Аниқ саволга аниқ жавоб      Бош саҳифа

Диққат, акция! Уйингиз ҳужжати борми?

Энди ҳужжатлар электрон қабул қилинади.

Диққат, акция!  Уйингиз ҳужжати борми?

Аҳоли орасида ҳеч қандай хат-ҳужжати йўқ уй-жойларда яшаётганлар кўплаб топилади. Табиийки, уй-жойнинг ҳеч қандай ҳужжати бўлмагач, уни бировга сотишнинг, мерос қолдиришнинг ёки рўйхатга қўйишнинг иложи йўқ. Хуллас, нақд бошоғриқ.

Ўз уйига ўзи эгалик қила олмаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш,  уй-жойларга эгалик ҳуқуқини бериш мақсадида давлат раҳбарининг топшириғига биноан бир марталик акция эълон қилинди. Унинг муҳлати 2019 йил 1 июнга қадар этиб белгиланди. Бу жараён Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари орқали бажарилиши белгилаб берилди.

Хўш, бу амалиёт туманларда қандай кечмоқда? Уй-жойининг ҳеч қандай ҳужжати йўқ фуқаролар дастлаб кимга ёки қаерга мурожаат қилиши керак? Улардан қандай ҳужжатлар талаб этилади? Умуман, шу ва бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигига мурожаат қилдик.

— Уй-жойининг ҳеч қандай ҳужжати йўқ фуқаро даставвал, Давлат хизматлари агентлигининг туман бўлимларига ариза билан мурожаат қилиши керак, — дейди Давлат хизматлари агентлиги директори ­Ҳалилулло ­ТЎРАХЎЖАЕВ. — Фуқародан фақат шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинидан шу уй-жой ҳақиқатан ҳам унга тегишлилиги ва оила аъзолари сони ҳақидаги маълумотнома талаб этилади, холос.

Фуқаро томонидан агентликнинг туман бўлимига топширилган ушбу ҳужжатлар узоғи билан бир соат ичида туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимларига юборилади. Айнан туман кадастр бўлимлари ишчи орган саналади. Улар уч иш куни давомида фуқаронинг уй-жой ҳолатини ўрганиб, чизмасини чизади. Улар ўз ишини якунлагач, туман ҳокимлиги томонидан тузилган комиссия аъзоларига топширади. Комиссия етти ташкилот (туман санитария-эпидемиология назорати маркази, ёнғин хавфсизлиги, ички ишлар бўлими, экология, ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими, архитектура бўлими, ҳокимият вакили) ходимларидан тузилади. Унга туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари раислик қилади. Комиссия аъзолари беш иш куни атрофида фуқаронинг уй-жойини тўлиқ ўрганиб, ҳар бир комиссия аъзоси ижобий хулоса берса, туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари розилик билдиради ва давлат хизматлари агентлигига фуқаро учун ҳисоб рақам тақдим этади. Фуқаро тўрт иш куни давомида давлатга энг кам иш ҳақининг беш баробаридаги тўловни амалга оширгач, квитанцияни яна туман давлат хизматлари агентлиги бўлимига топширади. Ўз навбатида, Давлат хизматлари агентлиги мазкур тўлов тасдиғини комиссия ­аъзоларига топширади. Шундан сўнг икки иш куни давомида туман ҳокимлиги фуқарога уй-жойга эгалик тўғрисида қарор чиқаради.

— Бу ҳозирги кунда қандай кечяпти? Ҳарқалай бир марталик акция хусусида гап бормоқда. Аҳолимиз орасида ҳеч қандай ҳужжати йўқ уй-жойлар эса жуда кўп.

— Афсуски, шундай. Лекин натижа биз кутгандек эмас. Шу вақтга қадар, бу масалада жуда кам аҳоли мурожаат қилди. Бундай бўлишида баъзи вилоят ва туман ҳокимликларининг ҳам айби бор. Сабаби, орадан шунча вақт ўтса-да, айрим туман ҳокимликлари ҳалигача комиссия тузмаган. Масалан, биргина Тошкент вилоятида ҳужжатсиз уй-жойлар кўп бўлишига қарамай, ҳалигача ҳокимлик томонидан комиссия аъзолари тасдиқланмаган. Ваҳоланки, акция тугашига ҳам оз вақт қоляпти.

Бундан кўпчиликни хабардор этиш мақсадида маҳаллаларда фуқаролар билан сайёр қабуллар уюштиряпмиз. Сайёр қабуллар давомида маҳалла фуқаролар йиғини раисларига тушунтириш ишлари олиб бориляпти.

— Давлат хизматлари агентлиги уй-жойга эгалик ҳуқуқини рад этиши ҳам мумкинми?

— Шу ўринда аҳолимиз бир нарсани тўғри тушунишини истардик. Аввало, агентлик ҳеч қандай хизмат турини рад этмайди. Уни комиссия ҳал қилади. Агар ўша уй-жой қурилиши мумкин бўлмаган ёки хавфли ҳудудга тўғри келган бўлса, комиссия унга қарор чиқаришни рад этиши мумкин. Давлат хизматлари агентлиги икки томон ўртасида воситачи, холос. Авваллари бир уйнинг ҳужжатини тахт қилгунга қадар унинг эгаси камида беш-олти ой сарсон бўларди. Ҳозир бунга барҳам берилган. Чунки бу ишлар Давлат хизматлари агентлиги ёрдамида бажарилмоқда. Умуман олганда, агентлик ташкил топган дастлабки вақтда унинг хизмат тури 32 тани ташкил этган бўлса, бугунга келиб, 100 дан ортди. Бу, ўз навбатида, инсон омилини чеклаб, коррупциянинг олди олинишига хизмат қилмоқда.

— Тартибга кўра, ҳеч қандай хат-ҳужжати йўқ уй-жойларнинг майдони олти сотихдан ошмаган бўлиши лозим. Шунга қарамай, айрим фуқароларнинг ер майдони олти сотихдан ортиқ. Бу каби фуқароларнинг масаласи қандай ҳал этилади?

— Бундай пайтда айримлар кимларгадир пора бериш эвазига ҳужжатларини тўғриламоқчи бўлади. Лекин агентликка олти сотихдан ортиқ ери бор фуқаролар ҳам мурожаат қилса, бу масала ҳам қонунда белгиланган тартибда кўрилиб, ижобий ҳал этилади. Агар юқорида айтганимдек, бузиладиган ёки хавфли ҳудудда бўлмаса, албатта.

— Болаларни боғчага жойлаш ҳам агентлик орқали амалга оширилмоқда. Бу ўзини қанчалик оқлаяпти?

— Тартибга кўра, ҳар бир тумандаги боғчалар ўзидаги бўш ўринлар хусусида агентликнинг бўлимларига ҳисобот бериб боради. Агентлик бўлимлари ўша ҳисоботга кўра, болаларни боғчага жойлайди. Агентлик орқали боласини боғчага жойлаш ниятидаги ота-оналар ўзлари истаган боғчага туман агентлик бўлимлари ёрдамида навбатга ёзилади. Навбати келганда унинг фарзанди ўша боғчага жойлашади.

Шу ўринда боласининг навбати келгунча, орадан анча вақт ўтиб кетса-чи, деган ҳақли савол туғилиши табиий. Бундай вазиятда фарзандини ўзи истаган боғчага жойлаштирмоқчи бўлган ота-онага бошқа боғчадаги бўш жойлар таклиф қилинади. Ўзи танлаган боғчада навбати келгунга қадар ўша боғчага бориб туради. Навбати келгач, агентлик унинг фарзандини ўзи танлаган боғчага жойлаштиради. Лекин айрим боғча мудирларининг нопоклиги оқибатида баъзи боғчалар сунъий равишда тўлдирилмоқда ёки бирон бир ота-онага арзимаган пул эвазига бизда жой бор деган қоғоз ёзиб, бизга жўнатяпти. Биздаги рўйхатда эса ўша боғчада жой йўқ. Агентлик томонидан шундай нопокликка қўл ураётган боғча мудирлари аниқланиб, уларга тегишли тартибда чора кўриляпти.

 

«Оила даврасида» мухбири

Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ

ёзиб олди.




Ўхшаш мақолалар

Экологик  нормалар –  барқарор ривожланишнинг  мустаҳкам кафолати

Экологик нормалар – барқарор ривожланишнинг мустаҳкам кафолати

🕔17:01, 30.11.2023 ✔132

Кўп асрлик инсоният тарихидан маълумки, Ўзбекистон ўзининг қадимий миллий давлатчилик асосларига эга бўлган буюк юртдир. Мамлакатимиз ўз мустақиллигига эришганидан буён, барча соҳаларда туб ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.

Батафсил
Мажбурий меҳнат учун қандай жавобгарлик белгиланган?

Мажбурий меҳнат учун қандай жавобгарлик белгиланган?

🕔11:29, 09.08.2023 ✔220

Хўш, мажбурий меҳнат ўзи нима? Мажбурий меҳнат – бирор-бир жисмоний шахсдан жазони қўллаш таҳдиди остида талаб этиладиган, бажарилиши учун ушбу шахс ихтиёрий равишда ўз хизматларини таклиф қилмаган ҳар қандай ишни ёки хизматни англатади.

Батафсил
Мажбурий меҳнат учун қандай жавобгарлик белгиланган?

Мажбурий меҳнат учун қандай жавобгарлик белгиланган?

🕔11:29, 09.08.2023 ✔220

Хўш, мажбурий меҳнат ўзи нима? Мажбурий меҳнат – бирор-бир жисмоний шахсдан жазони қўллаш таҳдиди остида талаб этиладиган, бажарилиши учун ушбу шахс ихтиёрий равишда ўз хизматларини таклиф қилмаган ҳар қандай ишни ёки хизматни англатади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар