Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

ТАРИХНИ ШАМОЛГА МУҲРЛАБ БЎЛМАЙДИ

Таниқли шоир ва адиб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Эшқобил ШУКУР билан суҳбат

ТАРИХНИ ШАМОЛГА МУҲРЛАБ БЎЛМАЙДИ

– Агар рухсат берсангиз, суҳбатимизни бироз олисроқдан бошласак...
Сизга тенгқур авлод вакилларининг бир қисми Ғарб модернизми таъсирида адабиётга кириб келишди ва ҳозир ҳам шу йўналишда қалам тебратишяпти. Улардан фарқли равишда сизнинг ижодингизда миллий оҳанглар, табаррук анъаналар, Шарқ кишисининг юксак ахлоқи, энг нафис сезимлари кўпроқ кузатилади. Ҳатто Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд, Ҳазрат Навоий, Сўфи Оллоёр каби нафақат бир миллатнинг, балки инсониятнинг маънавий йўлбошчилари меросига ихлос, муҳаббат, ҳавас сезилиб туради. Кимлардирнинг наздида бадиий ижоднинг кўп асрлардан бери «бир қолипга тушиб қолган» анъанавий йўли худди эскириб қолгандай тасаввур уйғотаётган бир пайтда бошқа тенгқурларингиз каби йўлни «ўзга кўчалар»дан изламаганингиз, қарийб қирқ йилдан бери шу маслагингизда собит туриб келаётганингизнинг боиси нима бўлган?

– Яқинда қишлоққа борганимда, онам бир нарсани айтиб қолди. Уруш пайтлари оналар болаларини кечалари тандир ичига солиб, ойга қаратишар экан. Ойда отанг кўринади, деб шундай қилишган. Болалар тандир оғзидан осмонга узоқ тикилиб ўтиришар экан, сўнг «Ана! Ана! Отам кўринди! Отамни кўряпман!» деб қий-чув қилиб қолишар экан. Бу кимгадир шунчаки эртак, таскин учун шунчаки уйдирма туюлар. Лекин мен ўша болаларнинг ойда отасини кўрганига ишонадиган одамман. Адабиёт ҳам шунга ўхшаган ҳодиса. Мен адабиёт деганда фақат китоб шаклида ўқиладиган адабиётни назарда тутмайман, яшашда ҳам шундай адабиёт бор. Бугунги кунда ота-онаси билан бир дастурхон бошида овқатланиб ўтириб, ҳатто ота-онасининг бағрида ўтириб, ота-онасини «кўрмаётган» безгина болалар қанча?
Ҳар ким ўзига, табиатига мос йўлни танлаши табиий. Гап анъанавийлик ё модернизмда эмас. Гап – адабиётда. Бизнинг авлод вакиллари орасида модернизмни эплаганлар, бу йўналишда диққатга сазовор ишларни қилганлар бор. Уларни қадрлаш керак. Масалан, Абдували, Назар, Азиз. Булар катта ижодкорлар! Адабиётнинг руҳини янгилашга хизмат қилган ижодкорлар. Лекин модернизм эмас, модернизм ниқоби остида нима қилаётганини ўзи ҳам билмайдиган, алаҳсирашга ўхшаган нарсаларни ёзадиган, тил руҳини англамайдиганлар ҳам пайдо бўлди-ки, уларнинг йўриғи тамомила бошқа. Сўз санъатининг олтин қоидалари ҳамма «измлар» учун бир хил шартни қўяди. Баъзиларнинг тутуруқсиз хатти-ҳаракатлари билан катта адабиётни аралаштириб юбормаслик керак.
– Бадиий сўз, хусусан, шеърият ҳар бир инсонни маънавий юксакликларга ундаб-чорлаб туради. Бундай шеърларни шунчаки ўқиб ўтиб кетиш мумкин эмасдай туюлади менга. Шеър одамга ақл ўргатиши, адабиёт кишини тарбиялаши шарт эмас, деб қарайдиганлар ҳам бор албатта. Лекин асл адабиётнинг моҳиятидан хабардор бўлган ижодкорларнинг асарлари асрлардан бемалол ҳатлаб ўтиб, ўз ўқувчилари қалбида безавол яшаб келяпти. 
Бундай гапларни ҳозир кўпчилик ҳавойи, баландпарвоз ваъзлар сифатида қабул қилади.
...Аёзли тунда битта ўтовда жам бўлган келин-куёв ва жониворлар ҳақидаги «Қиш... Дашт... Ўтов...» шеърингизни олайлик. Бирон «чет киши» бу шеърни ўқиса, келин-куёвни бемалол аҳмоқликда айблаши мумкин. Лекин шу икки инсоннинг айни тутуми инсонийликнинг, инсон ва табиат орасидаги муносабатнинг жуда баланд нуқталарига нигоҳимизни қаратади. 
Ижодкор бадиий ижодда бундай юксакликларга қандай эришади? 

– Қадимги донишмандларда: «Биз кучни курашга эмас, руҳ тарбиясига сарфлаймиз» деган гап бор. Шеърият минг йиллардан бери Инсон қалби билан ишлаб келади. Унинг объекти шу! Туйғулар ғариблашиб бораётган ҳозирги замонда шеъриятнинг вазифаси жуда муҳим. Бугунги дунё одами ҳамма нарсага эришяпти, ақл бовар қилмайдиган кашфиётлар қиляпти. Лекин ўз қалбидан узоқлашиб боряпти. Бу гўё энг муҳим нарсадан айрилиб, сон-саноқсиз лаш-лушларга эга чиқишдай гап. Туйғусиз қалб ўликдир. Ҳайратлар, теран изтироб­лар, меҳрлар, севгилар йўқоляпти. Чингиз Айтматовнинг «Оқ кема» қиссасидаги бола образи инсониятнинг қаровсиз ва ҳимоясиз қолаётган етим қалбининг тимсолидир. Дунёда бор туйғуларидан айрилиб, хода каби серрайиб юрганлар сон мингта. Бир гурунгимизда раҳматли Абдулла акам бир гапни айтган эди: «Ишонасанми, гоҳида баъзи одамлар кўзимга илон бўлиб, баъзилари ит ё шоқол бўлиб кўринадилар. Бу шунчаки тасаввур эмас, аниқ шундай кўринадилар». Кундузи юлдузни кўра оладиган Абдулла ака бундай кимсаларнинг асл ҳолини ҳам кўра олган. ХХ аср шоири «Мен учун дунё­да ҳаммадан бадтар, Ҳайратни билмаган одамлар шўрлик» деб бекорга бонг урмаган эди. «Ишқсиз – эшак, дардсиз – кесак» деган мақол ҳам бор.
«Адабиёт кишини тарбиялаши шарт эмас» деган гаплар ҳам бор дедингиз. Қайсидир маънода бу фикрни ҳам инобатга олиш керак. Бир пайтлар Лермонтов «Менинг вазифам дарднинг давосини топиш эмас, дарднинг ўзини кўрсатиб беришдир» деган. Лекин Яссавий, Навоий, Румий, Толс­той, Гёте, Айтматов каби адабиёт даҳоларининг ҳаммаси ўз ижодини руҳ тарбиясига, туйғулар парваришига қаратган. Улар инсонни инсондай кўриш қайғуси билан яшаган. Антон Чехов «Ўзимдаги барча яхши фазилатлар учун китобдан миннатдорман» деганида адабиёт китобларидан олган тарбиясини назарда тутган. Бундан ташқари ҳаётнинг моҳиятида мислсиз буюк адабиёт яширинганига Қуръон ва Ҳадислар ҳар қадамда ишора қилиб туради. Оламнинг яралиши буюк математика бўлса, моҳияти буюк адабиётдир. Айни шу икки буюк қудратнинг бирлашуви олам моҳиятини намоён этади. 
«Шеър одамга ақл ўргатиши керак эмас, бундай гапларни ҳозир кўпчилик ҳавойи, баландпарвоз ваъзлар сифатида қабул қилади» деган гапларга муносабатимни сўрадингиз. Бу таъналарнинг пайдо бўлишида асос бор. Олди-қочдилар, ўлик насиҳатбоз­лик, қофиябозлик, ёлғон мадҳиябозлик сўзбозлик, хуллас, шу каби «...бозлик»лар авжга чиқиб, давраларнинг тўрига яловини қадаганда асл шеърлар хилватга чекинган, хослар билангина сирлашган. Бунинг оқибатида адабий дидсизлик, савиясизлик авж олиб, оммани чалғитиб юборган. Одамлар тўртта пуч қофияга ҳам «Шеър шу экан-да!» деб қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб кетаверишган. Охири шундай қашшоқ тоифалар пайдо бўлдики, улар ҳатто Яссавий фарёди билан эшак ҳанграшининг фарқига ҳам бормай қолдилар.
Бир куни бир даврада эдик. Бир шоир ўлик бир шеърни айрича пафос билан ўқиди. Роса қарсакбозлик бўлди. Мен мусаввир Акмал Нур билан ёнма-ён ўтиргандим, у деди: «Қаранг-а, бу шеърда, ҳаммаси жойида, ҳатто профессионал даражада! Лекин унда тирноқчаям дардни сезмадим.» Мусаввир ҳақ эди. Мени ошириб юборяпти демасангиз бир гапни айтсам: Миллат қачонки сохта адабиёт билан асл адабиётни тўлиқ фарқлай олсагина, ҳақиқий миллат бўла олади. Кейинги пайтларда шеърга ҳавас яна кучайиб кетди. Ҳамма шоир бўламан дейди, ёзувчи бўламан, дейди. Бир қарашда бу яхши! Бир қарашда эса, хавфли! Бедаво даъволар кўпаяди. Абдулла Ориф айтганидай «Асл нусхаман!» деб дод солувчилар кўпаяди. Бу эса миллий дидга салбий таъсир кўрсатади. Ҳасратни айтиш бошқа, маҳмаданагарчилик бошқа.
– Бир пайтлар «Пул санаётган одам» ҳикоянгиз катта адабиётшуносларнинг назарига тушганини эслайман. Шахсан менга қўриқхона ҳақидаги ҳикоянгиз кўпроқ манзур бўлган. Унда инсониятнинг фожиасини кўргандай бўламан. Кўнгилдаги оғриқлар, изтироблар, таназзул, дунёни ўртантираётган саволлар жавоби шу ҳикоя қатларида яширингандай...
«Акам келяпти» ҳикоянгизни ҳам замонавий адабиётшунослик алоҳида эътироф этди. Кўп муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳатто «бу ҳикоя шоир оғамизнинг насрдаги ижодининг авж нуқтаси бўлибди», каби эътирофлар қулоққа чалинди. Ҳикояда миллийлигимиз билан чамбарчас боғлиқ, лекин ўқувчи учун кутилмаган, бир қарашда илғаш анча мураккаб бўлган янгича бир услубни кўрдик. Ҳикоядаги қаҳрамонлардан бири – ровийнинг ўзи. Яна бири эса... уям ўзи. Ана шу икки «ўз» орасини туташтириш, мувофиқ равишда боғлаш асарни идрок этишда ўқувчи тафаккурини чиғириқдан ўтказади. Менимча, ҳикоянинг залвори шунда бўлса керак-а? Ё яна бошқа омиллар ҳам борми?

– Онда-сонда битта ҳикоя ёзаман. Баъзи ҳикоялар менга шеър каби келади. Айниқса, «Акам келяпти» ҳикояси худди шундай бўлган. Сергелида машина бозоридан нарироқда бир дўкон ёнида машина ичида ўғлимни кутиб ўтирган эдим. Эрта ўтиб кетган синглимни эсладим. Бирдан бир туйғу келди. Бу туйғу томоғимга тиқилиб қолди. Ҳаёт ва ўлим орасидаги сирни ҳис қилгандай бўлдим. Кўзларим жиққа ёшга тўлди. Менга ишонинг, шу ҳикоя бир неча лаҳзаларда бор шаклу шамойили билан кўриниш берган. Буни тушунтириб бўлмайди. Инсон хотираси ва туйғулари сиру синоатларининг тубига етиб бўлмайди. Яна бироз тафсилотларини айтсам, кимлардир олифтагарчилик қиляпти, ўзини кўрсатмоқчи бўляпти деб ўйлашади. Яхшиси, ўзим учун азиз бўлган нарсани кўпам очмаганим маъқул. Зарур бўлганда ўзингни яширишинг керак.
«Пул санаётган одам» ҳикояси аср фожиаси ҳақида. Пул ва қул ҳақида. Яқинда бир одам ижтимоий тармоқларда «Пул одамни бузади, дейишади. Пул мени бузса, бузиб ташласин, бутунлай бузиб ташласин!» деб чиқди. Албатта, у нима деётганини ўзи билмайди. Бу фожиани ҳис этмайди ҳам. Лекин у шу қулликка маҳлиё, бу қулликни озодлик, керак бўлса подшолик деб ўйлайди.
Мени айни пайтда бошқа нарса ўйлантиради. Азалдан башарият қалтис вазиятга тушганда ҳал қилувчи хулосани аҳли тафаккур айтган. Конфуций, Аристотел, Румий, Навоий, Толстойлар даврида шундай бўлган. Одамлар ҳам, подшолар ҳам уларга қулоқ тутишган. Аҳли тафаккур нима дер экан деб кутишган. Бугунги дунё бу миссия­ни пулдорларга топширди. Албатта улар ақлли, тадбирли одамлар. Лекин фақат ақлнинг ўзи тафаккур бўлолмайди-да. Бойлар дунё тақдири ҳақида башорат қиладилар, ҳал қилувчи хулосаларни улар айтадилар. Интернетни кузатсангиз бунга амин бўласиз. Ким билади, дейсиз. Балки шундай бўлиши керакдир. Бу борада ҳам адолатли хулосани Бобо Тарихнинг ўзи беради. Лекин нима бўлганда ҳам дунё саҳнида тафаккурнинг овози баланд бўлиши керак.

– Жуда кўп тансиқ омиллар – қадрият, анъана, урф-одат каби миллийлик дарахтининг ўнлаб илдизлари «глобаллашув» деб аталаётган шиддатли тегирмон домига тортилиб боряпти. Хусусан, бир мақолангизда сўз юритганингиз – эл-улус, ор-номус ҳам. Шу билан бир қаторда онамиздай азиз она тилимиз, жонга яқин сўзларимиз, нутқимизнинг миллий таровати ҳам заҳа еяётгани сир эмас. Сизнинг бу борада кўп йиллик амалий ҳаракатларингиздан жамоатчилик яхши хабардор. Туркий аждодларимизнинг залворли ишларини давом эттириб, «Бобо сўз изидан» йўлга чиққанингиз ҳам кўпчилик тилшунослар, соҳа мутахассислари учун янгилик бўлди, деб айта оламиз. Сизнинг қулоғингизга етдими-йўқми, ҳайтовур, бу китоб ҳақида «илмий асоси мустаҳкам эмас», қабилидаги гаплар ҳам айтилди. Эшитишимча, сиз бу йўналишдаги фаолиятингизни яна давом эттириб, шу китобнинг давомини ҳам тайёрлаётган экансиз. Юқоридаги каби танқидий гап-сўзлар мақсадингиздан қайтишга сабаб бўлмадими?

– Асло! Менинг бу китобим ўзи учун ўзи жавоб бера олади. Нафақат ҳозир, кейин-кейинлар ҳам. Ҳимоя қиламан деб ортидан югуриб юришим сира шарт эмас. Мен ҳар бир сўз ҳақида сўз айтиш учун ўнлаб манбаларни кўриб чиққанман. Азалдан карвон ўтаётганда атрофдан аллақандай товушлар эшитилиб қолиши бор гап. Бундай товушларни деб карвон тўхтаб қолмайди. Яна Абдулла акага мурожаат қилсак, у кишида шундай сатрлар бор: «Керак бўлса, менинг учун ҳам Жавоб берар Навоий бобом!» Менинг ҳам бу каби журъатим ортида суянчларим – Кошғарий бобом, Юсуф Хос Ҳожиб бобом турибди. Муҳими, бу китобнинг душманидан кўра, дўсти кўп бўлди, ҳатто жуда кўп! Муҳтарам адибларимиз, олимларимиздан ташқари оддий китобхонлардан, чекка қишлоқлардан самимий сийловлар эшитдим, кўплаб хатлар, чин кўнгилдан берилган маслаҳатларни олдим. Уларнинг самимияти учун қуллуқ қиламан. Мен «Бобо сўз» китоби нашрдан чиққанда бунчалик акс-садо беради деб ўйламаганман.
Мен табиатан анча вазмин одамман. Дуч келган билан ёқалашиб юришдан ор қиламан. Мақтанчоқликни ёмон кўраман ва бу ҳолга тушишдан уяламан. Лекин, барибир, бир нарсани айтишим керак. Ҳозирги шоирлар ва адиблар орасида ўзбек тилини яхши биладиганларнинг биттаси менман. Ўзбек тилида гапириш, мақола ёзиш, ҳатто китоб ёзиш мумкин, лекин бу дегани бу тилни яхши билади дегани эмас. Бу тилни яхши билиш учун унда яшаш керак. Мен бу тилда яшайман ва унинг тириклигини, ҳаракатини ҳис қилиб тураман. Мен сизга «Алпомиш»ни ўқиб беришим керак. Мен бу достонни китобдагидан мутлақо бошқача ўқийман. Муҳими, ўз оҳангида ўқийман. Қандай ўқишимни эшитсангиз мени яхши кўриб кетардингиз.

– Хабарингиз бор, бугун она тилимизнинг қадри ва қаддини кўтариш борасида янги бир тизимли фаолият амалга оширилиш арафасида. Сизнингча, бу фаолиятнинг самарали бўлиши учун нималарга эътибор қаратилиши зарур?

– Жуда кўп гаплар айтиляпти бу ҳақда. Бугунги глобаллашув жараёнида она тилимизнинг ҳимояси учун ҳамма жавобгар. Янаям қаттиқроқ айтсак, бешикда ётган гўдакдан тортиб, сўнгги сафарга отланаётган юздан ошган чолгача. Масала шунчалар жиддий! Рабиндранат Тҳокур «миллий жиноят» деган иборани ишлатган. Қўрқинчли ибора! Шундай эмасми? Чунки, бунда бир ё икки, ўн ё юз киши эмас, бутун миллат жиноятга қўл уради. Тарихда шундай қавмлар бўлган. Беруний бу ҳақда ёзиб қолдирган. Мен бу ҳақда «Оломон» номли ҳикоямда ёздим.
Тил маданияти, тилга муносабат миллий маданиятни шакллантиради. Тилга муносабатимиз қандай бўлса, маърифатимиз ҳам шундай бўлади.
Шу ўринда сабоқ бўладиган яна бир нарсани айтиб ўтишим керак. Биз ўсмирлик йилларимизда телевизордан Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов,Озод Шарафиддинов, Ҳалима Худойбердиева, Пиримқул Қодиров каби адиб ва шоирларимиз олиб борадиган кўрсатувларни кўриб улғайдик. Гап шундаки, улар бу кўрсатувларда оддий иштирокчи эмас, бошловчи бўлиб кўрсатувни бошқариб борар эдилар. Бу кекса-ю ёшга катта таъсир кўрсатган. Чунки уларнинг залворли фикрлари, ўзбек тилига меҳри, маърифати қайсидир маънода томошабинларга юққан. Эркин Воҳидовнинг «Ғазал оқшоми», Пиримқул Қодировнинг «Бир асар тарихи» кўрсатувларини эсланг. Энди-чи? Энди, айниқса, хусусий каналларда кўпроқ аллақандай шоучилару, ўзбек тилини билмайдиган эстрадачилар оғзига келган гапни гапириб, бемаъни қилиқларини намойиш қилиб кўрсатувлар олиб боришади. Булардаги савиясизлик ва бемаънилик ҳам қайсидир маънода томошабинларга юқади. «Қуш уясида кўрганини қилади» деган мақолни энди «Қуш экранда кўрганини қилади» деб айтса ҳам бўлар. Бу ҳақда мақолалар ёзиляпти. Катта минбарларда айтиляпти. Танқид бўлишади, гап эшитишади, яна барибир, ҳеч нарса кўрмагандай. Хуллас, гап таъсир қилмаса, қийин экан.
Бир пайтлар Расул Ҳамзатов «Агар она тилим эртага ўладиган бўлса, мен бугун ўлишим керак» деган эди. Шоир бу гапларни мустабид империя барча миллатлар бошида ойболтасини ўйнатиб турган даврда айтишга журъат топган. «Оммавий маданият» таъсири остида бутун дунёда кўплаб тиллар хатар ёқасига келиб қолгани ҳақидаги гаплар бот-бот такрорланяпти. Тилини асраб қолган миллатгина яшаб қолиши муқаррар. Шунинг учун кейинги икки-уч йил ичида Она тилимиз масаласида Президент бошчилигида катта ишлар бошланди. «Ўзбек тили байрами» куни эълон қилинди, Вазирлар Маҳкамаси қошида Давлат тилини ривожлантириш бўйича департамент ташкил этилди, муҳим қарорлар қабул қилинди. Шунда ҳам бепарво, лоқайд бўлишга ҳаққимиз борми? Бу ишда миллатнинг ҳар бир вакили масъул.

– Узоқ йиллардан бери журналистика соҳасида фаолият юритиб келяпсиз. Телевидение ва босма матбуот саҳифаларида бир-биридан долзарб чиқишларингизнинг гувоҳи бўлганмиз. Яқиндан бошлаб юқорида сўз очганимиз «глобаллашув тегирмони» босма матбуотни ҳам ўз таъсир доирасига янада кўпроқ торта бошлади. Айримлар ҳатто босма матбуотнинг «ўлими» ҳақида «башорат» беришяпти. Сизнингча, бу жараёнлар бизнинг ҳаётимизга қанчалик мос келади? Босма матбуотсиз жамият нимани йўқотадию, нимага эришади?

– Интернет сайтларини, ижтимоий тармоқларни кузатиб, бир хулосага келдим. Уларда мақола жуда кам, ҳатто йўқ. Фақат информация бор, ҳатто кўп. Информация ҳеч вақт мақола бўлолмайди. Бу ижод эмас, хабарчилик, холос. Хабарчи бўлиш учун кўп нарса керак эмас. Юқори талабга мос маълумот ҳам, савия ҳам, дид ҳам зарурмас. Иккита-учта жумлани эпақага келтириб етказолган ҳар қандай даражадаги одам хабарчи бўлиши мумкин. Интернетда камсонли истеъдодли ва жонкуяр журналистларимизни истисно қилганда, ҳаммаёқни хабарчилар босиб кетди. Шунинг учун бу ҳудудда фикрдан кўра, шовқин-сурон кўп. Бирам кўпэй, одам безиллаб қоляпти. Маданиятсизлик, фаросатсизлик билан тарқатиладиган хабарлар футболдан кейин стадионда тўзиб ётадиган «мусор»лардай ҳар қадамда сочилиб ётибди.
 
Мен «Фикрлаш тўхтаган жойда шовқин-сурон кўпаяди» деган гапга қўшиламан. Бу яхшилик белгиси эмас. 

Телевизору интернетда жуда кўп гапиришади. Одамни чарчатиб юборадиган даражада кўп гапиришади. Ҳаммаси бир хил гаплар. Фикр йўқ. Одам фикрни соғинар экан. Шунча кўп гапираётганлар бир замонлар буюк Пифагор фикрлашга ўрганиш учун шогирдларининг оғзига тош солиб юришга мажбур қилганини эслаб қўйишса, яхши бўларди.
Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтишим керак, токи бировлар бу одам интернетнинг душмани экан-ку, деб ўйлашмасин. Интернет даврнинг ғаройиб мўъжизаси. Инсон ақлининг қудратини намоён этган ҳайратланарли буюк кашфиёт! Уни ўрганиш ва ундан самарали фойдаланиш керак. Интернет ўзини билган савияли одамга катта ёрдам беради. Лекин ўзини билмаганни йўлдан уради. Унга кирган одам бир-бирига қарама-қарши икки қутб – эзгулик ва ёвузлик қутбларининг ўртасида туради. Танлов эса ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Шунинг учун бу кучдан нотўғри фойдаланишдан сақланиш шарт. Йўқса, тўғри йўлдан кетаётган одам ҳам чалғиб кетиши, майда-чуйдалар ё ҳар хил ёт таъсирлар гирдобида ғарқ бўлиб кетиши мумкин.
Газета ўқиётган ё журнал варақлаётган одам кўзингизга бошқачароқ кўринади. Уларда зиёлилик нурини сезасиз. Босма матбуот эшитиладиган нарсамас, ўқиладиган, керак бўлса, юз йилдан кейин ҳам қайсидир ҳодисага гувоҳлик берадиган, одамлар дунёқарашига, ёзма нутқига, тафаккурига таъсир кўрсатадиган манба бўлиши керак. Тарихни шамолга муҳрлаб бўлмайди. Тарих китобларга, ёзма манбаларга муҳрланади. Бундан бир неча йил аввал Китоб палатасидаги газета-журналлар, китоблар сақланадиган архивга кирдим. Бундан юз йил аввал чиққан газеталарни варақлаб кўрдим. Сарғайган саҳифаларда Беҳбудий, Авлонийларнинг мақолаларига дуч келдим. Қодирий, Чўлпон, Фитратларнинг биринчи китобларини қўлим билан ушлаб кўрдим. Хуллас, мен миллатнинг юз йиллик тарихи билан юзма-юз тургандай бўлдим. Бу тарих ҳақиқати-ю ёлғонлари билан, ютуқлари-ю хатолари билан қаршимда рўйи рост турарди. Шунда босма матбуотнинг моҳиятини ҳис қилдим.
«Ижодий ёндашув» деган гапни ке­йинги пайтларда шунчаки навбатчи гапга айлантириб қўйдик. Чунки, сохта, ярамас, халтураларга ҳам ижод деб тамға уриб ташлаяпмиз. Телевизорда «мани эъжодимда» деб бонг уриш «мода» бўлди. Шу гапни гапираётган одам ижоднинг кўчасига яқин йўлай олганми деб ҳеч ким сўрамайди. Ҳолбуки, «ижодий ёндашув» биз ўйлагандан кўра, катта тушунча. Одамнинг кимлигини белгилаб берадиган мезон ҳам шу. Босма матбуот ижодий ёндашувни талаб қиладиган соҳа. Шунинг учун босма матбуот ўлиши эмас, аксинча ўсиши керак. Мен бу ўринда аллақандай кўча нашрлари, савиясиз нашрлар ҳақида гапираётганим йўқ, улар аллақачон жонга тегиб бўлган, балки босма нашрларнинг маънавий қиёфасини, интеллектуал салоҳиятини намоён қиладиган ўз овозига эга журнал-газеталар ҳақида айтаётирман.
Навоий бобомиз фаолияти билан жадид боболаримиз фаолияти ўртасида шундай муштаракликни кўраманки, улар миллат тарбияси учун нима зарур бўлган бўлса, ҳаммасини қилганлар. ХХI аср миллатлар учун қалтис аср бўлади. Энди бу аниқ. Қайси маънодаки, инсонпарварлик кўринишида, чиройли тусда пайдо бўлган авровчи ўпқонлар кўплаб миллий қадриятларни ютиб юборади. Ўзини сақлай олган миллатларгина бу маънавий буҳрондан омон ўта олади. Мен миллий руҳимизнинг нечоғли азизлигини ўзимнинг ҳаётим мисолида ҳис эта оламан. Олис боболариму момоларимдан тортиб, келажак невара-чеваралариму эвараларимгача, ҳаммамизни шу нарса бирлаштириб туришини, бусиз бир-биримизга етти ёт бегона бўлиб қолишимизни тушунаман. Миллий руҳдан путур кетди дегани ота билан ўғил ўртасидаги, она билан қиз орасидаги эзгу муносабатлардан, меҳр ва муҳаббатдан путур кетди деганидир. Шунинг учун миллат ўз миллий руҳини жонини ҳимоя қилгандай ҳимоя қилиши керак.

– Қайси китобни ҳаётингизни ўзгартирган китоб сифатида эътироф эта оласиз ва нима учун?

– Бундай китоблар умрнинг ҳар хил фаслларида бўлади. Болаликда, ўсмирликда, ёшликда. Кейинги пайтларда ҳаётимни ўзгартирган китоб Алишер Навоийнинг «Насойим-ул муҳаббат» асари бўлди. Қайта мутолаа вақтида кўп нарсани ҳис қилдим. Кўп нарса кўзимга майда-чуйда кўриниб қолди. Инсон руҳининг мислсиз сирлари ҳақидаги бу китоб фикримдагина эмас, қалбимда ҳам ўзгаришлар ясади.

– Шоирни нима қаритади?

– Дунёнинг ташвишлари. Абдулла ака бу ҳақда алоҳида шеър ёзган. (У кишини бу суҳбатимизда кўп эсладик. Биздан рози бўлсинлар.) Навоийни ҳам шу нарса қаритган. Шеър ва ижод қанча машаққатли бўлса ҳам, шоирни яшартиради, дунёнинг ташвишлари қаритади.

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

Ғулом БОБОЖОНОВ
суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Унинг меҳнати  эл дастурхонида  эъзозда туради

Унинг меҳнати эл дастурхонида эъзозда туради

🕔22:35, 07.04.2024 ✔55

Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.

Батафсил
Ҳамиша масъулиятли  бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг  муҳим шарти

Ҳамиша масъулиятли бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг муҳим шарти

🕔16:47, 25.01.2024 ✔102

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсaнeм БЕГИМОВА билан суҳбат

Батафсил
Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

🕔10:00, 23.01.2024 ✔108

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати, Ўзбекис­тон Экологик партияси аъзоси Муҳаббат Сафоева билан суҳбат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар