Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ЖАМИЯТ ҲАЁТИНИНГ ЖОНИ ВА РУҲИ

ёхуд маънавиятга «дахли йўқ» гаплар

Инсоният яралибдики, ҳар нарсада сабаб ва мақсадни излайди. Масалан, нима учун қовуннинг тухумидан қовун, тарвузникидан тарвуз униб чиқади?

ЖАМИЯТ ҲАЁТИНИНГ ЖОНИ ВА РУҲИ

Уруғни ёриб чиқадиган томир бунчалар ақлли бўлса эканки, тупроқдан керакли моддани танлаб олиб, палак ёзади, уни гуллатади, кейин қовун ё тарвуз етиштиради. Бу томирлар шунчалик мўъжизаки, тут дарахтида олма пишмайди, гилос дарахтида – беҳи. Шердан бўри туғилмайди, айиқдан – қуён.

Сабаб ва мақсад эса асосан моҳиятда намоён бўлади. Яъни, истанг – табиат қонуни атанг, истанг – Яратганнинг қонуни. Ўша томирлар, генлар, умуман, бутун ҳаёт ана шу қонун асосида иш кўради.

Маънавият ҳам шундай бўлса керак. Биз анча йиллардан буён мақсад қўямиз ва сабабларни ахтарамиз. Моҳият хаёлимиздан фаромуш бўлади. Шу масалага бағишлаб ўтказилган кечаги ва ўн йил олдинги мажлисга эътибор берсак, у ерда ҳам, бу ерда ҳам бир хил қиёфаларни кўрамиз. Мақсад аниқ – маънавий юксалиш. Анжуман сабаби – ана шу юксак мақсад. Моҳият эса...

Нима учундир маънавият масалалари кўрилганда асосан фақат илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт намояндалари давра қуришади. Тўғри, маънавий юксалишнинг бош омиллари илм-фан, маданият ва санъат, ижоддан иборат. Лекин тоғ фақат бир чўққидан иборат бўлмаганидек, маънавий юксакликнинг ҳам турфа мезонлари бор.

Аввал юқоридаги соҳаларни кўриб чиқайлик.

МАЪНАВИЯТИ ҚАШШОҚ «МАЪНАВИЯТЧИ»ЛАР

Илм-фан юксаляпти, деб айтишимиз учун асосларимиз деярли йўқ ҳисоби. Мактабгача тарбия муассасаси ва бошланғич таълимнинг ўзидан тамагирлик урф бўлган жойда бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Саъди Сирожиддинов домлани бутун эл, хорижий давлатлар танир эди. Ҳозир шундай миқёсдаги бирор академикни биров билмайди. Чунки, ўсиб келаётган ёш олимларни тамагирлик, бюрократия, коррупция каби иллатлар бўғиб қўймоқда.

Бир маҳаллар Москвадаги Парвозларни бошқариш марказида Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) битирувчилари қанча эдию, ҳозир қанча? Ўз даврида юртимиздаги тиббиёт ёки ядро физикаси каби йўналишлар бўйича олий таълим муассасаларининг хорижлик битирувчилари орасидан қанча-қанча йирик олимлар етишиб чиққан эди, эндиликда эса чет элликлар бизда ўқишга унчалик иштиёқ билдираётгани йўқ.

Йиғилишда қатнашган олимлар бизга қандай таклифлар беряпти, фан оламида янги номлар чиқиши учун нима ишлар қиляпти? Жавоб – сукут. У ҳолда уларни анжуманларга таклиф қилиш шартми? «Протокол учун», дейишади.

Маданият ва санъатимиз қай аҳволда эканини кўпчилик яхши билади. Умрида қўлига соз олмаган, на овози ва на савияси бўлган «хонанда» давраларнинг гули бўлиб юрибди. Ҳатто қўшиқни ўғирлашни ҳам эплолмайди – на урғуга қарайди, на сўзга. Ҳижрон ҳақида куйлайдию, клипига қарасангиз, ёнида маъшуқаси беўхшов хурсандлик билан нағма қилаётган бўлади.

Айрим «юлдуз» актёрларимиз театр тугул, ўқув юрти саҳнасини кўрмаган. Ҳатто Голливуддек кино маркази вакиллари ҳам Станиславский системаси асосида роль ўйнашни ўрганади. Лекин бизникилардан бу ҳақда сўрасангиз, таҳайюрининг чегараси бўлмайди. Ёши каттароқ «тажрибали» актёрларимиз бир образда қотиб қолган, ҳеч чиқиб кета олмайди. Шунинг учун ролига қараб, картинани ажратиб олиш жуда мушкул.

Таниқли драматург Шароф Бошбековнинг бир асарида колхоз раиси қўшиқчига қараб, «Саноатингизга қойил!» дейди. Муаллиф чаласавод раиснинг устидан кулади, айни пайтда санъатни саноат қилиб олганларга истеҳзо қилади. Ҳа, санъат бизнесга айланди.

Бу-ку яхшия – бозор иқтисодиёти, бизнес, тадбиркорлик. Лекин йўқолган авлодни бизга кейин ҳеч ким қайтариб бера олмайди.

Ота-боболаримиз «Сизлар Комилжон Отаниёзовни эшитмаган, Шукур Бурҳоновни кўрмагансизлар-да», дейишарди. Фарзандларимиз ҳам набираларимизга «Сизлар Фалончини эшитмаган, Фалончини кўрмагансизлар-да»,  дейди.

«Фалончилар»нинг ўрнига бугун ўзини хонанда ё актёр санаб юрган истаган одамингизнинг номларини қўяверинг. Фарқ савияда кўринади. Бугунги хонанда Комилжон Отаниёзовга, бугунги актёр Шукур Бурҳоновга дуч келиб қолса, етти қават ернинг қаърига кириб кетади, ахир.

Биз шулардан маънавий юксалишни сўраймизми? Сўраяпмиз. «Протокол учун».

Адибларимиз ҳақида гапирганда ҳам қиёснинг ўзи кўп нарсани аён қилади-қўяди. Вақтлар бўларди, энг эринчоқ ўқувчи ҳам халқ шоирининг жилла қурса битта шеърини ёддан биларди. Вақтлар бўларди, халқ ёзувчисининг асари шов-шув бўлиб кетарди. Бугун биз ёдлагулик шеър излаб ҳалакмиз. Ур-сур, олди-қочдидан иборат арзон детектив асарни ўқишни бошлаймиз-у, очиғи, сал ўтмай итқитиб юборамиз.

Шу ўринда бир риторик савол: бизда ҳозир болалар ёзувчиси ё болалар шоири борми?

Бугун «шоирман», «ёзувчиман», деб юрганлар Ойбек, Абдулла Қаҳҳор тирилиб келса, юзига қарай оладими?!

Навоийни талаб қилиш ноўрин. Лекин янги Эркин Воҳидовлар, Абдулла Ориповлар, Ўткир Ҳошимовлар етишиб чиқиши кераклигини, халқ орасида ҳақиқий истеъдод эгалари борлигини, уларни излаб топиш, қўллаб-қувватлаш, тарбиялаш лозимлигини адабий доирамиз вакиллари қачондир англаб етиши керак. Анжуманда «протокол учун» иштирок этиб, кейин чиройли битта баландпарвоз интервью билан қутулиб кетавериш ярамайди.

«БОР ҚУДРАТИМИЗНИ ОДАМЛАРНИ ЧАЛҒИТИШГА ЙЎНАЛТИРАМИЗ»

Энди масаланинг бошқа томонига навбат келди чоғи. Боя айтганимиздек, тоғ битта чўққидан иборат бўлмайди. Яъни, маънавият деганда, тор доирадаги соҳалар вакиллари билан чекланмаслик лозим чамаси. Нима учун бизнесменлар, спортчилар жалб қилинмайди бундай мажлисларга? Нима учун деҳқондан ё ҳайдовчидан фикр сўралмайди? Маънавиятни юксалтиришнинг бирламчи асослари мутлақ бирламчи бўлмаса-чи, деган савол устида бош қотириш керакка ўхшайди.

Маънавият фақат илм-фан, маданият ва санъат ё ижодиётдан иборат эмас. Маънавият – бу, аввало, том маънода ҳар томонлама юк сак савия, қадриятларга ҳурмат ва садоқат, поклик, ҳалоллик, ростгўйлик, адолат, андиша, имондир. Айни пайтда маънавият – сохталик ва саводсизликка бетоқатлик, ғирромлик, номардлик, адолатсизлик ва риёкорликка чидамсизлик ҳамдир.

Бизнесда ҳам маънавият бор. Каттасию кичигида. Бизнесмен келиб, ўз соҳасидаги ҳолатлардан сўзласин. Турли идоралардан келадиган текширувчиларнинг кирдикорларини очсин, уларга қарши туришнинг йўлларини кўрсатсин. Ҳокимиятдан «протокол учун» бўлмайдиган «беғараз ҳомийлик» талабларини айтиб берсин. Фирибгарлар қандай усуллар қўллаши, уларнинг домига илинмаслик йўллари тўғрисида гапирсин. Бу маънавиятга дахлдор гап бўлади.

Фермер ўз ишини ташлаб, соатлаб кераксиз мажлисларда «протокол учун» бекор ўтиришини, ундан ҳам кераксиз ҳисоботлар учун яна вақти ва асабини йўқотишини айтиб берса, бу ҳам маънавиятга дахлдор гап бўлади.

Муҳими, осмоний эмас, ҳаётий гаплардан гапириш керак. Айтишларича, Дубай асосчиси шайх Рашиддан ўз давлатининг келажаги ҳақида сўрашганда, бундай жавоб берган экан: «Менинг бобом туяда юрарди, отам туяда юрарди, мен «Мерседес»да юраман, ўғлим «Ленд-Ровер»да юради, набирам «Ленд-Ровер»да юради, лекин эварам туяда юради...» Нега шундай? Оғир дамлар кучли инсонларни, кучли инсонлар енгил дамларни пайдо қилади. Енгил дамлар эса ожиз одамларни, ожиз одамлар оғир дамларни пайдо қилади.

Ишбилармонлар боқиманда текинхўрларни эмас, ҳаракатчан, интилувчан, креатив авлодни тарбиялаш кераклигини, ота-она меҳнатда пул топиб, фарзандлар роҳатда фақат сарфласа, набиралар садақа сўрашга мажбур бўлишини ҳаётий мисоллар билан кўрсатиб берса, бу маънавиятга жуда ҳам дахлдор бўлади.

Адвокатларга сўз бериш мақсадга мувофиқ бўлур эди. Ривожланган давлатларда прокурор ё судьядан эмас, адвокатдан кўпроқ қўрқишади ва бу жуда тўғри. Адвокатлар суд тизимида нималар қилинса, бизда ҳам шундай муҳит юзага келиши мумкинлигини, ҳозир бунга нималар халақит бераётганини рўй-рост айтиб берсин. Қани, шундан кейин кимдир буни маънавиятга дахлдор эмас, десин-чи!

Спортчиларни ҳам кенг жалб қилиш кўп фойда бериши аниқ. Спорт сохталикни ёқтирмайди. Кучинг, уқувинг, ироданг етса – енгасан, бўлмаса – қўпол айтганда, тошингни тер. Кейин... Шахмат федерацияси раҳбари нима учун иқтидорли опа-сингил шахматчиларимиз АҚШ байроғи остида дона сураётганини тушунтириб берсин. Унинг ёнида эса футбол ишқибози сўз олсин ва бир асрлик футбол мактабига эга Ўзбекистон кечагина туп суришни ўрганган давлатларга мағлуб бўлаётганини (яна баъзан ўз майдонида) баралла айтсин. «Эҳтимол, – десин у, – Ўзбекистон футбол федерациясини умуман тарқатиб юбориш керакдир, бундай футбол билан юзимиз шувит бўлгандан кўра, ўйнамаганимиз минг чандон яхши эмасми?!.» Бу маънавиятга шунчалик дахлдор бўладики, «портлаш эффекти» юзага келади.

Эл орасида обрўли оқсоқоллар гапирсин. Илгари маҳалла ҳам, қишлоқ ҳам, шаҳар ҳам уйдек эди – уйни қандай озода тутсак, атрофга ҳам шундай муносабатда бўлардик. Ариқдан сув ичиларди. Ҳозир кашандалар негадир сигарет қолдиғини иложи борича сувга ташлашга ҳаракат қилади. «Ҳей Фалончининг ўғли, тош отма!» деган даккидан ер ёрилмасди, кириб кетмасдик. Ота-онамиз изза бўлиб, бизни койирди. Энди шундай даккини маҳалла оқсоқоли ҳам айтишга журъат қилолмайди – аввало, «Фалончининг ўғли» гапини ёқасига ёпиштиради, камига ота-онаси дағдаға қилади. Бообрў оқсоқоллар мана шуларни айтса, маънавиятга кўп ва хўб дахлдор бўлади.

Машҳур разведкачи Аллен Даллеснинг унинг ўзидан ҳам машҳур режасини ҳаммамиз биламиз. «Уруш тугайди, ҳаммаси босди-босди бўлади, – дейди А.Даллес, – ва биз бор моддий қудратимизни одамларни чалғитишга йўналтирамиз. Бошбошдоқликни юзага келтириб, қадриятларни сохталарига алмаштирамиз ва одамларни уларга ишонтирамиз. Қандай қилибми? Вақтинчалик иттифоқчиларни ишга соламиз. Масалан, адабиётдан кишилик жамиятидаги жараёнларни ўрганишни чиқариб ташлаймиз, у шаҳват, зўравонлик, садизм, хиёнат, бир сўз билан айтганда, ҳар қандай ахлоқсизлик ва маънавиятсизликни тарғиб қила бошлайди. Бошқарувда амалдорларни порахўрлик, субутсизлик, бюрократизмга ўргатамиз. Буларни фазилатга айлантирамиз ва ҳалолликни кулгига қолдирамиз. Безбетлик ва иккиюзламачилик, ғирром ва ёлғон, ҳаёсизлик ва қўполлик, пиёнисталик ва наркомания кенг тарқалишига йўл очамиз. Камдан-камгина одам нималар юз бераётганини англаб етади, лекин биз уларни иложсиз аҳволга солиб қўямиз, ёлғончи ва қолоққа чиқарамиз. Асосий эътиборни ёшларга қаратамиз, уларни ҳар томонлама бузамиз, маънавий томирларини юлиб ташлаймиз. Болалик ва ўсмирликдан уларни бемаъни, қўпол, ахлоқсиз, уятсиз, беандиша бўлишга ўргатамиз...» Бу матн эркин таржимада берилаётган бўлса-да, мазмун-моҳияти сақлаб қолинган. Муҳими, қачонлардир шўролар давлатини ичидан емиришга қаратилган мазкур режа бугунги ҳаётимизда ҳамон акс-садо бераётганини ёдга солишдир.

ЙЎҚОЛГАН АВЛОДНИ ҲЕЧ КИМ ҚАЙТАРИБ БЕРМАЙДИ

«Tik-tok»дан қайтариб ололмаяпмиз. Фарзандларимиз аллақандай «миллиончи»ларнинг бемаза гапларига қотиб-қотиб куляпти. Тату, ясама қош-киприк каби «безанишлар»  оммавийлашиб бормоқда. Йигитлар қизил иштон ва қизил пойабзал кийиб, қизлар сингари жамоат транспортидаги деразада ўзига тикилиб, маҳлиё бўлмоқда. Телефонлардаги фото ва видеоларни, тўғриси, ер кўтармайди. Китоб тутқазс ангиз, икки бармоғи билан расмини катталаштирмоқчи бўлади. Каттага ҳурмат, кичикка иззат, деган гапларни айтсангиз, энсаси қотади ва ҳоказо.

Лекин уларни айблаш керак эмас. Ахир, улар битта беҳаё сурат ё видео билан бадавлат «юлдуз»га айланиш мумкинлигини, енгил-елпи ҳаётнинг бошқа жиҳатларини кўряпти. Тўса олмаяпмиз. Қадриятлари ўзгариб боряпти уларнинг. Ҳозир катта кичикни, кичик каттани қабул қилмайди. Ҳолбуки, авлодлар ўрт асидаги зиддият эскидан бор. Тарих фанининг отаси бўлмиш Геродот эрамиздан олдин айтиб кетган эди: «Ёшлар катталарни ҳурмат қилмай қўйди, китоб ўқимайди, интилмайди, эртага давлатни кимга қолдириб кетамиз?» Шу билан бирга, Брюс Ли огоҳлантирган эдики, «Мен кўрмадим, болам кўрсин, қабилида иш тутадиган бўлсанг, сенинг ҳам, болангнинг ҳам ҳолига вой».

Биз кимлардир йўқотиш сари бураётган авлодни сақлаб қолишнинг аниқ чораларини кўра олмаяпмиз. Мажлислар ўтказилади, режалар тузилади. Оқибат – қоғоз учун иш қилинган бўлиб чиқади. Ёш авлодни бездирмасдан тўғри йўлга бошлашнинг самарали йўлларини кўрсатиб берадиган психологларнинг овозини эшитмаяпмиз. Бу маънавиятга жуда-жуда дахлдор бўлур эди.

Ушбу сатрлар муаллифи бироз эҳтиросга берилган туюлиши мумкин. Лекин қачондир ишга қаттиқ киришиш керак-ку. Бу ҳақда бонг урмаслик мумкин эмас. Бир эмас, ўнта ташкилот тузилганда ҳам, агар иш «протокол учун» бажарилаверадиган бўлса (давлат ажратган маблағ ҳисобидан мавҳум, бефойда тадбирлар уюштириб, пулни ўзлаштириш), ҳеч қандай натижа бўлмайди. «Бир болага етти маҳалла ота-она», деган доно нақлга асосланиб, фақат ёш авлодни эмас, бутун жамиятни қамраб оладиган муайян чоралар кўриш вақти аллақачон келган. «Тақсимлаб ол ва ҳукмронлик қил», «Бирор халқни йўқ қилмоқчи бўлсанг, унинг маданиятини (маънавиятини) йўқ қил» қабилидаги шафқатсиз ғоялар билан иш тутадиган кучларга тобе бўлмасликнинг чорасини имкон қадар тез кўриш ва бунда сира-сира оқсамаслик лозим.

Ҳолати мизнинг сабабини, мақсадимизнинг моҳиятини аниқ билиш ва идрок этиш бугуннинг энг долзарб масаласидир. « Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир... Агар кимдир, маънавият масаласи – бу фақат Маънавият маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши, деб ўйласа, хато қилади. Буларнинг барчаси олдимизда турган энг асосий, энг муҳим вазифалардан биридир».

Президент томонидан бу гаплар бежиз айтилмади.

Мадина МАШРАБХОН




Ўхшаш мақолалар

Коса тагидаги  Нимкоса  ёхуд алдагани бола яхшими?

Коса тагидаги Нимкоса ёхуд алдагани бола яхшими?

🕔16:57, 02.05.2024 ✔13

Сўнгги вақтларда умумтаълим мактаблари учун мўлжалланган дарсликларда кузатилаётган камчиликлар борасида тез-тез мулоҳаза билдирилмоқда. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда бу ҳақда неча маротаба танқидий фикрлар айтилаётганига қарамасдан аҳвол эски ҳаммом – эски тослигича қолаётгани жуда ачинарлидир.

Батафсил
Энди кўмирфурушларни  кучайтирилган  жазо кутмоқда

Энди кўмирфурушларни кучайтирилган жазо кутмоқда

🕔16:45, 02.05.2024 ✔8

Қиш бўйи кўмир талон-тарожи ҳақида эшитавериб, қулоғимиз қотиб кетти. Имтиёзли тарзда аҳолига берилиши керак бўлган кўмирлар йўлга чиқмаёқ талон-тарож қилинди. Айбдорларнинг бири жазоланган бўлса, камида учтасининг иши енг ичида битди. Шунинг ортидан қанчадан-қанча оилалар қишда совуқдан қалтираган бўлса, ажаб эмас.

Батафсил
Узоқ иш куни, касбий чарчоқ:  Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи  қачон таъминлади?

Узоқ иш куни, касбий чарчоқ: Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи қачон таъминлади?

🕔20:42, 19.04.2024 ✔33

Хоҳ давлат ишида ишланг, хоҳ хусусий секторда меҳнат ҳуқуқларимиз тез-тез поймол қилинади. Бошқача айтганда, меҳнат ҳуқуқларини талаб қилишга ўрганмаганмиз.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар