Долзарб мавзу      Бош саҳифа

«ИЛДИЗИ БИЛАН ЧОПИНГЛАР, ДАРАХТЛАРИМИЗ КАМАЙИБ ҚОЛМАЙДИ...»

Маълумотларга кўра, битта дарахт йилига 15 минг литргача сувни тупроқда сақлайди. Дарахтларнинг атроф-муҳитга бераётган фойдаси туфайли мегаполислар ҳар йили 150 миллион долларга яқин маблағни тежайди.

«ИЛДИЗИ БИЛАН ЧОПИНГЛАР, ДАРАХТЛАРИМИЗ КАМАЙИБ ҚОЛМАЙДИ...»

Дарахтлар шаҳар ҳавосини 2-8 даражага салқинроқ қилади. Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистон ҳудудининг фақатгина 7,5 фоизи табиий ўрмонлар билан қопланган. Дунё мамлакатларида эса бу кўрсаткич ўртача олганда 30 фоизни ташкил қилади.

Афсуски, Ўзбекистонда дарахтларни асраш, атроф-муҳитга бўлган муносабатни ўзгартириш масаласи доимий равишда кўтарилиб келинса ҳам, ноқонуний дарахт кесиш ҳолати юз берганидан, дарахт кесилиб саранжомлаб бўлингандан кейин қизғин ва жонкуярлик билан муҳокама қилишдан нарига ўтмаяпмиз. Нари борса жаримага тортяпмиз, лекин ўша 80-100 йиллик дарахтни яна шундай ҳолга келтиришнинг ўзи бўлмайди-ку! Бунга яна 80-100 йил керак ахир. Шундай экан, атроф-муҳит ва дарахтлар ҳимоясида оқибат билан шуғулланиш эмас, кўпроқ олдини олишга бор диққат-эътиборни қаратиш вақти етмадими?

Ортда қолган биргина 2020 йилда Ўзбекистон бўйлаб жами 7812 туп дарахт ноқонуний кесилган ва жамиятга 15,3 миллиард сўмлик зарар етказилган.

МУСАФФО ОСМОНИМИЗГА «ТУТУН» ХАВФИ

2021 йил январда Сергели туманида 14 туп дарахт ноқонуний тарзда илдизи билан қўпориб ташланди. Етказилган зарар 151 млн. 194 минг сўмга баҳоланган.

Тошкент шаҳар экология бошқармаси хабарига кўра, Сергели тумани, Спутник 4 мавзеси 40б уй олдида жами 14 туп ҳар хил турдаги дарахтлар ҳеч қандай рухсатномасиз илдиз қисмидан қўпориб ташланган.

Ўрганишлар натижасида кесилган дарахтлар Toshkent Industrial Export Center қурилиш майдонига олиб кирилгани ва улардан олтитаси кўчириб ўтқазилгани аниқланган. Ҳолат юзасидан ўсимлик дунёсига жами 151 млн. 194 минг сўм зарар етказилгани маълум қилинган ва тўпланган ҳужжатлар хуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.

Яна бир мисол, шу йилнинг январь ойида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекциясининг хулосасисиз, Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан 10 гектар майдонда кичик саноат зонасини барпо этиш учун 2874 туп дарахт ноқонуний кесиб юборилган.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси Давлат экология қўмитаси ва Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси инспекторлари белгиланган манзил бўйича мурожаатни ўрганиб чиқдилар. Ўрганиш натижаларига кўра, вилоят ҳокими қарорига асосан ажратилган 10 гектар ер майдонида Кичик саноат зонаси ташкил этилаётган бўлган. Мазкур ҳудуддаги 2 874 туп ҳар хил турдаги дарахтлар давлат рақами (555 SA 70) эксковатор техника воситаси ёрдамида илдизи билан қўпорилгани аниқланди ва ҳолат юзасидан далолатнома тузилди.

Экология қўмитаси матбуот хизмати маълумотларига кўра, Қарши шаҳар қурилиш бўлимининг 2020 йил 23 ноябрдаги Қарши шаҳар «Буюк Турон» МФЙ Буюк Турон кўчасида ташкил этилаётган «Кичик саноат зонаси» ҳудудидаги экинзор ва дарахтларни таг қисмидан олиб ташлаш тўғрисидаги мурожаатига жавобан Қарши шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси томонидан дарахт ва буталарни кесиш тартиби кўрсатиб ўтилган ҳолда, дарахт ва буталарни кесишга рухсат берилмаган.

Шу билан бирга, ажратилган 10 гектар ер майдонида ташкил этилаётган Кичик саноат зонаси бўйича Давлат экология қўмитасининг экологик ҳулосаси олинмаганлиги аниқланган. Ушбу ҳудуддаги 12 гектар ердан аҳоли фойдаланиб келган.

Хўш, муаммо нимадан келиб чиқяпти. Одамлар ерни бўлиб-бўлиб олган, лекин олгани тўғрисида ҳеч қандай ҳужжат йўқ. Аҳолининг агар томорқа ҳудуди бўлганида у мевали дарахтлар ўзининг мулки ҳисобланар эди. Хоҳласа кесиши мумкин эди унда. Лекин ўша ер кадастр ҳужжатларида белгиланмагани сабабли, бу табиат мулки ҳисобланади ва давлатнинг захира ери саналади. Шу пайтгача ҳам захира ери ҳисобланган, лекин аҳоли ундан фойдаланиб келаверган.

Бу ерда Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳам ноқонуний ҳолатга йўл қўйилган. Чунки захира ерини аҳоли фойдаланишига бериш мумкин эмас. Бундан ташқари, Қашқадарёдаги экология инспекцияси чалғитилгани ва бу аҳолининг томорқа ери деб келингани айтилмоқда. Бироқ ҳужжатлар текширилганда ернинг фақат 3 гектарида 24 минг дарахт борлиги аниқланган (қолган 7 гектар ердаги дарахтлар сони суриштирилмоқда), улардан 2 874 тупи кесиб ташланган. Қолганлари сақлаб қолинган.

Кейинги ҳолатга тўхталадиган бўлсак, Самарқанд туманида жойлашган Сулфакабутак маҳалласининг Сулфакабутак ва Х.Ғиёсов кўчалари кесишган қисмида, яъни чойхона бурчагида 2021 йил 7 февраль куни бир туп қимматбаҳо чинор дарахти кесилгани ҳақидаги хабар юзасидан экологик рейд ўтказилди.

Чинор дарахти кесилган манзилга Ўзбекистон Экологик партияси Самарқанд вилояти партия ташкилоти ходимлари, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари келиб, ҳақиқатан ҳам бир туп чинор дарахти тагидан кесилгани ва тўнкаси илдизи билан ковлаб олиб ташланганига гувоҳ бўлишди.

Ўрганиш давомида маълум бўлишича, ушбу чинор дарахти кўчани кенгайтириш мақсадида туман автойўл корхонаси бошлиғи С.Алиев ва бошқа масъуллар топшириғига асосан ноқонуний тарзда кесиб ташланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 февралдаги қарорига кўра, қимматбаҳо дарахт ва буталар қаторига 78 турдаги ўсимликлар киритилган. Шу жумладан чинор, тол, эман ва сарв қимматбаҳо дарахтлар ҳисобланади.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов: «Ўтган 2020 йилда экологик назорат тадбирлари натижасида 3890 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, жами 7812 туп дарахт, шундан 3428 туп қимматбаҳо дарахт ноқонуний кесилгани учун 136 нафар мансабдор шахсга 4,5 млрд. сўм жарима солинди ва 15,3 млрд. сўмлик етказилган зарар аниқланди.

Мораторий даврида қарийб 5609 та жисмоний ва юридик шахсдан қимматбаҳо дарахтлар ва ўрмон фондига кирмайдиган турли дарахтлар кесилиши бўйича ариза тушган. Бу мурожаатларда 258 минг дарахт тупини кесиш масаласи кўтарилган. Шундан 182 минг туп қимматбаҳо дарахт кесилиши рад этилган.

Ижтимоий тармоқларда йил давомида 400 га яқин дарахт кесилиши бўйича танқидий материал чиққан. Бу – дарахт кесилишининг олдини олиш бўйича ишларимизга яхши самара кўрсатяпти», – дея маълумот берган эди йиллик ҳисоботда.

ЎЗИ ДАРАХТ КЕСИШ МУМКИНМИ?

Объектив сабабларга кўра, дарахтларни кесишга мутлақо тақиқ қўйиш мумкин эмас. Шу сабабли, қуриган ёки одамлар ва уларнинг мулки хавфсизлигига таҳдид соладиган дарахтлар ва буталарга нисбатан мораторий қўлланилмайди.

Уларни кесиш учун ҳокимликнинг қарори ва Давлат экология қўмитаси идораларининг розилиги талаб этилади. Бугунги кунда кесиш ишларини фақат ободонлаштириш бўлимлари амалга ошириши мумкин.

Бино ва коммуникацияларни қуриш ва реконструкция қилиш учун ҳам дарахтларни кесиш мумкин. Бунинг учун ҳокимликнинг Давлат экология қўмитаси билан келишилган қарори бўлиши керак. Иложи бўлса, дарахтлар ва буталарни қайта тиклаш керак. Йўқотилган қисми эса бир дарахтга 10 туп кўчат нисбатида қопланади.

ҚАРОР БОР,   ИЖРОСИ ЭСА…

Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2021 йил 3 февралдаги фармони билан мамлакатимизда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторийнинг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабргача узайтирилган.

Ҳужжат билан ҳар бир кесилган дарахт ва буталар учун компенсация тарзида 10 туп қимматлилиги жиҳатидан кесиладиган дарахт ва буталардан кам бўлмаган, йирик ўлчамли кўчат экиш ҳамда уларни камида икки йил давомида парвариш қилиш мажбурияти киритилган.

Шунингдек, ноқонуний кесилган дарахт ва буталар учун эса уч йил давомида парваришлаш шарти билан 100 туп кўчат экиш мажбурий этиб белгиланган. Дарахт ва буталарнинг кесилишига жорий этилган мораторий талабларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақс адида дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилишини аниқлаган ёки олдини олган фуқароларни рағбатлантириш тизими жорий этилди. «Юртни, маҳалла – кўчаларни ободонлаштириш, манзарали дарахтлар экиш ортидан тоза экологиямизни асраб қолишимиз мумкин. Бошқа йўл йўқ!» – дея алоҳида таъкидлаган эди давлатимиз раҳбари.

Бундан кўриниб турибдики, дарахтларнинг ноқонуний кесилиши давлат сиёсатига ҳам мутлақо зиддир! Бироқ, мораторий даврида қарийб 5609 та жисмоний ва юридик шахсдан қимматбаҳо дарахтлар ва турли ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар кесилиши бўйича ариза тушганидан битта хулоса чиқариш мумкин: ижро оқсаяпти. Айрим мутасадди ташкилотларнинг масъулиятсизлиги ҳамда муаммони охиригача ўрганишга эринаётгани ортидан ўзига заҳарли газларни ютиб, тоза ҳаво чиқариб берадиган дарахтлар ваҳшийларча қўпориб ташланмоқда.

Айрим ташкилотлар томонидан ноқонуний кесилгани аниқланди, деб хабарлар чиқадию, кесганлар қандай жазолангани ҳақида, қанча дарахт экиб, қандай парвариш қилаётгани тўғрисида негадир ОАВга кўп ҳам маълум қилинмайди.

Хуллас, саволлар жуда кўп…

Аброр ПОЁНОВ




Ўхшаш мақолалар

Коса тагидаги  Нимкоса  ёхуд алдагани бола яхшими?

Коса тагидаги Нимкоса ёхуд алдагани бола яхшими?

🕔16:57, 02.05.2024 ✔13

Сўнгги вақтларда умумтаълим мактаблари учун мўлжалланган дарсликларда кузатилаётган камчиликлар борасида тез-тез мулоҳаза билдирилмоқда. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда бу ҳақда неча маротаба танқидий фикрлар айтилаётганига қарамасдан аҳвол эски ҳаммом – эски тослигича қолаётгани жуда ачинарлидир.

Батафсил
Энди кўмирфурушларни  кучайтирилган  жазо кутмоқда

Энди кўмирфурушларни кучайтирилган жазо кутмоқда

🕔16:45, 02.05.2024 ✔7

Қиш бўйи кўмир талон-тарожи ҳақида эшитавериб, қулоғимиз қотиб кетти. Имтиёзли тарзда аҳолига берилиши керак бўлган кўмирлар йўлга чиқмаёқ талон-тарож қилинди. Айбдорларнинг бири жазоланган бўлса, камида учтасининг иши енг ичида битди. Шунинг ортидан қанчадан-қанча оилалар қишда совуқдан қалтираган бўлса, ажаб эмас.

Батафсил
Узоқ иш куни, касбий чарчоқ:  Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи  қачон таъминлади?

Узоқ иш куни, касбий чарчоқ: Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи қачон таъминлади?

🕔20:42, 19.04.2024 ✔32

Хоҳ давлат ишида ишланг, хоҳ хусусий секторда меҳнат ҳуқуқларимиз тез-тез поймол қилинади. Бошқача айтганда, меҳнат ҳуқуқларини талаб қилишга ўрганмаганмиз.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар