аниқланишича, Чирчиқ дарёси қирғоқларини мустаҳкамлаш, ўзанини қисқартириш ва ободонлаштириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган. 14 йилга мўлжалланган мазкур лойиҳа тўрт босқични ўз ичига олган. Биринчи босқичда Чирчиқ дарёсининг Оҳангарон ва Бектемир кўчалари оралиғида жойлашган 5 км. қисмида дарё ўзани қисқартирилиб, ободонлаштирилмоқда. Натижада 34,5 гектар ер майдони очилиши кутилмоқда. Лойиҳа қиймати 250 миллиард сўмни ташкил қилиб, мазкур босқич бўйича ишлар 2021-2022-йилларда якунланиши кўзда тутилган.
Жорий йил 31 май куни Президент Шавкат Мирзиёев Чирчиқ дарёси бўйини ободонлаштиришга оид лойиҳа тақдимоти билан танишган эди. Айтиш лозимки, дарёнинг Тошкент шаҳридан ўтган қисми 16 километрни ташкил этиб, ушбу масофада ўзанни қисқартириш, турли инфратузилма объектларини барпо этиш режалаштирилган. Давлатимиз раҳбари бу ҳудуд шаҳар экология­си учун муҳимлигини таъкид­лаб, кўпроқ дарахтлар экиш, аҳоли учун рекреацион жойларни кў­пайтириш бўйича кўрсатмалар берган эди. Ажратилган маб­лағларни тўғри йўналтириб, тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринларини кўпайтириш чоралари белгиланди.

Туристик ҳудудга 
айланади
Лойиҳанинг 2-4-босқичларида дарёнинг жами 11 км. ўзанида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилиши белгиланган. Бунинг натижасида 178 гектар ер майдони очилиши кутилмоқда. Бу босқичлар 2023 йилдан 2035 йилгача амалга оширилади. Қурилиш давлат бюджетидан молиялаштирилади. Мазкур лойиҳа амалга оширилса Чирчиқ дарёси бўйида 210 гектар ер майдони очилиши мумкин. Дарё ўзани эса 50 метргача қисқаради, бетон билан қопланади.
Лойиҳада шунчаки дарё ўзанини қисқартириш билан чекланилмаган. Дастлабки сув бўйи муҳофаза зонасида аҳоли учун қулайликлар яратилади, сайр қилишга мўлжалланган махсус тротуарлар қурилади. Бу эса маҳаллий аҳоли вакиллари ва ташриф буюрувчиларга дарёни томоша қилиб дам олиш имконини беради. Шунингдек, автомобиль қатновига мўлжалланган йўл ҳам барпо этилади. Бу ўз навбатида сайрга келувчилар сонини оширишга ва ички туризмни ривожлантиришга хизмат қилади.

Экология 
бузиладими?
Дарёбўйидаги қурилиш лойи­ҳаси ҳудуд экологиясини бузишга эмас, аксинча тиклашга хизмат қилади. Яъни қурилиш якунига етса, дарё бўйларидаги лой ва балчиқ ўрни кўкаламзорлаштирилади, чиройли манзара, туристик дам олиш зонаси, савдо-маиший дўконлар, сайр учун махсус йўлаклар ташкил қилинади. Дарё ўзанида чиқиндилар тўпланмайди, чиқинди учун махсус идишлар ўрнатилади. Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш иншоотлари қурилади ва аҳолига сифатли сервис йўлга қўйилади. Табиий рекреацион зона эса ҳудуд табиатини сақлаб қолишга ёрдам беради.
Айтиш лозимки, Тошкент шаҳар Бектемир ва Сергели туманларидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёси бўйини ободонлаштириш юзасидан лойиҳада дарёнинг 16 километр қисми ободонлаштирилиши режалаштирилмоқда. 

Мазкур лойиҳанинг қиймати 100 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, ҳудуднинг ободонлаштирилиши натижасида ҳосил бўладиган бўш ер майдонининг 245 гектарида Технопарк ҳамда 320 гектарида Замонавий бозорлар (шундан 160 гектарида бозорлар учун автотураргоҳ) ташкил этиш режалаштирилган. Мазкур лойиҳа амалга оширилиши натижасида 160 минг янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Узоқни яқин қилувчи кўприк
Хитойнинг Шанхай шаҳри ўртасидан оқиб ўтувчи дарё бутун дунёдан сайёҳларни ўзига жалб қилади. Мегаполис шаҳарга айланиб улгурган Шанхайни дарё иккига ажратиб туради. Туристлар кемаларда сайр қилиб, дарё ва шаҳар гўзаллигидан баҳра олишади. Гарчи Шанхай дарёсидек катта бўлмаса-да, Чирчиқ дарёси пойтахтимизда ўзига хос ўрин тутади. Уни ободонлаштириш эса шаҳар гўзаллигини янада бойитишга хизмат қилади. Айниқса, туманларни бирлаштирувчи кўприклар қурилиши узоқни яқин қилади.
Дарёбўйи ободонлаштирилганидан сўнг бўшаган ерлар инвесторларга берилади. Бу ҳақда Бусинесс Сити дирекциясининг инвесторлар билан ишлаш бўйи­ча менежери Ирода Ўринова шундай дейди: «Дарёбўйини ободонлаштириш натижасида завод, фабрикалар ва дам олиш жойлари қурилиши мумкин бўлган ер майдонлари бўшайди».
Табиийки кичик бизнес, тадбиркорликка ҳам кенг йўл очилади. Бўш иш ўринлари яратилади. Маҳаллий аҳоли вакиллари, айниқса, «аёллар дафтари», «ёшлар дафтари»га киритилганлар учун доимий иш ўринлари пайдо бўлади. Бу уларнинг ижтимоий ҳолатини яхшилаш ва камбағалликни қисқартиришга ёрдам беради.

Хавотирлар қанчалик асосли?
Аммо ташвишли қарашлар ҳам йўқ эмас. Масалан, журналист Наталия Шулепина Чирчиқ дарёсининг ҳолатидан ташвишда эканини билдирган. У дарёнинг гидрологик режими бузилганини қайд этиб, «Ярим йил олдин Чирчиқ дарёси бўйича мутлақо бошқача режалар эълон қилинган эди, улар оқилона бўлиб кўринганди. Ўшанда дарёни тозалаш, унинг ўзанини тиклаш, сув муҳофаза қилинадиган зоналарда боғ зоналарини яратиш ва ҳатто сув бўйлаб экскурцион гондолалар қўйиш таклиф қилинганди», деб ёзган. Шунингдек, аҳоли орасида: «Дарё ўзанини қисқартириш кейинчалик сув сатҳи кўтарилганда, ёғингарчилик меъёридан ошганда сув тошишига олиб келмайдими?» деган хавотирли саволлар ҳам бор.
Аслида бу каби лойиҳалар махсус экспертлар томонидан ўрганилади. Лойиҳада барча турдаги эҳтимолий хавфлар инобатга олинган ва экспертларнинг бу борадаги текшируви ва ижобий хулосаси берилган тақдирдагина лойиҳа тасдиқланади. Биз сўз юритаётган Чирчиқ дарёси қирғоқларини мустаҳкамлаш, ўзанини қисқартириш ва ободонлаштириш бў­йича қилинаётган лойиҳа ҳам ана шундай назоратдан ўтказилган. Талабларга жавоб берадиган даражадалиги ҳақидаги хулосадан сўнг тасдиқланиб, қурилиш ишлари бошланган. Шундай экан, ушбу лойиҳадан фақат ижобий натижалар кутамиз. Ўйланганидек обод маскан барпо этилиши ва экологик муҳитнинг яхшиланишига умид қиламиз.

Ноилахон АҲАДОВА,
«Оила ва табиат» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Узоқ иш куни, касбий чарчоқ:  Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи  қачон таъминлади?

Узоқ иш куни, касбий чарчоқ: Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи қачон таъминлади?

🕔20:42, 19.04.2024 ✔29

Хоҳ давлат ишида ишланг, хоҳ хусусий секторда меҳнат ҳуқуқларимиз тез-тез поймол қилинади. Бошқача айтганда, меҳнат ҳуқуқларини талаб қилишга ўрганмаганмиз.

Батафсил
Тошкентда экология ходимлари экилмаган дарахтларни “экилди” деб ёзгани юзасидан текширув бошланди

Тошкентда экология ходимлари экилмаган дарахтларни “экилди” деб ёзгани юзасидан текширув бошланди

🕔11:45, 19.04.2024 ✔30

Экология вазири маслаҳатчиси, собиқ депутат Расул Кушербаевнинг билдиришича, Тошкент шаҳрида экология ходимлари амалда экилмаган дарахтларни “экилди” деб ёзилган ҳужжатларни имзолашга мажбур қилиняпти.

Батафсил
Фарзандларимизни  интернетдан қандай  ҳимоялашимиз  керак?

Фарзандларимизни интернетдан қандай ҳимоялашимиз керак?

🕔22:21, 12.04.2024 ✔33

Маълумотларга кўра, дунё бўйича 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган болаларнинг 90 фоиздан ортиғи интернетга уланган смартфон ва планшетлардан фойдаланади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар