Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

Шуҳрат ДАРЁ:  «БУ, АЛБАТТА, СОДИР БЎЛАДИ!»

Кўпчилигимиз жонли ижродаги концерт дастурлари йўқолиб кетаётганидан нолиймиз. Аммо жонли ижрода уюштирилаётган концертларга ёлчитиб бормаймиз. Енгил-елпи, маза-бемаза фонограмма концертларни мириқиб томоша қилишга ўрганиб ҳам бўлдик...

Шуҳрат ДАРЁ:  «БУ, АЛБАТТА,  СОДИР БЎЛАДИ!»

Тўғри, жонли ижродаги концертлар ҳар доим ҳам бўлавермайди. Устига-устак, бундай концерт дастурларини ташкиллаштирадиган санъаткорларнинг ўзи ҳозирги шароитда анчайин камёб.

Бундан бир неча ой илгари хонанда Шуҳрат Дарё жонли ижродаги концертини ўз мухлисларига тақдим этди. Хонанда билан кечган суҳбатимиз шу концерт дастури ҳамда жонли ижронинг кучи ҳақида бўлди.

«Шаббода» номли жонли концерт дастури­нгиз аввалгиларидан-да юксак савияда ўтди, назаримда. Лекин негадир томошабин камроқдек туюлди менга. Бу чипталарнинг нархи баландлигиданми ёки бошқа сабаби борми?

— Баъзи ташкилий масалалардаги камчиликлар туфайли шундай бўлди. Ҳозирги пайтда бир кун жонли ижрода концерт бериш учун жуда катта меҳнат ва маблағ талаб қилинади. Шу боис унинг чипта баҳоси ҳам шунга яраша қимматроқ бўлиши табиий. Ойлик маошга кун кўрадиганларнинг чўнтаги кўтармай қолди, шекилли.

Концерт рекламаси ҳам ўйлаганимдай бўлмади. Халқимизнинг кўпроқ зиёли қатлами кўрадиган давлат телеканалларида концертим ҳақида рекламалар айлантиролмадик. Натижада бу қатлам орасидаги кўпгина мухлисларимни концертимда кўрмадим.

— Баъзилар мусиқани шунчаки эрмак, деб ўйлайди. Сиз мусиқага қандай таъриф берасиз?

— Мусиқани буюк неъмат, деб биламан. Инсон қалби, кўнгли учун берилган, ҳайратланиши учун яратилган буюк яратиқ. Бир ўйлаб кўринг-а? Дунёни мусиқасиз, умуман, хуш ёқувчи оҳангларсиз тасаввур қилиб бўладими? Унда ҳаётнинг мазмунини ҳам тушуниш мураккаб бўлиб қолади. Барча неъматлар қатори куйнинг ҳам қадрига етишимиз керак. Мусиқани бузишни катта хато, деб биламан. Балки шунинг учун ҳам устозларнинг қўшиқларини бузиб айтаётганларни кўрсам, ғазабим келар. Доим биронта куй устида ишлай бошласам, унинг келажагини ўйлайман. Вақти келиб, шундай қўшиқ яратганимдан афсусланмаслигим шарт!

Юнус Ражабий, Мухтор Ашрафий, Тўхтасин Жалилов, Ботир Зокиров каби ижодкорларимиз яратган куйлар, қўшиқлар ҳозир ҳам инсонларни ҳайратга солмоқда. Авлодлар алмашган сайин халқ қалбида яшаб келмоқда. Ана шундай ўлмас ижодга интилиш керак. Ўзидан биргина бўлса ҳам шундай ижод намуналарини қолдира олмаса, уни эл севган санъаткор дейиш тўғрими?..

— Албатта, ўзига хос ижоди, қарашлари бўлмаган санъаткор ҳақиқий ижодкор эмас. Аммо бу ўзига хослик маънавиятсизлик ботқоғидан олинса-чи?

— Санъатда ўзига хослик азалдан бўлган. Қайси санъаткорнинг ижодида бошқалардан ажралиб турадиган жиҳати бўлмаса, унинг ҳеч қаерда ўрни йўқ. Лекин менинг ўзига хос йўналишим шу, дея халқнинг нафратига учрайдиган қўшиқларни куйлаш ҳам яхши эмас. Билиб-билмай, маънавиятсизликка хизмат қилишдан қўрқиш керак. Санъатдаги ўзига хослик бир кунда ўйлаб топилмайди. Йиллар давомида шаклланади. Кейин бўй кўрсатади.

Афсуски, ҳозир  ўзбек эстрада санъатида ҳақиқий ўзига хослик йўқолиб кетяпти. Сабаби, ижод йўлига кириб келаётган аксарият ёшлар тезроқ машҳур бўлишни хоҳлайди. Очиғи, бу сийқаси чиқиб кетган гап бўлса-да, айни ҳақиқат. Ундайлар тезроқ омманинг назарига тушишни исташади ва истеъдодини ўтин ёришга сарфлашади.

— Санъаткор чинакам ижоди билан миллий ғурурни кўтаради, аксинча бўлса-чи?

— Миллий ғурурни ўлдиради. Ўзининг беҳаёлиги, аҳмоқлиги билан миллий ғурурни топтайди! Хориж санъатига эргашиб юрадиганларга ихлосим йўқ. Ундайларни умуман қадрламайман.

Озодлик бизга қанот берди, миллий ғурурни тиклади. Афсуски, бугунги кундаги баъзи бачкана, ғарбона куйланган қўшиқлар қайта тикланган миллий ғурурни емиради. Бугунги эстраданинг аксарият мухлиси ёшлар. Уларнинг руҳияти бачкана, бепардоз, беҳаё қўшиқлар билан эгалланса бўлди, эртага уларни маҳв қилиш қийин эмас. Бу, менимча, барча соҳаларга тегишли. Кўчаларимиздаги турли дўкон, кафе ва ошхоналар, савдо шохобчалари номига эътибор бериб кўринг. Ғарбона сўзларга тўлиб кетган. Одамларимиз ҳам шу ном остидаги ж ойларга ошиқишади. Буларнинг таъсири тобора ошиб бораверади. Бу нафақат тилимизга, балки миллий руҳиятимизга ҳам сезиларли таъсир ўтказмоқда.

— Ўзингиз миллий қадриятларимиз, миллий ғуруримизни ўстирадиган қўшиқлар яратолдим, деб айта оласизми?

— Йўқ...

— Нега?

— Шу мавзудаги шеърни кўпдан бери ахтаряпман. Яхши шеър чиқса, айтардим. Жуда хоҳлайман!

— Адабиёт кечаларида кўп иштирок этасиз. Бу китобсевар бўлганингизданми ёки бошқа сабаблари ҳам борми?

— Санъаткор фақат тўй-томошада юрсин, деган гап йўқ. Бундай тадбирларда ҳам иштирок этиш бизнинг вазифамиз. Қолаверса, болаликдан китоблар ичида ўсганман. Яхши қўшиқ яхши шеърдан яралади. Мен шеъриятни қўшиғимнинг асоси, деб биламан. Шеъриятнинг ҳақиқий оҳангини англашга ҳаракат қиламан. Мен шеърни танладим, унинг оҳангини танладим, деган гапларни кўп эшитаман. Менимча, ундай эмас. Шеъриятнинг ўз оҳанги бор. Ўша оҳанг бизни танлайди, бизни саралайди. Агар қўшиқчининг қалби унга ёқмаса, биргина томонинигина кўрсатиб қўяверади. Кўнгил шеърининг яратилиш оҳанги бўлади. Ўша оҳангга яқинлашиш керак.

— Лекин бугун аксарият қўшиқчи яратаётган қўшиғининг матнига (шеър деб бўлмайди) аҳамият бермаяпти. Айниқса, санъатни бозорга айлантираётганлар. Бу борада нима дея оласиз?

— Бизда чинор кўп-а? Бир жойда чинорнинг барги пул экан, деган гап чиқиб қолса, кўчадаги бекорчиларнинг ҳаммаси чинор баргини йиғиштириб, пул қила бошлайди. Бу иш осон, бунинг устига, мўмай даромад. Қўшиқчилик ҳам шу даражага тушиб қолди. Аслида ҳамма ўзини пул учун санъатга уриши — фожиа... Аммо бу ҳолат ҳам ўткинчи. Вақти келиб, ҳақиқий санъатни қидира бошлаймиз. Бу, албатта, содир бўлади. Ҳақиқий санъат, жонли ижро қадрлана бошлайди. Бунга ишонаман.

— Кўпчилик санъаткорлар фақат тўй билан чекланиб қол­япти. Репертуаридаги қўшиқлар ҳам айнан тўйбоп. Аслида санъаткор фақат тўйлар учун ижод қилиши тўғримикан?

— Бу жуда оғриқли нуқта. Нега санъаткор тўй учунгина ижод қилиши керак? Ахир, фақат тўй куни чалинадиган карнай эмас-ку. Нега биз бундай аҳволга келиб қолдик? Овоз ёзиш студияларига оғирроқ куйламоқчиман, десангиз, улар бундай қўшиқни нима қиласиз, тўйда бу қўшиққа ҳеч ким ўйнамайди, деб жавоб беришади. Кўряпсизми, биз қай аҳволга келиб қолдик? Ҳамма санъат соҳасидаги ижодкорлар бугун фақат тўй бизнеси учун курашмоқда. Ҳа, биз фақат тўйда ўйнаш учун қўшиқ яратяпмиз ва буни уялмай-нетмай, санъат деб атаяпмиз...

— Бу ҳам етмагандай пойтахтдаги аксарият тўйларимиз чет эл қўшиқларисиз ўтмайдиган бўлиб кетди. Шундай эмасми?

— Яқинда бир танишимнинг хориждаги ҳамкорлари келишди. Мезбон унга тарихий шаҳарларимизни кўрсатибди, музейларга олиб борибди. Меҳмон ўзбек тўйларининг довруғини кўп эшитган экан, уни никоҳ тўйига олиб борибди. Тўй тугагач, меҳмон шундай дебди: «Кечирасиз, бу ўзбекларнинг тўйими? Бирорта ўзбекча куй эшитмадим...»

Мана, бизнинг санъатимизнинг бугунги афт-ангори! Миллий эстрадамиз кундан-кунга ботқоққа ботиб кетяпти. Тўй учун ишлаш ва фақат тўйга куни қолиш, санъатимизни ўлдиряпти.

— Бу борада сиз қандай таклиф бера оласиз?

— Чет эллик хонандалар асосий даромадини концерт дастуридан олади. Аммо бизда ёш ижодкорлар концерт қўйиши учун бир қанча тўсиқлардан ўтиши керак. Ҳаммаси пул билан боғлиқ жиҳатлар. Пулни ёш санъаткор қаердан олсин? Шу боис «Ўзбекконцерт» раҳбарияти ёшлар учун кўпроқ имкониятлар яратиб бериши лозим. Масалан, концерт залларининг қайси маҳал бўш бўлишини аниқлаб, ўша кунлари ёш санъаткорларнинг концертини ташкил қилиш керак. Ҳеч қанақа пул сўрамасдан концерт ташкил қилиб бериши зарур. Ёш ижодкор концертдан топган пулини яхши қўшиқлар яратишга сарфласин. Бундан ўзбек санъати фақат ютади. «Ўзбекконцерт» раҳбариятидан бундай амалий ишларни кутиб қоламиз. Ахир, у эртага эмас, бугун бўлиши керак. Мен бу гапларни ўзим учун эмас, санъатга кириб келаётган чинакам истеъдодлар учун айтяпман.

 

Жавлон ЖОВЛИЕВ

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Унинг меҳнати  эл дастурхонида  эъзозда туради

Унинг меҳнати эл дастурхонида эъзозда туради

🕔22:35, 07.04.2024 ✔55

Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.

Батафсил
Ҳамиша масъулиятли  бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг  муҳим шарти

Ҳамиша масъулиятли бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг муҳим шарти

🕔16:47, 25.01.2024 ✔102

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсaнeм БЕГИМОВА билан суҳбат

Батафсил
Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

🕔10:00, 23.01.2024 ✔108

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати, Ўзбекис­тон Экологик партияси аъзоси Муҳаббат Сафоева билан суҳбат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар