Экология      Бош саҳифа

Гужумларни «мўйловдор»дан қутқара оламизми?

Ўтган асрнинг 70-йилларида мамлакатимизга Россия, Украина ва Беларусь ҳудудларидан кўплаб ёғоч материаллари олиб келинарди. Ўша вақтларда ёғоч-тахта пўстлоғида минтақамиз табиатига ёт бўлган номаълум ҳашарот ҳам кириб келди.

Гужумларни  «мўйловдор»дан қутқара оламизми?

Бу зараркунанда гужум, қорамон, қайрағоч, терак, оқтол, қоратол ва мажнунтол каби дарахтларнинг кушандасига айланди. «Шаҳар мўйловдори» деб номланган бу ҳашарот кўп йиллик дарахтларимизга қирон келтира бошлади.

Мана, ўшандан буён бу ҳашарот томонидан танаси кемирилиши сабабли бир неча асрдан буён гуркираб ўсиб турган гужумлар батамом қуриб қолди. Элдошларимиз йўқолиб кетиш хавфи остидаги гужумларни сақлаб қолиш учун қўлдан келганча саъй-ҳаракат қилишмоқда. Улар ҳар йили минглаб гужум кўчатлари экишяпти. Бироқ экилган ниҳоллар 4-5 йилдан кейин шаҳар мўйловдорининг етказган зарари оқибатида яна қуриб қолаётгани жуда ачинарли ҳолатдир.

Азалдан «табиат кондеционери» дея эътироф қилинган ушбу дарахт­лар ёз фаслининг қоқ чилласида зараркунанда ҳашарот томонидан зарарлангани боис қуриб, қовжираб қоляпти. «Яшиллик қотили» саналмиш бу ҳашарот ёз бўйи қатор дарахтлар баргларига бактерияли касаллик тарқатади. Натижада барглар сарғайиб, ўсишдан тўхтаб қолади. Бундай аянчли манзарага ҳар куни ҳаммамиз гувоҳ бўламиз, бироқ ҳеч қандай жиддий чора кўрмаётганимиз жуда ачинарли, албатта.

Ўзбекистон Экологик партияси фаоллари томонидан ўтказилаётган жамоатчилик назорати давомида ушбу муаммо оғир ва глобал тус олган Орол муаммосидан кам бўлмаган фожеа эканлиги маълум бўлди.

Бизга яхши маълумки, гужум, қорамон дарахти ёғочидан ота-боболаримиз эшик, дарвоза, арава, кели, тегирмон, жувоз ва бошқа турли хил рўзғор анжомлари ясашган. Кегай теракдан эса арава ғилдираги тортқилари, яъни кегайлари ясалган, чунки унинг мустаҳкамлиги азалдан маълум ва машҳур бўлган.

Ота-боболаримиз ўз заруриятига қараб юқорида санаб ўтилган дарахт­ларни қадрлаб, кўпайтириб келишган. Биз бу анъанани давом эттиришга бефарқ муносабатда бўлдик. Яна 50-60 йиллар ўтгач юқорида санаб ўтган дарахтлар турлари йўқ бўлиб кетиши ҳам мумкин.

Дарвоқе, ҳар йили бошқа мамлакатлар ва бошқа иқлимда ўсадиган дарахтларни иқлимлаштириб ҳудудга мослаштиряпмиз. Улар касалликка ва ҳашаротларга чидамлилиги эътиборга молик, албатта. Бу билан вилоятимиз ўсимлик дунёси хилма-хиллигини бойитяпмиз албатта. Аммо маҳаллий дарахт турларини ҳам асраб қолишимиз ва келажак авлодларга етказишимиз зарур эмасми?!

Партия фаоллари томонидан ўтказилган ўрганишлар жараёнида гужум, қорамон, терак ва бошқа дарахтларнинг аксарияти «шаҳар мўйловдори» ҳашаротидан шикастланиб, кўпчилиги қуриб бораётгани аниқланди. Энг хавфли томони шундаки, ушбу қуриган дарахтлар ҳашарот кўпаядиган инкубатор вазифасини бажармоқда.

Хоразм вилоятининг биринчи ҳокими, раҳматли Маркс Жуманиёзов ташаббуси билан 1992 йилда ҳашаротдан шикастланган барча қуриётган ва қуриб қолган гужум дарахтлари ёппасига кесиб тозаланиб, «Бир гужумга – ўн гужум!» шиори доирасида экиш тадбирлари ўтказилганди. Ҳозирги кунда бу гужумлар 30 ёшдан ошди, ҳашарот эса шу гужумларни кемирмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, «шаҳар мўйловдори» икки йилча умр кўради. Биринчи йили унинг личинка даври ҳисобланади. Бу даврда ҳашарот дарахт танасини бутун баҳор-ёз давомида кемиради, октябрь ойи ўрталаридан то ноябрь бошларигача озиқланишни тўхтатиб, қиш уйқусига кетади. Баҳорда эса 20 мартдан 15 апрелгача личинкалар қанот чиқариб, зудлик билан яна дарахтлар танасига тухум қўяди.

Ушбу муаммони ҳал этишда маҳалла, корхона-ташкилотлар ва барча элдошларимиз бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳатликда иш олиб боришса, айни муддао бўлар эди. Бунинг учун, аввало, юқорида айтилган турдаги дарахтларни зудлик билан вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси инспекцияси мутахассислари ҳамда кенг жамоатчилик кўмагида мониторинг ўтказилиши даркор. Шунингдек, 2025-2026 йил қиш фаслида қуриган дарахтларни зудлик билан кесиб, ижтимоий соҳа объектлари қозонхоналари ўчоқларида ёқиш йўли билан зарарсизлантириш «шаҳар мўйловдори» кенг тарқалишининг олдини олади, албатта. Қуримаган ва ҳашаротдан танаси шикастланган дарахтларнинг ҳашарот ҳосил қилган тешикларига механик чоралар ёрдамида зараркунандани йўқ қилиш талаб қилинади. Бунда дарахтнинг ҳашарот тешган жойига сим тиқиб, личинкаларни йўқотиш зарур бўлади. Дарахтларнинг юқори зарарланган ва қуриган айрим шохларини кесиб олиб, хонадонлар ёки ижтимоий соҳа объектларининг иситиш қозонлари ўчоқларида ёқиш орқали зарарсизлантириш чораларини кўриш лозим. Бу борада мутахассислар билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, мазкур зараркунанда ҳашаротга қарши курашиш усулларини мукаммал ўрганиш ва қўллаш мақсадга мувофиқдир.

 

Бахтиёр ҚАЛАНДАРОВ,

ЎЭП Янгибозор туман

кенгаши раиси




Ўхшаш мақолалар

Сирдарё ҳавоси:  мусаффолик  мониторинги

Сирдарё ҳавоси: мусаффолик мониторинги

🕔11:42, 20.08.2026 ✔60

Сирдарё ҳавосига бир йилда 35,336 минг тонна зарарли модда чиқарилмоқда. Вилоятда атмосфера ҳавосига таъсир кўрсатувчи I ва II тоифадаги 64 та саноат корхонаси бор. Уларда 316 та чанг-газ тозалаш қурилмаси ишлаётган бўлса-да, ҳавони ифлослантириш муаммоси ҳали тўлиқ бартараф этилмаган.

Батафсил
Унутилган экологик «мерос»:  Пестицид омборлари ва  «ядомогильник»лар хавфига чек қўйилади

Унутилган экологик «мерос»: Пестицид омборлари ва «ядомогильник»лар хавфига чек қўйилади

🕔11:39, 20.08.2026 ✔58

1960-1980 йилларда Ўзбекистон пахтачиликка ихтисос­лаштирилган ҳудуд сифатида жуда катта ҳажмда минерал ўғитлар ва пестицидлардан фойдаланган республикалардан бири эди.

Батафсил
Экологик  Меъёрларга  риоя қилган  тадбиркор барқарор ривожланади

Экологик Меъёрларга риоя қилган тадбиркор барқарор ривожланади

🕔14:32, 14.08.2026 ✔107

Давлат сиёсатининг устувор йўналиш­ларидан бири – қонуний ва масъулиятли тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш билан бир қаторда, атроф-муҳитни ишончли муҳофаза қилишдан иборат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар