Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ХИТОЙЧИ ДИПЛОМАТИЯ ВА «ЮМШОҚ КУЧ»

ёхуд дунёда қудрати тобора ортиб бораётган давлатнинг глобал миссияси нимада?

ХИТОЙЧИ ДИПЛОМАТИЯ ВА «ЮМШОҚ КУЧ»

Замонавий дунё улкан давлатларнинг геосиёсий манфаатлари гирдобида қолган. Улар турли воситалар ёрдамида мамлакатлар ва минтақаларга ўз таъсирини ёйишга, халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳал қилувчи позицияни эгаллашга, жаҳондаги сиёсий жараёнларни «бошқариш»га интилмоқда. Негалиги тушунарли. Ҳеч қайси қудратли давлат гегемонлик кайфиятидан холи эмас. Бу дипломатиянинг олтин қоидасидир.

Жаҳон сиёсий саҳнидаги йирик ўйинчиларнинг империалистик амбициялари ортида аслида қандай мақсад яширинган? Қудратли давлатлар Марказий Осиё минтақаси, хусусан, Ўзбекистондаги таъсир доирасини қай йўсинда кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда? «Билим карвони» нодавлат нотижорат илмий муассасаси раҳбари, халқаро муносабатлар бўйича эксперт, политолог Фарҳод ТОЛИПОВ билан суҳбатимиз Хитой Халқ Республикасига бағишланади.

– Фарҳод Фозилович, Хитой ташқи сиёсатининг ўзига хослиги нимадан иборат?

– Бу мамлакатни тушуниш қийин. Чунки унинг дунёга муносабати ва дунё ҳақидаги тасаввурлари ўзгача. Масалан, қадимда хитойликлар учун чегара тушунчаси деярли мавжуд бўлмаган. Албатта, улар муайян чегаралар билан ўралган жўғрофий ҳудудда яшаётганини яхши англайди. Бироқ бу халқ учун азалдан дунё билан уйғунлашиш муҳимроқ. Хитойликлар тасаввури бўйича уларга бундай миссия яратувчи томонидан юклатилган. Шу боис Хитой глобал миқёсда сиёсат юритишга, ўз таъсир кучини бутун оламга ёйишга ҳаракат қилмоқда. Ҳарқалай, бу барча улкан давлатларга хос жиҳатдир.

– Хитойнинг Марказий Осиёга қизиқиши ортида геосиёсий манфаатлар яширинганми?

– Албатта! Ўзи геосиёсат билан улкан давлатларгина шуғуллана олади. Чунки уларнинг шунга яраша қудрати ва салоҳияти бор. Бугун Хитой АҚШ, Россиядек жаҳондаги йирик мамлакатлар билан бемалол рақобатлашмоқда. Қолаверса, бу мамлакатнинг иқтисодий имкониятлари ҳам кичик эмас. Лекин глобал миссияга эга улкан давлат ҳамиша янги ресурсларга эҳтиёж сезади. Марказий Осиё бу жиҳатдан жуда қулай макондир. Минтақамизда табиий бойликлар бисёр. Серҳосил ерларимиз бор. Бундан ташқари Ўзбекистон ва қолган барча қўшни республикалар азалдан транзит ҳудуд вазифасини ўтаб келган.

– Хитойнинг Ўзбекистон билан икки ва кўп томонлама муносабатларида қандай муҳим қирраларни ажратиб кўрсатиш мумкин?

– Бу масалани қуйидаги учта даражада кўриб чиқиш керак, назаримда. Биринчиси – икки томонлама формат. Яъни Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар динамикаси, улар қайси соҳаларни қамраб олаётгани, ҳамкорликнинг умумий тамойиллари, ўзаро келишувлар натижасида нималарга эришилаётганига қараб Хитойнинг ташқи сиёсатига баҳо берса бўлади.

Масалан, сўнгги йилларда Хитой Ўзбекистонга кўплаб инвестициялар киритмоқда. Қизиғи, қарз қандай шартлар асосида берилаётгани жамоатчиликка ошкор этилмайди. Хитойликларнинг талаби шундай. Натижада қўшниларимиз эҳтиётсизлиги туфайли «қарздорлик қопқони»га тушиб, айрим чегарадош ҳудудларни Хитойга бериб юбориш масаласини кўриб чиқишгача борди. Табиийки, бу аҳолининг кескин норозилигини келтириб чиқарган.

– Худди шундай сценарий бизда ҳам такрорланиши мумкинми?

– Бу саволга узил-кесил жавоб бериш қийин. Умид қиламанки, қўшниларнинг хатоси бизга ибрат бўлиши шарт. Қолаверса, Ўзбекистонда қарз эвазига қайтариладиган Хитой билан чегарадош ҳудуднинг ўзи йўқ! Яна бир жиҳат: йирик сармоявий лойиҳалар, масалан, Қамчиқ довонидан ўтган темир йўл қурилишига Ўзбекистон четдан ишчи кучини жалб қилмаган. Бу эса қанчадан-қанча юртдошларимизнинг бандлигини таъминлашга хизмат қилди. Шунга ўхшаш ҳолатлар давлатимиз икки томонлама шартнома ҳамда келишувларни, аввало, миллий манфаатлардан келиб чиқиб, халқона тилда айтганда, сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган қилиб имзолаётганидан далолат беради.

– Хитой билан алоқамиз кўп томонлама форматда ҳам анча муваффақиятли кечяпти. Шанхай ҳамкорлик ташкилотини эслайлик.

– Мана бу мен эътибор қаратмоқчи бўлган иккинчи муҳим қиррадир. У Хитой ташқи сиёсатининг ноодатий фалсафасини янада теран англашга ёрдам беради. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Марказий Осиёда Хитой омилини кучайтириш ҳамда Ғарбнинг таъсирини камайтиришга қаратилган йирик минтақавий лойиҳа ҳисобланади. Ташкилот 2001 йилда тузилган. Аввалига унга Хитой, Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон аъзо эди. Кейинчалик Ҳиндистон ва Покистон ҳам қўшилди. ШҲТ форматининг оригиналлиги шундаки, унда нақ иккита улкан давлат – Хитой ва Россия иштирок этмоқда. Тузилма доирасидаги вазифалар кўлами ҳар иккисининг манфаатларига тўғри келгани боис, бу «қўчқорлар»нинг боши ҳозирча бир қозонда қайнамоқда. Бошқа томондан, Россия ҳам, Хитой ҳам Марказий Осиёда ўз таъсир доирасини кенгайтиришни, кўз ўнгимизда жозибадор ва ҳожатбарор бўлиб гавдаланишни хоҳлайди. «Дўстлашиш» учун эса Шанхай ҳамкорлик ташкилотидек тинчликпарвар бирлашмадан яхшироғи топилмаса керак. Ушбу тузилманинг фаолиятини диққат билан кузатиб, Хитойнинг геосиёсий мақсадларини тушуниб олиш мумкин.

Мисол келтираман. ШҲТ давлат раҳбарларининг ҳар йили бўлиб ўтадиган саммити якунида декларация қабул қилинади. Охирги хулосавий ҳужжатларда бир хил мазмундаги матнга дуч келасиз. Бу ШҲТ аъзоларининг дунёда битта мамлакат гегемон бўлишига қаршилиги ҳақидаги хабардир. Албатта, глобал яккаҳукмронликни ҳеч ким ёқламайди. Ўзбекистон ҳам бунга қарши. Бироқ кичик мамлакатлар учун гегемонизм ўта долзарб масала эмас. Чунки улар улкан давлатлар иштирокидаги сиёсий ўйинларга жалб қилинмаган. АҚШ билан доимо рақобатлашиб келаётган Хитой учун эса, аксинча, рақибнинг жаҳонда пешқадамлик қилиши фожиа саналади. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти декларацияларида учраётган юқоридагидек қарашлар, аввало, расмий Пекиннинг позициясини ифода этади. Бу Хитой ташқи сиёсатидаги яна бир ёрқин қиррадир . Бошқа томондан , мен келтирган мисол ШҲТнинг геосиёсий ўлчами мавжудлигидан ҳам далолат беради.

– Хитойнинг жаҳондаги қудратини оширишга қаратилган яна бир лойиҳа ҳам бор-ку...

– «Бир макон – бир йўл»ни назарда тутаётгандирсиз?

– Ҳа.

– Ҳозирча бу концепция. У халқаро кўламга эга бўлиб, Хитойнинг биз юқорида эслатиб ўтган глобал миссиясини рўёбга чиқариш мақсадида ишлаб чиқилган. «Бир макон – бир йўл»нинг иккита ўлчами мавжуд – денгиз ва қуруқлик. Хитой турли минтақалар, шу жумладан, Марказий Осиё ҳудудидан ўтадиган транспорт йўлакларини қуриб, Ғарб ва Яқин Шарқ ўлкаларига етиб боришни мақсад қилган. Шу аснода дунёдаги энг қудратли давлатлардан бири жаҳоннинг барча нуқталари билан савдо алоқаларини йўлга қўя олади. Ўзбекистон Хитойнинг ушбу глобал концепциясини, сўзсиз, қўллаб-қувватлайди. Сабаби транзит савдо магистраллари иқтисодиётимиз учун катта фойда. «Бир макон – бир йўл» орқа ли Ўзбекистон янги бозорларга чиқиш имконига эга бўлади.

Таъкидлаш керак, бугунги кунга келиб «Бир макон – бир йўл» иқтисодий ва инфратузилмавий концепция доирасидан ўсиб чиқди. Эндиликда унда маданият, таълим каби бошқа элементлар ҳам мужассамлашмоқда.

– Бу дунё узра «оловли аждаҳо» шарпаси ёпирилаётганини англатадими?

– Жуда унчалик эмас. Лекин Хитойнинг геосиёсий қудрати ва у келтириб чиқариши мумкин бўлган хавф-хатарларга баҳо бераётганда таҳлилчилар шартли равишда икки хил позицияни илгари сурмоқда. Уларнинг бир қисми синофилилар бўлиб, Хитойнинг барча хатти-ҳаракатларини ижобий баҳолайди. Синофоблар эса, аксинча, ҳар қандай улкан давлат ортида таҳдид борлигини эслатиб, Хитой ҳам истисно эмаслигини таъкидлайди. АҚШнинг собиқ давлат котиби, машҳур дипломат Генри Киссенжер дунёда кучлар мувозанатини сақлаш учун иттифоқдошлик алоқаларини йўлга қўйишни таклиф қилган. Ўз даврида бундай тийиб туриш механизми Европада муваффақиятли синовдан ўтказилганди. Германиянинг империалистик амбицияларини жиловлаш мақс адида бошқа мамлакатлар альянслар тузгани тарихдан маълум. Бу концепция шу кунгача ҳам эскиргани йўқ.

– Хитой ташқи сиёсати анча вазмин, баъзан ҳатто жуда юмшоқдек тасаввур уйғотади менда.

– Аслида ҳам шундай. Хитой ўтган асрда халқаро муно сабатлар соҳасида муомалага киритилган «юмшоқ куч» воситасидан жуда унумли фойдаланмоқда. Бу технология геосиёсий мақсадларга реал куч – ҳарбий салоҳиятни ишга солмай туриб ҳам эришиш имконини беради. Шу боис жаҳон амалиётида анча оммалашган.

Йигирма йил олдин Хитойни қолоқ давлат ҳисоблардик. Ҳозир эса у халқаро стандартларга жавоб берадиган таълим тизимини тақдим этмоқда. Хитой элчихонасига боринг. Виза олиш учун кунлаб навбат кутишингизга тўғри келади. Навбатда турганларнинг аксарияти ёшлар. Улар Хитойда ўқишни хоҳлайди. Нега? Сабаби масофа жиҳатдан Хитой бизга яқин. Қолаверса, жуда кўп олий ўқув юртлари хорижий талабаларнинг бориш-келиш харажатларини қоплайди, бепул ётоқхона беради ва ҳар ойда стипендия тўлайди. Муҳими, таълим сифати Европа ва Американинг анча-мунча университетларидан қолишмайди. Хўш, ўғил-қизларимиз Хитойга боргач, биринчи навбатда нима қилади?

– Хитой тилини ўрганади...

– Яшанг! Мана сизга «юмшоқ куч».

– Эҳтимол, Марказий Осиё мамлакатлари бирлашган ҳолда улкан давлатлар билан муносабатларга киришгани маъқулдир?

– Жуда яхши ва ўринли савол. Мен ҳамиша шу фикрни таъкидлайман. Кўп томонлама форматларга бирлашган ҳолда, катта куч бўлиб қўшилганимиз маъқул. Шунда овозимиз жарангдорроқ эшитилади. Улкан давлатлар олдида хоҳлаймизми-йўқми, барибир заифмиз. Шу нуқтаи назардан, геосиёсий тузилмаларда, у Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бўладими, МДҲ ёки бошқами, Марказий Осиё давлатлари битта блок бўлиб иштирок этса, манфаатларини янада самарали ҳимоя қила олиши мумкин.

Наргиза УМАРОВА

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Узоқ иш куни, касбий чарчоқ:  Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи  қачон таъминлади?

Узоқ иш куни, касбий чарчоқ: Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи қачон таъминлади?

🕔20:42, 19.04.2024 ✔32

Хоҳ давлат ишида ишланг, хоҳ хусусий секторда меҳнат ҳуқуқларимиз тез-тез поймол қилинади. Бошқача айтганда, меҳнат ҳуқуқларини талаб қилишга ўрганмаганмиз.

Батафсил
Тошкентда экология ходимлари экилмаган дарахтларни “экилди” деб ёзгани юзасидан текширув бошланди

Тошкентда экология ходимлари экилмаган дарахтларни “экилди” деб ёзгани юзасидан текширув бошланди

🕔11:45, 19.04.2024 ✔31

Экология вазири маслаҳатчиси, собиқ депутат Расул Кушербаевнинг билдиришича, Тошкент шаҳрида экология ходимлари амалда экилмаган дарахтларни “экилди” деб ёзилган ҳужжатларни имзолашга мажбур қилиняпти.

Батафсил
Фарзандларимизни  интернетдан қандай  ҳимоялашимиз  керак?

Фарзандларимизни интернетдан қандай ҳимоялашимиз керак?

🕔22:21, 12.04.2024 ✔34

Маълумотларга кўра, дунё бўйича 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган болаларнинг 90 фоиздан ортиғи интернетга уланган смартфон ва планшетлардан фойдаланади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар