Аниқ саволга аниқ жавоб      Бош саҳифа

Таълим кредити: олиш мураккаб ва сарсонгарчиликми?

Бирор олий ўқув юрти Марказий банкка ёки бошқа банкларга ўз талабаларига кафиллик асосида таълим кредити сўраб мурожаат қилганми?

Таълим кредити:  олиш мураккаб ва сарсонгарчиликми?

Олий ўқув юртига тўлов-контракт асосида ўқишга кирган ҳар қандай талабани аввало шартнома пулини тўлаш масаласи ўйлантириб қўяди. Бу борада талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қанча имтиёзлар қатори тижорат банклари томонидан таълим кредитлари ҳам ажратилади. Бироқ кўп ёшлар таълим кредити олиш учун анча сарсон-саргардон бўлиш керак деб ўйлайди.

Хўш, ростдан ҳам таълим кредити олиш шунчалик қийинми? Ундан ҳамма талаба ҳам фойдалана оладими? Бунинг учун кимга ёки қаерга мурожаат қилиш лозим? Шартлари қандай?

Шу ва бошқа саволлар билан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарма бошлиғи Комил АҲМЕДОВга  мурожаат қилдик.

— Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлдаги «Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган Низомга биноан,  таълим кредитлари талабага ўзи яшайдиган аҳоли пунктида жойлашган тижорат банкларида расмийлаштирилади, — дейди Комил Аҳмедов. — Низомга мувофиқ, таълим кредитлари тижорат банклари томонидан олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимларига тўлов-контракт асосида қабул қилинган талабаларга, уларнинг ота-оналарига ёки васийларига берилиши мумкин.

— Бундай кредит неча йил муддатга берилади?

— Олий таълим муассасаларида ўқиш даври ҳисобга олинган ҳолда, бакалавриат босқичида таълим олаётган талабаларга ўн йилгача, ­магистратурада таҳсил олаётганларга эса, беш йилгача бўлган муддатга берилади. Муддатли ҳарбий хизматни ўташ даври бу муддатга кирмайди.

— Имтиёзлар ҳам борми?

— Албатта. Чин етимларга, Меҳрибонлик уйида тарбияланганларга ҳамда болаликдан I ва II гуруҳ ногиронларига ноль фоиз ставкаси (фоизсиз кредит)да талаба кредити ажратилади.

Кам таъминланган оилаларнинг талаба фарзандлари учун кредит бўйича қўшилган фоизларнинг 50 фоизи туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади. Кам таъминланган оилалар тоифаси маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан аниқланади.

Бошқа талабаларга Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган ўзгарувчи фоиз ставкалари (бу йил учун 14 фоиз) белгиланади. Таълим кредитлари бўйича фоиз ставкаси ва тижорат банклари томонидан қўшиладиган фоизлар учун тўловлар миқдори Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси ўзгаришига қараб ўзгариши мумкин.

— Талаба кредитини ҳисоблаш ва уни тўлаш жараёни қандай кечади? Яъни, талаба кредит фоизи ва асосий қарзни қачондан тўлашни бошлайди?

— Ажратилган таълим кредитлари учун фоизларни ҳисоблаш ва тўлаш маблағ таълим муассасасига ўтказилган вақтдан, асосий қарзни қайтариш эса, талаба ўқишни тамомлаганидан кейин уч ой ўтгач бошланади.

— Таълим кредитини олиш учун қандай ҳужжатлар зарур бўлади?

— Аввало, талаба ўзи истиқомат қилаётган тумандаги бирор банкка таълим кредитини олиш учун ариза ёзади. Сўнг талаба ва олий таълим муассасаси ўртасидаги тўлов-контракт асосида ўқиш учун белгиланган тартибда расмийлаштирилган шартнома зарур бўлади. Шартномада ўқишнинг белгиланган муддати ва бир йил учун тўлов миқдори кўрсатилган бўлиши лозим. Ўқиш учун тўлов миқдори кейинги йилларда ўзгарган ҳолларда контрактларга тегишли ўзгартиришлар киритилади, бу ҳақда олий таълим муассасаси ўн кун муддатда банкка ёзма равишда маълум қилади, сўнг қарз олувчи, банк ва олий таълим муассасаси ўртасидаги кредит шартномасига зарур ўзгартиришлар киритилади.

Кейин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан қарз олувчининг яшаш жойи тўғрисида берилган маълумотнома талаб этилади. Кредитни қайтаришнинг таъминланиши тўғрисида ҳужжат ҳам зарур.

Имтиёзли таълим кредитлари олиш ҳуқуқига эга бўлган чин етимлар, Меҳрибонлик уйида тарбияланганлар, болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлари, кам таъминланган оила фарзандлари эса тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этадилар.

Қарз олувчи юқоридаги ҳужжатларни банкка тақдим этиш билан бир вақтда паспортини шахсан кўрсатади. Банк паспортдан ва тақдим этилган бошқа ҳужжатлардан зарур кўчирмалар ва нусхалар олишга ҳақлидир.

— Банк томонидан талабага қандай талаб қўйилади?

— Банк томонидан талабага қўйиладиган асосий талаб шуки, олинган кредит қайтарилмаслиги хавфининг олдини олиш мақсадида қарз олувчи қуйидаги таъминот шаклларидан бирини банкка тақдим этиши лозим:

— мол-мулк ёки қимматли қоғозларни гаровга қўйиш;

— банкнинг кафолати;

— учинчи шахснинг кафиллиги;

— суғурта компаниясининг қарз олувчининг кредитни қайтара олмаслиги хавфи суғурта қилингани тўғрисидаги суғурта полиси;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кафиллиги (фақат чин етимлар ва Меҳрибонлик уйида тарбияланганлар, болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлари ва кам таъминланган оилалардан чиққанлар учун).

Шулар талабаларга қўйилган асосий талаб ҳисобланади. Тақдим этилган ҳужжатлар банк талабларига жавоб берса, банк қарз олувчи ва олий таълим муассасаси ўртасида кредит шартномаси тузилади.

— Талаба тўрт йил давомида, яъни ҳар йили таълим кредитидан фойдаланиши мумкинми?

 — Албатта. Таълим кредитлари бўйича маблағлар кредит шартномасида қайд этилган шартларда ҳар ярим йилда ўқиш учун йиллик тўловнинг тўлиқ миқдорини икки қисмга бўлиш йўли билан ўтказилади. Бунда янгидан қабул қилинган талабаларга биринчи ярим йилликда ўқиши учун бошланғич тўлов жорий йилнинг 1 октябригача, иккинчи ярим йиллик учун — навбатдаги календарь йилнинг 15 мартигача тўланади. Ўқишнинг иккинчи йилидан бошлаб, кредит ҳар ярим йилликнинг биринчи ойи (сентябрь ва март)нинг 5-кунидан кечиктирилмай тўланади.

— Борди-ю, талаба ўқишдан ҳайдалса, олинган кредит масаласи қай тарзда ҳал этилади?

— Кредит олган йигит ё қиз ўқиш даври тугамасдан талабалар сафидан чиқарилган тақдирда, таълим муассасаси раҳбариятининг буйруғи чиққан кундан бошлаб, ўн иш куни мобайнида бу ҳақда банкка хабар бериши керак, қарз олувчи эса, ўз навбатида, уч ой муддатда таълим кредити ва унга қўшилган фоизлар бўйича қарзларни тўлиқ қайтариши шарт.

 Агар олий таълим муассасаси талабани ўқишдан четлаштирилгани хусусида ўз вақтида банкка хабар бермаса, ўша таълим муассасаси ушбу давр учун ҳисобланган фоизларни банкка тўлашга мажбур бўлади.

— Талаба кредити 2001 йилдан буён ажратилиб келинмоқда. Айтинг-чи, шу вақт ичида бирор олий ўқув юртининг раҳбарияти Марказий банкка ёки бошқа банкларга ўз талабаларининг ўқиши учун кафиллик асосида таълим кредити сўраб мурожаат қилганми?

— Очиғи, бундай ҳолат ҳали кузатилганича йўқ. Балки жорий йилдан бошлаб, олий ўқув юртлари ўз талабаларининг келажаги учун кафил туриб, таълим кредити ажратилишини сўраб мурожаат қилар. Агар шундай бўлган тақдирда, Марказий банк бундай ташаббусни қўллаб-қувватлашга ҳамиша тайёр.

 

«Оила даврасида» мухбири

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ

ёзиб олди.




Ўхшаш мақолалар

Экологик  нормалар –  барқарор ривожланишнинг  мустаҳкам кафолати

Экологик нормалар – барқарор ривожланишнинг мустаҳкам кафолати

🕔17:01, 30.11.2023 ✔131

Кўп асрлик инсоният тарихидан маълумки, Ўзбекистон ўзининг қадимий миллий давлатчилик асосларига эга бўлган буюк юртдир. Мамлакатимиз ўз мустақиллигига эришганидан буён, барча соҳаларда туб ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.

Батафсил
Мажбурий меҳнат учун қандай жавобгарлик белгиланган?

Мажбурий меҳнат учун қандай жавобгарлик белгиланган?

🕔11:29, 09.08.2023 ✔220

Хўш, мажбурий меҳнат ўзи нима? Мажбурий меҳнат – бирор-бир жисмоний шахсдан жазони қўллаш таҳдиди остида талаб этиладиган, бажарилиши учун ушбу шахс ихтиёрий равишда ўз хизматларини таклиф қилмаган ҳар қандай ишни ёки хизматни англатади.

Батафсил
Мажбурий меҳнат учун қандай жавобгарлик белгиланган?

Мажбурий меҳнат учун қандай жавобгарлик белгиланган?

🕔11:29, 09.08.2023 ✔220

Хўш, мажбурий меҳнат ўзи нима? Мажбурий меҳнат – бирор-бир жисмоний шахсдан жазони қўллаш таҳдиди остида талаб этиладиган, бажарилиши учун ушбу шахс ихтиёрий равишда ўз хизматларини таклиф қилмаган ҳар қандай ишни ёки хизматни англатади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар