Долзарб мавзу      Бош саҳифа

МИЛЛИОНЛАБ ОЛАЁТГАН «ЗАМ»ЛАР

Ёхуд туғруқхонадан қабристонгача бўлган коррупция занжири қачон узилади?

МИЛЛИОНЛАБ ОЛАЁТГАН «ЗАМ»ЛАР

Ҳар қандай мамлакат иқтисодиётининг ривожи, чинакам қулай тадбиркорлик ва инвестиция муҳити учун энг асосий тўсиқлардан бири – бу коррупция. Таҳлилларга кўра, бу иллат жаҳон иқтисодиётига ҳар йили ўртача 2,8 триллион доллар зарар келтиради.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда коррупцияга қарши жиддий курашиш учун енг шимарганимиз рост. Чунки йиллар давомида бирор бир соҳа қолмади, коррупция иллати кириб бормаган. Айниқса, охирги вақтлар Ўзбекистонда «у амалдор пора билан ушланди», «буниси қўлга тушди», «фалон ҳоким ўринбосари фалон минг доллар билан ушланди»... қабилидаги хабарлар шунчалик ҳам кўпайиб кетдики, тўғриси одатий ҳол сифатида қабул қила бошладик. Қулоғимиз ўрганиб, бундай гаплар бутун вужудимизга сингиб кетди. Энди савол: Бундай «қўлга тушиш»лар коррупцияга қарши курашишнинг натижасими ёки қанча курашилган сайин «ётиб қолгуча отиб қолувчи» амалдорлар коррупцияни баравж гуллатишга бел боғладими? Нималар бўляпти ўзи? «Ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари Наманган вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси мансабдори ва Янгиқўрғон тумани ҳокими ўринбосарини 10 минг, Жиззах шаҳар ҳокимининг молия, иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бўйича биринчи ўринбосари – шаҳар иқтисодий тараққиёт вa камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчиси 2 минг, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани солиқ инспекциясининг катта инспектори 3500 доллар пора олган вақтида қўлга олинди!..» Интернетда бундай хабарлар деярли ҳар куни «болалаяпти».

Наҳот, янги Ўзбекистонда туғруқхонадан қабристонгача коррупция бўлса?! Олиб борилаётган ислоҳотларга бу тарзда «зарба» бераётганлар кимлар? Аслида ўша давлат бошқаруви органлари ходимларининг ойлик маоши сўнгги йилларда сезиларли даражада ошириб берилди. Мана шунга қаноат қилмай мамлакатни коррупция ботқоғига ботиришга фаол ҳисса қўшаётган бундай кимсаларнинг асл мақсади нима?

2020 йил. Даҳшатли рақамлар...

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълумотларига кўра, 2020 йилнинг 9 ойи таҳлил қилинганда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жами коррупция ҳолатлари юзасидан 838 та жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, шундан судларга юборилган 454 та жиноят ишлари бўйича 647 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Коррупцион ҳуқуқбузарликлар содир этган мансабдор шахсларнинг энг катта қисми, яъни 261 нафарини Жиноят кодексининг 167-моддасида кўрсатилган жиноятларни содир этган мансабдор шахслар ташкил этган.

Шунингдек, ЖКнинг 168-моддаси билан 116 нафар шахс, 184-моддаси билан 68 нафар шахс, 210-моддаси билан 56 нафар шахс, 205-моддаси билан 24 нафар шахс, 206-моддаси билан 9 нафар шахс, 207-моддаси билан 15 нафар шахс, 209-моддаси билан 7 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларнинг 4 нафари республика миқёсидаги, 15 нафари вилоят миқёсидаги 626 нафар шаҳар-туман миқёсидаги мансабдор шахсларни ташкил қилади.

Жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахслар фаолият юритган соҳалар кесими бўйича таҳлил натижаларига кўра, 7 нафар ҳоким ўринбосарлари, 1 нафар прокуратура тизими, 1 нафар Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, 13 нафар Мажбурий ижро бюро си, 1 нафар адлия тизими, 59 нафар ИИВ, 6 нафар солиқ, 1 нафар божхона тизими, 2 нафар Миллий гвардия, 3 нафар Мудофаа вазирлиги, 57 нафар Соғлиқни сақлаш вазирлиги, 8 нафар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, 15 нафар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, 89 нафар Халқ таълими вазирлиги, 36 нафар Мактабгача таълим вазирлиги, 34 нафар тижорат банклари раҳбар ходимлари, 184 нафар уставида давлат улуши мавжуд бўлмаган хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарлари жиноий жавобгарликка тортилган. 2020 йилнинг тўққиз ойи давомида коррупцион жиноятлар оқибатида давлатга жами 200 миллиард сўмдан ортиқ моддий зарар етказилган. Умуман, Ўзбекистонда 2019-2020 йилларда 1986 нафар мансабдор шахс ноқонуний хатти-ҳаракати билан давлатга 2 триллион сўм зарар етказган ва коррупцияга оид жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортилган...

Шу ўринда Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги коррупцион ҳолатларга муносабат билдириб айтган сўзларини эсга олайлик: «Коррупция бўлаверадиган бўлса, мен қандай қилиб инвесторларни жалб қиламан? Инвестор депутат ёки ҳукумат одамидан эмас, давлатдаги ҳолат ҳақида тадбиркордан сўрайди. Тадбиркор нима дейди? Ҳаммаси порахўр дейди-да!..» Коррупция ҳолатлари таҳлил қилинганда, энг қизиғи, кўпчилик туман ҳокими ўринбосари вазифасида ишлаётганлар «қўлга тушмоқда». Бу жуда шармандали ҳолат эмасми?! Туманни ривожлантиришга, давлат раҳбари қайта-қайта куюниб айтаётган инвесторни олиб келишга масъул бўлган мансабдорнинг бу иши энг катта хоинлик эмасми аслида?

Коррупциявий жиноятларни ўз вақтида аниқлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг «Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишда бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори лойиҳаси ҳам эълон қилинди. 2020 йил 29 декабрда Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган навбатдаги Мурожаатномасида ҳукумат қарорларини бажаришда, аҳоли муаммоларини ҳал қилишда «ўрта бўғин»ни танқид қилиб шундай деган эди: «Кўпгина вазирлик ва идораларда қарор қабул қилиш ҳаддан ташқари марказлашган. Уларнинг вазифалари аниқ белгиланмагани сабабли бир-бирининг фаолиятини такрорлаш ҳолатлари мавжуд.

Сабаби вазир ўринбосарлари, ўрта бўғин раҳбарлари масалани ҳал қилиш, жавобгарликни ўзига олиш, ташаббус кўрсатишда етарли билим ва малакага эга эмас.

Бизда энг катта ғов мана шу ўрта бўғин. Вазир ўрта бўғин одамларини ўқитиши керак. Улар нега масъулиятни ўзига олмайди? Ё билими йўқ, ёки қатъияти етмайди, ёки коррупцияга берилган...»

2021 йил. Курашаверамиз, қайтиш йўқ!..

Жорий йил апрель ойидаги коррупцияга қарши курашишда давлат, жамият, фуқаролар ҳамда оммавий ахборот воситаларининг ҳамкорлиги, аҳоли ҳамда оммавий ахборот воситаларининг коррупцияга қарши курашишдаги ўрни ҳақида ўтказилган сўровнома бўйича келинган хулосаларга таянадиган бўлсак, ўтказилган сўров жамоатчилик онгида коррупция тўғрисида давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларини зарарловчи ҳамда иқтисодиётни, давлат бошқаруви ва умуман жамиятни ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатувчи хавфли ижтимоий ҳолат сифатидаги тасаввур шаклланганидан далолат беради.

Кўпчилик респондентлар (83,2 фоиз) мамлакатда коррупция мавжудлигини эътироф этишади ҳамда коррупция давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади, фуқароларнинг, айниқса, ёшларнинг маънавий-ахлоқий ҳолатига зарар етказади, аҳолининг давлат органларига ва адолатга ишончини пасайтиради, деб ҳисоблайдилар.

Аммо жорий йилда ҳам коррупцион ҳолатлар ортса ортяптики, камаймаяпти. Биргина, Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари коррупциявий қилмишлари ортидан 20 миллиард сўмлик бюджет маблағларини талон-торож қилгани ойдинлашди. Терговда унга тегишли корхоналарда 12 миллиард сўм, Жиззах шаҳридаги «Эски шаҳар» буюм бозорида қурилган 172 та савдо дўкони, кўп қаватли уйларда 14 та хонадон, 43 та автомашина, 37 та бошқа кўчмас мулклар борлиги аниқланиб, зарарни ундириш учун хатланди.

Февраль ойида Фарғонада МИБ ходими 2 минг доллар пора билан қўлга олинди. У Фарғона вилояти Тошлоқ тумани бўлими давлат ижрочиси эканлиги туфайли ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, иш юритувидаги ижро иши юзасидан гидропоника технологияси асосида иссиқхона ташкил этган фермер хўжалигининг электр энергиясидан бўлган қарздорлиги бўйича ижро ҳаракатларини тугатиб беришини айтиб, эвазига 2 минг АҚШ доллари талаб қилган. 16 март куни Тошкентда «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ директори ўринбосари ва бўлим бошлиғи 3 миллион сўм пора олаётганда ушланди. Шунингдек, март ойи охирларида эпизотик касалликлар мавжуд эмаслиги тўғрисида ижобий хулоса бериш эвазига 800 АҚШ долларини пора тариқасида олган Санитария-эпидемиология хизматининг Тошкент вилояти ҳудудий бўлими масъул ходимлари қўлга тушди.

Апрелда Андижон вилояти Булоқбоши тумани давлат солиқ бош инспектори мавжуд бўлмаган солиқ қарздорлигини йўқ қилиб бериш эвазига 15 миллион пора олган пайтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан қўлга олинди.

Яна бир ҳолат, Андижон шаҳар ХТБ раҳбари пора билан қўлга тушди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Андижон вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро икки нафар танишини мактаб директори лавозимига ҳамда дугонасини «зам директор»ликка тайинлаш масаласини ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 8 400 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган...

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг ҳали ярми ҳам тугамади...

Аброр ПОЁНОВ




Ўхшаш мақолалар

Узоқ иш куни, касбий чарчоқ:  Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи  қачон таъминлади?

Узоқ иш куни, касбий чарчоқ: Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи қачон таъминлади?

🕔20:42, 19.04.2024 ✔29

Хоҳ давлат ишида ишланг, хоҳ хусусий секторда меҳнат ҳуқуқларимиз тез-тез поймол қилинади. Бошқача айтганда, меҳнат ҳуқуқларини талаб қилишга ўрганмаганмиз.

Батафсил
Тошкентда экология ходимлари экилмаган дарахтларни “экилди” деб ёзгани юзасидан текширув бошланди

Тошкентда экология ходимлари экилмаган дарахтларни “экилди” деб ёзгани юзасидан текширув бошланди

🕔11:45, 19.04.2024 ✔30

Экология вазири маслаҳатчиси, собиқ депутат Расул Кушербаевнинг билдиришича, Тошкент шаҳрида экология ходимлари амалда экилмаган дарахтларни “экилди” деб ёзилган ҳужжатларни имзолашга мажбур қилиняпти.

Батафсил
Фарзандларимизни  интернетдан қандай  ҳимоялашимиз  керак?

Фарзандларимизни интернетдан қандай ҳимоялашимиз керак?

🕔22:21, 12.04.2024 ✔33

Маълумотларга кўра, дунё бўйича 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган болаларнинг 90 фоиздан ортиғи интернетга уланган смартфон ва планшетлардан фойдаланади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар