Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Шошиб босилган қадам

ота вояга етмаган фарзандига нега машина калитини тутқазди?

Шошиб босилган қадам

Баъзан оний лаҳза-сониялар ҳам инсон ҳаётига нуқта қўйилишига сабаб бўлиб қолади. Хаёлнинг фаромуш бўлиши, эҳтиётсизлик, йўл ҳаракати қоидаларига беписандлик билан ташланган бир қадам ўзингизнинг ҳам, ҳайдовчининг ҳам тақдирини буткул ўзгартириб юбориши мумкин...

Хўш, йўлда юриш маданиятига қай даражада амал қил­япмиз? Гоҳида йўлни беш-ўн метрга қисқартираман, деб ўз жонимизни хатарга қўйишимизни биламизми? Йўл ҳаракати қоидалари – ҳаёт-мамот қоидаси эканини қай даражада тушунамиз? Буни англаб етишимиз учун бошимизга бирор кулфат тушиши шартми?

«Қоидани бузишни ўргатяпмиз»

— Фарзандларини боғча ёки мактабга олиб кетаётган ота-оналарнинг ўзи йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаётганига тез-тез гувоҳ бўламан, — дейди неварасини мактабдан олиб қайтаётган Ҳуррият Ғуломова. – Куни кеча бўлган воқеа менга жуда таъсир қилди: светофорнинг қизил чироғи ёнган, автобус тўхтаб турганда болали аёл шошиб ҳайдовчига юзланди: «Амаки, шу ерда тушиб қолсак бўладими? Боғчага кеч қолаётгандик». Ҳайдовчи ҳам шунга ўхшаш қоидабузарлардан тўлиб юрган эканми, фақат рад этиш билан кифояланмади. «Синглим, сизларни йўл ўртасида туширсам, боғчага кечикиб эмас, умуман етиб боролмай қолишингиз мумкин. Икки томонда қатор машина — ҳозир яшил чироқ ёнса, ҳаммаси юра бошлайди. Йўл ўртасидан қандай ўтасиз?» — дея аёлни мулзам қилди. Ёшларни шошқалоқ десак, бир неча фарзандли кап-катта одамларнинг бу ишига нима дейсиз? Қуш уясида кўрганини қилади. Ана ўша болалар эртага мактабга ёлғиз кетаётганда ҳам йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмайди. Бора-бора қоидаларни бузиш одатга айланади. Бу эса фарзанд ҳаёти учун қанчалик хавфли эканини тасаввур этиш қийин эмас.

Уйдан беш дақиқа эрта чиқилса, ҳеч қаерга шошмай, қоидаларни бузмай, эсон-омон манзилга етиш мумкин. Ўзим ҳам келинларим-қизларимга доим уқтираман: жон болам, шошма! Сал вақтли туриб, уйдан эртароқ чиқ, асабийлашмай манзилингга етиб оласан.

Ҳар фожиада сабоқ бор

— Болалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари дунёда тугал ечими топилмаётган масалалардан, — дейди Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси катта инспектори Мансуржон РИХСИЕВ. — Мамлакатимизда болалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган Давлат дастури қабул қилинган. Дастур доирасида «Диққат, болалар!», «Таътил», «Диққат, пиёда!», «Тарғиботлар автокарвони», «Ҳаракат хавфсизлиги ойлиги» каби тадбирлар, «Яшил чироқлар» мусобақаси мунтазам ўтказиб келинмоқда. Ўқув муассасаларида бу муаммонинг олдини олишга қаратилган тушунтириш-тарғибот ишлари доимий олиб борилмоқда. Йўл ҳаракати қоидаларини мактаб ўқув дастурига алоҳида фан сифатида киритиш, ўқувчиларнинг кийимлари ва мактаб сумкаларига нур қайтарувчи тасмалар ўрнатиш, улар кундалигига «мактабга бориб келишнинг хавфсиз йўли» саҳифасини киритиш режалаштирилмоқда.

Юқоридаги ҳаракатлар самарасиз кетаётгани йўқ. Бунинг натижаси ўлароқ, 2015 йилга келиб, болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари 4,7 фоизга камайди. Аммо бу барибир кам.

Бунда энг катта масъулият ота-оналар зиммасига тушади, албатта. Кўчада кетаётганда йўл-йўлакай ҳаракат қоидаларини тушунтириб бориш, асосийси, фарзандларга намуна бўлиб, қоидаларга амал қилган ҳолда ҳаракатланиш муҳим. Афсуски, ҳамма ота-оналар ҳам қизил чироқ ишорасига парво қилавермайди. Фарзандини етаклаганча катта йўлдан бамайлихотир ўтаверади.

Яқинда содир бўлган икки ҳодиса барчани бирдек ларзага солди. Чойхонада ўтирган ота авжи суҳбат палласи фарзандларини боғчадан олиб келиш вақти бўлганини эслайди. Гурунгнинг қаймоғини ташлаб кетишга кўзи қиймаганми ёки ошна-оғайниларини ҳаваслантиргиси келганми, ҳайтовур, 7-синфда ўқийдиган ўғлини чақиртиради. Унга «Нексия» калитини узатиб, укаларини боғчадан олиб келишни буюради. Боғчадан қайтишда беш ёшли Фотима ва Ҳусан эркалик қилиб, ўзи шундоқ ҳам рулга ўтириши мумкин бўлмаган акасига машинани тезроқ ҳайдашни айтишади. Ака тезликни ошириб, бошқарувни йўқотади: «Нексия» рўпарадан келаётган юк автомашинаси остига кириб кетади. Оқибатда автомобиль бошқариб кетаётган 7-синф ўқувчиси, олдинги ўриндиқда ўтирган Ҳусан воқеа жойида ҳалок бўлган, Фотима эса жуда оғир жароҳатланган.

Тошкент ҳалқа автомобиль йўлида юз берган яна бир бахтсиз ҳодиса ўта аянчли: соат 23:45 да базмдан қайтаётган ота-она ҳамроҳлари билан суҳбатга берилиб, 1,5 ёшли фарзандининг катта кўчага чиқиб кетганини сезмай қолади. Қаровсиз қолган гўдак ўйнаб автомобиль йўли ўртасигача боради. Шу пайт катта тезлик билан келаётган автомашина тўхташга улгурмай, уни уриб кетади. Бола воқеа жойида вафот этади.

Биринчи ҳолатда: нега ота ҳали вояга етмаган фарзандига машина калитини тутқазди? Хўп, отанинг ақли етмабди, бироқ ёнидаги инсонлар нима учун уни бу хатардан қайтармади? Вояга етмаган ҳайдовчи катта йўлда машина бошқарса-ю, кўча тўла йўл-патрул хизмати ходимлари буни назардан қочирса — буларнинг бари бепарволик оқибати эмасми? Сўнгги пушаймондан эса фойда йўқ.

Масъулият барчамизда

— Йўл ҳаракати қоидаларини бола, аввало, оилада, кейин боғча ва мактабда ўрганади, — дейди Юнусобод туманидаги 272-мактаб ўқитувчиси Севара Отахонова. — Мактабимизда ҳам йўл ҳаракати хавфсизлиги хоналари ва бурчаклари ташкил қилинган. Болаларни янада ҳушёрликка чақириш мақсадида Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси билан ҳамкорликда учрашувлар, турли танлов ва мусобақалар ўтказяпмиз. Мактабимиз катта йўл ёқасида жойлашган. Шу боис дарслар бошланиши ва тугаши вақтида юқори синф ўқувчилари мактабдош ука-сингилларини йўлдан ўтказиб қўйиши ташкил этилган.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, саккиз ёшгача бўлган бола ҳар доим ҳам шовқиннинг қайси томондан келаётгани ва йўналишини аниқ англамайди. Шунинг учун у йўлда катталарга тақлид қилган ҳолда ҳаракатланади. Аммо катта карвоннинг ўзи йўл ҳаракати қоидаларини бузишда намуна бўлиб турса-чи?

Дилроз АБРАЕВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Атроф-муҳит ҳолатидан  одамлар  рози бўлиши керак

Атроф-муҳит ҳолатидан одамлар рози бўлиши керак

🕔11:04, 04.12.2025 ✔59

Президент ҳузурида экологик барқарорлик ва қиш мавсумига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди

Батафсил
Халқимиз экологик ҳуқуқларини таъминлашнинг  мустаҳкам асоси

Халқимиз экологик ҳуқуқларини таъминлашнинг мустаҳкам асоси

🕔11:03, 04.12.2025 ✔60

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2023 йил апрелда умумхалқ референдуми асосида Янги Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси қабул қилинган эди.

Батафсил
Тошкентда ҳаво ифлосланиши:  Сабаблар санаб ўтилди,  ечим эса...

Тошкентда ҳаво ифлосланиши: Сабаблар санаб ўтилди, ечим эса...

🕔15:48, 27.11.2025 ✔152

Айни кунларда жамоатчиликнинг пойтахтдаги ҳаво сифати, унинг одамлар саломатлиги ва ҳаётига таъсири бўйича хавотирлари ортиб, муҳокамаларга сабаб бўляпти. Куни кеча Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланишининг сабаблари ва таркиби, шунингдек, вазиятни яхшилаш режалари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар