Долзарб мавзу      Бош саҳифа

«БУХОРИЙЛАРДАН ЁМОНЛИК ЧИҚҚАН ЭМАС»

Жорий йилда етти мингдан ортиқ юртдошларимиз муборак Ҳаж амалларини бажаришга муваффақ бўлишди. 

«БУХОРИЙЛАРДАН ЁМОНЛИК ЧИҚҚАН ЭМАС»

Аллоҳнинг байтини зиёрат қилиш ҳар бир мусулмоннинг орзусидир. Узоқ ва яқин тарихимизда ҳаж ибодатини эмин-эр­кин адо этиш осон кечмаган. Болалик ва ўсмирлик йиллари Саудия Арабистони­нинг турли шаҳарларида ўтган шарқ­шунос-арабшунос олим, моҳир мураббий Илҳомжон ЭШОНЖОНОВ ўзининг ўтган аср­дан то бугунги кунимизгача бўлган ҳаж тарихига оид хотиралари билан ўртоқлашди.

XIX асрнинг 80-йилларидан бошлаб, Тур­кистон аҳолиси динга бўлган тазйиқлардан қочиб, тинч-омон диёрлардан қўним топа бошлади. Хусусан, бизнинг ота-боболаримиз Фарғона водийсидан ҳозирги Қирғизистон ер­лари орқали дастлаб Шарқий Туркистонга, кейинчалик Покистон орқали Макка ва Мади­на шаҳарларига бориб ўрнаша бошлаган. Шу йўлни тутмаган ўзига тўқ кишиларнинг кўпчи­лигини шўро ҳукумати қулоқ қилган. Афсуски, чиқиб кетганлардан ҳаммаси ҳам кўзлаган манзилига етиб бора олган эмас. Карвон би­лан ойлаб сафарда бўлиш, бегона ва шароит­сиз жойларда тунаш осон кечмаган. Йўлга чиққанларнинг фақат бир қисмигагина ўзлари орзу қилган Аллоҳнинг байтига етиб бориш, ўша жойда яшаш ва ният қилишганидай Мадинага дафн этилиш насиб этган. 
Ҳижрон ва мусофирлик
Ўша йилла­ри муҳожирлар сафида бизнинг ота-боболаримиз ҳам сафарга отланишган экан. Улардан эшитган хотираларим ҳалигача ёдимда. Боболаримиз асли Марғилондан, она тарафимиз тошкентлик бўлишган. 1930-йил­ларнинг охирида йўлга чиқишиб, Қошғарда бир муддат туриб қолишган. У ерда диндош-қон­дош туркий биродарларимиз кўплигидан бу ерлардан чиқиб борган муҳожирлар улар би­лан аҳил-иноқликда яшаган. Имкон қадар, бир-бировни қўллаб-қувватлашган, кўмак беришган. Хат-са­вод чиқариш, ўқитиш ишларида ҳам ёрдамла­рини аяшмаган.
Шарқий Туркистондан каттагина карвон ҳо­зирлаб, Покис­тон тарафга сафарга чиқилган. Албатта, узоқ вақт йўлда бўлиш, но­таниш манзилларда яшаш осон кечмайди. Бу­нинг учун сармоя керак. Айни шу сабабли мусо­фирлар имкон қадар бир шаҳардан бошқасига бирор мол билан бориб тижорат қилиш ёки борган жойида ҳунармандлик билан шуғул­ланиб, оиласини таъминлаб туришга ҳаракат қилишган. Аёллар тикувчилик, тўқувчилик, каштачилик каби ишларга моҳир бўлишган. Эр­каклар эса аёллар тайёрлаган маҳсулотларни сотишдан ташқари ўзлари ҳам ҳунармандлик қилиб, ўша шаҳар аҳлининг эҳтиёжига яраша нарсалар ясаб сотишган. Ота-боболаримиз рисоладагидек бадастир кийим кийиб юриш, хонадонни уй-рўзғор анжомлари билан тўкис қилиш инсонларнинг яшаш шароитини янада енгиллаштириши ҳамда соғлиғи учун ҳам фой­дали эканини борган жойларида намой­иш этишган. Шунинг учун ҳам маҳаллий аҳолининг корига яраб, мушкулини осон қилиб, гўзал муомаласи билан бошқа­ларнинг меҳрини, ишончини қозониш­ган. Муомала-муносабатларда бошқа­ларни алдаб, ғирромлик ё фирибгарлик қилиб, пулини олишни хаёлига ҳам кел­тиришмаган. Фақатгина қўл меҳнати ор­тидан пешона тери эвазига келадиган ҳалол касб-кор билан машғул бўлиш­ган. Шунинг учун ҳам борган жойларида ҳурмат-эътибор кўришган.
Бизнинг оиламиз Маккага етиб борганида мен етти ёшда эдим. Маккада жуда кўп туркистонлик муҳожирлар бор эди. Улар бир-бирла­рини ҳамшаҳар дейишарди. Олдинроқ бориб, ўша ерда яшаб қолган ҳамшаҳарлар тижорат билан шуғулланар, кўпчилиги кичикроқ бўлса ҳам ўз дўконига эга эди. Мен йиллар давомида ўша диёрда яшаб гувоҳи бўлдимки, ҳамшаҳар­лар ҳамиша бир-бирини қўллаб-қувватлаб, ёр­дам бериб, ҳолидан хабар олиб, кўнгил яқин­ликда яшашган.
Меҳнатдан бўш пайтларда баъзан сув се­пилган тупроқ саҳн устига гилам ёйиб, ҳам­шаҳар эркаклар суҳбат қуришарди. Шундай суҳбатларда мен тенгқур болалар ҳам катталар қабатида тингловчи бўлардик. Бу суҳбатларда юрт соғинчи, сафарда ва мусофирликда кўр­ган-кечирган машаққатли кунлар, кундалик иш ва турмуш тарзи ҳақида гаплаши­ларди. У суҳбатларда бирорта ҳам фисқ-фасод, иғво, бўҳтон бўлмаган. Баъзан ўша ердаги назмтаъб кишиларнинг юртни соғиниб ёзган ғазаллари ўқиларди. Тўй-ҳашамларда оддий ҳуштак билан ўзимизнинг миллий мақомлари­мизга ўхшаш куйларни чалиб берадиган созан­даларни ҳам эшитганман. Бундай ҳодисалар юртдан олисда яшаётган инсон­лар қалбига соғинч оловини ёқар, бу соғинч гоҳида мижжалардан ёш бўлиб чиқарди... 
Бухорийлар
Ўша пайтларда ўзбек, ўзбекистонлик деса, буни ҳеч ким тушунмасди. Маҳаллий араблар туркистонликларни «бухорий» деб аташар­ди. Бу ислом оламида катта довруқ қозонган бобомиз, муҳаддислар имоми – Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий номи билан боғлиқ.
Мен шунга гувоҳ бўлдимки, бухорийлардан ҳеч қачон ёмонлик чиққан эмас. Шунча йил ўша юртда яшаб, бирон бухорийнинг ножўя иш қи­либ қўйиб, ном чиқарганини эшитган эмасман. Аксинча, бухорийлар илм-маърифатда ҳам, халққа ва жамиятга хизматда ҳам ҳамиша илғор ва пешқадам бўлишган. Бухорийлар илм-маъ­рифатда, савдо-тижоратда, касб-ҳунарда, бу­нёдкорлик ва бошқарув тизимида фаол хизмат қилиб келишган. Шуни инобатга олиб, Саудия ҳукумати бухорийларга ўз халқига берган бар­ча ҳуқуқ ва имкониятларни тақдим этган. Бир қанча бухорийлар Саудия ҳукуматининг ма­съул лавозимларида ишлаб, ишончга сазовор бўлган, ўзидан яхши ном қолдирган. 
Бу ҳол бугунгача давом этиб келяпти. Бу­хорий ватандошларимизнинг яна бир хусусиятини алоҳида тилга олиш зарур. Бу улар­нинг илм-маърифатга интилувчанлигидир. Абдулҳамид Тошқандий, Музаффар Тошқандий, Муҳаммад Саид, Абдулборий каби ватандошларимиз кей­инчалик Саудия ҳукуматининг нуфузли лавозимларида ишлаган. 
Биз кўчиб борганимизда туркистонлик машҳур олим Саййид Маҳмуд Тарозий – Олтинхон Тўра 1952 йилда Қуръони каримга етти жилдлик тур­кий тафсир ёзган эканлар. Бу ўша диёрларда яшаётган туркий биродарларимизга Қуръон маъ­ноларини ойдинлаштириш учун қилинган. Бун­дан ташқари «Нурул басар», «Шамойили Муҳам­мадийя» (Имом Термизийнинг сийрат ҳақида тўплаган ҳадислари таржимаси) каби кўплаб ки­тоблар ёзганлар.
«Русий муслим»
Ўша пайтларда Ҳарам ҳудуди жуда кичик эди. Ҳатто юз минг зиёратчи ҳам сиғиб-сиғмай қоларди. Сафо ва Марва ҳудуди Ҳарамдан ташқарида эди. Ўша ерда савдогарлар тижо­ратларини қилишарди. Зиёратчилар учун қўноқ – меҳмонхоналар йўқ, сув ва озиқ-овқат етиш­масди. Зиёратчилар маҳаллий аҳолининг уй­ларини ижарага олиб, Ҳаж мавсуми тугагунча ўша ердан бошпана топишган.
1956 йилдан бошлаб Саудия ҳукумати Ҳаж учун алоҳида шароитлар ярата бошлади. Ҳа­рам ҳудуди бир неча баробар кенгайтирилди. Ҳожиларни кутиб олиш, жойлаштириш, таъ­минлаш бирмунча ислоҳ қилинди. 
...Бир йили «ватандошларимиз ҳажга ке­лишибди», деган гап тарқалди. Ўз ватандо­шининг дийдорини кўриш, ота юртидан бирон мужда эшитиш илинжида ҳамшаҳар­лардан кўпчилиги улар суҳбатига ошиқди. Лекин ҳамюртлари билан кўришишга ҳамма ҳам етишолмади. Тепасига «Русий муслим» деб ёзиб қўйилган бинога кириш-чиқиш қатъий назоратга олинган эди. СССР тарки­бидаги давлатлар мусулмон аҳоли­сидан бармоқ билан санарли киши ҳажга жўнатил­ган экан. Ўша давр учун бу ҳам катта инқилоб эди. Ота юртидан на бир хат-хабар, на янги­лик, на бирон гап эшита олган тур-кистонликлар илк ҳожиларни кўзлари­га тўтиё қилишга тайёр эди. Ватандошини уйига так­лиф этиб, бир пиёла чой билан меҳмон қи­лишга, шу баҳонада юртидан бир-икки оғиз ха­бар эшитишга интизор бўлган.
Ҳожилар – ардоқли меҳмон
Мустақилликдан кейин ҳаж зиёратига йўл­лар очилди. Ўзбекистоннинг ўзидан бирданига беш юз зиёратчи ҳажга борадиган бўлди. Қато­расига уч йил ўзбекистонлик ҳожилар Саудия подшоҳининг меҳмони бўлишди. У ерда муҳо­жирликда яшаётган ота-боболар, қариндош-уруғлар билан борди-келдилар қайта йўлга қўйилди. 
Аммо халқимизда ҳаж ҳақида ҳали тўлиқ билим-маърифат йўқ эди. «Ҳаж бу – муаллақ қора тош, шу зиёрат қилинади», каби фикр-та­саввурда юрганлар ҳам бор эди. Ҳатто 80-йил­ларнинг иккинчи ярмида худди шу гапни бир академик мақоласида ҳам келтирган эди. 
Шун­дай бўлгандан кейин оддий халқнинг аҳволини тасаввур қилиш мумкин. Бир неча йил ўзбеки­стонлик ҳожиларни ҳаж ва умра зиёратларига олиб борганимда шу саволни менга ҳам бе­ришган. «Бизга Маккада муаллақ қора тош бор деб айтишган эди. Қани у?» қабилидаги савол­лар кўп бўлган.
Бугун эса Ҳаж ибодати учун шароитлар ҳар қачонгидан яхшиланди. Ҳаж ва умрага бо­рувчилар сафи ҳам анча кенгайтирилди. Бир пайтлар ота-боболаримиз кутган, орзу қилган эмин-эркин кунлар мана энди етиб келди. Ҳо­зир ҳажга бориш учун ойлаб йўл юриш йўқ. Туя карвонларида, кемада чайқалиб кетиш йўқ. Шинам ва қулай самолётлар бир зумда биз­ни ҳажга элтиб қўйяпти. У ерда энг замонавий меҳмонхоналар ҳожиларга хизмат кўрсатяпти. Эсимда бор, авваллари Маккада биттагина муз заводи бўларди. Ўша муз сотиб олиниб, жа­зирама ҳароратни бироз бўлса-да, мўътадил сақлаб туриш учун ишлатиларди. Бугун эса энг сўнги русумдаги замонавий совуткичлар ҳатто Ҳарам ҳудудидаги очиқ майдонларга ҳам ўрна­тилган. 
Бундай хайрли ишлар янада бардавом бўлаверсин. 




Ўхшаш мақолалар

Давлат хизматларини рақамлаштириш –  «Яшил»  келажак  сари дадил қадам

Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам

🕔09:18, 23.10.2025 ✔20

Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.

Батафсил
Яширин экологик таҳдид ва  кўринмас  хавф

Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф

🕔15:28, 16.10.2025 ✔38

«Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»

Батафсил
Автошина чиқиндилари:  муаммо  ва инновацион ечимлар

Автошина чиқиндилари: муаммо ва инновацион ечимлар

🕔14:59, 09.10.2025 ✔77

Мамлакатимизда аҳолининг автомобилдан фойдаланиши муттасил ўсаётгани яхши кўрсаткич албатта. Бироқ, бу ўз навбатида янги экологик ва иқтисодий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шулардан бири – автомобиль шиналари чиқиндиларини утилизация қилиш масаласидир.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Давлат хизматларини рақамлаштириш –  «Яшил»  келажак  сари дадил қадам

    Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам

    Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.

    ✔ 20    🕔 09:18, 23.10.2025
  • Яширин экологик таҳдид ва  кўринмас  хавф

    Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф

    «Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»

    ✔ 38    🕔 15:28, 16.10.2025
  • Автошина чиқиндилари:  муаммо  ва инновацион ечимлар

    Автошина чиқиндилари: муаммо ва инновацион ечимлар

    Мамлакатимизда аҳолининг автомобилдан фойдаланиши муттасил ўсаётгани яхши кўрсаткич албатта. Бироқ, бу ўз навбатида янги экологик ва иқтисодий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шулардан бири – автомобиль шиналари чиқиндиларини утилизация қилиш масаласидир.

    ✔ 77    🕔 14:59, 09.10.2025
  • «Оқилона  истеъмол» экологик  барқарорликка  хизмат қилади

    «Оқилона истеъмол» экологик барқарорликка хизмат қилади

    Бугун дунё аҳли табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш экологик барқарорликнинг асоси эканини якдиллик билан эътироф этмоқда. Юртимизда бу борада янги ислоҳотлар жорий этилаётгани мамалакат равнақи учун долзарб қадам сифатида қараляпти.

    ✔ 79    🕔 15:42, 03.10.2025
  • Қанотлари  қайрилган  фаришталар:  «Болажон халқ»нинг сукут сақлаётган фожиаси

    Қанотлари қайрилган фаришталар: «Болажон халқ»нинг сукут сақлаётган фожиаси

    Биз ўзимизни «болажон халқ» деб биламиз. Фарзандимизнинг кулгусидан олам чароғон бўлишига, унинг беғубор нигоҳидан қалбларимиз эришига ишонамиз. Ҳар бир болани «жигарбандим», «кўзимнинг оқу қораси» дея ардоқлаймиз. Аммо шу муқаддас туйғулар пардаси ортида аччиқ ва шафқатсиз ҳақиқат яшириниб ётганини тан олиш вақти келмадими?

    ✔ 104    🕔 16:03, 18.09.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар