Долзарб мавзу      Бош саҳифа

САЁҲАТ ҚИЛИШ УЧУН ХОҲИШ ВА ИМКОНИЯТИНГИЗ ЕТАРЛИМИ?

Ёхуд болалигида бир марта отаси билан Хивани кўриб келиб,  мақтаниб юрганлар ҳам бугун саксонга киряпти

САЁҲАТ ҚИЛИШ УЧУН ХОҲИШ ВА ИМКОНИЯТИНГИЗ ЕТАРЛИМИ?

Юртимизнинг ҳар бир қаричи табаррук, ҳар бир манзили муқаддас қадамжо. Айниқса, хорижлик сайёҳларни ўзига оҳанрабодек тортади. Тарихий шаҳарларимиз орасида Самарқанд, Бухоро ва Хива ўзгачалиги билан бошқаларидан ажралиб туради. Уларни умумлаштириб турувчи жиҳатлар билан бирга қатор ўзига хосликлари ҳам бисёр.

Хива қарийб уч минг йиллик тарихга шоҳид. Шаҳар саҳнида ўрмалаб юрган одамлар бу шаҳар учун майдагина чумолидай гап. Айниқса, қулоч етмас қалъа деворлари тарихнинг не-не кунларига тилсиз гувоҳ бўлиб туришибди. Давлат муҳофазасига олинган Ичан қалъа ёдгорлик мажмуаси қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳарнинг юраги, десак муболаға бўлмайди. Ичан қалъа ҳаммани бирдай ўзига мафтун этган. Ичан қалъага ҳар гал борганимда икки қалъа ҳақидаги машҳур ҳикматлар хаёлимда жаранглайверади. ...Сайёҳлар Хивага турли заминлардан, олис-олислардан қадам ранжида қилишган. Улар орасида французу арабни ҳам, испану португални ҳам, инглизу немисни ҳам, япону корейсни ҳам, қўйингки, яна оламжаҳон ажнабий сайёҳларни учратиш мумкин. Улар ўзлари билан ўз юртининг соғинчи билан бирга ватанига оид айрим хабарларни ҳам олиб келиши турган гап. Масалан, калта шимча кийиб олган сайёҳ бобой ўз юртида чоллар шундай кийимда бемалол юраверишини бизга ҳам намойиш этяпти. Бу билан бизга ҳам шу таомилни олиб келяпти. Ҳа, дунёнинг турли бурчакларидан келаётган инсонлар ўзлари билан ўз юртининг турли урф-одат ва қадриятларини олиб келиши табиий. Уларнинг бизга «экспорт» қилинишини ким қанақа тушунади, бу – маълум. Дарвоқе, хивалик меҳмонхона бекаси бизда ҳали мисли кўрилмаган ишга қўл ургани ҳақида хабар тарқалди. Эмишки, меҳмон кутишда ўша бека буткул янгича йўл тутиб, ҳаммани ҳайрон қолдириб, оламшумул янгилик киритганмиш. У янгилик нима бўлди экан, деб биз ҳам қизиқиб кўрсак, билдикки, ўша хоним меҳмонларга ўз юртларидагидай тик туриб овқатланиш учун шароит яратиб берган экан...

Э, сиз-э, сиз! Улар шу ерга келиб ҳеч бўлмаса овқатланиш одобини ўрганиб кетишар, деган илинжда ота-буваларимиз неча йиллардан бери уларни ўтириб овқатланишга таклиф этишар, бу билан уларнинг хулқ-атворига ҳам, саломатлигига ҳам раҳм-шафқат кўрсатишарди. Энди эса, ўзимизнинг ўша минг йиллик анъана ва қадриятларимиз яна таши ялтироқ ажнабий урфга алмаштирилаётгани ғалати эмасми?!

Ичан қалъадаги барча меҳмонхоналар, дўконлар, хизмат кўрсатиш шохобчалари ажнабий тилда сайёҳларни ўзига чорлаб туради. Кези келганда бир ҳақиқатни изҳор этиб қўяй: учинчи синф маълумотига эга бўлган бола сайёҳлар билан инглиз тилида бемалол гаплаша олади. Балки институт талабаси ҳам бунчалик равон бидирлай олмас-ов. Бу ёқда тилнинг мураккаб қонуниятлари: инфинитиву герундийлардан баҳс қиладиган таълим тизимимиз қўлига бирон китоб ушламаган бозорчи боланинг тилбилгич заковати олдида ҳайрон қолиши шубҳасиз. Сайёҳлар бирон дўкон, музей, емакхона ё зиёратгоҳ ёнига яқинлашса, бас! Эшик олдида мунтазир турган хивалик ишбилармон худди минг йиллик ота қадрдонларини учратиб қолгандай, меҳмонларга қучоқ очиб, уларга ўз она тилида гапириб, ҳол-жонига қўймай, жиндай «меҳмон қилади». Ўзга эл, ўзга миллат, ўзга дин вакили бўлса-да, меҳмон худди ўзининг катта бобоси қабри пойига келиб қолгандай, Хивадаги азиз-авлиёларнинг мақбарасини-да ҳайрат ва таажжуб оғушида «зиёрат» этади.

Шу жойда бир нарсага ҳеч ақлим етмайди: бу ажнабий сайёҳлар дунёнинг нариги чеккасидан йўл босиб, бизнинг Полвон пирни зиёрат қилишга келганмикан? Авлиёмизнинг довруғи уларга ҳам етиб борган экан-да!? Балки «шу зотнинг қабрини бир зиёрат қилсам», деб умр бўйи ният қилиб келишгандир...

Янада ажабланарлиси, улар пиру авлиёларимизни билса-билмаса, дунёнинг нариги чеккасидан келиб, саёҳат қилиб кетишяпти. Бир умр ўзимизнинг Гандимиёнда яшаб, бир қадам Ичан қалъани бир бора кўрмасдан ўтиб кетганлар қанча?..

Полвон пир ва Шекспир

Инсоният бир ота-онадан тарқаганини ҳамма эътироф этади. Шунинг учун ҳам инсониятнинг аслий таомиллари бир-бирига жуда ўхшаш. Масалан, инглизлар Шекспирни алоҳида ҳурмат-эҳтиром билан улуғлашади. Севиб мутолаа қилишади. Ҳар бир эпизоди ёд бўлиб кетган бўлса ҳам «Отелло»ни, «Қирол Лир»ни, «Гамлет»ни такрортакрор таъсирланиб томоша қилишади. Шундай буюк инсон бизнинг бобокалонимиз, дея фахрланиб юришади...

Бизда эса Полвон пир, Улли пир каби минглаб пир буваларимиз бор. Уларнинг ҳаёти, фаолияти, ижодий мероси ҳақида ҳеч нарса билмасак ҳам тўй куни мабараси қошига зиёратгоҳга бориб расмга тушишни, мақбара олдидаги қудуқдан ният қилиб сув тортиб ичишни, авлиёнинг ҳоки қўйилган қабр устига пул сочишни, ис чиқариб, ўтганлар руҳига атаб бўғирсоғу қатлама пишириб боришни, чироқ ёқишу дарахтга латта боғлашни канда қилмаймиз. Бу расм-русумларни ким ўйлаб топганига ҳеч кимнинг ақли етмайди. Ким бўлса ҳам бу беҳудагарчиликларни ха лқнинг турмуш тарзига шу қадар чуқур сингдирганки, мана, неча ўн йиллардан бери курашиб, оломонни бу бемаъни хатти-ҳаракатлардан ажратиб олишнинг имкони бўлмаяпти.

Сайёҳлар ҳазрат Паҳлавон Маҳмуд мақбарасига кирганида одамларнинг бундай ишларига ҳар гал ажабланиб қарашади. Қудуқдан сув ичиб мурод-мақсадига етиш ҳатто улар учун ҳам ҳайрон қоларли-да! Мақбара жойлашган ҳужра эшигига нақшинкор ёзувлар битилган. Ояту ҳадислар арабий, дуо ва абёт форсийда ёзилган. Сайёҳлар бу нақшинкор ёзувлар қаршисида бир дам тин олишади, ҳайратларини ўзлари билан баҳам кўришади, кейин шарақ-шуруқ қилиб тасмага муҳрлашади. Мақбара эшиги пештоқига ҳазратнинг рубоийларидан бири битилган.

Уч юз Кўҳи Қофни келида туймоқ,

Дил қонидан бермоқ фалакка бўёқ.

Ёинки бир аср зиндонда ётмоқ

Нодон суҳбатидан кўра яхшироқ.

Инсониятнинг яна бир муштарак жиҳати шундаки, уруғи тошлоққа ёйилган нодонлар ҳамма жойда бор. Эҳтимол, шу сабабдир бу рубоий зиёратчиларнинг кўзи тушадиган жойга нақшланган. Ҳаётнинг энг муҳим қонунидай овозсиз жаранглаб туради...

Саёҳатга бора оламизми?

Яна бир муҳим гап хаёлдан кўтарилибди. Бу каби тарихий зиёратгоҳларга боришга кўпроқ маҳаллий аҳоли ошуфтами ёки хорижлик сайёҳлар? Бу саволнинг риториклиги ҳаммага маълум бўлса керак. Ҳамёнини тўлдириб дунё бўйлаб сайру саёҳатга чиққан хорижлик сайёҳ учун бир кеча меҳмонхонада тунашга юз доллар тўлаш, эллик долларга биргина эсдалик совға сотиб олиш, яна йигирма беш-ўттиз долларга овқатланиш чўт эмас, албатта. Аммо бир ой давомида кўз тиккан маоши қачон пластик картасига тушишини кутиб яшайдиган киши бундай сарф-харажат қилишга ботинолмаслиги табиий. Ойликдан бир амаллаб йиққан-терганини тўйига атайдиган, уйини бутлаб, эл-юрт олдида қаддини тутиб юришни кўзлайдиган, фарзандларни уйлантириб чиқариб, уйли-жойли қилгандан кейин набиралар ташвиши билан яшайдиган ўзбек учун якка ўзи бирон жойга бориб саёҳат қилиши жуда нодир ҳол. Бунинг устига бизда катта зиёратгоҳга бир ўзи борган кишини учратиш маҳол. Ҳаётида албатта бирон қайғу ё қувончли бир ҳодиса юз берсагина саёҳатга чиқилади. Ўзича шундай бир айланиб келаман, деб саёҳат қилиш йўқ.

Яқинда Хивага борганда янги тартиб ўрнатилганини эшитиб ҳайрон бўлдим. Энди зиёратгоҳларга пул тўлаб кириладиган бўлибди. Қойил! Бу ҳам даромад топишнинг бир йўли-да! Аммо бу тадбир нимага хизмат қилишини бир мулоҳаза қилиб кўриш керакка ўхшайди. Бундан ким ютадию ким ютқазади? Текинга саёҳат қилмайдиган мардум энди борармикан?

Байрамлар муносабати билан дам олиш кунлари камида уч кун қилиб белгиланди. Бундан мақсад оилавий дам олишни ташкил қилиш. Лекин дам олиш масканларига боришга ҳамманинг ҳам юраги дов беравермайди. Чунки у жойларга боришнинг отнинг калласидай тўлови бор. Олдин бир-икки бориб турганлар ҳам энди жиддий ўйлаб кўришади. Натижада, кўзланган мақсад тескари оқибатларга олиб келиши – ички туризм ривожланиши ўрнига янада сусайиши мумкин. Бу соҳа орқасидан даромад топаётганларнинг қора қозони сувга ташланади. Хивада олдин ҳар бир музейга кириш пулли эди. Ҳозир эса Ичан қалъанинг ўзига ҳам пул тўлаб кириладиган бўлибди. Бизда одамлар музейлардан ҳам кўра муборак зиёратгоҳларни кўришга ошуфта. Уларга кирганлар албатта кўнглидан чиқариб эҳсон беради. Лекин мажмуага пул тўлаб кирилиши кўпларга эриш туюлади. Назаримизда, ички туризмни ривожлантиришда даставвал маҳаллий аҳолини туристик манзилларга кенг жалб қилишни, улар учун етарлича шарт-шароит ва қулайликлар яратиб беришни мақсад қилиш зарурга ўхшайди. Аксарият аҳолининг реал даромадлари ички туризм имкониятларига қай даражада уйғун экани ҳақида ҳам жиддий ўйлаб кўриш керак. Йўқса, бурнимиз тагидаги обидаларимиз зиёратини тўлиғича минг-минглаб чақиримлардан келадиган ажнабий сайёҳларга қўшқўллаб топшириб қўямиз.

Биздаги нарх-наво кўплаб туристларни қаноатлантираётгани эътироф этиляпти. Тўғри, ойига беш-олти минг доллар даромади бор сайёҳ учун йўлкира, меҳмонхона, овқатланиш ҳамда турли мажмуаларга саёҳат учун чипта олиш чўт эмасдир. Лекин ўртача ҳисобда бор-йўғи икки юз доллар атрофида даромад қиладиган маҳаллий аҳолининг истеъмол саватчасида лоақал икки йилда бир марта ички туризм учун улуш ажратилганми?

«Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!»

Бундан уч йиллар олдин мана шу шиорни оммалаштиришга жиддий киришилди. Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 7 февралда «Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам қабул қилинган эди. Мазкур ҳужжатда тегишли Дастур доирасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларига туристикэкскурсия турлари учун тўловлар билан боғлиқ харажатлар белгилаб берилди. Жумладан, таълим муассасалари ўқувчилари учун — ўз маблағлари ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобидан; ташкилотлар ходимлари учун — ўз маблағлари, иш берувчи маблағлари (бюджет ташкилотлари учун — ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари) ва жамоавий шартномаларга мувофиқ бошқа маблағлар ҳисобидан; етим болалар, кам таъминланган оилалар фарзандлари, ногиронлиги бўлган шахслар учун уларнинг умумий сонидан камида 20 фоизи қамраб олиниши таъминланган ҳолда — хайрия маблағлари, шунингдек, ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети кўрсаткичларида назарда тутилган маблағлар ҳисобидан; пенсионерлар ҳамда уруш ва меҳнат фахрийлари учун – ўз маблағлари, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармасининг маблағлари ва хайрия маблағлари ҳисобидан; фаол хотин-қизлар учун – ўз маблағлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси маблағлари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди маблағлари ва хайрия маблағлари ҳисобидан; маҳалла фаоллари ва ёш оилалар учун – ўз маблағлари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан тенглик асосида қопланиши айтилган эди.

Хўш, мана шу йўналишда қанча ишлар амалга оширилди, деб сўрасангиз тегишли ташкилотлар бир дунё рақамларни қалаштириб ташлашар эҳтимол. Лекин оддий қишлоқ одамларидан шу ҳақда сўрасангиз ё елка қисишади, ёки ёшлигида отаси Хоразмдаги дўстиникига тўйга борганида бир марта Хивага олиб борганини айтишдан нарига ўтмайди.

Яқинда, 2021 йил 9 февралда эса Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони эълон қилинди. Бу ҳужжатда ҳам юртимизнинг дунёга достон бўлган обидалари, зиёратгоҳларига халқимиз кўпроқ боришини кўзлаб, бир қатор янгиликлар жорий этилган. Энди гап фақат одамларимизда саёҳат қилиш хоҳиши ва имконияти тенг бўлишида қолди. Акс ҳолда ҳозиргидек имконияти борлар Дубаю, Малдив қилиб юравериши, фақат хоҳиши бору имконияти йўқлар оддийгина самолёту поездга билет тополмасдан (ёки ололмасдан) Хивани бир бориб кўриш орзуси орзулигича қолиб кетавериши ҳеч гап эмас.

Истеҳком

Хиванинг қалъа деворлари бу каби ҳодисаларнинг неча-нечасига гувоҳ бўлган. Синовли кунларда ҳам, шодликда ҳам инсониятни ўз бағрига чорлаб тураверади. Бу ерларни бир кўрган киши яна келиш орзусида яшайди. Дешон қалъанинг метин-мустаҳкам деворлари нима сабабдан бунчалар нураб кетганига ақл бовар қилмайди. Машҳур ҳикоятда келтирилишича, дешон қалъа истеҳкоми шаҳарнинг асосий қисми бўлган Ичан қалъа ва у ердаги аҳолини тарихдаги бало-офатлардан ҳимоя қилиб турган. Душман зарбидан ўзи абгор ҳолга келган бўлса-да, ичкарига ёвни доритмаган. Ақлу закоси биздан анча баланд бўлган аждодларимиз «ичкари»ни омон сақлаб қолиш учун шундай ташқи истеҳкомлар барпо этишган. Хивадаги Дешон қалъа атрофини кузата туриб, тобора глобаллашиб бораётган бугунги кунимиз учун ҳам худди шундай маънавий истеҳкомлар зарурлигини чин қалбдан ҳис қила бошлайсиз. Бундай истеҳкомлардан мақсад аввало ичкаридаги халқни асраб-авайлашдир. ...Инсон ичидаги қалб ва онг каби аслий бойликларни асраб-авайлаш учун ҳам ана шундай қўшқаватли истеҳкомлар керак аслида.

Абдукарим АВАЗБЕКОВ




Ўхшаш мақолалар

Узоқ иш куни, касбий чарчоқ:  Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи  қачон таъминлади?

Узоқ иш куни, касбий чарчоқ: Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи қачон таъминлади?

🕔20:42, 19.04.2024 ✔28

Хоҳ давлат ишида ишланг, хоҳ хусусий секторда меҳнат ҳуқуқларимиз тез-тез поймол қилинади. Бошқача айтганда, меҳнат ҳуқуқларини талаб қилишга ўрганмаганмиз.

Батафсил
Тошкентда экология ходимлари экилмаган дарахтларни “экилди” деб ёзгани юзасидан текширув бошланди

Тошкентда экология ходимлари экилмаган дарахтларни “экилди” деб ёзгани юзасидан текширув бошланди

🕔11:45, 19.04.2024 ✔28

Экология вазири маслаҳатчиси, собиқ депутат Расул Кушербаевнинг билдиришича, Тошкент шаҳрида экология ходимлари амалда экилмаган дарахтларни “экилди” деб ёзилган ҳужжатларни имзолашга мажбур қилиняпти.

Батафсил
Фарзандларимизни  интернетдан қандай  ҳимоялашимиз  керак?

Фарзандларимизни интернетдан қандай ҳимоялашимиз керак?

🕔22:21, 12.04.2024 ✔32

Маълумотларга кўра, дунё бўйича 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган болаларнинг 90 фоиздан ортиғи интернетга уланган смартфон ва планшетлардан фойдаланади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар