«Ўтлик фронт ичиндан алангали саломлар бўлсинким, ман соғ-саломатдурман. Сизларни кўп вақтлар саломат яшаб туришларингизни ҳар минут са[й]ин Яраткандан тилаб турмоқдаман.
...Руқия. Хат ёзганда оқ ёзилмаган қағаз ҳам қўшиб юборинглар. Хат ёзишга ҳеч қоғоз йўқ, тузукми...
24. VI.1942»
Таҳририятимизга Тошкент шаҳри Учтепа туманида яшовчи 77 ёшли Абдувоҳид ота Набиев жўнатган бир талай хатлардан бири бу. Мактублар уларга отаси — Иккинчи жаҳон урушида қатнашган Абдунаби Юсуповдан мерос, ёдгорлик экан.
Ҳалигача ота меҳрини қўмсаймиз
— Отам Абдунаби Юсупов 1909 йилда Тошкентда туғилган, жамоа хўжалигида ҳисобчи бўлиб ишлаган, — хотирлайди 83 ёшли Фарида ая Юсупова. — 1941 йилда урушга кетиб, 1945 йил 2 декабрда қайтиб келди. Отамдан кўп мактуб олардик. Акам ўқиб бераркан, доим бир сўзни такрорлардим: ғалаба биз томонда. Чунки отам барча хатида шундай ёзарди-да. Беш йил отамизни кутдик, бироқ энди дийдорига тўямиз деганда... яна айрилиб қолдик: асирга тушганда сил касаллигига чалинган экан, уйга келганидан тўққиз кун ўтиб, 1945 йил 11 декабрда 34 ёшида вафот этди. Бор-йўғи тўққиз кунгина отамнинг дийдорини кўра олдик...
— Уруш бошланганда икки яшар бола эдим, — дейди Абдувоҳид ота Набиев. — Эсимни таниганимда, ҳовлимизда онам, акам ва икки опамдан ташқари етти янгам болалари билан яшар эди: амакиларим урушга кетган. Қорнимиз сал тўйган кун байрам эди. Онам бизни боқиш учун меҳнатдан бўшамас, тонг ёришмай картошкали сомса пишириб, бозорга чопарди. Колхозда ишларди. Отам урушдан келганда, биринчи марта кўрганман. Айтишларича, отам урушдан қайтгач, аввал, сартарошхонага кириб, роса чиройли бўлиб келган экан. Бироқ дийдор... қиёматга қолди. Отамни қабрга қўйгач, орадан икки ой ўтиб, бувим Нуринисо ҳам вафот этди: жудолик оғир бўлди, кўтаролмади. Ҳалигача ота меҳрини қўмсайман. Кўнглимнинг бир четида катта бўшлиқ, соғинч бор...
Хатларни варақлаймиз. Фронтдан жўнатилган мактубларнинг кўпи учбурчак қилиб букланган. Чунки қоғоз тақчил бўлган, хат ҳам шу, конверт ҳам. Яна бир қизиқ жиҳат: улар ўша вақтдаги мавжуд уч алифбо — крилл, лотин ва араб имлоларида битилган. Турли чизмалар, ҳатто немисча ҳужжатлар варақларига шошиб ёзилган бу хатларни эътиборсиз, шунчаки ўқиб бўлмайди. Сабаби, Абдунаби Юсупов ажал кезиб юрган жанггоҳда юрганига қарамай, онаси Нуринисо, рафиқаси Руқия, фарзандлари Абдуғани, Фарида, Холида, Абдувоҳиднинг, бошқа қариндош-уруғларнинг қандай кун кечираётганидан то кўнглидан нима ўйлар ўтаётганига қадар қизиқади. Урушда юрса-да, фронт ортидагиларга бетиним далда беради. Шунинг ўзи бу инсон иродасининг нақадар кучли бўлганидан дарак.
«Руқия. Ман шул 4.IV.1942 да Туркистон шаҳридан жўнаб кетдим. Қаерга боришим номаълум. Етиб борган шаҳримдан хат ёзаман, хавотир бўлмагин. Ман учун маллавой Воҳидни, Холи[да] семизни, Мамлакатларни ўпиб қўйгин.
4. IV.1942».
«Онажон. Сизнинг Абдуғани қўли билан ёзилиб юборилган хат почта орқали келиб теккан куни ўзимда йўқ хурсанд бўлиб, хатингизни қайта-қайта ўқиб, хат охиридаги босилган бармоқ ўрнин[и] 2-3 маротабалаб кўзимга суртиб, ўпдим...
Маннон. ...Яхшини[нг] шарофати дегандак манимдек армия сафига олинганлар ҳаддан ташқари Туркистонда кўп бўлиб, ҳатто Туркистондаги зиёратгоҳ, Султоним мадраса[си] ва қабрлари қурилган [жойлашган демоқчи — У.Қ] бинога ҳам кишилар тўлган...
8. III.1942»
«Ойижон.
Қалай, аҳволларингиз яхшими? Ман сизларни ало[қ]-чало[қ] туш кўриб чиқдим ва сизлардан хавотирман. Шунинг учун хатни олгач, тезда хат ёзиб юборинглар. Эмди адресим тайиндур.
...Мандан аҳвол сўрасангиз, жуда соғман. Ҳозирда жануби урушда пашистларни аямай ўз миномётим билан кеча-кундуз зарба бериб, тугатиб бораётирмиз. Ўйлайманким, тез кунларда гитлерчилар бутун[лай] барбод бўлажак ва амин бўлингким, ғалаба қозонамиз. Зафар биз томонда...
20. VI.1942»
«Аълочи азамат ўғлим Абдуғанига!
...Уйдан чиққанимдан буёнига ҳаммаси бўлиб 20 донадан ортуқ хат ёздим, сизлардан фақат 5 дона хат олдим. Умуман, сизларга қараганда ман 4 баробар ортуқ хат ёздим. Шунинг учун ман эмас, сан кўпроқ хат ёзиб тургин, хўпми?!. Суратимни олдириб, сизларга бериб юбориш мени[нг] ҳам хаёлимда кўпдан бери бўлса-да, биз турган эски шаҳарда суратчи йўқ. Янги шаҳар [билан] ўртамиз 3 километр бўлиб, у ерга бориб келиш учун командирлар рухсат бермайдилар. Ҳарқалай, бир амаллаб сурат олдириб бериб юборарман...
Ман ҳам сизлардан хат келган хабарин[и] ўртоқларимдан эшитгач, жуда ҳам ҳовлиқиб, ким ёзган экан, қандай яхшилик хабарлардан бор экан, албатта, аълочи ўғлим мулло Абдуғани ёзган бўлса керак, деб хаёлланиб [бораман]. Хатни олиб ўқигач, сандан келмаган бўлиб чиқади. Сўнг ўйлайманким, Абдуғанижонни[нг] укалари билан бамаслаҳат, ҳаммалари каллектив бўлиб ёзган хатлари ҳали йўлда бўлса керак, келаётгандир...
Қани. Мана шу хат бориб теккач, ким кўп хат ёзиш учун сани мусобақага чақираман ва мусобақани қабул қилиб қўл қўйдим...
12. V.1942»
«Ойижон.
Хатингизда Руқияни колхозга аъзо бўлиб ишлаши учун мандан маслаҳат сўрагансиз. Манга қолса жуда ҳам яхши бўлади, бироқ колхозни бу йилги турли солуғи ўтмиш йиллар каби кам бўлмай, ортуқдир. Биргина гўшт мажбурияти учун ҳозирги гўшт нархи билан ҳисоблаганда 2500 сўм чамасида пул ёки 32 кило[грамм] гўшт [топшириш керак]... Бундан ташқари, томорқа налоги... ва бошқа фундларга чиқим тўлаш лозим. Шул апрель 1942 даги чиқған қарорга асосан биргина Руқия 120 меқнат куни ишлаши билан сиз қам бирга ёрдамчи аъзо бўлиб ишлашга мажбур бўласиз. Колхозга аъзо бўлиш билан ишласангиз — ишламасангиз, барибир, бутун налог ҳам ҳукумат мажбуриятларин[и] тўлаш керак бўлиб, йил охирида нормадан кам ишлаган аъзони умумий мажлисда аъзоликдан ўчириш билан судга беради[лар] қасддан ишламаган ҳисоблаб... Сиз ўйлайсизки, ҳолва деган билан оғиз чучийди деб, йўқ... Ҳарқалай бамаслаҳат ўйлашиб кўринглар. Сўнгдан қилинган пушмон яхши натижа бермас, деб ўйлайман.
27. VII.1942 »
«...Касаллигимга қарамай, 1945 йил 8 апрелда фашистлар қўлидан қутилганим хурсандлигига 25 апрелгача сизларга тўрт марта хат ёзган эдим. Ҳарқалай бориб теккан бўлса керак. Бироқ ман сизлардан хатим баробарига хат олмаганим сизларнинг қандай аҳволда эканингиз ҳақида кўп хаёллар сурдиради.
...Аҳволим яхши, анча тузалиб, семириб қолдим. Ҳарқалай ёш болаларим толеъига Худо ўз паноҳида сақлаб, тез кунларда дийдор кўришишликни насиб этган бўлсин.
6.VII.1945 йил».
Умид ҒАФУРОВ,
«Оила даврасида» мухбири