Ёшлар бирдамлиги – яшил келажак пойдевори
Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши ва экологик муаммолар глобал кун тартибининг ажралмас қисмига айланмоқда. Ўзбекистон ҳам бу жараёндан четда эмас.
БатафсилБашариятни огоҳликка чорламоқда, лекин биз, инсонлар негадир бефарқмиз
Эронда Осиёдаги энг йирик шўр сув ҳавзаси бўлган Урмия кўли тамомила қуриб битди. Экологлар анчадан буён унинг ҳалокати тўғрисида жар солиб келишар эди. Энди, афсуски, ҳаммаси тугади... огоҳликка даъватлар ҳам.
Бу қандай юз берди?! Мутахассисларнинг фикрича, асосий сабаб сувдан ўта норационал фойдаланишдир. Интернет маълумотларига қараганда, Урмиянинг теварагида қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун миллиондан зиёд қудуқ қазилгани боис ерости сувлари кескин камайиб кетган. Камига кўлга сув олиб келадиган манбаларда кўп тўғон қурилган.
Урмия асосан шарқдан келадиган Заҳабруд (Шаҳробод ҳам дейилади – таҳр.) дарёси сувларидан «озиқланарди». Жануби-ғарбдан унга Жайҳонли, ғарбдан Толишчой дарёлари кам бўлса-да сув бериб турарди. Жануб томондан Оҳорчой сойи томчилаб турарди.
Лекин бу манбаларнинг улуши ерости сувларининг ҳиссаси билан солиштирганда унчалик кўп эмас эди. Шу боис асосий сабаб сифатида қудуқларнинг ҳаддан ортиқ кўпайиб кетгани кўрсатилмоқда. Ваҳоланки, мамлакатдаги сув захираларининг 88 фоизини сарф қиладиган қишлоқ хўжалиги ялпи ички маҳсулотнинг ўндан бирини шакллантириб берарди, холос.
Шу омилнинг ўзиёқ инсоният ҳали-ҳамон сувдан унумли фойдаланиш уқувини тўлиқ ўзлаштира олмаётганини кўрсатади. Тасаввур қилинг-а, ЯИМнинг ўн фоизи учун бир кўл чўлга айланиб кетди. Бунинг иқтисодий зарарлари қанча – аллақачон сайёҳларнинг қадами ўз-ўзидан узилган, кема ва қайиқлар қумга ғарқ бўлган... Шамол эса ҳавога кўтарилган қум ва тузни олис-олисларга учириб боряпти ва анча катта минтақада тупроқ унумдорлигини пасайтиряпти. Бу сув танқислиги ва тез-тез такрорланаётган қурғоқчиликдан азият чекаётган қишлоқ хўжалигига яна бир зарба бўляпти. Эслатиб ўтамиз, ЯИМнинг ўндан бирини базўр шакллантириб берадиган қишлоқ хўжалигига.
Иқтисодий муаммолар ижтимоий қийинчиликларни келтириб чиқаради. Бу янгилик эмас. Кемасозлар ва балиқчиларга қўшилиб, деҳқон ва боғбонлар, чўпонлар ишидан айриляпти. Наботот ҳаракатланувчи жонзот эмаски, ўзи сув топиб ичса. У унмайди, ўсмайди, тамом вассалом. Наботот бўлмаган жойда чорва ҳам бўлмайди.
Аҳоли эса, ҳавода тобора кўпаядиган туз ва бошқа зарарли моддалардан озор кўради. Репродуктив саломатлик кўпроқ панд беради, бўқоқ касаллиги, камқонлик ва бошқа иллатлар кўпаяди.
Ҳай атттанг-а! Бир маҳаллар Урмия олти минг квадрат километр майдонни эгаллар, соҳиллари юзлаб километрга чўзилган эди. У ерда шўрликка мослашган ноёб сув ўтлари кўлнинг экотизимини барқарорлаштириб турарди – айрим жонзотлар учун яхши озуқа эди. Кўл бўйида ўсадиган шувоқ ўти ва бошқа турдаги галофитлар (шўрхок тупроққа мослашган ўсимликлар) ҳам шу вазифани бажарарди. Энди улар берадиган кислород ҳам йўқ. Соҳил бўйлаб жойлашган табиий қўриқхоналарни чўл зонаси ўз домига тортиб кетяпти.
Бир маҳаллар Урмияда фламинго, ўрдак, чумчуқсимон қушлар кўп эди. Мавсум алмашганда узоқ сафарга чиқадиган айрим қушлар ҳам гала-гала бўлиб, бу кўлни қўналға қиларди. Сув ўта шўр бўлгани учун кўлда балиқ деярли йўқ эди, лекин оқиб келаётган ирмоқларда тузуккина балиқчилик қилинарди. Бу ҳам аллақачон тўхтаган.
Шундай қилиб, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ҳисобга олмаганда ҳам, катта бир минтақада яхшигина биологик хилма-хиллик барҳам топяпти. Бунинг салбий таъсирлари ҳаммамизга маълум, гап далолатсиз бўлмаслиги учун фақат биттасини келтириб ўтамиз: кўлда яшаган ва миграция даврида келадиган қушларнинг бу минтақадан кетиши турли ҳашаротларнинг кўпайишига олиб келади. Бунинг оқибатларига тўхталиш шарт эмас.
Албатта, ҳукумат экологик бўҳронга қарши баҳоли қудрат курашиб келди. Масалан, қишлоқ хўжалигига сув сарфлаш чекланди, акваторияни яхшилаш чоралари кўрилди. Лекин хуфя қудуқларнинг ҳаддан ортиқ кўплиги, иқлимнинг глобал ўзгариши – ёз жазирамасининг ўта кучли бўлиши ва бунинг оқибатида бутун мамлакат бўйлаб буғланиш нисбатан катта бўлаётгани, кетма-кет келаётган қурғоқчилик барча саъй-ҳаракатларни зое қилди. Урмия кўли «Урмия чўли»га айланиб, экологик ҳалокатнинг яна бир рамзини майдонга чиқарди. Энди кўлни ўз ҳолига қайтариш эмас, афсуски, фақат қуриш оқибатларига қарши курашиш билан шуғулланиш қолди.
Бу нимани эслатяпти?! Ҳа, албатта, Урмия ҳақида ўқиган ҳамманинг кўз ўнгида ўз-ўзидан Орол фожиаси гавдаланади. Пахта учун чўлларни ўзлаштиришдан бошланган экологик бўҳрон жиловлаб бўлмайдиган даражага етиб борди ва Орол денгизи ўрнида заҳарли «Оролқум саҳроси» пайдо бўлишига олиб келди.
Ҳозир денгизнинг шимолий бўлаги кенгайгани тўғрисида хабарлар эълон қилинмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, у ерда сув ҳажми 24,1 миллиард куб метрга етган. Қисман балиқчилик ва зироат учун шароит яратилган. Лекин умумий вазият барибир яхши эмас. Оролбўйидаги иқтисодий ва ижтимоий муаммолар ҳали кўп вақт давомида эътибор, маблағ ва саъй-ҳаракатларни ўзига жалб этиб бораверади. Бу тезда бартараф этиладиган бўҳрон эмас.
Минтақада барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, инфратузилмани яхшилаш, қуруқ иқлим ва шўрхок тупроққа мослашган ўсимликларни кўпайтириш каби чоралар, албатта, жуда зарур. Аммо, сувдан рационал фойдаланиш энг кенг тарзда йўлга қўйилмас экан, биз экологик муаммолардан, уларнинг оқибатларидан халос бўла олмаймиз. Яъни, фақат биз – Ўзбекистон ё Марказий Осиё мамлакатлари эмас, балки бутун дунё аҳли.
Тан олиш керак: инсонлар бир ҳовуч сув билан бажариш мумкин бўлган ишга оби ҳаётдан ҳамон бир челак сарфлаяпти. Уни энг кўп «истеъмол қиладиган» қишлоқ хўжалигини олайлик. Сувнинг катта қисми экинга етиб бормай туриб ерга сингиб кетади – дунёнинг ҳамма ерида ҳам ариқлар бетонланган эмас, деҳқонларнинг ҳаммаси ҳам экинини томчилатиб ёки ёмғирлатиб суғормайди.
Шаҳарликларнинг кундалик ҳаёти ҳам авло эмас. Ҳаво кирлиги ё иссиқни баҳона қилиб, ҳар куни эрталаб ва кечқурун душ қабул қилиш расм бўлгани – майлига, автомобилни ювишдек арзимаган ишларга ҳам бир неча ўн баробар сув сарфлаш одат бўлди. Илгари ҳамма ҳовлида бир-икки пақир билан эплаган иш энди ориятимизга тўғри келмай қолди. Кир битта тоғорада ювиларди, кейин шунча сув билан чайиларди, ҳозир машинага топширилади. Йўқ, гап цивилизация неъматларидан бебаҳра қолиш эмас, тежамкорлик ҳақида кетяпти. Масалан, ўнта кийимни ўн марта эмас, бир мартада ювиш мумкин-ку. Сувни баралла оқизиб қўйиб, телефонда сўзлашмасдан, ҳангомани кейинроққа сурсак, ўша ҳамсуҳбатимиз бир ҳафтага аразламаса керак, ҳар ҳолда. Катта човгумни тўлдириб қайнатиб, кичкина чойнакка чой дамлаш, қолган сувни тўкиб юбориш увол эканини англаб етишдек идрок етишмаяпти инсониятга!
Шаҳарлардаги дарёлар суви анчадан буён ичиб, баъзилари чўмилиб ҳам бўлмайдиган ҳолатга келиб бўлган (Париж олимпиадасида Сена дарёсига тушган спортчиларнинг бошига нималар тушганини эслашнинг ўзи кифоя). Лекин энди қишлоқ жойлардаги ариқлар суви ҳам яроқсиз бўлиб қоляпти. Уларни биз, инсонлар шу кўйга соляпмиз. Саноат корхоналарини айблаш билан қутулиш «кўзимни юмсам, муаммо кўринмай қолади, демак, йўқ бўлади» дегандек гап. Инсонларнинг кундалик ҳаётдаги қилмишлари ҳеч бир корхонанинг зараридан қолишмайди – оқимнинг қуйисида кимдир, дейлик, қўл ювишини ўйламай, ариққа туфлаймиз, сигарет қолдиғини ташлаймиз, меванинг данаги ҳам ўша ёққа отилади, хокандоздаги нарсалар ўша ерга тўкилади. Қай бирини санайсиз!
Майда гапларга ўхшайди. Лекин руслар айтганидек, «дьявол кроется в деталях» – ҳамма гап шу майда деталларда. Масалан, экинни томчилатиб суғорган деҳқонлар ўзидан олдинги ва кейинги қулоқдаги «соҳиби тупроқлар» билан умуман жанжаллашмайди, чунки у ҳолда сув ҳаммага етади. Озодароқ бўлсак, шаҳару қишлоқларимиз озодароқ бўларди ва камроқ ювиниб, камроқ кир ювардик.
Бевосита Ўзбекистон ҳақида гапирадиган бўлсак, Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари каби бизда ҳам сув йилдан-йилга камайиб бораётганини ҳеч ҳам эътибордан соқит қилмаслик керак. Йиллар нисбатан қуруқ келаётгани, тоғлардаги музликлар вазнини йўқотаётгани, аҳолининг «киборлар ҳаётига оид» тақлидли сунъий эҳтиёжлари кўпайиб бораётгани бизни сув масаласида «қизил нуқта» чегарасига тезроқ яқинлаштиришини ҳамма англаб етса эди!.. Масалан, Исроил шундай чегарада яшайди. Истаганлар «Исроил – сув – қизил нуқта» деб интернетга бир оғиз мурожаат қилса, у ердаги вазият билан бир пасда танишиб олиши мумкин. Биз ўзимизга шуни раво кўрамизми?! Ёшимиз улуғ бўлса, унгача етиб бормаслигимиз мумкиндир, бу ҳам хотиржам қилмайди – фарзандларга, набираларга шуни қолдиришни истаймизми?!
Кейинги пайтлар Каспий денгизининг сатҳи пасайиб бораётгани ҳақида хабарлар кўпаймоқда. Лекин бу янгиликлар кундалик сиёсий ур-сурлар, оловли нуқталар, юлдузлар ҳаётига оид машмашалар каби «долзарб» воқеаларнинг, ижтимоий тармоқлардаги «мем» ва «рильс»ларнинг соясида қолиб кетмоқда.
Наҳотки, у ҳам эртага бутун бўй-басти билан муаммога рўпара бўлишини истасак, деган хавотир уйғонади.
Каспийнинг ҳайвонот дунёси 850, наботот олами 500 дан зиёд турга эга. Биз учун бевосита тегишли, хос бўлган муҳим жиҳати – бу денгиз Марказий Осиё иқлимини шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Бизнинг иқлимдаги намлик ва ёғин-сочин кўп жиҳатдан Каспий денгизига боғлиқ. Қизиққанлар бунга ҳам интернет орқали ишонч ҳосил қилиши мумкин.
Бремен университети илмий модели хунук истиқболни намоён қилди. Асримиз охиригача Каспий сатҳи – ҳаммаси яхши бўлса – фақат глобал исиш туфайли 8 метрга пасаяр экан. Ҳеч қандай чора кўрилмаса, бу 20 метргача етаркан. Оқибатини тасаввур қилаверинг!
Орол инсоният учун битта огоҳлантириш бўлган эди. Урмия навбатдагиси бўлди. Энди биз Каспийнинг ҳам қуришини кутамизми ё оқилона иш тутамизми, бу ёғи давлатларнинг экологик сиёсатига, дунёдаги ҳамма халқларнинг экологик маданиятига боғлиқ. Биз, инсонларнинг ҳатто глобал ҳарорат ошишини тўхтатишга ҳам ақлимиз ва қурбимиз етади. Фақат сиёсат, геосиёсат, сиёсий иқтисод каби йўналишларда бугунги манфаатни эмас, эртанги ҳаловатни устун қўйсак, бўлди эди. Лекин ҳамма нозик гап каби бу фикрнинг ҳам ўз «лекини» бор-да...
Болибек БОЛҚИБОЕВ
Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши ва экологик муаммолар глобал кун тартибининг ажралмас қисмига айланмоқда. Ўзбекистон ҳам бу жараёндан четда эмас.
БатафсилЎтган асрнинг 70-йилларида мамлакатимизга Россия, Украина ва Беларусь ҳудудларидан кўплаб ёғоч материаллари олиб келинарди. Ўша вақтларда ёғоч-тахта пўстлоғида минтақамиз табиатига ёт бўлган номаълум ҳашарот ҳам кириб келди.
БатафсилБашариятни огоҳликка чорламоқда, лекин биз, инсонлар негадир бефарқмиз
Батафсил