Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Алимент: нега ундан воз кечиляпти?

Яқинда менга таниш бир оила бузилди... Не-не эзгу ниятлар  билан барпо этилган бир қўрғон вайрон бўлди.

Алимент: нега ундан воз кечиляпти?

Икки ўртада норасида фарзандлар сарсон. Эр-хотин орасида ўтган аччиқ-тизиқ гаплар, қўйди-чиқди ўз йўлига. Қариндош-уруғ, таниш-билишни бир савол қийнарди: энди болаларнинг тақдири нима бўлади? Таълим-тарбияси-чи?

Ажрашиш!.. Ҳар қандай вазиятда ҳам оғир. Гарчи бу тушунча  азалдан ёт бўлса-да, афсуски, кейинги пайтларда тез-тез учраб турибди.  Бир оилани асраб қолиш учун ҳеч ким қараб турмайди. Ота-она, бобо-бувилар, кайвонилар, қўни-қўшни, маҳалла-кўй, эҳ-ҳе, кимлар аралашиб, нотинч оилани инсофга чақирмайди, дейсиз. Бироқ дунёқараш, ҳаётга, оилага муносабат ўзгармоқдами ёки глобаллашув, «ғарб маданияти»нинг таъсирими, минг афсуски, ҳаётга енгил қараётганлар орасида ажримлар бўлиб турибди. Арзимаган сабаблар туфайли рўзғори бузилаётганлар ҳам йўқ эмас.

«Майли, — дейсиз баъзан, — ҳаёт экан-да. Энди болаларининг куни нима кечади?». Нима кечарди, одатда тўқсон тўққиз фоиз ажримда болалар она билан қолади. Ота эса алимент тўлайди.

Кўп кузатамиз: баъзан аёллар алиментни инкор қилади. Тўғри, мушкул вазиятда ҳар бир одам қандай йўл тутишни ўзи ҳал қилади. Қаерда яшаш, кимлар билан муносабатда бўлиш ва умуман келажагини белгилаш унинг ихтиёрида. Аммо ўртадаги болалар тақдирига келганда-чи? Алимент масаласида аёлнинг ёлғиз ўзи қарор қабул қилиши қанчалик тўғри?

«Турмушим бўлмади. Ҳозир қизчам билан алоҳида яшаяпман. Қўлимда дипломим бор, яхши жойда ишлайман. Маошим етарли. Берадиган алименти менга керак эмас.  Ўзим туғдимми, ўзим боқаман. Ҳозир менга берадиган арзимас пули учун эртага ҳар ҳафта қизим билан кўришишни талаб қиладими? Бундан фойдаланиб қизимни менга қарши қайрамаслигига ҳам кафолат йўқ? Хотинига хиёнат қилган одамдан намунали ота чиқишига кўзим етмайди. Эримнинг ўзи  ҳам «тинч қулоғим» қабилида иш кўраяпти. Қизи учун елиб-югураётгани йўқ. Қароримдан афсусланмайман, буни нотўғри деб ҳам ҳисобламайман. Катта бўлганда боламнинг ўзи тушуниб олади ҳаммасини...»

Айрим топармон-тутармон аёлларнинг шунга ўхшаш қарорларини эшитиб, ҳайрон қоласиз. Энг қизиғи, баъзи оталарнинг ўзи ҳам бу вазиятга осон кўниб туради. Аммо ҳозир алиментни фақат яхши таъминланган аёлларгина эмас, моддий кўмакка эҳтиёжи бўлган оналар ҳам рад қилаётган ҳоллар кўпайиб бормоқда. Бу қанчалик тўғри? 

Барча сабабдан устун жиҳат бор...

— Фарзанд дунёга келиши ота-она учун қанчалик улкан бахт бўлса, уларнинг ажрашиши бола учун чексиз мусибат, — дейди Юнусобод тумани Нодирабегим номидаги маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Саида МАМАТҚУЛОВА. — Ота-онанинг ажрашишидан энг катта жабрни фарзандлар кўради. Уруш-жанжаллар, эр-хотиннинг бир-бири устидан мағзава ағдариши, ҳақоратлар... Буларнинг барчаси бола руҳиятига кучли зарба беради, жуда оғир стрессни келтириб чиқаради. Қирқ уч йиллик педагоглик фаолиятимдан уйи нотинч, ота-онаси бирга яшамайдиган оила фарзандларини бир қарашда фарқлайдиган бўлдим. Улар руҳан синган бўлади. Албатта, бу муаммонинг психологик томони.

Тўс-тўполонлар ўтиб, ҳеч бир куч ёрдам беролмай, ота-она қонунан ажрашгандан кейинги энг муҳим масала боланинг моддий таъминоти, ҳақ-ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишидир. Маошининг озлиги, собиқ хотинига бўлган нафрат ва бошқа сабаблар туфайли оталар алимент тўлашни хоҳламаслиги ҳақида кўп эшитганмиз. Буни қарангки, айрим аёлларимиз ҳам ўз ҳис-туйғуларини фарзандлар манфаатидан устун қўйиб келмоқда. Эр-хотин ўртасидаги ёмон муносабатлар, оталик ҳуқуқидан маҳрум қилишга интилиш, кейинчалик ота қариганда фарзандидан моддий ёрдам талаб қилишидан хавотирланиш, ғурур ва бошқа қатор сабабларни рўкач қилган она алимент пулини рад этади.  Бу эса, боланинг сифатли овқатланиши, яхши кийим-бош ва ўқув қуролларига эга бўлишига, албатта, таъсир қилади. Она елиб-югуриб ишлаб, фарзандини барча керакли воситалар билан таъминлаши ҳам мумкин.

Фарзанд тарбияси аслида эр-хотин биргаликда бажарадиган улкан масъулиятли иш. Ёлғизлик барибир билинади. Ўз-ўзидан маълумки, 7-8 соат ишлаб келган онанинг болага оналик меҳрини беришга, парваришлашга етарлича вақти қолмайди. Аслида фарзандимизнинг соғлиғи, яхши таълим олиши юқоридаги сабаблардан кўра  анча устун эмасми?

Қонун нима дейди?

— Дунёнинг қарийб барча давлатларида мавжуд бўлган алимент тўлови,  биринчи навбатда, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан кам таъминланган қатлами — вояга етмаган болалар, вояга етган бўлса-да, меҳнатга лаёқатсиз фарзандлар, ота-оналар, ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотин ва бошқаларни моддий жиҳатдан таъминлашга қаратилган, — дейди ҳуқуқшунос Хушнудбек ХУДОЙБЕРДИЕВ. — Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 96-моддасида «Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган она (ота)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади», деб белгиланган. Ўз навбатида, фарзандини ёлғиз тарбиялаётган она (ота)нинг алимент пулларидан воз кечишининг миллий қонунчилигимизга ҳеч қандай зид тарафи йўқлигини ҳам таъкидлаш лозим. Фарзандини ёлғиз тарбиялаётган она ёки ота алимент тўловини ундириш ёки ундирмаслик масаласини ўз хоҳишига кўра ҳал қилади. Бироқ, шуни эсда тутиш лозимки, агар фарзандини ёлғиз тарбиялаётган ота ёки она моддий қийинчиликлар сабабли бола тўйимли овқатланиши, лозим даражада кийиниши, касалликка чалинганида ҳар томонлама тўлиқ даволанишини таъминлаш имкониятидан маҳрум бўлса, эри ёки хотинидан алимент ундириши мақсадга мувофиқ. Чунки алимент бола таъминотига қаратилган. Алимент ундиришга тўсқинлик қилувчи бирор сабаб фарзанд манфаатидан устун ҳисобланмайди.

Бола таъминоти учун алимент ундириш тартиби хусусида тўхталадиган бўлсак, бу борада Оила кодексининг 98-моддасида «Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартибини ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақлидирлар. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартиби ва шакли ҳақида ота-она ўртасидаги келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак»лиги белгиланган. Шунингдек, мазкур кодекснинг 103-моддасида ота-она фавқулодда ҳолатлар (боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар) туфайли келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларда иштирок этиши шартлиги ҳам қайд этилган.

Хотима ўрнида

Фин ёзувчиси ва журналисти Марти Ларни «Алимент икки кишининг хатоси учун бирининг тўлайдиган жаримаси», деган эди. Албатта, бу «жарима» ушбу хатодан энг катта жабр кўрган одам — болага тўланади. Она бундай вазиятда ўз салбий муносабатларидан имкон қадар узоқлашиб, бола манфаатидан келиб чиқиб қарор қабул қилиши лозим. Зеро, ота-она ғамхўрлигининг асосини ҳам бола манфаатларини таъминлаш ташкил этади.

Унутманг, миллий қонунчилигимизга кўра, ўз ота-оналик ҳуқуқини болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига зид тарзда амалга ошираётган ота-она қонунда белгиланган тартибда жавобгар ҳисобланади.

Дилроз АБРАЕВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Давлат хизматларини рақамлаштириш –  «Яшил»  келажак  сари дадил қадам

Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам

🕔09:18, 23.10.2025 ✔5

Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.

Батафсил
Яширин экологик таҳдид ва  кўринмас  хавф

Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф

🕔15:28, 16.10.2025 ✔37

«Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»

Батафсил
Автошина чиқиндилари:  муаммо  ва инновацион ечимлар

Автошина чиқиндилари: муаммо ва инновацион ечимлар

🕔14:59, 09.10.2025 ✔70

Мамлакатимизда аҳолининг автомобилдан фойдаланиши муттасил ўсаётгани яхши кўрсаткич албатта. Бироқ, бу ўз навбатида янги экологик ва иқтисодий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шулардан бири – автомобиль шиналари чиқиндиларини утилизация қилиш масаласидир.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Давлат хизматларини рақамлаштириш –  «Яшил»  келажак  сари дадил қадам

    Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам

    Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.

    ✔ 5    🕔 09:18, 23.10.2025
  • Яширин экологик таҳдид ва  кўринмас  хавф

    Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф

    «Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»

    ✔ 37    🕔 15:28, 16.10.2025
  • Автошина чиқиндилари:  муаммо  ва инновацион ечимлар

    Автошина чиқиндилари: муаммо ва инновацион ечимлар

    Мамлакатимизда аҳолининг автомобилдан фойдаланиши муттасил ўсаётгани яхши кўрсаткич албатта. Бироқ, бу ўз навбатида янги экологик ва иқтисодий муаммоларни вужудга келтирмоқда. Шулардан бири – автомобиль шиналари чиқиндиларини утилизация қилиш масаласидир.

    ✔ 70    🕔 14:59, 09.10.2025
  • «Оқилона  истеъмол» экологик  барқарорликка  хизмат қилади

    «Оқилона истеъмол» экологик барқарорликка хизмат қилади

    Бугун дунё аҳли табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш экологик барқарорликнинг асоси эканини якдиллик билан эътироф этмоқда. Юртимизда бу борада янги ислоҳотлар жорий этилаётгани мамалакат равнақи учун долзарб қадам сифатида қараляпти.

    ✔ 74    🕔 15:42, 03.10.2025
  • Қанотлари  қайрилган  фаришталар:  «Болажон халқ»нинг сукут сақлаётган фожиаси

    Қанотлари қайрилган фаришталар: «Болажон халқ»нинг сукут сақлаётган фожиаси

    Биз ўзимизни «болажон халқ» деб биламиз. Фарзандимизнинг кулгусидан олам чароғон бўлишига, унинг беғубор нигоҳидан қалбларимиз эришига ишонамиз. Ҳар бир болани «жигарбандим», «кўзимнинг оқу қораси» дея ардоқлаймиз. Аммо шу муқаддас туйғулар пардаси ортида аччиқ ва шафқатсиз ҳақиқат яшириниб ётганини тан олиш вақти келмадими?

    ✔ 101    🕔 16:03, 18.09.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар