Жиноят ва жазо      Бош саҳифа

Пора канда қилмаса, пароканда бўлмаймизми?

Ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг «Порахўр» сарлавҳали эртак-фельетони ёдингиздами? Замонамизда кирпини «пора» деб берса, битиб қолган томоғини очиш учун уни тескари ютадиганлар борми, йўқми? Йўқ бўлса, нега ўша кирпини тутишга интилиб, ўзи қопқонга тушиб қолганлар ҳақида ўқиб қоляпмиз?

Пора канда қилмаса, пароканда бўлмаймизми?

Яшин тезлигида тарқалаётган бу каби хабарлардан ўзини ўнглаб, қинғир йўлидан ортга қайтганлар ҳам бисёр, назаримда. Айниқса, порахўрликка қарши кескин кураш кетаётган бугунги бир пайтда-я…

Германиянинг Берлин шаҳрида дунё давлатлари орасида коррупция билан боғлиқ ҳолатларни ўрганадиган алоҳида ташкилот бор. Бу Transparency International (Трансперенси Интернейшнл) — Халқаро шаффофлик ташкилоти 2015 йилда 167 мамлакат ўртасида коррупциянинг қай даражада экани бўйича индекс натижаларини эълон қилган. Унга кўра, Ўзбекистон охирги ўнталикдан жой эгаллаб, 153-ўринни банд этибди. Ўша пайтлар бу иллатга қарши кураш бугунгидек кескин ва қатъий эмас эди-да. Оддий мисол: ўтган йилги олий ўқув юртига кириш имтиҳонлари жараёнида адолат арқони бир тортилган эди, баллар шифтдан қулаб тушди-ю,  илмнинг этагини маҳкам тутган минглаб ўғил-қизларнинг кўкрагига шамол тегди.

Шундай бўлса-да, барибир кунда-кунора дуч келаётганимиз бу — коррупция. Қалтис ишга бош қўша туриб: «Шу охиргиси бўла қолсин, бундан кейин сира аралашмайман», деб ўзига ҳар гал ваъда берадиганлар «ўрганган кўнгил ўртанса қўймас»лигини билармикан? Мушукнинг текинга офтобга чиқмаслиги, қуруқ қошиқ оғиз йиртиши, пул бўлса, чангалда ҳам шўрва пишиши, еган оғиз уялиши ҳақидаги ва ҳоказо мақоллар турмушнинг оғир чиғириқларидан ўтиб, учига чиққан порахўрларни кўравериб, кўзи пишиб кетган инсонлар тилидан айтилгану, халқники бўлиб қолган бўлса ажаб эмас. Хато йўлни танлаб, тараққиёт занжиридаги ҳалқаларга халақит бераётганларга қарата: «Пора канда бўлмаса, пароканда бўласан», сўзининг ўзи етарли эмасмикан?

Тасаввуф адабиётининг машҳур намояндаси Ҳожа Аҳмад Яссавийнинг қуйидаги мисралари инсонни тақдир ҳар кўйга солмасин, у ҳамиша ҳалоллик ва тўғриликни касб этишга ундайди, акс ҳолда, жазоси оғир бўлишини башорат қилади:

 

Дунё учун ғам ема, Ҳақдин ўзгани дема,

Киши молини ема, сирот узра тутаро...

 

Шу ўринда яна бир мулоҳаза: коррупция гўёки улкан гравитацион ҳаракатга ўхшайди. Дейлик, бир чақалоқ дунёга келиб, улғаяр экан, мана шу гравитацион ҳалқа атрофида кезиб юради. Муаллақ қолиш ёки сурилиб чиқиб кетиш имконсиздек туюлади баъзан... Қаранг, коррупция аталмиш ана шу макондан буткул чиқиб кетиб бўлмайдими? Шу хусусда кўпни кўрган ота-онам, тадбиркор акам, шифокор, фармацевт, ўқитувчи опаларим ва турли мансабу лавозимларда ишлаётган қавм-қариндошлардан сўраб кўрдим. Улар орасидан фақат онам: «Бировнинг ҳақи, ҳалол ва ҳаром, ризқнинг ёлғиз Аллоҳдан берилиши, уволу савобга кўз юмиб қўйган одамлар ҳам бор-да», деб жавоб қайтарди. Қолганлар эса, мийиғида кулиб қўйишди, холос. Биргина шулар тимсолида кўрдимки, минглаб ва ҳатто, миллионлаб инсонлар порахўрлик буткул барҳам топишига унча-да ишонмайди. Аммо ҳар муаммога ечим бор. Бу ечимни топган давлатлар, халқлар йўқ эмас ахир. Улар босиб ўтган оғир йўлдан ўтишга нима, бизнинг салоҳиятимиз етмайдими?

Эртага эмас, бугун. Чирмовуқдай чирмашиб олган бу иллатни томири билан сидириб ташлашимиз лозим. Йўқса, бу иллат биздан фарзандларимизга, улардан невараларимизга «мерос» қолиб, такрор ва такрор рўй бериб, суяк суриб бораверади.

Туғуруқхонада

— Эна, мана, олинг, «суюнчи», деб келса берасиз.

— Бериб қўйдим, болам, бердим.

— Пулингиз бормиди?

— Пул қайда, болам, ўзим ёпган сутли нон билан бултурги ғўлин ўрик туршагидан бердим. Келиним эсон-омон қутулиб олса, бир сиқим асраб қўйган сояки майизданам келтириб бераман.

— Соддасиз-да, энажон. Бу ер сизнинг қишлоқмас. Ахир, оқ халатнинг иккита чўнтаги бежиз тикилмаган...

Болалар боғчасида

Икки дугона учрашиб қолди.

— Кўз тегмасин, ўғлингиз русчани аввалгидан анча тузук гапиряпти. Қўшимча тўгаракка бердингизми?

— Йўқ, тарбиячисига байрамларда совға-саломни канда қилмаяпмиз. Олдинига шундайгина илтимос қилиб кўрдик, бўлмади. Йўқ демайди, лекин бажармайди. Барибир эътибордан четда қолаверди. Юзта «сиз-биз»дан битта «жиз-биз» яхши экан. Кўриб турибсиз, ҳозирча натижа ёмон эмас.

Дўконда

Дадаси маҳсулот назорати идорасида ишлашини билмайдиган бола онасига:

— Ойи, музлатгичда колбаса тугамасаям нега дадам яна сотиб олибди?

— Сотиб олмади, ўғлим, магазинчи амакининг ўзи шунчаки бериб юборибди...

Банкда

«Тажрибали» банк ходими янги ишчига:

— Сиз мижоздан пул-мул сўраб қўйманг тағин. Огоҳлантириб қўйиш менинг бурчим: битта-яримта хом иш қилиб, мени «подвадит» қилманг, дейман-да. Ҳозир ким кўп, «ёзувчи» кўп. Кейин тадбиркорлар ҳам ҳуқуқини билиб қолган. Эҳтиёт шарт-да. «Сизга кредит берилади-ю, фақат яна озгина муддат кутасиз, илож қанча», десангиз, фаросатли, дангал тадбиркор мақсадга кўчади-қўяди. Вақтини кеткизиб кутиб ўтиргандан кўра, нақди билан ишни битказадиганлар ҳам оз эмас. Улар харажатсиз ҳаракат нолга тенглигини сизу биздан-да яхши билади...

Уйда

Ота ва ўғил суҳбатидан:

— У ерда ўқимайман. Дизайнер бўлмоқчиман.

— Эй бола, юрасанми қоғоз-қалам кўтариб?! Кўзингни каттароқ оч, бу туришда косанг оқармай ўтиб кетасан. Мен ўқишингни гаплашиб қўйганман...

Кўчада

ЙПХ ходими билан ажойиб келишув.

— Қоидани буздингиз, ука. Тақиқлаш белгисини кўриб турибсиз-ку!

— Командир, шошиб тургандим, узр, энди бошқа қайтарилмайди.

— Йўқ, ҳужжатларни беринг, ёзмасам бўлмайди.

— Паспортни ичига қаранг, ҳамма «ҳужжат» ўша ерда...

— Қани, беринг-чи... Майли, бир сафар кечираман. Хавфсизлик камари тақилмаган, деб ёзиб бераман. Ёзмасам бўлмайди, ҳув анави ерда камера бор...

Талабалар ётоқхонасида

Юқори курс талабаси билан янги талаба суҳбатидан:

— «Иқтисод» сал инжиқроғ-у, ўқисанг, қўйиб беради. Олий математикадан дафтарларинг ҳамиша жойида бўлсин. Ҳар дарс битталаб текширади. Социологиядан иложи бўлса, «нб» туширма. Унданам астойдил ўқисанг, вазифаларини вақтида топширсанг, баҳо оласан. Ўртага таниш-билиш тиқиштирма яна. Баҳосиз қолиб кетасан-а!

— Кимёни айтмадингиз-ку?!

— Буни сессия пайти «староста»нинг ўзи айтади.

Бозорда

Сотувчи нарх кўтарилганидан нолиган харидорга:

— Биз ҳам нима қилайлик, ҳалигина паттани пулини бервордик, ҳозир қарасак, бозорком вакили келиб турибди. Вақти-вақти билан уларни оғзини мойлаб турмасак, жойсиз қоламиз. Бу жойга кўз тикиб турганлар қанча? Шунинг ҳисобигаям меваларга қўшимча нарх минади-да, ака. Тирикчилигимиз фақат шунинг орқасидан бўлса...

 

Наргиза ЮНУСОВА

 




Ўхшаш мақолалар

Ака-ука муштумзўрлар жазога тортилди

Ака-ука муштумзўрлар жазога тортилди

🕔19:21, 30.06.2022 ✔411

Бозорга ҳар ким ўз режаси, ўз юмуши билан келади. Кимдир савдо-сотиқ қилса, кимдир унинг харидори. Ўртадаги беминнат ёрдамчилар ҳам борки, уларнинг меҳнати ҳақида эсламасликнинг иложи йўқ.

Батафсил
Бир йилда  12 млрд. сўм  ўғрилик

Бир йилда 12 млрд. сўм ўғрилик

🕔16:25, 29.04.2022 ✔482

ёхуд кибержиноятлардан қандай ҳимояланамиз?

Кейинги йилларда дунё миқёсида рақамлаштириш ва ахборотлаштириш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш билан боғлиқ масалалар долзарб бўлиб қолмоқда.

Батафсил
15 минг  «кўки»ни  олди-ю,  аммо...

15 минг «кўки»ни олди-ю, аммо...

🕔22:20, 18.03.2022 ✔518

Холтўра Содиқов (исм-шарифлар ўзгартирилган) Кадастр палатасининг Андижон вилояти бошқармаси Хўжаобод тумани филиали мутахссиси вазифасида етти ой ишлади, холос.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Ака-ука муштумзўрлар жазога тортилди

    Ака-ука муштумзўрлар жазога тортилди

    Бозорга ҳар ким ўз режаси, ўз юмуши билан келади. Кимдир савдо-сотиқ қилса, кимдир унинг харидори. Ўртадаги беминнат ёрдамчилар ҳам борки, уларнинг меҳнати ҳақида эсламасликнинг иложи йўқ.

    ✔ 411    🕔 19:21, 30.06.2022
  • Бир йилда  12 млрд. сўм  ўғрилик

    Бир йилда 12 млрд. сўм ўғрилик

    ёхуд кибержиноятлардан қандай ҳимояланамиз?

    Кейинги йилларда дунё миқёсида рақамлаштириш ва ахборотлаштириш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш билан боғлиқ масалалар долзарб бўлиб қолмоқда.

    ✔ 482    🕔 16:25, 29.04.2022
  • 15 минг  «кўки»ни  олди-ю,  аммо...

    15 минг «кўки»ни олди-ю, аммо...

    Холтўра Содиқов (исм-шарифлар ўзгартирилган) Кадастр палатасининг Андижон вилояти бошқармаси Хўжаобод тумани филиали мутахссиси вазифасида етти ой ишлади, холос.

    ✔ 518    🕔 22:20, 18.03.2022
  • ЕР СОТГАН ЭР БЎЛМАС!

    ЕР СОТГАН ЭР БЎЛМАС!

    “Қутлуғ қон” романида ўз ерини сотиб, бой тоғасининг хизматига келган камбағал Йўлчига Мирзакаримбой шундай дейди:

    ✔ 818    🕔 16:20, 21.01.2022
  • «УЧТА ПОРТСИГАР, УЧТА ВИДЕОКАМЕРА…»

    «УЧТА ПОРТСИГАР, УЧТА ВИДЕОКАМЕРА…»

    М.Юлдашев таниши О.Темиров билан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлишиб, 2020 йил 1 апрель куни соат 21:00да Пастдарғом туман “Қатортерак” МФЙ ҳудудидаги автошоҳбекати ҳудудида жойлашган уяли телефон аппаратларини сотиш савдо дўконига ғайриқонуний равишда кириб ўғирлик қилишган.

    ✔ 564    🕔 12:43, 18.01.2022
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар