Аниқ саволга аниқ жавоб      Бош саҳифа

ҚҚС: «мен айбдор эмасман!..»

Мутасаддилар журналистлар билан «жанг»да барчасини ошкор қилди

 

ҚҚС: «мен айбдор эмасман!..»

Нарх-навонинг ошишига янги солиқ тартиби сабабчими?
Янги йилдан кўплаб истеъмол товарлари баҳоси кўтарилди. Умумовқатланиш ошхона ва кафеларида нарх-наво ошди. Супермаркетларда айрим маҳсулотлар пештахталари бўшаб қолди. Тадбиркорлар буларнинг барчасини янги тартибда жорий этилган қўшимча қиймат солиғига (ҚҚС) боғлашмоқда. Аслида ҳам шундайми ёхуд ҚҚСнинг янги мезонлари молиячи ва солиқчилар томонидан охиригача чуқур ўйланмаган ислоҳотмиди? Нима учун тегишли қарорлар қабул қилиниб, амалиётга жорий қилингандан сўнг айрим озиқ-овқат маҳсулотлари ҚҚСдан озод этилди? 
Нега ҚҚСга ўтилди?
Жорий йил учун белгиланган давлат бюджети параметрларида ҚҚСнинг улуши энг юқори бўлиб, 35 фоиздан ошади. Демак, ушбу солиқ турининг қамрови сезиларли кенгайди. ҚҚСнинг бундай кенг миқёсда амалга жорий этилиши кўплаб баҳсли мунозараларга ва тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда. Қолаверса, солиқнинг соддалаштирилган ва умумбелгиланган тартибларидаги тоифаларга ажратилиши ҳам бунга замин бўлди.
— Янги солиқ қонунчилигига кўра, пул айланмаси 1 млрд. сўмдан ошган тадбиркорлик субъектлари (у муқаддам ягона солиқ тўловчиси ёки якка тартибдаги тадбиркор бўлса ҳам) умумбелгиланган тартибдаги солиқ тўловчиси ҳисобланади, — дейди Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Ҳотамбек ШОКИРОВ. — Бу нимани англатади? Энди ушбу тоифа юридик шахслар ҚҚС, фойда, мол-мулк, ер солиқлари, сувдан фойдланганлик учун солиқ ва бошқа ажратмаларни тўлаши лозим бўлади. Бунда ҚҚСнинг 20 фоизли базавий ставкаси сақлаб қолинди.
Товар айланмаси 1 млрд. сўмдан кам бўлган тадбиркорлик субъектлари ихтиёрий равишда ягона солиқ тўловчиси бўлиб қолиши мумкин.
Шу билан бирга, пул айланмаси 1-3 млрд. сўм атрофида бўлган юридик шахслар учун соддалаштирилган ҚҚС ҳам жорий этилди. Бу ҚҚСга ўтиш даврини юмшатиш мақсадида яратилган икки йиллик (2021 йилнинг 1 январигача) имтиёздир. Яъни, ялпи тушуми 3 млрд. сўмдан ошмайдиган солиқ тўловчилар ҚҚСни соддалаштирилган тартибда тўлаши мумкин. Стандарт (умумбелгиланган тартибдаги) ҚҚС ставкаси 20 фоиз бўлса, соддалаштирилган тартибда базавий ставкаси 7 фоиз қилиб белгиланди. Савдо фаолиятига 6 фоиз қилиб туширилди.
Албатта, оддий одамлар учун ҚҚСнинг тоифалари ёки ставкалари эмас, дўкон пештахталаридаги маҳсулотлар нархига бўлган таъсири қизиқ. Мазкур ислоҳотлардан кутган умид ва ишончимиз ҳам айнан маҳсулот ва хизматлар нархи таркибидаги солиқ юкининг пасайишидир. Назарияда ҚҚС солиқ тўловчиларнинг узилмас «занжирини» ҳосил қилиш муҳим. Бунда «занжир»нинг барча қатнашчилари биргаликда фақат 20 фоиз ҚҚС тўлайди, маҳсулотдаги солиқ юки аввалги ягона солиққа нисбатан камаяди. Табиийки, ҚҚС билан нарх тушиши керак. Амалда-чи?
Нарх ошди, аммо... 
Амалда, жорий ойда умумий овқатланиш шохобчаларида 15-20 минг сўмлик бир порция овқат ўртача беш минг сўмга қимматлашди. Биз айрим ошхона ва кафелардан бунинг сабабини суриштирганимизда, улар буни ҚҚС билан боғлашди. 
Айдас ­КОШАНОВ,
Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи:
— Умумий овқатланиш корхоналари ўтган йили 10 фоизли ягона солиқ тўловида бўлган. Айтайлик, 10 минг сўмлик бир порция овқат таннархида зарур миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳаражати билан биргаликда 10 фоизли ягона солиқ ҳам турган. Яъни, ушбу солиқ таом нархида аввал ҳам бўлган, аммо чекда (ёки ҳисоб-фактурада) бу кўринмаган. ҚҚСда эса бу ҳар доим қайд этилади.
Масалага овқатланиш муассасасини соддалаштирилган ҚҚС тартибидаги солиқ тўловчи мисолида ёндашайлик. Уларга ҚҚС ставкаси 10 фоиз қилиб белгиланган. Яъни, ўтган йилги 10 фоизли ягона солиқ ставкаси билан бир хил. Демак бу ҳолатда нарх ошишини солиқларга боғлаб бўлмайди. 
Буни шундай изоҳлаш мумкин. Айрим умумовқатланиш корхоналари соддалаштирилган ҚҚС тартибига ўтганига қарамасдан, ўтган йилги 10 фоизли ягона солиқ миқдорини ҳам ҳаражатга киритиб қўйишган. Мана шундай тушунмовчилик бўлган пайтда корхона ҳисобчиси солиқ идорасига мурожаат этиши зарур. Ҳукумат топшириғига биноан, ҳар 10 тадбиркорлик субъектига бир нафар солиқчи бириктирилди. Янги солиқ тартибига ўтилаётган ушбу пайтда ҳар бир солиқчи корхонага бориб, уларнинг ҳисоб-китобига ёрдам бериш вазифаси юклатилган.
Супермаркетлар нега бўшаб қолди?
Савдо марказларида айрим пештахталар бўшаб қолганини кўряпмиз. Биз суриштирган кичик бизнес вакиллари ҚҚС уларнинг фаолиятига катта таъсир ўтказганини айтишмоқда. Хусусан, супермаркетлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаб чиқарувчилардан (ҚҚС тўловчиси бўлмаган) товари таннархида ҚҚС ҳисобга олинмагани учун сотиб олишдан бош тортишган.
Дилшод СУЛТОНОВ,
Молия вазири ўринбосари
— Эътибор беринг, маҳаллий маҳсулотларни бир четга қўятурайлик, агар уларнинг етишмаслиги ҚҚС билан боғлиқ бўлса, супермаркетларда импорт товарлар ҳам йўқолиб қолди-ку. Ваҳоланки, импорт маҳсулотлар божхонадан ўтишда аввал ҳам ҚҚС тўлаган.
Агар товарлар нархини шакллантиришда ҚҚС инобатга олинган бўлса, унинг нархи ҳозир пасайиши керак. Мисол учун, мен 1 АҚШ долларига кир ювиш кукунини импорт қилдим. ҚҚСни тўлагандан кейин унинг қиймати 1,2 долларга кўтарилади. Унга ўзимнинг 20 фоиз устамамни қўйиб, 5 фоиз солиқ тўлаб, чакана сотувчиларга топширсам, маҳсулот қиймати 1,4 доллар бўлиши керак. Оддий ҳисоб-китобда шундай чиқади. Бироқ импорт қилинган маҳсулотлар ҳам йўқолди. Сабаби нима? Жавоби оддий. Аслида импорт бўлмаган (ёки божхонани қандайдир йўллар билан айланиб ўтган. Таҳр). Ҳужжат йўқ. Савол туғилади, бу маҳсулот қаердан пайдо бўлди? ҚҚС тизими билан ишланганда, албатта, ҳисоб-фактура талаб этилади. Агар фактура мавжуд бўлмаса, маҳсулот қаердан олинган деган табиий савол келиб чиқади?..
Шу ўринда, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фаолияти борасида бир мулоҳаза. Ички ишлаб чиқаришда, мисол учун, пистани оламизми, писта ёғиними, маҳсулотга қўйилган устамани кўриб, очиғи, қўрқиб кетасиз. Солиқ концепциясини жорий этиш жараёнига турли соҳа вакиллари, ишлаб чиқарувчилар билан учрашувлар ўтказдик. Устама савдода 20 фоиз, ишлаб чиқарувчида 17 фоиз белгиланган. Аммо литри ўртача 2600 сўмдан олинган сут 7500 сўмдан сотилмоқда. Ҳа, бугун бозор кўтаряпти бу нархни. Энди инсоф сари барака бўлиши керак-ку. Тўғри, қадоқлаш, транспорт ва бошқа ҳаражатлар бор. Аммо 2,5 баробар (17 фоиз эмас) нарх қўйилиши, бу энди инсофсизлик.
Бугунги айрим тадбиркорлар сотиб олган ускуна харажатини бир йилда чиқариб олсам дейди. Тадбиркорларимиз режалаштиришни ўрганиши керак. Буни тартибга солишнинг йўли фақат бозор талаби. Агар бозор кўтарса, нарх ошаверади.
Давлат солиқ қўмитаси расмийларининг таъкидлашича, солиқ тўловчилар ҚҚСни ҳисобга олиш механизмининг афзалликларини охиригача ҳисоб-китоб қилмасдан, соддалаштирилган ҚҚС режимини қўллашга интилмоқда. Оқибатда ҚҚСнинг «занжири» ҚҚС тўловчи бўлган мол етказиб берувчилар билан узилмоқда ва уларнинг иқтисодий кўрсаткичларига ҳамда нархларнинг сунъий кўтарилишига олиб келиши кузатилмоқда.
Имтиёзнинг   имтиёзлиги қолдими?
Айрим импорт товарларга ўрнатилган имтиёзлар билан ҚҚС ўртасида номутаносиблик келиб чиқди. Республикамизда ёғочга эҳтиёж юқори. Шу сабаб ёғоч импортига имтиёз берилган. Бундан кўзланган мақсад нархни пасайтириш. Янги солиқ тартибига ўтгандан сўнг, имтиёз билан кириб келган ёғоч чакана савдога чиққанда ҚҚС қўлланилиб, нархи ошиб кетди. Бу ерда имтиёзнинг имтиёзлиги қолдими?
Бундай ҳолатни тўқимачилик маҳсулотлари чакана савдосида ҳам кузатиш мумкин. Пахтани сотиб олишдан тортиб, қайта ишлаш жараёнидаги барча «занжир» ҚҚС озод этилган. Якуний босқичда, яъни чакана савдога чиқарилганда ҚҚС қўшилиб қолмоқда.
ҚҚС жорий этилгандан сўнг ички бозордаги вужудга келган бундай вазият борасида юқоридаги савол-жавоблар Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган солиқ сиёсатини такомиллаштириш ва иқтисодий самарадорлик мавзусига оид матбуот анжуманида кўриб чиқилди.
Тадбирда шунингдек, янги солиқ тартиби қўлланилиши жараёнида вужудга келган муаммолар юзасидан мулоҳаза ва таклифлар ҳам ўртага ташланди.
Аслида солиқ мажбурий ундирилиши эмас, ихтиёрий тўланиши керак. Солиқ тўловчиларда бундай масъулият ва ишончни янги солиқ қонунчилиги таъминлай оладими-йўқми, буни вақт кўрсатади.

Бахтиёр ҲАМИДОВ,
«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Экологик  нормалар –  барқарор ривожланишнинг  мустаҳкам кафолати

Экологик нормалар – барқарор ривожланишнинг мустаҳкам кафолати

🕔17:01, 30.11.2023 ✔131

Кўп асрлик инсоният тарихидан маълумки, Ўзбекистон ўзининг қадимий миллий давлатчилик асосларига эга бўлган буюк юртдир. Мамлакатимиз ўз мустақиллигига эришганидан буён, барча соҳаларда туб ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.

Батафсил
Мажбурий меҳнат учун қандай жавобгарлик белгиланган?

Мажбурий меҳнат учун қандай жавобгарлик белгиланган?

🕔11:29, 09.08.2023 ✔220

Хўш, мажбурий меҳнат ўзи нима? Мажбурий меҳнат – бирор-бир жисмоний шахсдан жазони қўллаш таҳдиди остида талаб этиладиган, бажарилиши учун ушбу шахс ихтиёрий равишда ўз хизматларини таклиф қилмаган ҳар қандай ишни ёки хизматни англатади.

Батафсил
Мажбурий меҳнат учун қандай жавобгарлик белгиланган?

Мажбурий меҳнат учун қандай жавобгарлик белгиланган?

🕔11:29, 09.08.2023 ✔220

Хўш, мажбурий меҳнат ўзи нима? Мажбурий меҳнат – бирор-бир жисмоний шахсдан жазони қўллаш таҳдиди остида талаб этиладиган, бажарилиши учун ушбу шахс ихтиёрий равишда ўз хизматларини таклиф қилмаган ҳар қандай ишни ёки хизматни англатади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар