Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ҚАЙТА БОШДАН ЎЗНИ ҚАЧОН ТАНИЙМИЗ?!

Ибтидони савол билан белгилашга одам истиҳола қилади. Лекин сўнгги тўрт-беш кун нари-берисидаги воқеалар шунга мажбурқиляпти. Аввало, 2021 йил 10 февраль куни Вазирлар Маҳкамасининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 61-сон қарори қабул қилинди.

ҚАЙТА БОШДАН ЎЗНИ ҚАЧОН ТАНИЙМИЗ?!

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев аҳоли билан учрашувда давлат тилини билмаган фуқароларга рус тилида гапиришга мажбур эмаслигини айтгани ортидан ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари иккига – «миллатпарастлар» ва «руспарастлар»га бўлиниб «жанг»га киришиб кетди. У ёқда аллакимлар ўзбекистонликларга қайси тилда гапириш кераклигини ўргатишдан чарчамаяпти...

Мана шу жараёнлар фонида кўнглимиздан кечаётган, азбаройи, тилимиз қайғуси учун ҳам айрим мулоҳазаларни билдиришга қарор қилдик.

БИЗНИ ХАЛҚ ҚИЛИБ ТУРГАН НИМА?

Маданиятимиз ҳам, давлатимиз ҳам, аждодлар мероси ҳам – ҳамма-ҳаммаси тилимиз бўлмаса, ўз қадрини йўқотади. Ўз давлатига эга бўлмаган халқлар бор, аммо уларни ўз тили халқ қилиб турибди. Ўз маданиятига эга бўлмаган халқлар бор. Улар ҳам ўз тилига эга бўлгани учунгина бошқалар халқ сифатида тан оляпти.

Инсон олий мавжудот, энг азиз ва мукаррам зот эканлиги ҳам аввало унинг тили билан тасдиқланган. «Ва Одамга исмларнинг барчасини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга кўрсатиб: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, манавиларнинг исмларини менга айтиб берингчи», деди. (Улар:) «Ўзинг поксан! Бизда Сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сен Ўзинг ўта илмлисан, ўта ҳикматлисан», дедилар. «Эй Одам, уларга буларнинг исмларини айтиб бер», деди. Уларга ўшаларнинг исмларини айтиб берди» (Бақара сураси, 31-33-оятлар).

Яъни, Тангри таоло ўз яратганлари орасида Одамгагина илмларнинг асоси – «таъаллумул асмо» (исмлар ҳақидаги билим) ни ўргатди. «Асмо» (исмлар) ҳар нарсанинг номи, моҳияти, белгиси, бошқасидан фарқи сифатида таърифланади.

Шундай қилиб, Одам тил ва унинг бевосита оқибати бўлмиш маърифат туфайли фаришталардан ҳам устун мақом олди. Одам ўз тили орқали эришган маърифати туфайли Ер юзида халифалик қилишга амр этилди. Бунинг учун Одамга илм олиш ва бунинг бевосита оқибати бўлмиш маърифатни тарқатиш қобилияти берилди. Асрлар давомида башарият илм ва маърифат ёрдамида борлиқ сирларини кашф этиб келаётгани ана ўша қобилиятнинг муайян натижаси саналади. Энг туб сабаб эса, кўриб турганингиздек, тилга бориб тақаляпти. Дейлик, бировга тоғни тушунтириш учун «тоғ» деб қўя қоламиз, уни тоғнинг олдига олиб бориб, айлантириб кўрсатишимизга сира ҳожат йўқ. Бинобарин, бу улуғ неъматсиз инсоният ҳаётини тасаввур қилишнинг иложи ҳам йўқ.

Биз мана шундай муқаддас неъматга жуда беписанд муносабат кўрсатяпмиз.

Ҳазрат Навоий «Муҳокаматул луғат айн»да тилимизнинг нақадар гўзал, ранг-баранг, нафис ва бой эканини кўплаб жонли мисоллар билан кўрсатиб беради.

Масалан, бошқа тилларда 2-3 сўз билан ифодаланадиган феъллар учун биз ўн карра кўп сўздан фойдаланишимиз мумкинлигини айтади. Ҳақиқатан тилимиз шу қадар бойки, ҳатто «Хазойинул маъоний»га мурожаат қилмаганимиз тақдирда ҳам «кулмоқ» ё «йиғламоқ» каби феълларнинг 10-20 шаклини келтира оламиз.

Эскимослар қорни, араблар туяни бир неча ўн хил ном билан атайди. Бундай истиснолар жуда кам. Бизнинг тилимизда эса деярли ҳамма нарса ва ҳар қандай ҳаракат учун турли алфоз ва калималар мавжуд.

Биз мана шундай муқаддас неъматга жуда беписанд муносабат кўрсатяпмиз.

Жонли мисол, афсуски, жуда сероб – кўча-кўйда реклама, эълон, афишаларда кетма-кет хато кўрамиз (avtozapchasti – истисно, чунки «русча»), телевизор кўрганда, радио эшитганда, газета-журнал ўқиганда, тўмтоқ, ғализ, тавтология билан суғорилган эмас, бўктирилган жумлаларга дуч келамиз. Тавтология шундай урчидики, сўзлар қолиб, бутун-бутун жумлалар такрорланяпти. Умумий қолипни қуйидагича кўрсатиш мумкин (ўқувчини чалғитмаслик учун атай алоҳида хатбоши билан берайлик): Фалончи «эшик жигарранг эди», деб айтди. Бундан эшик жигарранг бўлганини билиб олиш мумкин. Демак, эшик жигарранг бўлган.

Ёки: Ҳурматли телетомошабинлар (ё радиотингловчилар)! Сизга маълумки, биз дастуримизда «Бу турфа олам» рукнини очганмиз. Ҳозир эътиборингизга ана шу «Бу турфа олам» рукнини ҳавола қиламиз. «Бу турфа олам» рукнини таниқли ҳамкасбимиз Фалончи Пистончиев олиб боради.

Биз қандай улуғ неъматга беписанд муносабат кўрсатаётганимизни англаб етмаяпмиз.

Футболга унчалик қизиқмасамда, лекин ишқибозларни яхши биламан. Футбол кўраётган одам қанчадир вақтдан кейин шарҳловчининг гапларини эшитмаслик учун телевизор овозини пасайтириб қўйиши сир эмас. Чунки, шарҳловчи тўпни «узатди» демайди-да, «етказиб берди» дейди. Лаҳза ўтмай, «лекин етиб бормади», дейди. Бу қанақаси, ахир?! Аввал «етказиб берди» келяпти, кейин «етиб бормади» бўляпти. «Узатди», «ташлади» деганда олам гулистон эди-я. Кўчада тўп тепадиган ёш болалар «узат», «ташла» дейди-ку, «етказиб бер» демайди-ку.

Сериаллар, фильмлар, шоу-дастурларимизни ўзбекчадан хабари бор ажнабий одам тушуниб кўрса, устимиздан кулади. Руслар хайрлашганда «пока» дейди, биз «бўпти», «майли» деймиз. Лекин телевизоримиз «ҳозирча» деяпти.

Босма ва интернет нашрлар «ни» ва «нинг» келишик қўшимчаларини, қаерда бирлик ва қаерда кўплик ишлатилиши кераклигини фарқламай қўйганига анча бўлди. «Мени машинам», «Бу нима? Бу – пуллар!» Биз қанчалар азиз неъматга беписанд муносабат кўрсатаётганимизни тушуниб ололмаяпмиз.

Жумлалар шундай тузиляптики, анатомияга татбиқ қиладиган бўлсак, кўз олдимизда қулоғи тирсагида, кўзи тиззасида, оғзи товонида турган махлуқ гавдаланади. Нима учундир биров қўлқопни оёғига, пойабзални бошига кийиб олса, ёки қовун-тарвузга туз, помидор-бодрингга шакар сепиб еса, кўнглимиз бузиладию, аммо ановиндай махлуқларга дуч келганда парво ҳам қилмаймиз.

Хорижий телерадио ёки газета-журналда бирор зиёлининг, жамоат ва сиёсат арбобининг ғализ жумласини учратмаймиз. Бизда эса давлат тўрт йил бакалавр, яна икки йил магистратурани ўқитган журналист ҳам ҳали ғўр саналади. Зиёли арбоблар ё русча гапиради, ё ҳайкалдек ростланиб турган ҳолда тайёр матнни ўқиб беради. Ўзи гапириб, ўзи ёзгудек бўлса, боягидек махлуқ пайдо бўлади.

Шахсиятга тегмаслик учунгина ўқувчининг ижозати билан бу фикрларни жонли мисоллар орқали айтсак.

Шуниси аниқ ва афсусланарлики, биз қандай улуғ неъматга беписанд муносабат кўрсатаётганимизни англаб етмаяпмиз.

Шевани халқ бойлиги деб биламиз. Шева бўлгани яхши – тилни бойитади. Лекин ҳамма нарса ўз ўрнида бўлгани яхши. Дорихонадан буханка, «хозмаг»дан лавлаги сўрамаймиз-ку. Боягидек, тарвузга туз сепилса, бундан бемазаси бўлмайди. Сериалда талабалар шаҳарчасидаги уйлардан бирида яшовчи турли вилоятлардан келган ёшлар, кинофильмда эса чекка қишлоқдаги келин ғирт Тошкент шевасида гапириши шакар сепилган тузламадан баттар.

Хорижда нотаниш одамга мурожаат қилганда адабий тилда гапирилади. Буни ҳеч ким ўргатмайди. Бу – маданият белгиси. Телевидениега интервью бераётганлар ё бирор кўрсатувда сўз олганлар ўрни келганда «тавтология учун узр сўрайман» деб қўяди. Бу ҳам – маданият белгиси. Биз «жонли» гапирадиган бўлсак, «машу», «ашу», «таъкидлаш жоизки» деб чайналганимиз чайналган.

Ҳа, ўзбекчани ўрганаётган ажнабий одам кўрса, устимиздан куладиган бўляпмиз.

Ўзимизни алдаганимиз қолади. Мана, тарихий ҳужжатларни кўтариб қарайлик: 1993 йил 2 сентябрь – Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш тартиби ҳақида»ги қарори имзоланди. Унда мазкур қонун эълон қилинган кундан эътиборан амалга киритилиши белгилаб қўйилган. Қонуннинг ўзи «Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 12 октябрдаги 198 (693)- сонида эълон қилинган . Хўш, ажнабий «Салкам 30 йил бўляпти, аллақачон ҳаммаёқ лотинлашиб кетгандир, ҳойнаҳой» деб ўйлайдими? Келиб нимани кўради? Қарасаки, 2021 йил 10 февраль куни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича «Йўл харитаси»ни тасдиқловчи ҳукумат қарори чиқиб турибди-да. У ажнабий меҳмонхонада ичкаридан қулфлаб олиб, ярим соат қотиб-қотиб кулса, ажаб эмас.

Камига айрим мансабдорларнинг китоб-газета ўқимаслиги, интернет замонида буларни ортиқча деб билиши тўғрисидаги баёнотларига кўзи тушади. Дунёнинг энг олди мамлакати бўлган АҚШда ҳам ўзини зиёли, арбоб санаганлар кунни «Вашингтон пост» ё «НьюЙорк таймс»ни варақлашдан бошлашини эслаб, «Булар учинчи Ренессансга қайси йўлдан борар экан-а?!» деб ўйлаб қолади.

Биз ғоят буюк ва муқаддас неъматга ҳамон беписанд муносабат кўрсатаётирмиз.

Маънавият ва маърифатимизга нима бўлди ўзи? Амалларимиз баландпарвоз гапларимизга ҳеч мос келмаяпти-ку. Қуруқ гапдан иборат сунъий ташвиқот ва тарғибот, зўрма-зўраки мафкура тўхтамас экан, ғояларимизга ҳеч ким ишонмайди. Ишонмайдими, демак, эргашмайди.

Ёш авлодга насиҳат оҳангида гапираверган билан иш битмаслиги кўриниб қолди, ахир. Улар билан ўз тилида, ўзи тушунадиган, қабул қиладиган оҳангда гаплаша олмаяпмиз.

Сийқаси чиққан шиорларга аллақачон терс қараган одамга буюк келажак ҳақида сўз очиб, уни ўзимиздан баттар узоқлаштиряпмиз. Оқибатда ўзига маъқул ҳисоблаганини, жўнроқ айтганда, билганини қиляпти. Ҳар хил ёт мафкураларга, бузғунчи тўдаларга қўшилиб кетиш, енгил-елпи ҳаётни танлаш, оммавий маданиятга шўнғиш, хориждан салбийни олиб, ижобийни инкор этиш – буларнинг ҳаммаси онгдаги бўшлиқ зарарли унсурлар билан тўлишининг оқибати экани кундай равшан. Вакуум, табиатан, ёнидаги ҳамма нарсани ўзига тортиб оладиган хусусиятга эга бўлади. Нима яқинроқ бўлса, ўшани биринчи навбатда ўзига сингдиради . Зўрма-зўракилик, хўжакўрсинга ишлаш, баландпарвоз гаплар эса маънавият ва маърифатни узоқлаштириб, залолатни яқинлаштирмоқда.

Биз қанчалар улуғ неъматга беписанд муносабат кўрсатаётганимизни тушуниб олишимиз керак.

Биргина Тошкент шаҳри ҳокими одамнинг кўнглини кўтарди. Жаҳонгир Ортиқхўжаев, барака топсин, пойтахт жамоатчилиги билан учрашувда давлат тилини билмаганларга рус тилида гапиришга мажбур эмаслигини айтди ва «Ўзбекистонда яшаяпман, ўзбекча гапиряпман, хоҳласангиз «переводчик» олинг ёнингизга», дея олди. Бу албатта ижтимоий тармоқларда анча шов-шув уйғотди. Майли, уйғонаверсин. Бу даҳанаки «жанг»лар узоққа бормайди. Муҳими, мустақилликнинг 30 йилидан буён амалдорлар тилга олишдан қўрққан сўзлар, ниҳоят, жаранглади. Бўлар экан-ку!

Ўтган йили «Ўзбеккино» миллий агентлиги ўтказган «Ёш киноматографлар фестивали»да рус тилида нутқ сўзлашни маъқул кўрган Бош вазир ўринбосари Бегзод Мусаевга, икки йилча аввал Миллий матбуот марказида ўтган тадбирда 15 кишининг ичида 2 нафар русийзабон бўлгани учун рус тилида сўзлашни афзал топган Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовга, матбуот анжуманларида фақат рус тилида гапирадиган Олий Мажлис депутати Илҳом Абдуллаевга, қатор бошқа раҳбарларга, ташқи сиёсат, ташқи иқтисодий алоқалар маҳкамалари, сиёсий стратегик тадқиқотлар билан шуғулланувчи муассасалар каби вазирлик ва идоралар ходимларига Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журъат ва жасорати сабоқ бўлиши, ўрнак бўлиши керак аслида.

Тарихдан яхши маълумки, жамият вақти-вақти билан «маънавий депрессия» даврларини бошдан кечиради. Навоий ва Лутфийдан кейин анча вақтлар ўтиб Огаҳий ва Завқий дунёга келди. Кейинроқ Абдулла Қодирий, Мамудхўжа Беҳбудий, Чўлпон, Усмон Носир каби юксак тафаккур эгаларидан иборат жадидларимиз майдонга чиқди. Улар қатағонга учрагач, анча вақт генофондимиз истеъдодларни яширин сақлади. Кейин Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Мақсуд Шайхзода, Миртемир каби дарғалар чиқди. Улардан улоқни Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Одил Ёқубовга ўхшаганлар олди ва Эркин Аъзам, Мурод Муҳаммад Дўст, Усмон Азим сингари шогирдларига улашди. Бу даврларда адабиёт билан бирга маданият ва санъат ҳам гуркиради. Лекин шундан сўнг ҳеч нарсага ялчимай қолдик. Неъмат Аминов ва Анвар Обиджондан кейин ҳажвиямиз ҳам тўхтади. Ҳожиакбар Шайховдан кейин – фантастикамиз. На адабиётимиз, на маданият ва санъатимиз билан мақтана оламиз бугун.

Лекин тушкунликка тушмаслик керак. Бу «маънавий депрессия» ҳам боқий эмас. Компьютер, телефон, интернет қачондир ҳамманинг бадига уради. (Ҳозир ҳеч ким тетрис ўйнамай қўйгандек!) Биз яна ўзлигимизга, ўзанларимизга қайтамиз. Фақат имкон қадар кўп одамни соғлом фикрли ҳолда сақлаб қолиш учун ана шу қайтишни тезлаштирмоқ, бунда ниҳоятда эҳтиёткорлик, ақлу заковат ва омилкорлик билан иш тутмоқ лозим.

Шу ўринда беихтиёр Омон Мухторнинг мана бу сатрлари ёдга тушади:

Кун ўтади, ўзгаради кун,

Ўзгаради чор-атроф, ҳаёт.

Мангу бўлиб туюлган қонун,

Ўзгаради, йўқдир ҳеч нажот.

Ўзгаришар одамлар, кўзлар,

Қиёфалар, бутун рангу рўй.

Ўла бошлаб ўрганган сўзлар,

 Кела бошлар илоҳий бир ўй –

Ажиб руҳдан порлаб, шу йўсин

Зулматларга чулғанган жаҳон,

Қайта бошдан инсон ўз-ўзин

Таний бошлар энди ногаҳон.

Унутилган покиза бир ҳис

Унинг кўкси, қалбига инар.

У янгидан чўкканича тиз,

Муҳаббатга фақат сиғинар.

Шоир бежиз бундай ишонч билдирмаяпти. Дунё ажиб руҳдан порлаб (яъни, физикадаги Катта портлаш ҳодисаси), кейин зулматларга чулғанган (космос – қоронғу). Лекин инсон барибир асл фитратига қайтиб бориб, садри-кўксига яна поклик ўрнашяпти, энди у ўзини қайтадан танияпти ва муҳаббатга сиғина бошлаяпти (тасаввуфий ғоя).

Унутилган, покиза ҳислар тезроқ кўксимизга, қалбимизга инсин. Тангри таолонинг энг гўзал яратган нарсаси бўлмиш тилимизни оёқости қилишдан тўхтайлик ва Унинг қаҳри эмас, ризосига муяссар бўлайлик.

Мадина МАШРАБХОН




Ўхшаш мақолалар

Коса тагидаги  Нимкоса  ёхуд алдагани бола яхшими?

Коса тагидаги Нимкоса ёхуд алдагани бола яхшими?

🕔16:57, 02.05.2024 ✔8

Сўнгги вақтларда умумтаълим мактаблари учун мўлжалланган дарсликларда кузатилаётган камчиликлар борасида тез-тез мулоҳаза билдирилмоқда. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда бу ҳақда неча маротаба танқидий фикрлар айтилаётганига қарамасдан аҳвол эски ҳаммом – эски тослигича қолаётгани жуда ачинарлидир.

Батафсил
Энди кўмирфурушларни  кучайтирилган  жазо кутмоқда

Энди кўмирфурушларни кучайтирилган жазо кутмоқда

🕔16:45, 02.05.2024 ✔2

Қиш бўйи кўмир талон-тарожи ҳақида эшитавериб, қулоғимиз қотиб кетти. Имтиёзли тарзда аҳолига берилиши керак бўлган кўмирлар йўлга чиқмаёқ талон-тарож қилинди. Айбдорларнинг бири жазоланган бўлса, камида учтасининг иши енг ичида битди. Шунинг ортидан қанчадан-қанча оилалар қишда совуқдан қалтираган бўлса, ажаб эмас.

Батафсил
Узоқ иш куни, касбий чарчоқ:  Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи  қачон таъминлади?

Узоқ иш куни, касбий чарчоқ: Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи қачон таъминлади?

🕔20:42, 19.04.2024 ✔32

Хоҳ давлат ишида ишланг, хоҳ хусусий секторда меҳнат ҳуқуқларимиз тез-тез поймол қилинади. Бошқача айтганда, меҳнат ҳуқуқларини талаб қилишга ўрганмаганмиз.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар