Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

«ОББО, ЖУДА БЎРТТИРИБДИ-КУ» ДЕМАСИН...

Шундай инсонлар борки, улар билан исталган мавзуда ҳар қанча суҳбатлашманг, мушоҳадали фикрлари билан беихтиёр кўнглингиз тўригача кириб боради. У билан янада кўпроқ мулоқот қуришга эҳтиёж сезасиз ўзингизда.

«ОББО, ЖУДА БЎРТТИРИБДИ-КУ» ДЕМАСИН...

Ўзбек Миллий академик драма театри актрисаси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Шодия ­АБДУҚОДИРОВА (Тўхтаева) ҳам ана шундай дилкаш суҳбатдош экан. У билан икки оғиз гаплашсангиз, дилингиз ёришиб кетади. Биз ҳам бунга амин бўлдик.

— Театрга меҳрингиз баланд эканини биламан. Айтинг-чи, ҳаёти­нгизда унинг ўрни қандай? Ҳарқалай, тезроқ танилиш, машҳур бўлиш учун ҳозир кўпчилик ўзини шоу-бизнесга урган. Шу пайтгача театрдан нима топдингиз ўзи?

— Ўн саккиз ёшимда театрга келган бўлсам, салкам ўн икки йил мудом — бу ҳали шу улуғ даргоҳнинг одамиман дейишга эрта. Аммо шу театр мени ҳам актриса, ҳам шахс сифатида тарбиялади, вояга етказди. Оддий томошабин ўриндиғидан саҳнага кўтарди. Театрга меҳримнинг ибтидоси эса кўпчиликники қатори бўлган: жонли ижро сеҳри ва болаликдаги орзу. Қарабсизки, бугун ҳаётимни театрсиз тасаввур қила олмайман.

Саҳна маданиятини, унинг улуғлигини англаш бахтини, жонкуяр устозларни ҳамда бир-биридан меҳрибон ҳамкасбларни шу даргоҳда топдим.

Ҳозир фарзанд тарбияси билан бандлигим боис, театрда танаффус қилишимга тўғри келди. Аммо яқин орада саҳнага яна қайтиш ниятидаман.

— Яқинда телетомошабинлар эътиборига ҳавола қилинган «Назира» фильмида бош қаҳрамоннинг ёшлигини гавдалантирдингиз. Назаримда, мазкур картина сизнинг ижодий имкониятингизни яна бир поғонага кўтаргандай бўлди. Ўзингизга ҳам сезилдими шу?

— Қайдам... Лекин бу ролнинг менга насиб этиши осон кечмади. Сабаби, кастингда жуда кўп маҳоратли актрисалар қатнашган. «Проба» топширишда бор маҳоратимни ишга солиб, машаққатларни енгиб ўтишга ҳаракат қилдим ва ниятимга етдим.

— Рақобат катталиги қийин бўлдими ё роль ижроси? 

— Иккиси ҳам. Аслида актриса сифатида ҳеч қачон роль ижро этиб қийналмаганман. Ҳамиша ҳар қандай кучли ҳис-ҳаяжонли қаҳрамонлар образини ярата олишимга ишонардим. Лекин тўғриси, «Назира»да жуда қийналдим. Боиси, фильмни суратга олиш жараёнида иккинчи фарзандимга ҳомиладор эдим. Шу аҳволимда қаҳрамонимнинг ҳиссий туйғуларига бой саҳналарни талқин қилишга интилдим, ҳатто бир неча бор тобим қочган ҳолатлар ҳам бўлди.

Маҳоратли режиссёр Жаҳонгир Қосимов ўзбек кинематографиясида янгилик яратди, десак, тўғри бўлади. «Назира» шубҳасиз, айни пайтида намойиш этилган кинокартина, хусусий фильмларнинг одатий «шаблон» мавзусидан анча йироқ, бақувват киноасарлар билан тенглаша оладиган фильм бўлди, деб ўйлайман.

— Одатда, энди танилаётган актёрлар салбий ролларни ижро этишга ҳайиқишади. Эшитишимча, сиз талабалик чоғингизданоқ бундай образлар яратишдан қўрқмаган экансиз… 

— Тўғри, салбий роль ўйнашдан олдин мен ҳам қаттиқ иккиланган пайтларим бўлган, аммо ҳеч қачон чўчиган эмасман. Мени элга танитган ва актёрлик маҳоратимни намоён этишимда муҳим роль бўлган «Қайтар дунё» сериалидаги Машҳура образини талқин қилаётган пайтимда ҳам «Эртага мени ёмон кўриб қолишса, нима қиламан» дея заррача ҳам хавотирга тушганим йўқ. Хоҳиш ва ўзимга нисбатан ишончнинг кучи туфайли бўлса керак, олийгоҳнинг учинчи босқичида таҳсил олсам-да, Машҳуранинг ички дунёсини очиб беришга, томошабинга етиб борадиган даражада ўйнашга астойдил интилганман.

Аслида салбий ролни ижро этиш учун ҳам актёр шахс сифатида шаклланган, айни пайтда ёмон, пасткаш, ғаламис инсонларга нисбатан қарашлари аниқ бўлиши лозим. Йўқса, у ҳеч қачон салбий ролни ишонарли ва таъсирли ўйнай олмайди. Салбий образнинг шуниси қийинки, унда олтин ўрталиқни топишингиз керак. Бу қийин ва мураккаб жараён. Ролингиз меъёрига етмай қолса, томошабин: «ўйнашни билмабди», дейди. Ошириб юборсангиз эса, «Оббо, жуда бўрттирибди-ку», дейди.

Аслида мен учун ролнинг ижобий ё салбийлигининг унчалик аҳамияти йўқ. Муҳими, актёрнинг изланиши, меҳнат қилишидир. Роль танлашга унинг ҳаққи йўқ, деб ўйлайман.

— Йиллар ўтиб, Шодия Абдуқодировани томошабинлар нима деб эсламаслигини истайсиз?

— Битта йўналишда қотиб қолган актриса, дейишларини хоҳламайман. Дейлик, актёр бирор роли билан шуҳрат қозонса, у бутун ижоди давомида қанча кўп ва турфа роль ўйнамасин, томошабин барибир уни илк ролидек қабул қилолмайди. Халқимиз мени фақат салбий роллар ижрочиси сифатида танийди. Бутун ижодий фаолиятим мобайнида илк ролимнинг соясида қолиб кетишни истамасдим.

— Сизнинг-ча, кинофильм ёки саҳнада бахтли аёл ролини ижро этиш қийинми ёхуд бахтиқаро аёл образини?

— Жуда ҳам қийин савол (ўйланиб). Аслида ҳар бир ролнинг ўзига яраша тош-тарозиси бўлади. Тарозининг бир палласида ролнинг хусусияти, иккинчисида эса актёрнинг ижро пайтидаги руҳияти туради. Тарози кимнинг қўлида бўлмасин, мана шу икки омил тенг келмаса, посанги бузилади.

Бошдан юқори сакраб бўлмаганидек, актёр ҳам ролни ўзидан, савияси ва иқтидоридан келиб чиқиб ўйнайди. Ўша пайтдаги кайфияти ва яшаш тарзи ҳам катта таъсир қилади бунга. Сабаби, кинода актёр, хоҳласа-хоҳламаса, биринчи ўринда унинг кўзи гапириб, томошабинга барча нарсани рўй-рост айтиб туради. Агар актриса ҳаётда бахтсиз бўла туриб, экранда бахтиёр аёл образини яратса, уни кўзи албатта сотиб қўяди.

— Сиз китобхон актрисалардан эканингизни кўпчилик ҳамкасблари­нгиздан ҳам эшитганман. Китобга муҳаббатнинг уйғонишига ким туртки берган?

— Зиёли оила фарзанди бўлганим боис, болалигим китоблар ичида ўтган. Ўша пайтлардаёқ мутолаага қизиқа бошлаганман. Бу борада хизмати бениҳоя катта бўлган онамдан ҳанузгача миннатдорман. Уйимизда катта китоб жавони бўлиб, унинг энг қуйисида (қўлимиз етар жойда) эртак китоблар ўрин олган эди. Деярли ҳар куни онам билан опамнинг кўмагида ҳарф таниганман. Уларнинг китоб ўқишига болаларча тақлид қилардим. Бирор муҳим ишни ўз вақтида бажаргудек бўлсам, онам эртак ёки ҳикоялар тўплами совға қилиб рағбатлантирарди. Аниқ эсимда, уйимизга «Гулхан», «Ғунча» каби уч-тўрт номдаги газета-журналлар ҳам келарди. Уларда тенгдошларимизнинг ижодий машқларини катта қизиқиш билан кузатардик. Шу тариқа саводим эртароқ чиққан.

Ўқувчилик давримда ҳам мактаб кутубхонаси томон кўп ошиқардим. Турли танловларда қатнашардим. Ўн ёшимдан эса, Ойбек, Мирзакалон Исмоилий каби адиблар асарларини ўқишни бошлаганман. Учинчи синфлигимда Саид Аҳмаднинг «Жимжитлик» асарини ўқиб, қаттиқ таъсирланганман. Ҳозиргача шу асар мен учун жуда қадрли ҳисобланади.

— Тажрибали режиссёр Зулфиқор Мусоқов интервьюларининг бирида бугунги аксарият актёр-актрисаларнинг китоб ўқимаслигидан қаттиқ ранжиб гапирган эди. Сиз бу борада қандай фикрдасиз?

— Биласизми, актёр бошқа касб эгаларидан ҳам кўра кўпроқ ижод қилишини назарда тутсак, унинг китоб ўқиши жудаям муҳим ва мажбурий машғулот, деб ўйлайман. Агар у ўз устида ишламаса, маънавий дунёсини бойитиб, озиқлантириб бормаса, ҳеч бир ролни маромига етказиб ижро эта олмайди. Тўғри, саҳнага чиққанда ёки экран тугмачаси босилгач, тайёр сценарийни ёдлаб айтиб бериш қийинчилик туғдирмаслиги мумкин, бироқ актёр сифатида қаҳрамоннинг руҳий оламига киролмайди, сўзини ҳам танасига ҳис қилолмайди. Бундай одам ўз роли билан кимнидир ишонтира олиши даргумон.

Китобнинг кучи, мутолаанинг аҳамияти ана шундай катта қудратга эга.

— Китоб жавони­нгизда қайта ўқиш учун ўзингизда куч тополмайдиган асарлар ҳам борми?

— Жудаям ажойиб ва қизиқ савол бўлди-ку (самимий кулади)?! Мутолаа қилишим қийин бўлган асарлар... кўп! Табиатан кайфиятимга қараб, китобхўрлик одатим борлиги учун ҳатто, йиллар давомида охиригача ўқиб тугата олмаган романларим ҳам бор. Масалан, аввалдан Достоевский ижодига бефарқ эмасман. Кўплаб асарларини қайта-қайта ўқиб тураман. Аммо негадир «Ўсмирлар» романини ҳеч охиригача мутолаа қилиб тугатолмайман. Алъбер Камю асарлари ҳам, қанча қизиқмайин, мен учун бироз қийинлик қиляпти. Бироқ ҳаётда осон нарсанинг ўзи йўқ. Ўзини қийнамаган одам ҳеч вақога эришмайди.

Буни менга ҳаёт ва китоб ўргатди.

 

Миролим ИСАЖОНОВ

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Унинг меҳнати  эл дастурхонида  эъзозда туради

Унинг меҳнати эл дастурхонида эъзозда туради

🕔22:35, 07.04.2024 ✔55

Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.

Батафсил
Ҳамиша масъулиятли  бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг  муҳим шарти

Ҳамиша масъулиятли бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг муҳим шарти

🕔16:47, 25.01.2024 ✔102

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсaнeм БЕГИМОВА билан суҳбат

Батафсил
Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

🕔10:00, 23.01.2024 ✔108

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати, Ўзбекис­тон Экологик партияси аъзоси Муҳаббат Сафоева билан суҳбат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар