Қарздорни дарров тармоқдан узиб қўйишдан олдин…
Мажбурий ижро бюроси фаолияти туфайли айни пайтда коммунал хизматлар тўловлари ўз вақтида ва тўлиқ ундирилиб, истеъмолчилар қарздорлиги камайишига эришилмоқда. Бу яхши албатта. Энди фуқаролар бу масалага янада масъулият билан қарай бошласа-да, тўлов интизоми деган тушунча ҳаммада ҳам тўлиқ шаклланмаяпти.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси берган маълумотларга кўра, бугунги кунда аҳолидан энг кўп мурожаат тушаётган соҳалардан бири газ таъминоти билан боғлиқ. У умумий мурожаатларнинг қарийб 21 фоизини ташкил этади. Унда фуқаролар, асосан, босимнинг пастлиги, асоссиз қарздорлик бўйича шикоят қилади. Шу билан бирга, мажбурий ижро бюроси ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари бўйича ҳам арзлар мавжуд экан.
— Амалдаги тартиб-қоидага кўра, ушбу идора ходимлари қарздорлиги мавжуд хонадонга энергия ресурсидан фойдаланишни чеклаш (тармоқдан узиш) дан олдин, фуқарога огоҳлантириш хати бериши шарт, — дейди Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси ўринбосари Иномжон Тоғаев. — Истеъмолчи қарзини ўз ихтиёри билан бартараф этиши учун беш кун муддат белгиланган. Аммо бу қоида ҳар доим ҳам ишламайди. Тармоқдан ёппасига узиб қўйиш ҳоллари учрайди. Савол туғилади, нега?
Маълумки, қайта тармоққа улангандан кейин истеъмолчи энг кам ойлик иш ҳақининг икки баробари миқдорида жарима ҳам тўлайди. Мазкур сумма эса, ўз навбатида, МИБ ҳисобига тушади. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, ҳозирги вақтда мана шу огоҳлантириш муддатига амал қилинмаяпти.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида шундай ҳолат юз берган. Туман мажбурий ижро бюроси ходимлари фуқаронинг уйига якшанба куни келиб, ундаги табиий газдан мавжуд 415 минг сўм қарздорлик сабабли огоҳлантиришсиз тармоқдан узган. Ваҳоланки, хонадон соҳиби пластик картасидан тўловни амалга оширмоқчи бўлганда, идора ходимлари уни қабул қилишдан бош тортган. Хонадон соҳибига пулни кассага тўлашини айтган. Шу тариқа, истеъмолчи тармоқдан узилган. Эртаси куни фуқаро ҳам мавжуд қарзини, ҳам қўшимча жаримани тўлагач, тармоққа қайта уланди.
Мазкур воқеадан сўнг, фуқаро федерациянинг 1091 қисқа рақамли «Ишонч телефони»га қўнғироқ қилиб, мазкур ҳолат юзасидан шикоят қилди. У МИБ ходимлари хатти-ҳаракати қонуний ёки қонунга хилоф эканини билмоқчи бўлди. Масала юзасидан федерация мутахассислари тартиб аслида қандай бўлиши лозимлиги хусусида ҳуқуқий маслаҳат берди.
Қонуний томонларини билиб олгач, фуқаро туман МИБга расман мурожаат этади. Бироқ ушбу вазиятда мутасаддилар унинг ноҳақлиги, тўловни ўз вақтида амалга оширмагани боис газ тармоғидан асосли равишда узиб қўйилганини уқтиради. Шундан кейин фуқаро Қорақалпоғистон Республикаси МИБга, юқори турувчи органга ариза йўллайди. Аммо ариза қайтиб қуйи идорага — туман МИБга келиб тушади ва фуқарога юқоридаги каби яна юмалоқ-ёстиқ қилиб жавоб қайтарилади.
Охири Федерациянинг бевосита аралашуви туфайли, яъни республика мажбурий ижро бюросига расмий хат йўллаб, қонунчилик талаблари бузилгани кўрсатилгандан сўнг, фуқаронинг тўлаган жарима миқдори қайтариб берилди. Ундан узр сўралиб, қонунбузилишига йўл қўйган МИБ ходимига тегишли чора кўрилди.
Шаҳобиддин РАСУЛОВ
ёзиб олди.
Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам
🕔09:18, 23.10.2025
✔10
Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.
Батафсил
Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф
🕔15:28, 16.10.2025
✔37
«Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»
Батафсил
Автошина чиқиндилари: муаммо ва инновацион ечимлар
🕔14:59, 09.10.2025
✔71
Мамлакатимизда аҳолининг автомобилдан фойдаланиши муттасил ўсаётгани яхши кўрсаткич албатта. Бироқ, бу ўз навбатида янги экологик ва иқтисодий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шулардан бири – автомобиль шиналари чиқиндиларини утилизация қилиш масаласидир.
Батафсил