Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

«ЯЛМОҒИЗНИ ҲАМ  КИМДИР ЎЙНАШИ КЕРАК»

Нигора Каримбоева сирларини кимга айтади?

Маҳоратли ва серқирра ижодкор Нигора Каримбоевани юртдошларимиз «Сардор», «Ўзи уйланмаган совчи», «Чашма», «Дада», «Тоға» сингари кўплаб кинофильм ҳамда сериаллардаги бетакрор роллари орқали яхши танийди.

«ЯЛМОҒИЗНИ ҲАМ  КИМДИР ЎЙНАШИ КЕРАК»

Истеъдодли актриса камера қаршисида шунчаки ишламайди, зиммасида ҳамиша мухлислари учун бирор маънавий озиқ бериш масъулияти билан меҳнат қилади. Суҳбатимиз давомида бунга биз ҳам ишонч ҳосил қилдик.

— Эшитишимизча, институтга ҳужжат топшираётганингизда ўқитувчилардан бири «Сендан келажакда ҳеч қандай актриса чиқмайди» деганида йиғлаб юборган экансиз...

— Ўшанда ўн олти ёшда эдим. Имтиҳонда ўтирган ҳакамлардан бири «Сенда актрисалик қобилиятини кўрмадим», деб юзимга айтган. Тўғрироғи, «Хунуккина экансан», деган. Жуда ёмон ҳолатга тушганман ўша пайтда. Онам кулгига олиб, «Ранжима, ялмоғиз кампирларни ҳам кимдир ўйнаши керак», деб кўнглимни кўтарган. Буни қарангки, институт бўйича ўша йили энг юқори балл тўплаб, давлат гранти асосида ўқишга кирганман.

Кейинчалик чет элга халқаро кинофестивалга борганимда, ўша одам билан учрашиб қолдим. Шунда у «Сендек актриса бизнинг институтда ўқиганидан жуда ҳам мамнунман!» дея роса мақтади.

— Илгари радиобошловчи сифатида фаолият юритганингизни кўплаб мухлисларингиз билишмайди, назаримда. Бугун эса «Ўзингни англа» ток-шоуси орқали телетомошабинлар эътиборини қозонмоқдасиз. Бошловчилик хоббингизми?

— Ҳақиқатан анча йиллар радиода ишлаганман. Ишонсангиз, ишимни қаттиқ яхши кўрганимдан оналик бахтига эришганимдан сўнг ҳам ўғлимни кўтариб радиога борардим. Орадан бир неча йил ўтгач, курсдошим ва яқин қадрдоним Рихситилла Абдуллаевнинг таклифи билан «Спорт» телеканалида ўтказилаётган сухандонлар танловига бордик. Иккимиз ҳам синовдан муваффақиятли ўтиб, ишга қабул қилиндик.

«Ўзингни англа»га эса иккинчи бошловчи бўлиб келганман. Мендан олдин кўрсатувни журналист Элеонора Болтабоева олиб борарди. У оилали бўлиб, туғуруқ таътилига чиққач, мени бошловчиликка таклиф қилишди. Шу-шу мазкур севимли хоббимдаман.

— Кўрсатувда шифокорларга бериладиган саволларни ўзингиз изланиб тузасизми ёки тайёр сценарий асосида олиб борасизми?

Бу кўрсатувни жуда катта жамоа биргаликда ҳаракат қилиб, тайёрлайди. Ҳар бири ўз касбининг моҳир усталари. Менга сценарийларни тайёр қилиб беришади. Бироқ уни қўлимга олгач, саволларни ўрганиб, таҳлил қилиб чиқаман, ўз фикр ва таклифларимни билдираман, қўшаман. Ҳатто, тиб илмининг султони Абу Али ибн Синонинг «Тиб қонунлари» асарига ҳам мурожаат қиламан. Кўрсатув эфирга кетиши билан эртасига томошабинлардан кўплаб қўнғироқлар бўлади. Ёрдам беришимизни сўрайдиганлар ҳам анчагина.

— 2006 йили XXVIII Москва халқаро кинофестивалининг «Перспектива» танловида бош мукофот­ — Гран-прига сазовор бўлган «Чашма» фильмида аввалига роль ўйнашни истамаганингиз ростми?

— Ҳа, рост. Ўшанда бу образда ўзимни кўрмаганим сабабли рад жавобини берганман. Сценарийни ўқигач, роль Раъно Шодиевага мос келишини айтганман. Бироқ режиссёр бу роль менга атаб ёзилганини таъкидлаган. Кино яхши натижаларга эришган бўлса-да, лекин фильмдаги ижроимдан қониқмаганман. Ўша кезлари фарзандим ёш бўлгани учун бутун хаёлим унда бўлиб, фикрларим тарқоқ баён этилгандек туюлади ўзимга. Бу ролимни янада яхшироқ ўйнашим мумкин эди, дея кўп ўйланаман.

— Режиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг «Берлин Оққўрғон» фильмида суратга тушаётганингиздан хабаримиз бор. Катта шов-шувларга сабаб бўлиб, ўзбек киноси тарихида яна бир ўлмас фильм бўлиб қолиши кутилаётган мазкур картинада иштирок этишингизга нима сабаб бўлди?

 — Зулфиқор ака билан бир нечта лойиҳаларда ҳамкорлик қилганим учун у инсоннинг ишлаш усули, ўзига хос дунёси, актёрни эшита билиши менга жуда ёқади. Ҳар бир фильмини шунчаки ва сон учун олмаслиги боис кинолари йиллар ўтса ҳам ўз қиймати ҳамда қадрини йўқотмай келмоқда. Бу галги таклифига ҳам сценарийни ўқибоқ, розилик бердим. Бир неча воқеалардан иборат ушбу фильм уруш даври, ўша вақтда инсонларнинг бошдан кечирган воқеалари асосида олинмоқда. Қаҳрамонимнинг уруш даври қийинчиликларидан азият чекиб, сабр-қаноат билан яшашда давом этгани эътиборимни тортди. Ўйлайманки, мазкур картина минглаб томошабинлар қалбида узоқ йиллар яшайдиган асар бўлади.

— Сизни кино ихлосмандлари кўпинча актёр Бобур Йўлдошев билан партнёр сифатида кўриб, ўрганиб қолишган. Ҳаётдаги муносабатларингиз қандай?

— Бобур билан биргаликда «Сардор» телесериалида ишлаганмиз. Илк ролимни мана шундай актёр билан ўйнаганим ва ҳалигача партнёр бўлиб келаётганим қайсидир маънода менинг омадим ва ютуғим деб биламан. Унинг кўзига қарашингиз биланоқ нима демоқчилиги, нима хоҳлаётгани ва сиздан нима кутаётганини анг­лайсиз. Ҳаётда ҳам муносабатларимиз дўстона. У яхши суҳбатдош ва маслаҳатдош.

— Интервьюларингизнинг бирида «Табиатан комедик фильмларни севиб томоша қиламан ва ҳаттоки, кези келганда ҳазил-мутойиба қилишим ҳам мумкин», деган эди­нгиз. Аммо сизни комик ролларда кам кўрамиз.

— Бу ҳақда ўзимдан ҳам кўп сўрашади. Лекин бир-иккита ситком ва комик киноларда эпизодик роллар ўйнадим. Агар режиссёрлар комедия бўлганида ҳам ҳа­қиқий кулги бўладиган ролларга таклиф этишса, йўқ демасдим.

— Кино, театр, телевидение — қай бирида ўзингизни эркин ҳис қилиб, яйраб ижод қиласиз?

— Табиатан ўзимга ёқмаган жойда ишламайман, гарчи маоши юқори бўлса ҳам. Мен учун муҳими кўнгил хотиржамлиги, хоҳиш ва иштиёқ. Сиз юқоридаги санаб ўтганларнинг барчасида ўзимни эркин ҳис қиламан. Аммо менга энг яқини театр. У ерда ҳамма нарса жонли бўлгани учун яйраб ижод қиламан ва дам оламан.

— Кўпинча салбий, қў­пол аёллар қиёфасида намоён бўласиз.

— Режиссёрлар мени кўпроқ шундай образларда кўришади-да. Биласизми, шахсан мен учун салбий ролни ўйнаш қизиқроқ. Гоҳида ижобий қаҳрамонлардан ўзимга керакли нарсаларни топа олмайман. Ҳар бир одамни яхши фазилатлари билан бирга, ўзига яраша қусурлари ҳам бўлиши табиий ҳолат. Айримлар кўриниши фариштамисол бўлса-да, ички дунёси ҳавас қиладиган даражада бўлмайди. Драматурглар ижобий образларни ёзаётганда шу томонларига ҳам сал эътиборлироқ бўлишларини истардим. Шундагина образ қизиқарли чиқади, актриса ҳам ролини мириқиб ижро этади. Салбий ролларимдан ҳам ҳамиша яхшиликни қидиришга ҳаракат қиламан. Ижро этган ролларим орасида «Тоға» фильмидаги қаҳрамоним кўнглимга ёққан ижобий образ. Бошида бу ролни унчалик тушунмаганман. Фильм режиссёри Рашид Маликов атрофлича тушунтириб, кўмаклашгандан сўнг эса ролимни яйраб, завқланиб ижро этдим.

— Оила даврасидаги «рол»ингиз қандай? Ўғлингиз айни ўсмир ёшда. У билан вақтингизни қандай ўтказасиз?

— Бугунги ривожланаётган давр ҳар бир ота-онадан фарзанд таълим-тарбиясига ўта зийрак бўлишни талаб этмоқда. Ўғлим кичкиналигидан кўпроқ онамнинг ёнларида улғайиб, тарбиясини олгани учун ноўрин хатти-ҳаракатлар қилмайди. Бўш вақти бўлганда китоб ўқиши, мутолаага бўлган қизиқиши мени жудаям қувонтиради.

Биласизми, сўнгги йилларда ўғлим билан янада яқинроқ бўлишга, она-боладек эмас, аксинча, дўстдек мулоқот қилишга интил­япман. Ҳозир ўсмир ёшда бўлгани учун уни тушуниб, дилидагиларга қулоқ тутишга уриняпман. Ҳар куни кечқурун кун давомида қилган ишларимиз ҳақида гаплашиб, ютуқ ва камчиликларимизни биргаликда муҳокама қиламиз. Очиғини айтаман, охирги пайтларда онамдан ҳам кўра кўпроқ ўғлимга сиримни айтаман.

— Тушкунликка тушиб, асабийлашган пайти­нгизда вазиятдан қандай чиқасиз?

Машинамга ўтириб, кўнглимга ёқадиган бирор мусиқани қўйволиб, шаҳар айланаман. Баъзан оқар сувга бориб, бир нуқтага тикилгандек, томоша ҳам қиламан. Сабаби, оқаётган сувга қўшилиб, дардларим ҳам бирга оқиб кетаётгандек туюлади.

 

Миролим ИСАЖОНОВ

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Унинг меҳнати  эл дастурхонида  эъзозда туради

Унинг меҳнати эл дастурхонида эъзозда туради

🕔22:35, 07.04.2024 ✔55

Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.

Батафсил
Ҳамиша масъулиятли  бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг  муҳим шарти

Ҳамиша масъулиятли бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг муҳим шарти

🕔16:47, 25.01.2024 ✔102

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсaнeм БЕГИМОВА билан суҳбат

Батафсил
Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

🕔10:00, 23.01.2024 ✔108

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати, Ўзбекис­тон Экологик партияси аъзоси Муҳаббат Сафоева билан суҳбат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар