Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ЭКОЛОГИЯ ВА ТОЗА ҲУДУД УЧУН АЖРАТИЛГАН МАБЛАҒЛАР КИМНИНГ ЧЎНТАГИГА ҚАРАБ «ОҚМОҚДА»?

Табиат муҳофазасига қаратилган саъй-ҳаракатлар бугун ёки эртага бирданига ўз натижасини кўрсатмайди. Бунинг учун йиллар керак. Вақт ўтиши билан табиат яшнашига қўшган кичик ҳиссангиз бутун атроф муҳитдаги бетакрор ўзгаришлар билан ўзини кўрсатади. Аммо экологияни яхшилаяпмиз, одамлар тоза ҳаводан нафас олиши учун кўп ишларни қиляпмиз, деган иддао билан кўзбўямачилик қилинган бўлса-чи? Афсуски, бунинг ҳам аянчли оқибати йиллар ўтгандан сўнггина сезилади.

ЭКОЛОГИЯ ВА ТОЗА ҲУДУД УЧУН АЖРАТИЛГАН МАБЛАҒЛАР КИМНИНГ ЧЎНТАГИГА ҚАРАБ «ОҚМОҚДА»?

Ҳар йили давлат бюджетидан миллиардлаб маблағ ажратилади. Атроф муҳит тозалигини сақлаш учун, дея ҳар бир хонадондан, аниқроғи ҳар бир жон бошидан ойма-ой муайян маблағ йиғилади.
Аслида экология ва атроф муҳит муҳофазаси учун ажратилаётган бу маблағлар қанчалик ўринли сарфланаётгани тўғрисида одамларда ҳам шубҳа йўқ эмас эди. Чунки йиллар давомида минглаб дарахтлар кесилган бўлса-да, уларнинг ўрни ақалли ярмига ҳам тўлдирилмади. Кўп қаватли уйлар атрофидаги чиқиндихоналар девор билан ўраб қўйилганини айтмаганда, тоғ-тоғ бўлиб уюлиб ётиши, унинг атрофга таратаётган бадбўйи заррача ўзгарган эмас. Маиший чиқиндиларни алоҳида қутиларга ажратган ҳолда ташлаш ҳақида-ку гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Ҳар йили қутилар турли рангларга бўялиб, тақдимотлар қилинади, маблағлар ажратилади. Аммо чиқиндиларни ажратиб ташлашнинг тартибию қоидасидан на аҳоли, на чиқинди йиғувчилар хабардор. Картошканинг пўчоғидан тортиб лампочка синиғигача бўлган аралаш масса минг бир зараркунандалар ўчоғи бўлиб болалар ўйингоҳларининг шундоқ ёнгинасида ётади.
Йиллар давомида қилинган ана шу кўзбўямачиликлар «сабоғи» куни кеча Молия вазирлиги томонидан тарқатилган ахборотда ҳам ўз ифодасини топди. Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимидаги ташкилотларда ўтказилган назорат тадбирлари натижалари, аниқроғи экология ва тоза ҳудуд учун, деган ниқобда ўмарилган маблағлар тўғрисида маълумот берди.
Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ва унинг тизимидаги бюджет ташкилотлари ҳамда ҳудудий «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхоналарида 2017-2020 йилларда бюджетдан ажратилган ва бюджетдан ташқари маблағларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан 
ўтказилган текширишларда жами 87,3 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчилик­лар аниқланган, 
дейилади Молия вазирлиги Ахборот хизмати хабарида.
Жумладан, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ва унинг тизимидаги бюджет ташкилотларида ходимларга иш ҳақи, меҳнат таътили, моддий ёрдам ва мукофот пулларини ҳисоблашда хатоликларга йўл қўйилиши оқибатида 9,4 млрд. сўм миқдоридаги бюджет ва бюджетдан ташқари жамғарма  маблағлари ноқонуний сарфлаб юборилган.
Мисол учун, экология, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармасига ажратиладиган тушумларни, атроф табиий муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун компенсация тўловларини ҳамда биохилма-хиллик юзасидан табиатга етказилган зарар учун тегишли ташкилотлардан 3,8 млрд. сўм ундирилиши таъминланмаган бўлса, бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан 2,2 млрд. сўм бошқа харажатларга ортиқча ва мақсадсиз сарфлаб юборилган.
Бундан ташқари, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси тизимидаги ҳудудий «Тоза ҳудуд» ДУКларга ажратилган бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларни мақсадли сарфланишида, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни тўлашда, махсус техникалар ва чиқинди контейнерларини харид қилишда ҳамда чиқинди полигонлари қурилишида 77,9 млрд. сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
Мисол учун, Андижон вилояти «Тоза ҳудуд» ДУК ҳисобчиси ўзига тегишли банк картасига 282,7 млн. сўм маблағни асоссиз ўтказиб, ўзлаштириб юборган бўлса, Қашқадарё вилояти «Тоза ҳудуд» ДУКда ходимларнинг ойлик иш ҳақи миқдори асоссиз равишда юқори қўлланилиши ҳисобига ишчи-ходимларга иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлардан 1 730,4 млн. сўм ортиқча тўлаб юборилган.
Шу каби ҳолатларга Навоий (1 561,7 млн. сўм), Самарқанд (776,4 млн. сўм), Сурхондарё (262,1 млн. сўм), Жиззах (173 млн. сўм), Хоразм (101,6 млн. сўм), Сирдарё (50,5 млн. сўм) ва Бухоро (29,6 млн. сўм) вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси (236,3 млн. сўм)даги ҳудудий «Тоза ҳудуд» ДУК­ларида ҳам йўл қўйилган.
Ҳудудий «Тоза ҳудуд» ДУК­ларида махсус транспорт воситаларидан мақсадли фойдаланилишида ва ёқилғи мойлаш маҳсулотларини сарфлаш меъёрларига амал қилинмагани натижасида 44,2 млрд. сўм миқдорида маб­лағлар асоссиз ортиқча сарфланган.
Мисол учун, маиший чиқинди йиғиш полигонларида ёрдамчи бино, автогараж, маъмурий бинолар ва иншоотлар қурилишида пудратчилар томонидан бажарилмаган қурилиш-таъмирлаш ишларини ҳисоботларга қўшиб ёзилиши оқибатида Тошкент (695 млн. сўм), Сирдарё (587,5 млн. сўм), Навоий (201,6 млн. сўм), Андижон (104,8 млн. сўм), Жиззах (91 млн. сўм), Фарғона (36 млн. сўм) ва Хоразм (25 млн. сўм) вилоятларида маблағлар асоссиз сарфлаб юборилган.
Шунингдек, Бувайда туман ҳокимининг қарори билан 2020 йилда полигон учун ажратилган ҳудудда 470 млн. сўмга қуриб битказилган автогараж ўша йилнинг ноябрь ойида асоссиз бузиб ташланиб, бюджет маблағлари самарасиз сарфланишига йўл қўйилган.
Ҳудудий «Тоза ҳудуд» ДУК­лар томонидан «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонун талабларига риоя этилмасдан 11,3 млрд. сўмлик шартномалар тузилган ва харидлар амалга оширилган.
Мисол учун, мазкур Қонун талабларига зид равишда Самарқанд (7,1 млрд. сўм), Бухоро (794,7 млн. сўм) ва Наманган (372,4 млн. сўм) вилоятларида тўғридан-тўғри тузилган шартномалар асосида товар-моддий бойликлар харид қилинган.
Ўтказилган назорат тадбирлари натижасида расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Бу рақамлар қанчалик катта экани кўриниб турибди. Аммо унинг оқибатларини, табиатга, одамлар саломатлигига етказган зарарини эса ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Албатта бу молиявий қинғирликларга ҳуқуқий баҳо берилади, балки маблағларнинг бир қисми давлатга қайтарилар ҳам. Бироқ табиатни алдаб келинганини қайтариб бўлармикан. Афсуски, бунинг иложи йўқ. Бугун биз рўбарў бўлаётган мислсиз экологик муаммолар ­жабрини яна қанча-қанча авлодлар тортишига тўғри келади. Чунки табиат кечирмайди!




Ўхшаш мақолалар

Узоқ иш куни, касбий чарчоқ:  Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи  қачон таъминлади?

Узоқ иш куни, касбий чарчоқ: Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи қачон таъминлади?

🕔20:42, 19.04.2024 ✔29

Хоҳ давлат ишида ишланг, хоҳ хусусий секторда меҳнат ҳуқуқларимиз тез-тез поймол қилинади. Бошқача айтганда, меҳнат ҳуқуқларини талаб қилишга ўрганмаганмиз.

Батафсил
Тошкентда экология ходимлари экилмаган дарахтларни “экилди” деб ёзгани юзасидан текширув бошланди

Тошкентда экология ходимлари экилмаган дарахтларни “экилди” деб ёзгани юзасидан текширув бошланди

🕔11:45, 19.04.2024 ✔30

Экология вазири маслаҳатчиси, собиқ депутат Расул Кушербаевнинг билдиришича, Тошкент шаҳрида экология ходимлари амалда экилмаган дарахтларни “экилди” деб ёзилган ҳужжатларни имзолашга мажбур қилиняпти.

Батафсил
Фарзандларимизни  интернетдан қандай  ҳимоялашимиз  керак?

Фарзандларимизни интернетдан қандай ҳимоялашимиз керак?

🕔22:21, 12.04.2024 ✔33

Маълумотларга кўра, дунё бўйича 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган болаларнинг 90 фоиздан ортиғи интернетга уланган смартфон ва планшетлардан фойдаланади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар