Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ДЕҲҚОННИНГ УЙИ КУЙСА КУЙСИНУ, «КАТТАКОН»НИНГ РАЪЙИ ЎЛМАСИН?

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари ташкил этиш учун қулай шарт-шароит яратиш маҳаллий ҳокимлар фаолиятини баҳоловчи асосий мезонлардан бир экани давлатимиз раҳбари томонидан бот-бот айтиляпти.

ДЕҲҚОННИНГ УЙИ КУЙСА КУЙСИНУ, «КАТТАКОН»НИНГ РАЪЙИ ЎЛМАСИН?

Ишбилармонларга шарт-шароит эса қуруқ гап ёки биргина имзо билан ҳал бўлмайди. Уларга ер ажратиб бериш, барча шароитини муҳайё қилиш зарур. «Фалон миллион доллар инвестиция»ни орқалаб келаётган ишбилармон, табиийки, имкон қадар қулай, харидоргир жойни кўзлайди. Танланган ер эса аксарият ҳолларда кимнингдир қонуний мулки бўлиб чиқади. Бироқ маҳаллий ҳокимлик мутасаддиси инвесторга «илтифот» кўрсатишга аҳд қилдими, «мулк дахлсизлиги» гўё «унутилади». Таҳририятимизга нажот излаб келган пискентлик Азиз Мирсоатовнинг мурожаати ҳам шундай муаммога дахлдор.

Шикоятчининг айтишича, тума н ҳокимлиги ва туман кадастр бўлими қонунан унга тегишли бўлган деҳқон хўжалигини тортиб олиш пайида. Икки йилдан буён ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қиламан, дея бормаган идораси, тақиллатмаган эшиги қолмаган.

Мурожаат эгаси билан келишилган манзилда – дала бошида суҳбатлашдик. Далил ва ҳужжатларни ҳуқуқшунослар иштирокида ўргандик. Келинг, яхшиси бир бошдан бошласак...

Кунларнинг бирида...

2008 йили А.Мирсоатов акаси билан бирга деҳқон хўжалиги ташкил қилиш учун Пискент тумани ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилади. Аммо мурожаати жавобсиз қолади. Ака-укаларнинг отаси имдод сўраб, Президентга хат ёзади. Шундан сўнг уларга эски мол ферманинг ташландиқ еридан етмиш сотих ажратиб берилади. Мирсоатовнинг таъбири билан айтганда, «битта гапга кўнмаган, эшикдан ҳайдаса, тешикдан келадиган одамга серҳосил ер берилармиди?..» Аввалбошида ака-ука ажратилган ердан норози бўлиб, бошқа жойни талаб қилмоқчи бўлади, лекин кўпни кўрган отаси бунга изн бермайди. Ўзи бош бўлиб, бор бисотини шу ташландиқ ерни обод қилишга тикади. Дастлаб ўнқир-чўнқир, қаровсиз жойни чиқиндилардан тозалади. Текислади, чопди. Эрта баҳорда яхши ният билан 200 туп мевали дарахт кўчати экди. Хуллас, 70 сотих жойни то унумдор ерга айлантиргунча ота-болаларнинг она сути оғзига келди.

Шунча азоб-уқубат ва машаққатдан сўнг 2017-2018 йиллар нари-бериси эккан дарахтлари ҳосилга кирди. Бир замонлар қаровсиз ётган жой кўрган кўзни қувонтирадиган боққа айланди. Таассуфки, ўн йиллик машаққат ортда қолиб, ака-уканинг оғзи энди ошга етганда... уларнинг қувончи узоққа чўзилмади. 2019 йилнинг 5 июнь санаси билан Пискент тумани ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимидан унга огоҳлантириш хати келди. Қисқача мазмуни шундан иборатки, Пискент туманини инновация ва инвестициялар марказига айлантириш белгиланган. Шунга асосан А.Мирсоатов деҳқон хўжалигидаги ерни ўз ихтиёри билан туман захира ер майдонлари ҳисобига қайтариш тўғрисида расман огоҳлантирилган. Агар фуқаро туман ҳокимлигининг шартига кўниб, ўз қарамоғидаги ер майдонини қайтарса, унинг барча сарф-харажатлари тўлаб берилиши ва бошқа жойдан ер ажратилиши кўрсатиб ўтилган.

Ҳамма машмаша шундан сўнг бошланди...

Ўзи бор, лекин йўқ

«Огоҳлантириш хатини олгач, эртасигаёқ деҳқон хўжалигимизга оид ҳамма ҳужжатларни кўтариб, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимига бордим ва ерни топширмаслигимни айтдим, – дейди Азиз Мирсоатов. –  Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, мени туман ҳокимлигига чақиришди. Бу орада мен билан бирга деҳқон хўжалигини юритаётган ён-атрофимдагиларнинг ҳаммаси ерини топшириб юборди. Бироқ ҳалигача ҳокимлик уларга на ер ажратди, на сарф-харажатларни тўлаб берди. Хўш, шуларни кўра-била туриб, мутасаддиларга ишониб бўладими?

Хуллас, мажлислар залида бир нечта раҳбар, ҳатто улар орасида депутатлар ҳам бор, ҳаммаси бир бўлиб, мени бошқалар қатори ўз ихтиёрим билан ерни топширишга ундашди. Агар бундай қилмасам, давлат сиёсатига қарши борган бўлармишман. Очиғи, айниқса, қонун-қоидани яхши билган, аслида, халқ вакили саналмиш депутатларнинг муносабати алам қилди. Депутатлар шундай деб турса, бошқалардан нимани кутиш мумкин?..» Шундай кунларнинг бирида туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимидан А.Мирсоатовга яна хат келди. Буниси эса аввалгисидан ҳам ўтиб тушди. Унда айтилишича, унинг деҳқон хўжалиги давлат рўйхатидан ўтмаган эмиш. «Қизиқ, қўлимда шу ер ўзимники экани ҳақида қарор, кадастр ҳужжати бор, устига-устак, ҳар йили ер солиғини ўз вақтида тўлаган бўлсам, қандай қилиб менга тегишли бўлган деҳқон хўжалиги рўйхатда бўлмаслиги мумкин?», дея куюнади А.Мирсоатов.

Шу ўринда бир вазиятга ойдинлик киритиб кетсак.

Ҳақиқатан ҳам, 2019 йил давлатимиз раҳбари Тошкент вилоятига ташрифи давомида вилоят мутасаддиларига бир қатор вазифаларни юклаган. Хусусан, Пискент туманини инновация ва инвестициялар марказига айлантириш топшириғини берган. Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, Тошкент вилояти ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 октябрдаги «Давлат мулки объектларини ва ер учаскаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги (аслида ушбу фармонда захира ерлар ва ўзининг розилиги билан давлатга ўтган хусусий мулклар ҳақида гап боради) фармонига мувофиқ 2019 йил 6-майда «Bionovоtik Agro» қўшма корхона масъулияти чекланган жамиятига кимёвий моддалар ишлаб чиқариш учун ер майдони ажратиш тўғрисида»ги 367-сонли қарорни имзолайди. Ушбу қарорга биноан Пискент тумани Ғайрат маҳалласи ҳудудидан туман давлат захираси ихтиёридаги қишлоқ хўжалиги харитасининг 1117-контурида жойлашган 19 гектар балл бонитети ҳисобланмаган ер майдони «Bionovо tik Agro» ҚК МЧЖга 0,5 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш шарти билан доимий фойдаланиш ҳуқуқи берилади. Табиийки, шу майдонга ака-уканинг 70 сотих майдони ҳам қўшилиб кетади.

Буни қарангки, вилоят ҳокими мазкур қарорни 2019 йил 6 майда имзолаяпти. Туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими А.Мирсоатовга ўз ерини туман давлат захира майдонига топширишни сўраб 2019 йил 5 июнда мурожаат қиляпти. Демак, бундан кўриниб турибдики, вилоят ҳокими «Bionovоtik Agro» МЧЖ фойдасига қарор чиқарган вақтда А.Мирсоатовнинг ери захирада бўлмаган. Буни 2019 йил 6 майда Тошкент вилояти ҳокими Пискент тумани Ғайрат маҳалласидаги захира ерлардан 19 гектарини ажратган вақт билан туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими 2019 йил 5 июнь санасида А.Мирсоатовга жўнатган огоҳлантирув хати ўртасидаги тафовут ҳам асослаб турибди.

Аслида, мутасаддилар аввал қарор қабул қилган, кейин захирага олмоқчи бўлган. Балки шу важ билан А.Мирсоатовнинг кадастр ҳужжатлари туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимидан ўчиртирилгандир... Бундай деяётганимизга далил бор. Мана ўша ҳужжат: 2020 йилнинг 15 декабрь куни Пискент туман солиқ қўмитасидан берилган маълумотномада келтирилишича, «Мирсоатов Азиз» деҳқон хўжалиги 08.05.2008 йил 372-сонли гувоҳнома рақами билан юридик шахс ташкил этмаган ҳолда давлат рўйхатидан ўтган. Хусусан, Пискент туман солиқ қўмитасига Тошкент вилояти «Ермулккадастр» давлат корхонаси Пискент тумани филиали томонидан 11:10:07:01:01:1582 кадастр рақами билан 3500 кв.м ер майдони ажратилгани тўғрисида электрон шаклда маълумот тақдим этилган. Ушбу маълумотларга асосан 14.12.2020 йил ҳолатига кўра, А.Мирсоатовнинг ижтимоий ва ер солиқларидан қарздорлиги йўқ.

Бунисига нима дейсиз?

«Муаммо йўқ, қайта рўйхатдан ўтсин»

Хуллас, А.Мирсоатов ҳам оғзидаги ошни олдириб қўядиган анойилардан эмас. Қонун-қоидани яхши билади. Шу боис ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб, тегишли жойларга мурожаат йўллади. Ҳатто туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими билан судлашди ҳам.

«Давлат органларига йўллаган мурожаатим ва судга киритган давойим туфайли «Bionovоtik Agro» МЧЖга ўтиб кетган ер майдоним ўзимга қайтарилди. Туман прокуратурасидан ҳам бу ҳақда жавоб келди. Унда туман кадастр ер бўлими хатога йўл қўйгани алоҳида таъкидланиб, айбдорлар жазоланишига урғу берилди. Бу ҳақда республика нашрларидан бирида мақола ҳам эълон қилинди.

Шу билан ҳамма муаммо ҳал бўлгандек эди. Бироқ А.Мирсоатовнинг бошида яна қора булутлар пайдо бўлди...

«Пискент туман ҳокимлиги эндиликда деҳқон хўжалигингни давлат рўйхатидан ўтказасан, деб ҳоли-жонимга қўймаяпти, – дея сўзида давом этади А.Мирсоатов. – Қўлимда шу ер ўзимникилиги тўғрисида қарор ва кадастр ҳужжати бор. Агар шу ишга доир хат-ҳужжатларни жамласам, бир жомадон бўлади. Шундай бўлгач, аввалбошдан давлат рўйхатидан ўтган мол-мулкимни яна қайтадан рўйхатдан ўтказишга не ҳожат?..»

Ҳақиқатан ҳам, А.Мирсоатовнинг қўлида шу ишга боғлиқ бир қанча хат-ҳужжат бор. Ҳаммаси унинг фойдасига сўзлаяпти.

«Охирги марта туман ҳокимининг олдига кирганимда «ерингни ҳеч қачон давлат рўйхатидан ўтказмайман. Мен билан ўчакишиб хато қилдинг», деганди. Шу сабабли ҳам деҳқон хўжалигимни қайта рўйхатдан ўтказишдан хавотирдаман», дейди фуқаро.

Хўш, бунга мутасаддилар қандай муносабат билдиради?

Йўл-йўлакай туман ҳокимлигига кириб, мазкур масала юзасидан изоҳ сўрадик. Лекин Пискент тумани ҳокими Раҳимжон Рихсиев бу ҳақда биз билан гаплашишни хушламади, чоғи, «муаммо йўқ, қайта рўйхатдан ўтсин», дея гапни қисқа қилди.

Қоғозда мумкин эмас, амалдачи...

Аслида, фуқароларнинг мол-мулки, ери, уй-жойи қандай ҳолатларда давлат захирасига қайтарилади? Шу ўринда бу масалага ҳам ойдинлик киритиб ўтсак.

Аввало, мулк ҳуқуқининг дахлсизлиги Конституция ва қонунларда тўлиқ кафолатланган. Бироқ қонун кафолат бергани билан, масъулларда уни қўллаш учун журъат ва инсоф ҳам бўлиши керак. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойишида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун, шунингдек, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, шу жумладан, муайян ҳудуднинг архитектура қиёфасини ўзгартириш ва яхшилашга қаратилган давлат дастурлари ҳамда инвестиция ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни амалга ошириш доирасида ер участкаси ёки унинг бир қисмини олиб қўйиш ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишган ҳолда амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Демак, бировнинг жойини мажбурий тортиб олиш қонунга зид!

Ўроқда йўқ, машоқда йўқ хирмонда ҳозир...

Ушбу мурожаатни ўрганиш давомида А.Мирсоатовнинг яшаш тарзи, оилавий шароити билан яқиндан танишдик. Учта вояга етмаган фарзанди бор. Оиланинг асосий даромади нафақа пули ва шу деҳқон хўжалигидан. Энди тасаввур қилинг, айни еб-ичаман, деб турган уч ўғилни ўқитиш, уйлантириш, уйли-жойли қилиш А.Мирсоатовнинг зиммасида. Унинг умиди эса энди нишона кўрсатаётган деҳқон хўжалигидан. Шуни ҳам ҳокимлик тортиб олса, оиланинг, вояга етмаган болаларнинг тақдири нима бўлади?  Ҳар ҳолда, А.Мирсоатов бу жойни обод қилгунча озмунча машаққат чекмаган бўлса керак? Устига-устак, аҳоли пунктига кимёвий модда ишлаб чиқарадиган корхона қуриш мантиққа тўғри келадими? Ўйлаймизки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хусусан, прокуратура ходимлари дўппини бошдан олиб, зикр этилган масалани адолат тарозисига қўйиб кўришади.

Дарвоқе, куни кеча Азиз Мирсоатов яна таҳририятга келди. Айтишича, унга тегишли деҳқон хўжалиги ўрнида эндиликда «Обод маҳалла» дастури асосида кўп қаватли уйлар қуриларкан. Ўзи шундоқ ҳам бошини қай деворга уришни билмай юрган фуқарога буниси ошиб тушди.

Мантиқсизликни қаранг. Аввалбошида А.Мирсоатовга ерини топшириш буюрилди. Кейин у жой давлат рўйхатида йўқ бўлиб чиқди. Энди эса бу жойда гўёки давлат дастури асосида уй-жой қуриларкан. Деҳқоннинг уйи куйса-куйсин, ҳокимбуванинг раъйи ўлмасин экан-да... Демак, зўрлик ва пўписа йўли билан муродига етмаган мутасаддилар шу йўлни танлашган. Зотан, билгичлар топиб айтган: Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан!..

P/S: Айтишларича, ҳокимларимиздан бири инвесторларни жалб этиш учун хорижий давлатлардан бирига бориб, инвесторлар билан учрашибди. Уларнинг олдига ўзи ҳокимлик қилиб турган ҳудуд харитасини қўйиб, «Исталган жойни кўрсатинглар, ўша жойдан ер бераман. Бизга инвестиция киритсангиз бўлди», дебди ҳовлиқиб. Шунда инвесторлардан бири «Биз танлаган жой эгали бўлса-чи, унинг эгаси шунчаки бериб юбормаса керак. Агар тортиб оладиган бўлсангиз, демак бизнинг фаолиятимизга, мулкимизга қонуний кафаолат йўқ экан...» деган экан.

Ғуломжон АҲМАД




Ўхшаш мақолалар

Коса тагидаги  Нимкоса  ёхуд алдагани бола яхшими?

Коса тагидаги Нимкоса ёхуд алдагани бола яхшими?

🕔16:57, 02.05.2024 ✔13

Сўнгги вақтларда умумтаълим мактаблари учун мўлжалланган дарсликларда кузатилаётган камчиликлар борасида тез-тез мулоҳаза билдирилмоқда. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда бу ҳақда неча маротаба танқидий фикрлар айтилаётганига қарамасдан аҳвол эски ҳаммом – эски тослигича қолаётгани жуда ачинарлидир.

Батафсил
Энди кўмирфурушларни  кучайтирилган  жазо кутмоқда

Энди кўмирфурушларни кучайтирилган жазо кутмоқда

🕔16:45, 02.05.2024 ✔8

Қиш бўйи кўмир талон-тарожи ҳақида эшитавериб, қулоғимиз қотиб кетти. Имтиёзли тарзда аҳолига берилиши керак бўлган кўмирлар йўлга чиқмаёқ талон-тарож қилинди. Айбдорларнинг бири жазоланган бўлса, камида учтасининг иши енг ичида битди. Шунинг ортидан қанчадан-қанча оилалар қишда совуқдан қалтираган бўлса, ажаб эмас.

Батафсил
Узоқ иш куни, касбий чарчоқ:  Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи  қачон таъминлади?

Узоқ иш куни, касбий чарчоқ: Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи қачон таъминлади?

🕔20:42, 19.04.2024 ✔33

Хоҳ давлат ишида ишланг, хоҳ хусусий секторда меҳнат ҳуқуқларимиз тез-тез поймол қилинади. Бошқача айтганда, меҳнат ҳуқуқларини талаб қилишга ўрганмаганмиз.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар