Жиноят ва жазо      Бош саҳифа

Жиноят кўчасидаги ўсмир қаерда ўсган?

Аввалига отасини кейин онасини соғина-соғина зериккан аламзада бола энди кўчадан нажот қидира бошлади.

Тун ярмида Адолат холанинг уйқуси қочди. Бемаҳал келишга одатланган невараси Сардорбекни, четга ишлаш учун кетган ўғли ва келинини ўйлаб, кўнгли ўксиди. Ўғлини кўрмаганига ҳам саккиз йил бўлибди. Ўшанда Сардорбек тўққиз ёшда эди. «Бечора болам, қўй шу сарсонгарчиликни. Кел, ўғлингга оталик қилсанг, менинг у ёғимдан бу ёғим яқин бўлса...» Шу пайт ичкаридан гурсуллаган овоз эшитилди. Сардорбек гиламда бежо тўлғаниб ётарди...

Оиладаги нотинч муҳит ва назоратсизлик фарзанд бебошлигига сабаб бўлади. Шу боис мамлакатимизда ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида таълим муассасаларида фан, спорт ва касб-ҳунар тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган. Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия ишлаб турибди. Ота-она, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигида ҳар бир фарзанд тарбиясига эътибор қаратилмоқда.

Аммо... Вояга етмаганлар, ёшлар ўртасида жиноятлар содир этилмоқда. Улар кимлар, деган саволга тегишли соҳа ходимлари жавоб беради.

— Вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятлар, асосан, нотинч, тез-тез оилавий жанжал бўлиб турадиган, ота-онаси ичкиликка ружу қўйган ёки ажрашган, шунингдек, хорижга ишлаш учун кетган оилалар фарзандлари томонидан содир этилмоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма бошлиғи ўринбосари Шерзод Раҳимов. — Шу боис Бош прокуратура ва Вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссияси билан ҳамкорликда назоратсизлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, носоғлом оилаларда тарбияланаётган вояга етмаганлар ўртасида ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастурлари ишлаб чиқилиб, ҳудудларда тўлиқ ижрога қаратилган.

Маълумотларга кўра, 4343 нафар тарбияси оғир вояга етмаган ички ишлар идоралари томонидан профилактик ҳисобга олинган бўлиб, уларга таълим муассасалари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан мураббийлар бириктирилиб, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида турли тўгаракларга жалб этилди.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида рўйхатга олинганларнинг 3807 нафари профилактик ҳисобдан чиқарилди.

...Сардорбекнинг ота-онаси бирга яшамасди. Шундан сўнг ота ҳам, она ҳам боласини ташлаб, хорижга кетди. Оқибатда у қари бувисининг қўлида қолди. Сардорбек 1-синфга ўқишга борганда ота-онаси ёнида эди. У жуда иқтидорли ўқувчи сифатида тилга тушди. Спорт тўгаракларига мунтазам қатнаша бошлади. Дастлабки йилдаёқ фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. Оилада мувозанат бузилгач, болага алоҳида эътибор қаратилмади. Аввалига отасини кейин онасини соғина-соғина зериккан аламзада бола энди кўчадан нажот қидира бошлади. Топган дўстлари билан бирга ўз уйидан пул ўғирлади. Секин-аста, билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолди.

Халқимизда «Бир болага етти маҳалла ота-она» деган мақол бор. Хўш, ёшларнинг, айниқса, ўсмирларнинг жиноят кўчасига киришига нима сабаб бўлмоқда? Наҳотки, маҳалла, мактаб, қўни-қўшни кўз олдида ўсиб келаётган боладаги ўзгаришларни сезмаса?! Зотан, тарбияси ноқис бола ­оиласига, маҳаллага, жамиятга ҳеч қандай наф келтирмайди.

— Мазкур салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий комиссия аъзоларидан тузилган ишчи гуруҳлар томонидан назоратсиз ва қаровсиз аҳволда юрган ёшлар аниқлаб борилади, — дейди Ш.Раҳимов. — Уларнинг ота-оналари билан профилактик суҳбатлар ўтказилгандан сўнг ҳам фарзандларига таълим-тарбия бериш чорасини кўрмаган ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик ва бошқа таъсир чоралари кўрилмоқда.

Жумладан, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан шуғулланувчи барча органлар томонидан ҳамкорликдаги ишлар тўғри йўлга қўйилгани натижасида, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятларда вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг сезиларли даражада камайишига эришилди.

...Сардорбек Тошкент шаҳар наркология диспансерида кўзини очди. Ёнида бувиси йиғлаб ўтирарди. Унинг меҳрибон бувисига меҳри ийиди...

 

Гулноза БОБОЕВА




Ўхшаш мақолалар

Ака-ука муштумзўрлар жазога тортилди

Ака-ука муштумзўрлар жазога тортилди

🕔19:21, 30.06.2022 ✔419

Бозорга ҳар ким ўз режаси, ўз юмуши билан келади. Кимдир савдо-сотиқ қилса, кимдир унинг харидори. Ўртадаги беминнат ёрдамчилар ҳам борки, уларнинг меҳнати ҳақида эсламасликнинг иложи йўқ.

Батафсил
Бир йилда  12 млрд. сўм  ўғрилик

Бир йилда 12 млрд. сўм ўғрилик

🕔16:25, 29.04.2022 ✔494

ёхуд кибержиноятлардан қандай ҳимояланамиз?

Кейинги йилларда дунё миқёсида рақамлаштириш ва ахборотлаштириш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш билан боғлиқ масалалар долзарб бўлиб қолмоқда.

Батафсил
15 минг  «кўки»ни  олди-ю,  аммо...

15 минг «кўки»ни олди-ю, аммо...

🕔22:20, 18.03.2022 ✔526

Холтўра Содиқов (исм-шарифлар ўзгартирилган) Кадастр палатасининг Андижон вилояти бошқармаси Хўжаобод тумани филиали мутахссиси вазифасида етти ой ишлади, холос.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Ака-ука муштумзўрлар жазога тортилди

    Ака-ука муштумзўрлар жазога тортилди

    Бозорга ҳар ким ўз режаси, ўз юмуши билан келади. Кимдир савдо-сотиқ қилса, кимдир унинг харидори. Ўртадаги беминнат ёрдамчилар ҳам борки, уларнинг меҳнати ҳақида эсламасликнинг иложи йўқ.

    ✔ 419    🕔 19:21, 30.06.2022
  • Бир йилда  12 млрд. сўм  ўғрилик

    Бир йилда 12 млрд. сўм ўғрилик

    ёхуд кибержиноятлардан қандай ҳимояланамиз?

    Кейинги йилларда дунё миқёсида рақамлаштириш ва ахборотлаштириш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш билан боғлиқ масалалар долзарб бўлиб қолмоқда.

    ✔ 494    🕔 16:25, 29.04.2022
  • 15 минг  «кўки»ни  олди-ю,  аммо...

    15 минг «кўки»ни олди-ю, аммо...

    Холтўра Содиқов (исм-шарифлар ўзгартирилган) Кадастр палатасининг Андижон вилояти бошқармаси Хўжаобод тумани филиали мутахссиси вазифасида етти ой ишлади, холос.

    ✔ 526    🕔 22:20, 18.03.2022
  • ЕР СОТГАН ЭР БЎЛМАС!

    ЕР СОТГАН ЭР БЎЛМАС!

    “Қутлуғ қон” романида ўз ерини сотиб, бой тоғасининг хизматига келган камбағал Йўлчига Мирзакаримбой шундай дейди:

    ✔ 824    🕔 16:20, 21.01.2022
  • «УЧТА ПОРТСИГАР, УЧТА ВИДЕОКАМЕРА…»

    «УЧТА ПОРТСИГАР, УЧТА ВИДЕОКАМЕРА…»

    М.Юлдашев таниши О.Темиров билан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлишиб, 2020 йил 1 апрель куни соат 21:00да Пастдарғом туман “Қатортерак” МФЙ ҳудудидаги автошоҳбекати ҳудудида жойлашган уяли телефон аппаратларини сотиш савдо дўконига ғайриқонуний равишда кириб ўғирлик қилишган.

    ✔ 571    🕔 12:43, 18.01.2022
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар