Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

Қалбида она табиатга меҳри бор ҳар бир инсон Экологик партия тарафдоридир

Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродов билан суҳбат

Қалбида она табиатга меҳри бор ҳар бир инсон Экологик партия тарафдоридир

– Нарзулло Наимович, аввало, Ўзбекистон Экологик партиясининг сиёсий куч сифатида майдонга кириб келиши, ўз олдига қўйган мақсадлари, ушбу партиянинг жамиятимиз ҳаётида, сиёсий майдонда нечоғли аҳамиятга эгалиги хусусида тўхталиб ўтсангиз. Бу партия ташкил этилишига қай даражада эҳтиёж бор эди?
– Бугун экологик муаммолар ҳар бир мамлакатда, қолаверса, дунё ҳамжамиятида энг ўткир ва долзарб муаммолар қаторига аллақачон кириб бўлди. Шу вақтгача атроф муҳит муҳофазаси, экологик вазиятнинг оғирлиги маълум бир ҳудудлар ёки минтақалар билан боғлиқ бўлган бўлса, ҳозирга келиб бу масала умуман чегара билмайди, бу муаммоларнинг аянчли оқибатлари ҳеч бир минтақа, ҳеч бир ҳудуд, қолаверса, бирон бир мамлакатни четлаб ўтмайди.
Экологик сиёсатни амалга ошириш ва сиёсий ташаббуслар­ни тадбиқ этишда, иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, атроф муҳит ва фуқаролар соғлиғини сақлаш, экологик муаммоларни ҳал этишда, тизимли ўзгаришларга йўналтирилган амалий чораларни кўришда жамиятнинг барча кучларини сафарбар этиш муҳим омил ҳисобланади. Шунинг учун ҳам мамлакатда атроф муҳит ҳолатини яхшилаш ва экологик муаммоларни яхлит ҳолда ҳал этишга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш ҳар доим муҳим ва долзарб масала бўлиб келган.
Шунингдек, глобал миқёсдаги экологик масалалар сўнгги бир неча ўн йил ичида жуда юқори даражага чиқди. Халқаро майдонда ҳам экологик муаммолар кун тартибига кириб борди. Иқлим ўзгариши бўйича Париж битими, Киото протоколи каби бир неча долзарб халқаро ҳужжатлар қабул қилинди. Иқлим ўзгаришига биргина мисол – бугун ҳар бир мамлакатда сезилаётган ҳаво ҳароратининг кескин ошиб боришини олайлик. Мана шунинг ўзи дунё ҳамжамияти учун жуда катта муаммоларни юзага келтиряпти. Глобал ҳароратнинг ошишига саноат, транспорт, умуман, индустриядан атмосферага чиқарилаётган ҳар хил чиқинди газлар, ташланмалар глобал иқлимда жуда катта ўзгаришлар ҳосил бўлишига олиб келяпти. 
Худди шу ўзгаришлар таъсирини биз ўзимизда ҳам кўряпмиз. Орол фожиаси маҳаллий омиллар ортидан келган муаммо эмас. Масалага кенгроқ ёндашадиган бўлсак, бизда иқлим ўзгариши оқибатида тоғларимизга тушадиган йиллик ёмғир ва қор миқдори кескин камайиши оқибатида табиий ҳавзаларимиздаги сув миқдори йилдан-йилга камайиши кузатиляпти. 

Яъни, глобал миқёсда бўлаётган табиий иқлим ўзгаришлари бизга ҳам катта таъсир қиляпти. Биз эса, халқаро ҳамжамият билан биргаликда бу жараёнларга муносиб тайёргарлик кўришимиз – мослашишимиз керак. 

Иқлим, об-ҳаво, сувни тежаш, халқ хўжалигини шу жараёнларга мослаштириш нуқтаи назаридан зарур чоралар кўришимиз жуда муҳим аҳамиятга эга.
Биз ўзимиздаги барча инфратузилмани яшилликка ўтказишимиз зарур. Яшил иқтисодиёт, яшил технологиялар, яшил экология дейилишининг моҳияти ҳам шу-да. Яшил иқтисодиёт деганда табиий ресурслардан оқилона, тежамкорона фойдаланиш тушунилади. Табиатга зарари кам бўлган технологияларни кўпроқ қўллаш керак бўлади. Шунда биз табиат билан саноат ўртасидаги мувозанатни сақлаб қола оламиз. Шу каби табиий ва реал эҳтиёжлар Ўзбекистон Экологик партиясининг майдонга чиқиши учун асосий омил бўлди.
Экологик партия фаолият дастурига кўра, мамлакат ҳаётидаги энг муҳим йўналишларга алоҳида эътибор қаратишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Улар — мамлакатнинг барқарор ривожланишига, экологик хавфсизлигига эришиш, ҳозирги ва келажак авлод учун қулай атроф муҳитни яратиш ҳамда табиий ресурсларни сақлашга йўналтирилган давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни таъминлашдир. Атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурсларни сақлаш давлат, жамият ва мамлакат ҳар бир фуқаросининг вазифаси бўлишига эришишимиз керак.
Ҳар бир инсон то ҳаёт экан, она табиат бағрида яшайди ва унинг бебаҳо неъматларидан фойдаланади. Шу неъматларни асраб-авайлаш, улардан унумли ва оқилона фойдаланиш, энг муҳими, бу неъматларда келажак авлоднинг ҳам ҳақи борлигини унутмаслик доимо ҳамманинг диққат марказида туриши керак. Буларнинг барчасини назарда тутган ҳолда экопартия «Биз келажак учун жавобгармиз!» шиорини илгари сурмоқда.
– Экологик партиянинг дас­турий мақсадлари кенг қатламдаги аҳолини қамраб олади ва илгари сураётган ғоя ва ташаббуслари ҳам барчанинг манфаатларига бирдек хизмат қилади. Бу борада партиянинг тутган йўли, сиёсий майдондаги рақобати ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
– Экологик партия муайян қатламдаги электорат, тор доирадаги сиёсий мақсадлар билангина чекланиб қоладиган партия эмас. Чунки экологик масалалар ҳамманинг ҳаётига бевосита таъсир кўрсатадиган глобал масала ҳисобланади. Партиямизнинг бош дастурий мақсади – халқимиз келажаги учун манфаатли бўлган қулай атроф муҳитни яратиш. Бу – осмонимиз мусаффолиги, сувимиз тозалиги, тупроғимиз унумдорлиги, нафас олаётган ҳавомизнинг тозалиги билан боғлиқ масалалар. Ҳаёт кечириш учун сув ва ҳавонинг нақадар зарурлигини эса ортиқча исботлашга ҳожат йўқ. Шунинг учун ҳам электоратимиз кенг қамровли ва барча аҳоли қатламини қамраб олади.
Шу ўринда бир статистикага эътибор қаратишни истардим. Мамлакатимиздаги йирик сиёсий партиялардан бири бўлган ЎзЛиДеП аъзолари бугунги кунда бир миллиондан ошди. Шунингдек, ўттиз йилдан бери фаолият юритиб келаётган ЎзХДП­ аъзолари 500 мингдан зиёдни ташкил қилади. Ўзбекистон Экологик партияси аъзолари эса ҳозир 400 минг нафардан ошди. Ҳолбуки, партиямиз ташкил қилинганига энди икки ярим йил бўлди. Экопартиянинг аъзолари, хайрихоҳлари кўпайишига асосий сабаб халқимиз илгаридан экология, табиат, атроф муҳит масалаларига бефарқ бўлмаганлигидир. Шунинг учун ҳам ўз ихтиёри билан, онгли равишда биз тарғиб қилаётган ислоҳотларнинг моҳиятига тушиниб, партиямиз сафига қўшилаётган турли соҳа вакиллари жуда кўп.
Мана яқинда Риштонда экологик веломарафон ўтказганимизда фахрийлар – ёши улуғ отахонлар биз билан ҳамнафас бўлиб эллик километр масофани велосипедда босиб ўтди. Улар орасида саксонга кирганлари ҳам бор эди. Марафон сўнгида шундай фойдали ва мароқли тадбирни ташкил қилгани учун партияга ўз ташаккурларини билдиришди ва уларнинг барчаси партиямизга аъзо бўлди. Бир сўз билан айтганда, юрагида, кўнглида атроф муҳитга, она табиатга меҳри бор одамлар партиямизни ўзлари танлаб, аъзо бўлишяпти.
Экологик муаммолар ечимига ижтимоий фикри, фуқаролик позицияси ва таклифлари билан хайрихоҳ бўлган ҳар бир фуқаро, қайси ижтимоий қатламга мансублигидан қатъи назар бизнинг электоратимиз, дейиш мумкин.
– Бугун Оролбўйи минтақасидаги экологик фалокатни бартараф этиш, бу ердаги мавжуд аҳволни яхшилаш борасида экопартия томонидан қандай ташаббуслар илгари сурилмоқда?
– Сўнгги йилларда Президентимиз томонидан атроф муҳит муҳофазасига қаратилаётган эътибор, бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жаҳон ҳамжамияти томонидан муносиб эътироф этилмоқда. Жумладан, ўтган йил 23 сентябрда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқида Орол фожиасига жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратган эди. 2021 йил 18 май куни БМТ Бош ассамблеяси Оролбўйи минтақаси бўйича махсус резолюция қабул қилди. Ўзбекистон Президенти таклифига кўра, БМТ томонидан Оролбўйи минтақаси экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилинди. 
Давлатимиз раҳбарининг бу ташаббусига бугунги кунда кўплаб давлатлар қўшилмоқда. Бу ерга жаҳоннинг йирик ташкилотларини жалб этиш, ҳудудда сув тежовчи технологияларни жорий этиш, ер унумдорлигини ошириш, бир сўз билан айтганда, ноу-хаулар учун янги имкониятлар эшигини очади.
Президентимиз жорий йилнинг 30 май куни Сеул шаҳрида бўлиб ўтган «Яшил» тараққиёт ва 2030 йилга қадар глобал мақсадлар учун шериклик иккинчи халқаро саммитидаги нутқида «яшил» тикланиш соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланишларнинг муҳим йўналишларини қайд этди. «Яшил» ва барқарор тараққиётга хизмат қиладиган самарали қарорлар қабул қилиш учун бутун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, Ўзбекистон «яшил» технологияларни кенг жорий қилиш ва «яшил» энергетика соҳасидаги йирик лойиҳаларни бошлаш арафасида. Бу эса мамлакатимизда яқин ўн йилда қайта тикланадиган энергия манбалари улушини 3 баробардан зиёдга кўпайтириш имконини беради.
Орол денгизи тубидаги суви қуриган ҳудудларда «яшил қоп­ламалар» — ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш ишларининг ҳажми ва кўлами кундан-кунга ошиб бормоқда. Жумладан, ҳозиргача 1,5 млн. гектар ерда саксовул ва бошқа чўл ўсимликлари экилди.
Орол масаласида ҳозир партиямиз бир қанча лойиҳаларни амалга оширмоқда. Улардан бири «Мўйноққа мадад» лойиҳаси бўлди. Ушбу хайрия веломарафонига жорий йил 21 май куни Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида старт берилди. Бутун мамлакат ҳудудини қамраб олган мазкур марафонда велоспортчилар 2 минг километрга яқин масофани босиб ўтди. Экологик хайрия веломарафонининг якуний босқичи Мўйноқ туманида ўтказилди. «Мўйноққа мадад» экологик хайрия веломарафони доирасида 1,5 миллиардга яқин маблағ жамғарилди ҳамда жараён давом этмоқда.
Таъкидлаш керакки, мазкур эковеломарафон соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, Оролбўйи ҳудудида яшаётган аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашга кўмаклашиш учун корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлар ва фаол фуқароларнинг хайрия ва ҳомийлик маблағларини жалб этиш ҳамда маҳаллий аҳолини партия фаолияти билан таништириш имконини берди.
Мўйноқ туманини ҳар томонлама обод масканга айлантириш ишларига Ўзбекистон Экологик партияси ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Бугунги кунда туманнинг «Алиовул» қишлоғида «Обод қишлоқ» дастури доирасида кенг кўламдаги бунёдкорлик ишларида елкама-елка туриб кўмакдош бўляпмиз. Мақсадимиз «Алиовул»да истиқомат қилаётган аҳоли вакиллари учун етарли шароитлар яратишдир. Булар сирасига энг аввало овулга ичимлик сув тармоғини тортиб келиш, инфратузилма объектларини барпо этиш, овул ёшлари бандлигини таъминлаш каби бир қатор вазифалар киради. Айни кунларда бу борадаги ишлар шиддат билан амалга оширилмоқда.
Яқинда эса БМТ резолюцияси ижросини таъминлаш мақсадида экологик инновациялар ва яшил технологиялар бўйича ёш олимлар ўртасида танлов ўтказмоқчимиз. Бу танлов сувни тежаш, ернинг унумдорлигини оширишга қаратилган, саноатда экологик тоза ва хавфсиз технологияларни қўллай оладиган янги-янги техник ишланмалар ва ечимларни амалиётга татбиқ этиш бўйича катта лойиҳа бўлади. Унда иштирок этадиган энг сара ишланмаларни биринчи навбатда Оролбўйи ҳудудида қўллашни режа қилганмиз.
– Халқ билан мулоқот қилиш – экологик муаммоларга қарши курашда энг самарали йўллардан бири. Сўнгги вақтларда кўплаб экологик масалалар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлаётгани ҳам бунга мисолдир. Экопартиянинг бу йўналишдаги ишлари ҳақида ҳам тўхталсангиз.
– Экологик муаммолар бўйича биз ҳали янада фаоллашишимиз керак. Мамлакатимизда экологик муаммоларнинг ечими, бу борада давлат, жамият ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорликда тизимли фаолият олиб бориш бўйича кўп ишлар қилиниши зарур. 

Охирги йилларда аҳолимиз жуда фаоллашиб, ижтимоий тармоқларда барча муаммоларни худди кўзгудек кўтариб боряпти. Бундай муаммоларга ечим топиш, муносабат билдириш ҳаммамиз учун дахлдор масалага айланиши шарт. 

Авваламбор, биз керакли дастурларни қабул қилишда жамоатчиликнинг фикрини кўпроқ инобатга олишимиз керак. Давлат дастури, давлат ёки маҳаллий бюджет параметр­ларини, тармоқ ва соҳаларга оид дастурларни қабул қилишда жамоатчилик фикрини инобатга оладиган бўлсак, кўп муаммолар ўз ечимини топади.
Бугун жамоатчилик томонидан кўтарилаётган ҳар бир экологик муаммо ва унинг ечими юзасидан экопартия ўзининг тезкор муносабатини билдирмоқда. Халқимиз қўяётган ҳақли масалалар ечимини тегишли давлат органларидан талаб қилиб чиқмоқда.
Экологик муаммоларни бартараф этишда мавжуд қонунчилик ҳам бизга етарлича ҳуқуқий йўл очиб бериши керак. Афсус­ки, ҳозирги қонунчилигимизда баъзи бир бўшлиқлар ҳам кўзга ташланиб қоляпти. Шундай пайтларда жамоатчилик назоратини янада кучайтиришимиз керак. Маълум бир объект атрофида бўлаётган муҳокамалардан қонуний-ҳуқуқий муҳокамаларга ўтиш керак. Ҳар бир объект иш бошлашдан олдин давлат экологик экспертизасидан ўтади. Жараёндаги очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳозирги кунда жуда катта масала. Жамоатчилик эшитувлари ва муҳокамалар бирон объект фаолияти ҳақида қатъий тўхтамга келгандан кейин эмас, ўша жараённинг ўзида бўлиши керак. Яъни муайян лойиҳа амалга ошгандан кейин эмас, лойиҳани бошлашдан олдин жамоатчилик фикрини ўрганиш зарур бўлади. Биз жамоатчиликни ҳам шунга ўргатишимиз керак. Фуқароларимизда ўз фикр-муносабатини қонуний тарзда ўз вақтида билдириш кўникмасини яратишимиз зарур.
Мана, эндиликда «Оила ва табиат» газетаси партия дастурий ғояларини тарғиб қилувчи асосий нашр бўлди. Ўз навбатида бу газета ҳам бизни жамоатчилик билан боғлайди, сўзимизни айтишимиз учун минбар бўлади.
— Жорий йил олдимизда катта сиёсий жараён – президентлик сайлови турибди. Бу сайлов муносабати билан келгусидаги ишларимиз ҳам бир қадар белгилаб олиниши шубҳасиз. Яқин келажакда аҳоли турмуш даражасини янада ошириш, уларни қийнаб келаётган ўткир масалаларга ечим топиш борасида экологик партия қандай ишларни амалга ошириши режалаштириляпти?
– Бу йил бизнинг партиямиз биринчи марта муҳим сиёсий жараён бўлган президентлик сайловида иштирок этади. Албатта сайловга пухта тайёргарлик кўрмоқдамиз. Бунинг учун таниқли олимлар, ҳуқуқшунослар, экопартия фаолларидан иборат экспертлар гуруҳи шакллантирилди. Сайловолди дастури ишлаб чиқилди, ҳозир ишчи гуруҳи буни якунлаяпти. Ҳудудларда ҳам тайёргарлик ишлари олиб бориляпти.
Умуман олганда, биз бу сайловда қатнашиб, мамлакатимизнинг ривожланиши ва эртанги куни билан боғлиқ бўлган энг муҳим ташаббусларни, биринчи навбатда экологик ҳолатни яхшилаш, ичимлик сув, электр таъминоти, яшил иқтисодиёт билан боғлиқ бўлган муҳим ташаббусларни мамлакатимизнинг сиёсий кун тартибига қўямиз.

Ҳусниддин БЕРДИЕВ 
суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Унинг меҳнати  эл дастурхонида  эъзозда туради

Унинг меҳнати эл дастурхонида эъзозда туради

🕔22:35, 07.04.2024 ✔32

Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.

Батафсил
Ҳамиша масъулиятли  бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг  муҳим шарти

Ҳамиша масъулиятли бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг муҳим шарти

🕔16:47, 25.01.2024 ✔85

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсaнeм БЕГИМОВА билан суҳбат

Батафсил
Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

🕔10:00, 23.01.2024 ✔87

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати, Ўзбекис­тон Экологик партияси аъзоси Муҳаббат Сафоева билан суҳбат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар