Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

Бу дунё арзимас фидо бўлишга...

Рислиғой Ҳотамовани бир сўз билан камтарин шоира, дегим келади. Чунки унинг шеърларига басталанган қўшиқлар кириб бормаган хонадон кам, ёшу қари бирдек унинг қаламига мансуб сатрларни хиргойи қилади. Лекин шоирани ҳамма ҳам билмаслиги мумкин.

Бу дунё арзимас фидо бўлишга...

Атрофимда на пасткаш, на мард қолди,

Юрагимда на орзу, на дард қолди.

Тоғларга тенг бардошимдан гард қолди,

Мени кўкка олиб учинг бургутлар.

Телба истак исён қилар танимда,

Бир дардкаш йўқ, ҳабибим йўқ ёнимда.

Жой қолмаган мендайларга заминда, Мени кўкка олиб учинг бургутлар… Мана шу машҳур сатрлар ҳам Рислиғой Ҳотамовага тегишлидир. Шоиранинг «Ёр-ёрни айтинг» (Гулсанам Мамазоитова томонидан куйланган), «Бургутлар» (Юлдуз Усмонова томонидан куйланган), «Болам дема» (Озодбек Назарбеков томонидан куйланган) каби машҳур шеърлари «Икки дил баёзи», «Дийдор ширин», «Совчилар», «Ошиқларга ўлим йўқ» сингари тўпламларда жамланган.

Шоира билан суҳбатимиз жуда қизиқарли ва мазмунли кечди.

– Рислиғой опа, аввало таклифимизга рози бўлганингиз учун раҳмат. Айтингчи, ижодкор бўлишингизга ким ёки нима сабаб бўлган?

– Шоиралик тақдиримда бор экан. Сабабчиларини фахр билан айтаман: ниҳоятда сўзамол бувим, эртакшунос онам, китобдан бош кўтармайдиган опаларим (кўзига ёш олади). Акам, укам, уларни 7 ойдан буён кўрмайман. Ва яна она тили ўқитувчиларим.

– Суҳбатимиз бошданоқ кайфиятингизни туширамиз, деб ўйламагандик. Шу ҳолат билан боғлиқ ҳолда яна бир илтимос: ўзингиз ўқиганда ҳам йиғлайдиган ёки энг яхши кўрган шеърингиз борми?

– Келинг, парча ўқиб берай: Ушатиб еяпти мени бу дунё, Бир кун ушоқ бўлиб тугашим аниқ.

Лекин умидим бор – сўнгги лаҳзада Мени еб кетади энг гўзал балиқ.

– Сиз ҳаётда кўпроқ нимадан қўрқасиз?

– Қўрқувлар ҳам ўзгариб турар экан вақти-вақти билан. Бандага муҳтож бўлиб ётиб қолишдан, касал бўлиб узоқ шу ҳолатда бўлишдан қўрқаман. Кимнидир овора қилиб, елкасида юк бўлишдан қўрқаман.

– Кўпчилик сизни ҳурмат қилади, яхши кўради. Сиз-чи, ҳаётда кимларга ачинасиз?

– Сизни яхши кўраман деган гап қуёшнинг битта нурига ўхшаб юрак қатига кириб иситади, қиздиради. Бу жуда ҳам ёқимли, яхши гап, шундайми? Мен ҳеч кимни яхши кўрмайдиган одамларга ачинаман. Бор шундай инсонлар, нафақат атрофидагиларни балки ўзини ўзи яхши кўра олмайди улар. Ана шуларга ачинаман. Жуда ҳам…

– Рислиғой опа, қандай шиорни маҳкам тутгансиз?

– Битта шиор: Бу кун охирги кун!

– Нега машҳур бўлишга ар зигулик, давра ларни қиздиргулик, ойнаи жаҳонни тўлдиргулик ижодингиз бўлса-да, кўп ҳам кўзга кўринавермайсиз?

– Машҳурлик яхши нарса эмас-да, назаримда. Одамларнинг кўзига тезтез ташланиб туриш, уларни диққат марказида бўлиш ниҳоятда оғир савдо. Инсонсиз, бирда бўлмаса бирда хато қиласиз. Бехато ҳеч ким йўқ. Битта хато қиласиз, сизни бирданига ҳамма ёмон кўриб қолади. Назоратда турасиз. Бақириб йиғлагингиз келса индамай йиғлашингиз, қаттиқ кулгингиз келса, жилмайишингиз керак. Кечирасиз-ку, урворишингиз керак бўлса ҳам қўлингизни кўксингизга қўйишингиз шарт. Бу назоратни эплай оладиган бор, эплай олмайдиган бор. Мен жуда эркин одамман, шунинг учун диққат марказида туришдан қочиб юраман.

 – «Муваффақият сиз чиққан» шеърларнинг уволи бор деб ўйлайсизми? Ижодкор ўз ёзиқларидан қониқмаган пайти сўзни исроф қилмаслиги керакми ёки нима бўлганда ҳам ёзишдан тўхтамаслиги?

– Муваффақиятсиз чиққан шеърни ўзингиздан бошқага ўқитмайсиз. Ўзингиз такрор ўқиб қаерида юрагингиз жиз этмаган бўлса, ана шу ерига эътибор берасиз. Муваффақиятсиз шеърнинг ўқувчиси ҳам битта бўлиши зарур – бу ўзингиз.

– Шоир шеърида нима демоқчи экани фақат ўзига аён. Сизда ҳам шундай сирлар яширинган, лекин мухлислар тўла англамаган шеърингиз борми?

– Бор, лекин буни шеър дея олмайман. Сабабики, атрофимда ниҳоятда нозик таъбли, чуқур билимли, олим инсонлар кўп. Битталари бўлмаса битталари билиб қолишади, англаб олишади. Шеърни ёзилаётгандаги шоирнинг ҳолати, мақсади, кўнглидан ўтказган туйғуси фақат ўзига аён.

– Сизни ҳар қандай ҳолатда ҳам хурсанд қиладиган нарса нима?

– Эшикдан онам кириб келсалар, шундай севинаманки… Тасаввур қилинг: беш ёшли бола сакрайди-ку осмонга. Менинг ҳам қувончим уникича бўлади. Боладек ирғишлаб кетсам, дейман. Мени доим хурсанд қиладиган бахт шу.

– Ёшлигингизда ким бўлишни орзу қилгансиз?

– Ёшлигимда шифокор, хирург бўламан дердим.

– Агар ҳаёт манзарасини акс эттириш керак бўлса, ҳаёт суратини нималарда тасвирлаган бўлар эдингиз?

– Чиқаётган қуёш, ботаётган қуёш – мана шу менинг хаёлимдаги Ҳаёт сурати.

– Шеър ёзиш учун инсонга ғойибдан илҳом келади. Сизга неча ёшингизда илҳом келган ва шу илҳомдан туғилган илк шеърларингизни эслайсизми?

 – Адашмасам, 16 ёшларимда. Мактабда ўқирдим. Мана шу шеър ёзилди, Жуда машҳур қўшиқ ҳам бўлди.

Кўтаришиб тугунларини

Кириб келди уйга совчилар,

Сўзга чечан аврашга уста,

Бироз айёр бироз лофчилар.

Чой ичишгач бир пиёладан,

Сўз очишди куёв боладан.

Мусичадай беозор ювош,

Тили ширин зўр қайнонадан.

Зап ҳунарманд мулла дейишди,

Ғирт безори болаларини,

Обрўсини рўкач қилишди

Сўнг амма-ю холаларини.

Эркагина жайрон эдим-а,

Тилло занжир солиб кетишди,

Айлантириб онам бошини

Менинг бошим боғлаб кетишди.

Қиз боладир палахмон тоши,

Мен нима ҳам қила оламан.

Келин бўлай бор аламимни

Ўша безоридан оламан.

– Рислиғой опа, ҳаётнинг энг оғир дамларида кимга суянасиз?

– Оғир дамларда ягона суянчиғим Аллоҳ. Биров кўнглимни оғритиб қўйса ҳам йиғлайман, Аллоҳга айтиб. Ишонасизми, ўша куни Аллоҳдан юпатувчи албатта нимадир ишора бўлади. Яратганга шукрлар айтаман.

– Кимдир шеърни бир ўтиришда ёзишга уринса, бошқаси хаёлига келган чиройли сатрларни дафтарчасига қоралаб қўйиб, кейин шеърга айлантиради. Сизда қандай кечади?

– Бир деганда ёзилади дейди-ку. Кимдир сизга айтиб туради гўёки, сиз кўчириб оласиз. Қайси шеърим қўшиқ бўлиб, эл ичида яшаётган бўлса, булар бир нафасда ёзилган.

– Шундай вазиятлар бўладики, кимгадир чин дилдан ёрдам бермоқчи бўласиз-у, лекин сизда фурсат етмай қолади…

– Афсуски, менда кўп бўлади шу ҳолат. Ҳали ҳам ичимда бир армоним бор. Қўқонда бир қиз ўн йиллар олдин «Сиз билан кўришиш учун Қўқоннинг бозорида гадо бўлишга ҳам розиман», деган эди. Шу қизни ўша вақтлардаёқ бориб кўрмоқчи бўлдим. Минг афсуски, бора олмадим. Ўша пайтда манзилини аниқ қилиб ололмаганим учун афсусдаман. Бу энг катта афсусларимдан биттаси. Кейин, 1998 йили Республика ёш ижодкорларининг «Зомин» семинарига борганимда олтинкўллик бир қиз менинг озгина соғлиғим ёмонлашганда жуда катта яхшилик қилган. Шу қизни топа олмайман. Ёрдам бериш учун эмас, шунчаки соғиниб топа олмайман…

– Ёшлик чоғингизда эришган энг катта ютуқларингиздан бири ҳақида гапириб берсангиз.

– 1998 йили анъанавий «Зомин» семинарида биринчи ўринни олган эдим. Ҳалима Худойбердиевадек катта шоира «Орангизда «йўлбарсни қўйнида ухлагим келар», – деб шеър ёзган шоира бор эди. Қани?», – деганлар. Раҳматли Абдували Қутбиддин «Намангандан Машраб келибди. Мен Машрабни топдим», – деган эдилар. Ўша сўзларнинг ўзи энг катта ютуғим бўлган.

– Келинг опа, ўша сатрлар айтилган шеърингиздан парча ўқиб берсангиз.

– Марҳамат:

Қуёшда бойчечак кўргим келяпти

Булутда тик оёқ тургим келяпти.

Телба кўнглим телба истак қилади,

Сув устига кулба қургим келяпти.

Ўйнагим келяпти капалак билан,

Белангим келяпти камалак билан.

Юзига юз босиб ҳол сўргим келар,

Болалигим – сочи жамалак билан.

Йўлбарснинг қўйнида ухлагим келар,

Оловни қўлимда ушлагим келар.

Кўнглим арқонини узун ташласам,

Кийикнинг шохидан тишлагим келар.

Бу хил орзулардан уйқум келяпти,

Ҳаётда эртакни кўргим келяпти.

Иложсиз орзунинг боридан йўғи,

Сувга нон оқизиб егим келяпти…

– Ажойиб ва дилкаш суҳбат учун Сизга раҳмат! Ижодингизга зафарлар тилаймиз.

Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси

Гулнора ШЕРМАТОВА

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Унинг меҳнати  эл дастурхонида  эъзозда туради

Унинг меҳнати эл дастурхонида эъзозда туради

🕔22:35, 07.04.2024 ✔55

Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.

Батафсил
Ҳамиша масъулиятли  бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг  муҳим шарти

Ҳамиша масъулиятли бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг муҳим шарти

🕔16:47, 25.01.2024 ✔102

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсaнeм БЕГИМОВА билан суҳбат

Батафсил
Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

🕔10:00, 23.01.2024 ✔108

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати, Ўзбекис­тон Экологик партияси аъзоси Муҳаббат Сафоева билан суҳбат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар