Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

Исажон СУЛТОН: «Тафаккурда чақмоқлар чақнаса...»

Мухлислар талаб ва таклифлари билан уюштирилган бу суҳбатда ёзувчи ўзининг адабиёт ва китобхон ҳақидаги фикрларини баён этди.

Исажон СУЛТОН:  «Тафаккурда чақмоқлар чақнаса...»

Бу галги суҳбатдошимиз «Боқий дарбадар», «Озод» каби романлари ва бир қатор ҳикоялари билан нафақат ўзбек, балки бошқа миллат китобхонлари кўнглидан жой олган истеъдодли ёзувчи Исажон Султон бўлди. 

— Исажон ака, бугун нега китобхонлар орасида тафаккурни чархлайдиган асарлардан кўра, қўл учида ёзилган «енгил» асарларнинг бозори чаққонроқ? Бугунги ўқувчига қандай китоб керак ўзи?

(Давомини «Оила даврасида» газетасининг 2016 йил 28 апрельдаги 17-сонида ўқинг)

 

— Мактабда физика фани ўқитувчиси барча болага умумий таълим беради. Аммо бошида ҳеч ким улар орасида чиндан физикада кашфиёт қиладигани борми ё йўқ — билмайди. Кўпчилик физика ҳақида умумий нарсаларни ўрганади, физик олимлар эса бу фаннинг тафаккур чегарасигача етиб боришади. Чегарадан нарёғи — кашфиёт. Адабиётда ҳам худди шундай. Умумий омма бор: улар кун бўйи ишлаб, ҳаёт ташвишлари билан чарчашади. Бўш вақтида қўшиқ эшитгиси, комедия кўргиси ёки муҳаббат қиссаларини ўқигиси келади. Бу — унинг эҳтиёжи. Физикада оддий сув формуласини яратган одам «оғир сув», яъни дейтерий формуласини яратгандан кўра машҳур. Ҳолбуки, иккинчи кашфиёт  оламшумулроқ. Ана сизга парадокс!

Аслида адабиёт ва табиат қонунлари бирдай ишлайди. Шу сабаб қандай қилиб ҳаммага бир хилда кашфиёт-асар ярат, дейиш мумкин? Яқинда Лондонда чиқадиган «Daily Telegraph» газетаси дунё адабиётининг кишилар онгида бурилиш ясаган ўнта асарини тақдим қилди. Ундай асарларни ўқиш учун маълум тайёргарлик керак. Масалан,  саккизинчи синф ўқувчисига «Телба» ёки «Тирилиш»ни ўқи дейиш тўғри эмас. Ҳар ким тафаккури етган асарни ўқийди. Бизнинг энг катта нуқсонимиз — ҳаммадан бирдай доҳиёна асар талаб қилаверамиз. Кичкина бола нимадир қораласа, «истеъдодинг бор, аммо зўр асар ёзишинг керак» деймиз. Ёки адабиётимизни ажойиб бир асар билан бойитган ижодкорга қачонлардир яратилган асарни айтиб, «ўхшаб қолибди», деб жар соламиз. Менимча, бағрикенгроқ бўлавериш керак.

— Асарларнинг баҳосини фақат адабиётшунослар бериши керакми?

— Санъат жиҳатдан олиб қараганда — шундай. Аслида ёзувчи ҳам олим, ҳам файласуф, ҳам ижодкордир. Турли билимларни тўпламагунча, истеъдодини юзага чиқаролмайди. Ёзувчи бўлиб шакллангач, енгилроқ асарни кўрса, тепа сочи тикка бўлиб кетади. «Бизга ҳақиқатдан руҳан баланд, тил жилваларига бой, тафаккурни чархлайдиган асар керак», дейди. Чунки унинг даражаси шундай. Аммо оддий ўқувчининг истаклари ҳам бор. Улар орасидаги адабиётни чиндан севадиган киши бора-бора билгичга айланади. Аммо илк поғонада турган ўқувчи чарчаб уйига келганида, «китоб ўқиб, дам олсам», дейди. Уни ҳам тўғри тушуниш керак.

— Гоҳида айрим ёшларга «иложини топсанг — ёзма», дейишади.  Сиз бу маслаҳатга қандай қарайсиз?

— Бу кимдир «олим бўламан» деса, «Яхшиси, шу фикрингдан қайтақол, болам», дегандай гап-ку! Биттаси «Ота, учувчи бўлмоқчиман», деса, «Ундан кўра, қўйингни боқиб юравер», деган жавоб олса... Ғалати эмасми? Хоразмийга онаси «Қўй, болам, бошингни қотириб нима қиласан?» деганида бугунги дунё алгоритмсиз, «ноль» рақамисиз қолмасмиди?! Шунинг учун болаларнинг чекланишига мутлақо қаршиман. Чунки ҳар болада лаёқат, қобилият бор. Ёзувчилик ҳам шундай. Фақат қалбдан қувват оладиган ҳодиса бу! Биласизми, теп-текис жойларда гоҳида олтин ёмбилар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолади. Улар қаттиқ чақмоқ уришидан юзага келаркан. Худди шундай: халқ тафаккурида чақмоқлар чақнаса, олтин ёмбидай истеъдодлар пайдо бўлаверади.

— Аммо бизда негадир бой одамлар шеър ёзмайди, деган фикр бор. Гарчи Толстой катта ер эгаси ёки Навоий вазири аъзам бўлса ҳам...

— Нега? Шоирлар бугун ҳам ёмон яшаётгани йўқ. Гоҳида бошқа соҳа вакиллари яшириб шеър ёзаётганини эшитиб қоламиз. Ўзим нечтасига гувоҳман. Бадавлат бир тадбиркор шеъриятга жуда ўчлигини, чиройли шеърлар ёзишини биламан.

Ёзувчилар уюшмаси тадбирлари боис турли ҳудудларни кезамиз. Одамларда адабиётга иштиёқ кучли эканини кўряпмиз. Бир қарашда оддийлигича қолгандай туюлса-да, одамларнинг дунёқараши кечагидан тубдан фарқ қилади. Ҳозирги инсонлар дунёнинг исталган ҳудудидан ахборот олиш имконига эга.

— Адабиётга ёндашув мезонлари ўзгариши инсониятни бошқа ўзанга буриб юбориши мумкинми? Бугун инсонларни нима бирлаштира олади?

— Инсонларни кун кечириш дарди эмас, бунёдкорлик иштиёқи, эл-юрт тақдири бирлаштиради-жипслаштиради. Асли инсонни ушлаб турадиган асос — ватанига, аждодлари хоки ётган заминга муҳаббат. Шахсиятнинг емирилиши муқаддаслик туйғуларини йўққа чиқаради. Ҳозир дунёнинг турли чеккаларида нон ва тинчлик истаган халқларнинг кўчишига гувоҳ бўляпмиз: барча муқаддас нарсасидан кечиб кетишяпти. Шу воз кечишлар оқибатида инсон шахсида емирилиш юз беряпти. Айни шундай пайтда адабиёт ҳимоя воситаси бўлиб юзага чиқиши керак.

Аслида бугун адабиётда ҳам ҳаддан ташқари индивидуаллашув, ўзига хослашув юз беряпти. Янги оқимлар пайдо бўлиб, яна йўқолиб кетяпти. Адабиёт шу тарзда парчаланишга юз буряпти. Шукрки, миллий адабиётимиз бу воқеликдан узоқ. Чунки  адабиётимизда халқнинг ўтмиши ва келажагини жипслаштириб турувчи ўзак  бор:  бу – муҳташам маънавий хазинамиздир.

— Бугун адабиётимизда катта-катта китоблар ёзил­япти. Аммо улар чиндан ҳам бугунги кун моҳиятини очиб бера оляптими?

— Йўқ, очиб бермаяпти. Йигирма йил олдинги ва бугунги одамлар бутунлай бошқача. Олдингиси қишлоғидан нари чиқса, дунёни кўрдим деб қувонарди.  Ҳозир кўп инсонлар дунё кезиб, бошқа халқлар вакиллари билан ўзини  таққослаб, хулоса ҳам чиқариб улгурди. Бугунги кун қаҳрамони ўзининг ғурури тикланганини ҳис қилди. Ҳозир кимдир ўзича «қайтамиз олдинга пайтга» деса, кулгига ва нафратга қолиши тайин. Чунки инсонлар, қарашлар, руҳият ўзгарди. Бу руҳиятдаги ўзгаришлар адабиётда тадқиқ этилмади.

— Нима учун бугун ўзбек адабиёти жаҳон миқёсига чиқа олмаяпти?

— Чиқа олмаяпти?! Саволи­нгиздан «Чиқишга уриняпти-ю, чиқа олмаяпти» деган маънони уқяпман.

— Масалан, Пауло Коэльонинг «Алкимёгар» асари жуда оммабоп. У Жалолиддин Румийдан таъсирланиб ёзилган, дейишади. Олис бразилиялик Коэльо  ўз адабиётимизни ўзимизга қайтариб, бизда машҳур бўляпти-ю, бизнинг ёзувчилар...

— Бунинг сабаби чуқур. Собиқ тузум даврида четга фақат рус тили орқалигина чиқардик. У вақтларда ёзувчиларнинг ўзи дунёга чиқишга интилмаган. Чунки биз учун дунё «империалистик тўсиқ»нинг ортида эди.

Мустақил бўлгач, дунёга назар ташлаб, яна ўзимизга қарадик — ҳайрон қолдик. Бу олам биз ўйлагандан кўра бошқача экан. Ҳамма ҳам биздай содда-самимий эмаслигини билдик. Турли манфаатпараст, қарашлар ва ғоялар орасида дунёга кўз-кўз қилишга арзийдиган жуда кўп маънавий бойлигимиз бор.

«Шарқ яратувчи, Ғарб ижрочи» деган гап юради. Пауло Коэльога келсак, унинг жуда катта тарғиботчилари — маркетинг усталари бор. Улар шунинг ҳисобидан кун кўради.

Дунё адабиётига тақдим қилиб, уларнинг диққатини тортадиган асарларимиз оз эмас. Фақат бизда боягидек маркетинг механизми ишламайди. Сабаби тил билмаслик, қолаверса, маблағ масаласи...

— Ўзбек тилидаги асарларни бошқа тилга таржима қилиб бўлмайди,  дейишади. Дейлик, Тоғай Муродни фақат ўзбек тилида ўқиш мумкиндай...

— Бу гап тўғри, лекин тилимизга бошқа тилдан таржима қилинган адабиётлар ҳақида нима деймиз? Уларда ҳам ўша халқлар тилларининг ширали, турфа маъно ташийдиган хусусиятлари бор-ку. Масалан, япон иероглифларида тонгни ифодалайдиган учта белги бор. Иероглифнинг ҳар биттаси битта сўз, кайфиятни акс эттиради. Шунга қарамасдан, таржима бўлди-ку. Бу — баҳона бўлолмайди. Ўзбек тилининг ўзига хослиги уни бошқа тилга таржима қилиши учун тўсиқ ҳисобланмайди. Бу таржимоннинг маҳоратига боғлиқ.

— Асарларингиздан шеъриятни севишингиз яққол сезилади...

— Наср уддалай олмаган маънони шеърият гоҳида икки мисра билан ифодалаб қўяди. Шеърий туйғуга ошнолик ўзбек носирларида бўлгани каби, насрий йўналишга ошнолик шоирларда ҳам бор.

— Ўзингиз ҳам шоир бўлишни орзу қилганмисиз?

— Ҳавас қилганман. Ҳалигача ҳавас қиламан.

— Машқ қилиб кўрмаганмисиз?

— Ёшлик пайтларимда бўлган. Шеър ёза олмаслигимни билганман. Чунки у  жуда юксак санъат.

— Бугун нафақат пойтахтимизда, балки чекка туманларда ҳам китоб дўконлари очиляпти. Чин маънода китобга қайтиш бўладими?

— Албатта, шу пайтгача болаларимиз маънавиятини юксалтириш, китобхонликни кучайтириш учун тарғиботлар олиб борилаётган эди. Энди амалий ишларга ўтилди. Бу қувонарли. Дунёнинг ҳеч қайси давлати ўз халқи маънавияти, шахсан, китобхонлик ҳақида қайғураётганини ҳеч қаерда эшитмадим. Бу ишларга давлатимиз бош-қош эканининг қадрига етишимиз керак.

— Минглаб ўқувчиларингиз бор. Улар орасида фарзандларингиз ҳам борми? Китобларингизни ўқишадими?

— Ўқишади. Ўқимай кўришсин-чи? (кулади).

— Уларни ўқишга мажбурлайсизми?

— Йўғ-е, руҳият истамаган нарсани мажбурлаб ўқитиб бўлмайди. Аммо фарзанд отасининг кимлигини билиши керак. Болаларим яқин-яқингача ёзувчилигимни билишмаган. Чунки улар ҳали ёш эди. Асарларимни ўқиши учун уларга тажриба, билим, вақт керак бўлди. Энди ўқишяпти.

Бугуннинг ёшлари озод ва ҳур бўлиб вояга етди. Ҳуррият болалари бу йил йигирма беш ёшга кирди. Онгида чекловлардан асар йўқ, зулм нималигини тарих китобларидан биладиган ёш авлод вояга етди. Бу – озод давлат байроғи остидаги баҳамжиҳатлик, юрт тақдири ҳақидаги жонкуярлик. Аслида ҳам ана шундай жипслик бор жойда тараққиёт бўлади.

 

Гўзалой МАТЁҚУБОВА

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Унинг меҳнати  эл дастурхонида  эъзозда туради

Унинг меҳнати эл дастурхонида эъзозда туради

🕔22:35, 07.04.2024 ✔55

Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.

Батафсил
Ҳамиша масъулиятли  бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг  муҳим шарти

Ҳамиша масъулиятли бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг муҳим шарти

🕔16:47, 25.01.2024 ✔102

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсaнeм БЕГИМОВА билан суҳбат

Батафсил
Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

🕔10:00, 23.01.2024 ✔108

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати, Ўзбекис­тон Экологик партияси аъзоси Муҳаббат Сафоева билан суҳбат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар