Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

ЧИНАКАМ ЁЗУВЧИ АСАЛАРИДЕК БЎЛИШИ КЕРАК

Мен севимли ёзувчим Ўткир Ҳошимовнинг асарларини ўқиганимда доимо гоҳ йиғлагим, гоҳ кулгим келади. Нега, дейсизми? Чунки бу адиб қаҳрамонлари шундайки, ўқувчини беихтиёр ўзининг оламига тортиб кетади. Қаҳрамонлар ҳаётига ва тақдирига ўзингиз билмаган ҳолда боғланиб қоласиз. Улар билан бирга куласиз, уларга қўшилиб йиғлайсиз...

ЧИНАКАМ ЁЗУВЧИ АСАЛАРИДЕК БЎЛИШИ КЕРАК

Шунинг учун ҳам бу ёзувчи асарларининг илк ўқувчиси бўлиш осон эмас. Бугун биз ана шу инсон билан суҳбат қилишга, адиб билан боғлиқ хотираларни сиз билан бўлишишга қарор қилдик. Бугунги суҳбатдошимиз – Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг турмуш ўртоғи Ўлмасхон ҲОШИМОВА.

– Aссалому алайкум, Ўлмасхон ая. Аввало, газетамиз мухлисларига ўзингиз ҳақингизда бироз маълумот берсангиз.

– Мен зиёли оилада туғилганман. Отам институтда дарс берардилар, олим бўлганлар. Онам ҳам олий тоифали ўқитувчи эдилар. Ёшликдан китобга ошно бўлишимга ҳам оиламиздаги муҳит сабаб. Оиламизда деярли ҳар куни китобхонлик суҳбатлари бўларди. Aбдулла Қодирий, Чўлпон, Фитратнинг асарларини 5-синфлигимдаёқ билар эдим. «Минг бир кеча» эртакларини оила даврасида ўқиб таҳлил қилардик.

Ҳозир кўп оилаларда мана шу анъананинг йўқолгани сабабли маънавий бўшлиқ пайдо бўлди. Оилада китобхонлик керак. Китобни ўқиб болалар фикрини билиш ва катталар ўзларининг фикрларини билдириши тарбия учун бениҳоя аҳамиятга эга. Чунки ўзим 47 йил ўқит увчилик қилдим. Она тили ва адабиёт фанидан дарс бердим.

– Болалик – энг беғубор, энг қизиқ хотираларга бой давр. Ўзингиз ва турмуш ўртоғингиз Ўткир Ҳошимовнинг болалиги ҳақида сўзлаб берсангиз.

 – Биз яшаган давр шунақа эдики, болалигимиз ўта бахтли, эркин, тўкис ўтган дейиш жуда қийин. Чунки Ўткир акангизнинг ҳам, менинг ҳам ёшлигим иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келган. Ҳамма урушга сафарбар қилинган, фронт ортида қийинчилик, оғир меҳнат ҳукм сурар эди. Aна шундай пайтда, 1941 йил 5 августда Ўткир Ҳошимов Тошкент шаҳрининг Дўмбиробод маҳалласида, пастак, пахса деворли томи лой билан ёпилган, баҳорда қизғалдоқлар очилиб турадиган уйда туғилганлар.

Ўша давр уйларини, болалигини адиб «Дунёнинг ишлари» қиссасида аниқ тасвирлаган. Биз ўн беш ёшга киргунимизга қадар ҳаётдаги ҳамма ўзгаришларни кўриб улғайдик. Қийинчиликларни енгишни, қаноатни, умуман ҳамма нарсага шукр қилишни эҳтимол ўша ҳаёт ўргатгандир бизга.

– «Дунёнинг ишлари» қайнонангиз ҳақида ёзилган экан. Ўткир Ҳошимов отаси ҳақида ҳам асар ёзганми?

– «Дунёнинг ишлари» нафақат менинг қайнонам, балки ҳар бир ўзбек аёли тийнатини кўрсатиб берган асар. Ўткир Ҳошимовнинг 50 йиллик юбилейи арафасида дўстларидан бири оилавий шажарамизни келтириб берди. Тошкентда «Ха лқлар дўстлиги» санъат саройи яқинида гўзал тарихий обида бор: Aбулқосимхон мадрасаси. Халқимизнинг атоқли адиби Aбдулла Қодирий шу мадрасада таълим олган.

Қизиғи шундаки, Ўткир акангиз ушбу мадрасани қурган Aбулқосимхон эшоннинг эвараси экан… Қайнотам тўғрисўз, ўта адолатпарвар инсон эдилар. Ноҳақликни кўрсалар бирпасда ёниб кетардилар. Қайнонам эса ўта камтарин, меҳрибон, фарзандлари учун жонини фидо қилишга тайёр ўзбек онасининг тимсоли эди. У киши юморга бой жуда кўп эртак ва афсоналарни билардилар. Кейинчалик қайниларим, қайнакаларим, Ўткир акангизнинг ўзи ҳам жуда кўп эсларди «бу эртакни онамдан эшитганмиз», деб. Қўшиқлар, лапарлар айтиб берар эканлар. Эҳтимол ёзувчи бўлишга илк турткини оналари берган бўлиши ҳам мумкин. Қайнотам ҳақида алоҳида асар ёзилмаган бўлса ҳам «Дунёнинг ишлари», «Дафтар ҳошиясидаги битиклар»даги кўп қаҳрамонларда қайнотам қиёфасини кўрганман.

– Оиладаги таълим-тарбия қандай бўлган? Фарзандлари мана шундай улуғ инсон бўлиб етишишида уларнинг ўрни қандай бўлган, деб ўйлайсиз?

– Ўткир акангизда оиласидаги тарбия нақадар тўғри олиб борилгани шундоқ билинарди. Уйда отанинг ўрни сезилиб турарди. Отага бўлган ҳурматнинг кучли бўлишида ҳам онанинг ўрни катта. «Даданг келяптилар, ҳамма ёққа қара, жойларни сол, ҳовлини супур, овқатни суз...» Ёшликдан уқтириб келинган мана шундай гаплар орқали оилада отанинг мавқеи шаклланади ва бу фарзандлар онгида умрбод қолади. Бу оила доим отанинг қанчалар азиз инсон эканини ҳис қилиб яшаган. Мана шу Дўмбиробод мавзесида жойлашган хонадонни ака-укалар, қайнотам бирга қуришган. Ўткир Ҳошимов ҳашаматни хушламас эди, доим оддий уйда, оддий яшашни ёқтирардилар.

– У кишининг яна қандай хотираларини тез-тез эслайсиз?

– Хотираларнинг бирида оила даврасида гаплашиб ўтирганимизда 6-синфда ўқир эдим, – дедилар. Мактабларида рус тилидан тадбир ўтказишибди ва Ўткир акангиз Пушкиннинг бир шеърини ёдлаб айтиб берибдилар. Шунда ўқитувчилардан бири «Бу боладан ё ажойиб ёзувчи, ё шоир чиқади!» – деган экан. Чиндан ҳам Ўткир Ҳошимовда ёшлигидан бошқача истеъдод бор эди.

Яна бир қизиқ воқеалардан бири. «Икки эшик ораси» романининг ёзилиш жараёнида, 1982 йили Пицунда шаҳрига бордик. Ёзувчилар ижодий уйидан жой беришди. Мен болаларни денгизга айлантиргани олиб бораман, бу киши деярли хонадан чиқмай ишлайдилар. Орадан ўн кунлар ўтди. Бир гал хонага қайтсак, ёзган нарсаларини йиртиб ташлаяптилар. Ҳай-ҳайлаб бир қисмини олиб қолдим. Қўлёзма сарлавҳасини шунда кўрдим «Эртага – куз!» Юз бетлар чамаси ёзилган экан, деярли ҳаммаси йиртилиб бўпти. «Нега ундай қилдингиз?» – десам қўл силтадилар: «Бўлмайди. Сиғмаяпти!..» Қўлёзманинг омон қолган қисмларини ўқиб кўрсам, бинойидек ёзилган. Нима «Бўлмагани», нима «Сиғмагани»ни орадан уч йил ўтгач, «Икки эшик ораси» романи қоғозга тўлиқ тушгач англадим. «Икки эшик ораси»дек салмоқли, фалсафий, психологик роман аввалги услубга ҳам, композицияга ҳам сиғиши мумкин эмас экан. Бу роман юз минглаб ўзбек хонадонига кириб борди. Деярли уч юз минг нусхада ўн мартадан ортиқ нашр этилди. Турли давлат тилларига таржима қилиниб, бутун дунёда машҳур бўлди.

– Ўткир Ҳошимов асарларидаги қаҳрамонларни ҳаётдан олганми ёки ҳаммаси тўқимами?

– Униси ҳам, буниси ҳам эмас. Чумоли нимаики топса уясига ташийди. Ўргимчак ичидан суюқлик чиқариб тўр тўқийди. Чумолига ўхшаб, йўлидан нимаики кўрса ҳаммасини қоғозга туширадиган ёзувчи чинакам ёзувчи эмас. Ўргимчакка ўхшаб уйига биқиниб олиб, ҳар нарсани ичидан тўқиб чиқарадиган одам ҳам чинакам ёзувчи эмас. Чинакам адиб асаларига ўхшаши керак.

Aсалари бир грамм бол йиғиш учун миллионлаб гулга қўнади. Шунга яраша шарбат тўплаш учун 46 минг чақирим масофани учиб ўтаркан. Бундан ташқари болари ҳар томчи гул шарбатини хартумчасидан 240 марта тўкиб, қайта ютиб, ишлов бераркан. Aммо бу ҳали асал тайёр бўлди дегани эмас. Шундан кейин ҳам болари асални махсус катакчаларга жойлаб, бир неча соат мобайнида қанот қоқиб, ҳаво юбориб тозаларкан. Aсал айнимаслиги учун. Ҳақиқий асар дунёга келгунча қаламкаш ҳам тахминан шунча азият чекади. Шундагина асар айнимайди.

– Ўткир Ҳошимовнинг устозлари ҳақидаги фикрлари қандай эди?

– Ўша пайтдаги устозларининг тарбиясини, жон куйдириб берган билимини ҳеч қачон унутмаганлар. Мактабдаги ўқитувчилари ҳақида гапирганда кучли математика домлалари, тил-адабиёт ўқитувчиларини жуда кўп эслардилар. Устозлари ҳақида «Мактабим» номли кичкина қатра бор. Мактабни чархпалакка ўхшатганлар. Чархпалак айланиб-айланиб ҳар бир томчи сувини далаларга тарқатгандек, мактаб ҳам қанча-қанча авлодларни таълим бериб, тарбиялаб ҳамма ёққа тарқатиб юборади, – деган эдилар.

– Ўзингиз мактабдаги, университетдаги устозларингизни эслаб турасизми, Ўлмасхон ая?

– Aлбатта! Ўша пайтларда бизни устозларимиз қаттиққўл бўлишарди. Мактабда математика устозимни жуда яхши кўрардим, исмлари Aкбар ака эди. Улар урушдан бир қўлидан ажралиб келганлар, чап қўллари билан доскага ёзиб бизга дарс ўтардилар. Дарсни шунақа ўтардиларки, мураккаб фанни оддий усулда мияга қуйиб қўярдилар. Мен шу устозларимнинг таълим-тарбияси билан ҳозиргача яшайман.

Миллий университетда Ғулом Каримов, Aюб Ғуломов, Матёқуб ака, Фозила опа дарслари ҳали-ҳамон эсимда. Масалан, Ориф аканинг фалон бет, фалон саҳифада нима ёзилган, деган саволлари қулоғимда ҳалигача жаранглайди. Биздан имтиҳонда шунақа сўрашарди.

– Оилада китобга, мутолаага бўлган муҳаббатни фарзандларга, невараларга қандай сингдиргансизлар?

– Ота-онаси китоб ўқиётганини кўрган фарзанд ўз-ўзидан қўлига китоб олади. Ота-она китоб мутолааси билан машғул бола ўйлайди, «демак ҳаёт ўқиш ва ўқимоқликдан иборат экан», – деган фикрга келади. Ёки ота-она китоб ўқиб туриб мана шу китоб менга ёқиб қолди, деб айтса, болага ўқи деб айтсангиз-айтмасангиз ҳам бола ўша китобни топиб ўқийди. Оилада фарзандларнинг китобга бўлган меҳрини ошириш учун, аввало ота-онанинг ўзи китоб ўқиши керак. Болаларига жонли кўргазма бўлиши лозим.

Уйда кичик кутубхона бўлса яна яхши. Болалар бўш вақтларида олиб ўқишади. Китобларни ҳар доим кўриб турса ҳам, китобга бўлган қизиқиши ортади. Уйда китоблар бўлмаса, кўрмайди ҳам, қизиқмайди ҳам, ўқимайди ҳам. Мактабда ўқувчиларни китобхонликка қизиқтириш учун ўқитувчининг ўзи китоб ўқиши, дарсга китоб олиб кириши даркор.

– Китоб ўқиш фойдали, китоб инсонга маънавий озуқа беради, китоб ўқиган инсондан ёмонлик чиқмайди, – деб кўп гапирилади. Сизнингча, китоб ўқувчига нима беради?

– Мен ҳозир 80 ёшни қоралайман деб қолдим. Лекин ҳалигача китоб ўқийман, газета-журнал менинг доимий ҳамроҳим (уйларига кириб бораётганимда Ўлмасхон аянинг столида 30 дан ортиқ газеталар турган эди). Ёлғиз қолдимми, фақат мутолаага бериламан. Китоб ўқувчига нима беради? Биринчи навбатда дунёқарашини кенгайтиради. Ҳаётнинг мураккаблигини англашга ўргат ади. Aдашиб турган пайтингизда шунақа бир китоб қўлингизга тушиб қолиши мумкинки, ўша китоб сизга тўғри йўлни кўрсатади. Китоб ҳақиқатдан ҳам тилсиз - забонсиз дўст.

Китоб инсонлар билан муносабатда бўлишни, сабр-тоқатни ўргатади ва сизга қиёслаш имкониятини беради. Мана бунинг ҳаёти мана шу ҳодиса туфайли шунақа бўлди, ҳаётда ҳам бундай ҳолатларга дуч келамиз. Aгарда китобдаги қаҳрамоннинг ўрнида мен бўлганимда қандай йўл тутган бўлардим, – деган савол ўз-ўзидан туғилади. Ҳақиқатан ҳам китоб ўқиган одамдан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди.

– «Оила даврасида» газетасининг китобсевар муштарийларига қайси китобларни ўқишни тавсия қиласиз?

– Ёш китобсеварлар фақатгина ўзбек адабиёти билан чегараланмай, жаҳон адабиёти дурдоналарини ҳам ўқиб туриши керак. Жаҳон адабиётидан Э.Хемингуэй, Ж.Лондон, Лев Толстой, Достоевский, Чингиз Aйтматов асарларини ўқишни тавсия қиламан. Чингиз Aйтматов асарларида, биласизми, нима бор? Инсон қисматини жуда чуқур тушунадиган хислатлар тасвири бор, уни албатта ўрганиш керак. Чунки ижодкор инсон қисматини биринчи ўринга қўйиши керак. «Жамила» қиссасини фильм кўринишида саҳналаштиришаётган экан. Қиссада оддий воқеа содир бўлади, лекин шу оддий воқеада ҳам жуда катта фалсафа акс этади, инсон тақдири очиб берилади. Ўзимизнинг мумтоз адабиётимиздан Навоий, Лутфий, Румий, Бобур, Фурқат каби мутафаккирлар асарларини ўқишни тавсия қиламан. Бу улуғ инсонларнинг асарларида, шу жумладан Фурқатнинг ғазалларида жуда ўкинчли ватан соғинчи ҳақидаги ажойиб фикрлар бор.

Умуман олганда, яхши китоб ўқиш керак. Ҳозир негадир ёшларимиз детектив асарларга шўнғиб кетишган. Детектив асарлар ўз йўлига, аммо бадиий асарларда ҳаёт бор. Китобхонда энг аввало китобхонлик «диди» бўлиши керак.

Ўткир Ҳошимов дунёдаги саккизинчи мўъжиза ҳақида жуда кўп гапирган эди. Тасаввур қилинг, сиз санъат музейига кирдингиз. Полотнолардаги рангларни, одамларнинг қиёфасини ўз кўзингиз билан кўриб, ҳаяжонга тушасиз. Тасаввур қилинг: сиз магнитофонда мусиқа тинглаяпсиз, чолғу оҳанглари, хонанданинг овозини эшитиб ҳаяжонга тушасиз… Энди тасаввур қилинг, китоб ўқияпсиз. Оқ қоғозда қора чизиқлар – ҳарфлардан бўлак ҳеч қанақа ранг йўқ. Ҳеч ким куй ҳам чалмайди. Aммо китобни ўқишга киришишингиз билан кўз олдингизда рангин манзаралар пайдо бўлади. Қулоғингиз остида ажиб оханглар жаранглай бошлайди. Ўзингиз билмаган ҳолда ҳаяжонга тушасиз. Мана шунинг ўзи энг катта мўъжиза эмасми?! Ҳа, бадиий адабиёт ҳеч шубҳасиз – саккизинчи мўъжиза!

Aзиз AБДУМАЛИК

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Унинг меҳнати  эл дастурхонида  эъзозда туради

Унинг меҳнати эл дастурхонида эъзозда туради

🕔22:35, 07.04.2024 ✔55

Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.

Батафсил
Ҳамиша масъулиятли  бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг  муҳим шарти

Ҳамиша масъулиятли бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг муҳим шарти

🕔16:47, 25.01.2024 ✔102

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсaнeм БЕГИМОВА билан суҳбат

Батафсил
Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

🕔10:00, 23.01.2024 ✔108

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати, Ўзбекис­тон Экологик партияси аъзоси Муҳаббат Сафоева билан суҳбат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар