Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

«Дунёни қизғанма мендан, азизим!..»

Машҳур ҳофиз, улуғ санъаткор, Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Шерали Жўраев ҳақида публицистик қўшиқ

«Дунёни қизғанма мендан, азизим!..»

Эй, қўшиққа ташна, чанқоқ юраклар! Эй, қўшиқсевар диллар, асл қўшиқнинг мафтуни бўлган қалблар!

Сизга ўлмас бир қўшиқ ҳақида сўзлай, бўзлай-бўзлай, ёниб-ёниб, куйибкуйиб, ўртаниб-ўртаниб, тўлиб-тўлиб, жўшиб-жўшиб, қайнаб-қайнаб, тошиб-тошиб сўзлай!

Гоҳ баралла овозда, гоҳ оҳиста, сокин, гоҳ майин, гоҳ ҳайқириб айтай!

Сиз бу камтарин ва улуғ ҳофизни яхши биласиз ва уни юксак меҳр билан севасиз. Ҳа, бу ўша – ҳамма биладиган ҳофиз. Унинг ўктам ва мағрур овозини ярим асрдан буён эшитиб келамиз. Уни ёниб-ёниб, ҳузур қилиб дард билан, қувончу армон билан тинглаймиз. Тинглаб тўймаймиз. Қулоғимиз, вужудимиз, юрагимиз яна, яна куйлайвер, тўхтама, куйлайвер, ҳофизим, деб илтижо қилади.

Бу овозга қалбан саждалар қиламиз. Бу овознинг имкониятлари нақадар кенглигидан ҳайратга тушамиз. Бу сеҳрга, сир-синоатга тўла овоз сизни ўз домига оҳанрабодай тортаверади. Сиз эса, сархуш оҳанглар, дилўртар нолалар уммонига ғарқ бўлаверасиз. Бу қудратли овоз ўтмиш билан бугуннинг нолаларини, оҳангларини, барҳаёт анъаналарини ўзида мужассам этган. Аждодлар билан авлодларнинг боқий туйғуларини занжирдай мустаҳкамлаган. Асрий дардларга малҳам қўяди унинг қўшиқлари. Яшашга, дадил қадамлар ташлашга давъат этади.

Бу нолакор овоз дастлаб Андижон томонларда янгради. У чўпон отасига эргашиб, дашту-тоғларда қўй боқиб юрган кезларида хиргойи қилишдан тўхтамасди. Унинг ёқимли ва ширали овозини эшитган отаси ич-ичидан хурсанд бўлиб, ўғлини дуо қиларди. Ўғил эса кенгликлар, тоғ-тошлар бағрида куйлагиси келиб, юраги тўлиб-тошиб кетаверарди. Болалигидан қўшиқ унинг жону жаҳонига айланиб, жажжи юрагидан ўрин олган эди. Бир кун келиб бу хиргойилари овоз султонига айланишини ҳали ўзи билмасди. Бир кун келиб, бу мағрур ва ёрқин камалакдай товланувчи овоз миллион-миллион юракларни мафтун этишини хаёлига ҳам келтирган эмас.

Унинг ягона буюк орзуси бор эди: қўшиқ куйлаш. Ҳали ҳеч ким эшитмаган, ҳали ҳеч ким айтмаган қўшиқни айтишни истарди. Бу қўшиқ унинг юрагида туғилиб, вояга етаётган эди.

Туғилиб ўсган она-замини, улғайган Ватани, улуғлаб куйлаган халқи уни қўшиқчи қилди. У туғилган Ватаннинг тупроғи азиз ва табаррук Аллоҳнинг назари тушган муқаддас замин.

У кейинчалик катта юрак билан куйлаган «Ўзбегим» қўшиғида шундай наъра тортдики, халқнинг ҳам қалби кенгайиб кетди, қадди юксалди.

Тарихингдир минг асрлар,

Ичра пинҳон, ўзбегим.

Сенга тенгдош Помиру

Оқсоч Тиёншон, ўзбегим.

Сўйласин Афросиёбу

Сўйласин Ўрхун хати.

Кўҳна тарих шодасида

Битта маржон, ўзбегим...

Бу даврда шўронинг қатағон сиёсати авжга чиққан таҳликали йиллар эди. Сўздан, ҳарфдан, ижродан сиёсий хато изланадиган мудҳиш даврлар эди. Лекин ҳофиз бу қўшиғи билан бизнинг улуғ ва буюк ўзбеклигимизни ҳамиша ёдимизга солиб келади. Бу ўша замонда ҳақиқий жасорат ва қаҳрамонлик эди.

Кейин у «Ўзбекистон» қўшиғида яна юқори пардаларга кўтарилди. Авжни баланд олди:

Америка – сеҳрли диёр,

Ухлар эди Колумб ҳам ҳали.

Денгиз ортин ёритди илк бор,

 Берунийнинг ақл машъали.

Колумбда бор аламим маним,

Ўзбекистон, Ватаним маним...

Ҳофиз ҳамиша шеърнинг юрагини топиб, ўз юрагига жойлаб, кейин куйлайди. Репертуар устида жуда жиддий тер тўкади. Вақт ва замон ўтаётир. Лекин унинг репертуаридаги умри узун қўшиқларини ҳамон завқ-шавқ билан тинглайдилар.

Ҳар бир ижро этилган янги қўшиқ ҳофизни кашф қилади. У қўшиқ санъатимизда чинакам яратувчи – кашфиётчига айланди.

Бетакрор овоз соҳиблари, булбулнафас, буюк санъаткорлар – Ҳалима Носирова, Ҳожи Абдулазиз, Комилжон Отаниёзов, Маъмуржон Узоқов, Расул Қори Мамадалиев, Отажон Худойшукуров, Бобомурод Ҳамдамов ҳақиқий қўшиқ кашфиётчилари бўлган. Бу улуғлар сафидан бизнинг суюкли ва фидойи санъаткоримиз ҳам муносиб ўрин олди. Мардлик ва ҳалоллик билан ўз ўрнини топди.

Маълумки, саҳрога қатра сув ҳаёт бағишлаганидек, ҳофиз яратган қўшиқлар ҳам ҳақиқий санъатга ташна қалблар чанқоғини қондириб келаётир...

У қадим ва буюк ўзбек қўшиқчилиги санъатида кутилмаган янги саҳифалар очди. Ўз ижро услуби ва бетакрор овози билан мактаб яратди. Бу мактабдан не бир санъаткор етишиб чиқмади дейсиз, ҳали неча-неча авлодлар баҳраманд бўлишларига ҳам ишонамиз.

У қўшиқ ичида мўъжизавий қўшиқ яратади. Унинг ҳар бир йирик концерти спектаклга айланади. Мухлислар унинг концертларидан юраклари сел бўлиб чиқадилар.

Унинг юрагидаги, овозидаги дардлари Жа лолиддин Румий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Фузулий, Ҳофиз Шерозий, Саъдий, Огаҳий, Ганжавий, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиева, Разул Ҳамзатов, Усмон Азим, Тўра Сулаймон каби машҳур ижодкорларнинг қаламидан тўкилган дардлар билан уйғунлашиб кетади.

У шеър ёки ғазални теран англаб, сўзлар қатидаги маъноларни, дардларни, изтиробларни ўз юрагидан ўтказиб, кейин куйлайди.

Унинг ижросидаги «Биринчи муҳаббатим» қўшиғи янграган лаҳзалардан бошлаб, ошиқ юракларнинг дардли мадҳиясига айлангани ҳаммага аён. Бу умрбоқий қўшиққа бутун халқимиз жўр бўлиб, Ўзбекистон куйлайди, десак, муболаға бўлмайди:

Сени эслаб йиғлайман,

биринчи муҳаббатим,

Эслаб бағрим тиғлайман,

биринчи муҳаббатим...

У ижро этган қўшиқларда илоҳийлик, қандайдир сеҳру жоду бор. Ҳам ўйлатади, ҳам йиғлатади, ҳам юрагингизда туғёнлар қўзғайди.

У чинакам қўшиқ сеҳргари. У сирли, сеҳрли овози билан мухлислар юрагини ўзиники қилиб олади. Сиз бу гоҳ майин, гоҳ улуғвор овоз оғушига тушиб қолганингизни билмайсиз ҳам, сезмайсиз ҳам. Бу бепоён, ҳудуди йўқ овознинг қулига айланасиз. Мажнун бўлиб уни излай бошлайсиз. Овоз сизни тоғ-тошларга, боғларга, серҳосил далаларга, чўлу даштларига етаклаб кетаверади. Бу теран овоз юрагингизга Ватаннинг бетакрор манзараларини, инсон оламининг мураккаб дунёсини чизаверади, чизаверади. Унинг овози даволайди, дил дардларига малҳам бўлади. Авжида ҳам, майин нолаларида ҳам юракни чертиб ўтадиган ҳикмат бор, исён бор. Унинг қўшиқлари одамни ўзи билан ўзи исён қилишга, ўзини ўзи англашга чорлайди: «Яхшидир аччиқ ҳақиқат, лекин ширин ёлғон ёмон». Ёки: «Энди инсон қадри ҳам аввалгиларга ўхшамас, кўнглум ичра дарду ғам аввалгиларга ўхшамас...» Тингловчи унинг қўшиқларига шунчаки чапак чалмайди. Аксинча тушуниб, англаб, юрагини қўшиб қарсак чалади. Юрак билан чалинган қарсакнинг қадри баланд бўлади.

Истеъдод ўз кушандаси билан дунёга келади. Истеъдодлиларга ҳамиша оғир, ҳамиша азоб. Истеъдодни доимо ҳасадгўйлар, кўролмас ғаламислар оч қашқирдай қадамини пойлаб юрадилар. Фурсат топилди дегунча ҳужум қиладилар. Бадном қилишга уринадилар.

Ҳофиз ҳам ана шундай ёвуз ва ғийбатчи тўдаларга кўп марта дуч келди. Санъатдан йироқ, ўртамиёнадан паст кимсаларнинг беомон ҳужумларига, айрим амалдорларнинг тазйиқларига ва тақиқларга учради. Номи кўп вақт «қора рўйхатлар»дан тушмади.

Машҳур санъаткор Бобомурод Ҳамдамов ҳофиз ҳақида куюниб шундай деган эди: «Эл севган бу улуғ санъаткорни телевизорга чиқармаслик, концерт залларига қўймаслик мумкин. Лекин мухлислари юрагидагини экран ва саҳналарни тақиқлаб бўлмайди». Шоир ёзганидек: «Булбул ўгай эрур зоғлар орасида».

Уни «ўгай» деб билган кимсалар, кейин санъати олдида қуллуқ қилдилар. Катта саҳналардан жой бердилар. Тан олдилар.

У ҳасадгўйлар билан олишмади, ғаламис ғанимларига, ҳар хил рўйхатларга, асло парво қилмади. Амалдорларнинг тазйиқидан, пўписасидан чўчимади.

Лекин у жон-жонига пайванд бўлиб кетган суюкли машғулоти – қўшиқ куйлашдан бир лаҳза ҳам тўхтамади. Қўшиққа суянди, қўшиқдан куч-қудрат, мадад олди. Торини кўксига маҳкам босиб, қаддини тик тутиб, бор овозда мағрур куйлади:

Дунёни қизғанма мендан, азизим,

Мен сенинг кўчангдан ўтмасман зинҳор,

Менинг бу оламда ўз айтар сўзим,

Ва ўзим сиғинар мозорларим бор...

Дунёни қизғанма мендан, азизим,

Қалбингни ёқмасин шубҳа ва сўроқ.

Мен ўзга манзилга тикканман кўзим,

У сенинг кулбангдан жуда ҳам йироқ...

Яна бир дилбар қўшиғида шундай нола қилди: «Дилимнинг рангини гул билса бўлди, менинг кимлигимни эл билса бўлди».

Маълумки, публицистика жанрида матбуотнинг ҳозиржавоб, кескир, ўткир ва теран мавзулари қаламга олинади. Бизнинг ҳофиз ҳам санъатга қўшиқ публицистикасини олиб кирди, уни лирикага ҳамоҳанг қилди. Масалан, «Инсон» қасидаси бу барҳаёт қўшиққа айланди:

Собиту сайёрда Инсон ўзинг, инсон ўзинг.

Мулки олам ичра бир Хоқон ўзинг, султон ўзинг...

У юксак маҳорат билан куйлаган «Муқаддас аёл» қўшиғи аллақачон аёлга мадҳия бўлиб қолди. Бу мўътабар қўшиқсиз байрамлар татимайди:

Сен барибир муқаддассан, Муқаддас аёл!

У ҳали-ҳануз қўшиқ излаб яшайди. Назаримда, ҳамон ўз қўшиғини топмагандай, қўшиқ ишқида ёнади. Дарёю денгизлар сувдан, тоғлар қоялардан, тошу харсанглардан, боғлар ширин-шакар мевалардан тўймагани каби, у ҳам қўшиқдан, қўшиқ меҳридан асло тўйгани йўқ. У қўшиқ ижро этмайди. Балки қўшиқ ичида яшайди. Қўшиқ унинг ҳаёти.

Унинг юрагида битмас-туганмас қўшиқ захираси бор. Унинг қўшиқларида она еримиз, далаларимиз дарди бор. Заҳмат билан етиштирилаётган буғдой ва пахтанинг гарди бор. Зиёли, деҳқон, ишчи, ёшлар – ҳамманинг ўтли бир нафаси бор.

Ўзбекнинг ўзи бор, сўзи бор, мағрур овози бор, бетакрор ноласи бор, дарду қувончлари бор, баланд-баланд такрор авжлари бор.

У тоғлардай юксак қояларда, қир-адирларда мағрур туриб қўшиқ айтса, унинг ўтли нолалари водийларда акс садо беради. Водийлар, воҳаларда туриб куйласа, чўққилар, қоялар титрайди.

Ҳофизимиз қўшиқ санъатимизни анча юксакка кўтарди. Унинг турли мавзуларда куйлаган барҳаёт қўшиқлари ҳодисага айланди, воқеа бўлди.

«Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор».

Унинг ниҳоятда сермаҳсул, серқирра, хирмони баланд ижоди ҳақида батафсил ёзишнинг сираям имкони йўқ. Улар жилд-жилд китобларга айланиши муқаррар. Кунлар келиб, бу эзгу ишга ҳам қайтармиз.

Каминадан баъзан «фамилиянгиз бир хил, исмларингиз уйқаш, машҳур ҳофизга ким бўласиз», деб сўрашади. «Оддий мухлис», – деб жавоб бераман.

Ҳақиқатан ҳам ҳофиз санъатининг мухлисларидан бириман. Матбуотда ишлаган кезларда, унинг ўзи ва қўшиқлари ҳақида кўплаб мақолалар ва суҳбатларни эълон қилганмиз. Баъзан ўртамизда андак баҳс-мунозаралар бўлгани ҳам рост. Булар «учинчи одам»ларнинг хизматлари эди. Лекин инсоний муносабатларимиз ҳамиша юксак ва самимий бўлган.

Шу кунларда машҳур ҳофизнинг бироз бемор эканлиги ва Туркияда даволанаётгани ҳақида интернетда турли хабарлар ва миш-мишларнинг тарқалаётгани ҳам бор гап. Ҳозир интернет балосидан қочиб-қутулиб бўлмайди. У коронавирусдан ҳам хавфли...

Бир суҳбатимизда ҳофизимиз: «Ҳар тонг намозимда улуғ устозларим Комилжон Отаниёзов, Маъмуржон Узоқовнинг руҳи покларига дуолар қиламан», деган эди.

Келинг, азиз қўшиқ мухлислари, севимли, ардоқли ҳофизимизга Аллоҳдан мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр ва янги қўшиқлар ижод қилишини сўраб дуолар қилайлик. Тезроқ тузалинг, ҳофизимиз. Сизни концерт заллари ва мухлислар қалбидаги соғинч саҳналари орзиқиб кутаётир...

Ашурали ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист




Ўхшаш мақолалар

Унинг меҳнати  эл дастурхонида  эъзозда туради

Унинг меҳнати эл дастурхонида эъзозда туради

🕔22:35, 07.04.2024 ✔41

Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.

Батафсил
Ҳамиша масъулиятли  бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг  муҳим шарти

Ҳамиша масъулиятли бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг муҳим шарти

🕔16:47, 25.01.2024 ✔91

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсaнeм БЕГИМОВА билан суҳбат

Батафсил
Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

🕔10:00, 23.01.2024 ✔94

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати, Ўзбекис­тон Экологик партияси аъзоси Муҳаббат Сафоева билан суҳбат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар