Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

ҲОСИЛА РАҲИМОВА: «ТАН ОЛМАСДАН ИЛОЖИМ ЙЎҚ»

У фольклор қўшиқлар куйлаб, қисқа фурсатда ўзбек санъати оламида ўз ўрни ва йўналишини топа олган ижодкорлардан. Халқ орасидаги бахшиёна наволарга замонавий руҳ бериб, уларга қайта жон бағишлаётгани ҳам рост. Юртимизда Наврўз шукуҳи кезиб юрган шу кунларда элимиз суйган хонанда, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Ҳосила Раҳимова саҳифамиз меҳмони бўлди.

ҲОСИЛА РАҲИМОВА:  «ТАН ОЛМАСДАН ИЛОЖИМ ЙЎҚ»

— Репертуарингиздаги аксарият қўшиқларда асл ўзбекона анъаналар, сурхон дўмбираси ва чанқовузининг бетакрор саси, сарҳадсиз дала-даштларнинг тафти барқ уриб туради. Назаримда, бундай усулда куйлашнинг ҳам ўзига яраша улкан масъулияти бор. Шундай эмасми?

— Ҳақ гапни айтдингиз. Бу жуда ҳам катта масъулият аслида. Ўлмас урф-одатларимиз, миллийлигимиз ва аслимизни тарғиб қилишни ижодимга асос қилиб олганим бежиз эмас. Биласизми, бизнинг фольклор санъатимиз ҳеч қачон ўлмайди. Айниқса, юртимиз мустақилликка эришган дастлабки йилларданоқ боқий анъаналаримиз, ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган қадриятларимизни қайта тиклаш ва тарғиб қилишга улкан эътибор қаратилди. Бу каби эзгу ишлар ҳозир ҳам давом этаётгани янада қувонарли.

Қадимий сурхон элининг оддий бир қизи сифатида болалигимдан фольклор йўналишда ижод қилишни ният қилардим. Йиллар давомида ўз қўшиқларим орқали миллий анъаналаримиз тарғиботи ва ривожига оз бўлса-да, ҳисса қўшишга ҳаракат қилдим. Дунёнинг кўплаб давлатларида ўтказилган халқаро кўрик-танлов ва фестивалларда ҳам айнан фольклор йўналишдаги ижод намуналарим билан Гран-при мукофоти ҳамда юқори ўринларга сазовор бўлганимдан, жаҳон саҳналарида ўзбек миллий санъатининг асл илдизлари қандай эканини намоён эта олганимдан ўзимни ҳамиша бахтиёр ҳис қиламан.

— Ижроингиздаги тароналарни нафақат мамлакатимизда, балки қўшни давлатларда ҳам тинглаб, сизга мухлислик қилувчилар талайгина. Муваффақиятингиз сири нимада, деб ўйлайсиз?

— Менимча, бунинг асосий сабаби фольклор йўналишдаги ижод намуналаримнинг кўплиги ҳамда қадимий, олис қишлоқлардаги ўлмас урф-одат ва анъаналаримизни замонавий тарзда, аслини йўқотмаган ҳолда куйга солиб, халққа етказаётганим бўлса керак. Аслида халққа буларнинг ҳаммаси яхши таниш, агар эсларидан чиққан бўлса, қайсидир маънода ёдга оляпти. Шу боис фольклор йўналишдаги ижодимни халқимиз ўзига яқин олиб, қабул қилишади, деб ўйлайман.

— Инсон ҳаётда ўз ўрнини топишида у яшайдиган муҳит, атрофидаги инсонларнинг таъсири катта бўлади. Шу касбга муҳаббат қўйишингизга кимларни дахлдор, деб ҳисоблайсиз?

Бу борада жуда кўп марта фахрланиб гапирганман. Санъат йўлини танлашимга туртки бўлган ва керак бўлса, қўлимдан етаклаб, мусиқа ва санъат мактабига, турли тўгаракларга олиб борган раҳматли отамдан бир умр миннатдорман. Отамнинг қизиқишларимга бефарқ бўлмай, мени қўллаб-қувватлашлари натижасида ўз мухлисларимга эгаман, ижод намуналарим билан халқимизни маънавий озиқлантиришга ҳисса қўшяпман.

Аниқ эслайман, ёшлигимда Наврўз байрамидан олдин отам, албатта, атласдан кўйлак тиктириб, дўппи олиб келарди. «Ҳосилахон тадбирларда байрамона кўринишда қўшиқ куйлайди», деб опа-сингилларимнинг либосларидан бошқачароқ услубда тикилган ва жимжимадор кўйлакларни совға қиларди. Биз опа-сингиллар эса байрам сайлига сочимизни майда ўриб, чаккамизга гул тақиб чиқардик. Рости, ўша чоғларни ҳалигача ўзгача энтикиш билан хотирлайман.

Отам ҳеч қачон биз ўғил-қизларнинг хоҳишига қаршилик кўрсатмаган. Кимда қайси соҳага иштиёқ бўлса, уни ўша касбга йўналтирарди. Катта опам шифокор бўлса, кичиги қишлоғимиздан чиққан биринчи спортчи аёл саналади. Мен ва укам эса санъат соҳасини танлаганмиз.

— Эстрада оламининг юлдузларидан бири: «Санъаткор ҳақида яхшими-ёмонми гап тарқалса, бу унинг фойдасига бўлади», деган эди. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай?

— Ҳақиқатан ҳам бугунги кунда санъаткор тўғрисида тарқалган ижобий ёки салбий гап-сўзлар шоу-бизнесчасига айтганда «пиар»га айланиб, шов-шувга сабаб бўлиши оддий ҳолат бўлиб қолди. Бу эса қайсидир маънода санъаткорнинг янада мухлислар эътиборига тушишига ёхуд анчадан буён кўринмаётганларни саҳнага кўтариш учун ҳам хизмат қилмоқда. Аммо айрим бўлмағур гап-сўзлар кўнгилсиз ҳолатларга олиб келишини ҳам унутмаслик керак.

Ўзим ҳақимда ҳам турли гап-сўзлар «болалаб» туради. Масалан, баъзи юртдошларимиз концерт дастурларимда тушган рақсларимни кўрмасдан, оддий тўйлардаги рақсларимдан ҳайратланиб, зудлик билан видеога олиб, интернет орқали овоза қилишгани ёки анча йил олдин бир тўйда тасодифан менга тегиб кетган кесак можароси ҳақидаги видеолар ҳам роса шов-шув бўлган. Ижодкор бўлганимдан кейин яхшими-ёмонми, ўзим ва ижодим ҳақидаги барча миш-мишларга кўз юмишга, иложи борича эътибор бермасликка ҳаракат қиламан. Аммо мен ҳеч қачон «қора пиар»дан фойдаланишни оқламайман.

Ижодкор маълум бир йилдан сўнг ўзини ўзи таҳлил қилишга мойил бўлади. Сизда ҳам шундайми?

Назаримда, ҳар бир касб эгаси ёши улғайгани сари ортга назар ташлаб, ўтмиши ва карьерасини бирма-бир тафтиш қилишга интилса керак. Мен ҳам ижодимдаги камчиликларни тўлдириш ҳамда йўналишимдан келиб чиққан ҳолда яна қайси урф-одатларимизни куйга солишим кераклиги борасида кўп ўйланаман, режалар тузаман. Инсон қайси касбда фаолият юритишидан қатъи назар, ўзини қўлга ола билиши ва таҳлил қилиши керак, албатта. Шундагина унинг янги-янги зафарларни забт этишга нисбатан иштиёқи ва интилиши янада бўй чўзаверади.

— Концертларингизнинг бирида юпқа ва сумалак таомларини дастурингизга ташриф буюрган ҳар бир мухлисингизга тарқатганди­нгиз. Нима учун мазкур гўзал тадбирни кейинги концертларда ҳам такрорлаб, анъанага айлантирмадингиз?

— Чиндан ҳам ўшанда мухлисларимни кўчага ўтов қурдириб, карнай-сурнай садолари остида байрамона қарши олганмиз. Мен учун азиз бўлган ҳар бир меҳмонимга Сурхондарёдан тайёрлаб келтирилган сумалак ва сурхондарёлик момолар пиширган юпқа таомини тарқатгандик. Чет элликлар ҳам бундан хурсанд бўлишиб, «Ўзбекнинг меҳмондўстлигини намоён қилувчи концерт бўлибди», дея эътироф этишганидан бошим кўкка етган. Бу анъанани давом эттириш масаласига келсак, бу кўпроқ шарт-шароит билан боғлиқ. Ахир, «Истиқлол» санъат саройининг тозалик борасида белгиланган ўзига хос қонун-қоидалари бор. Қолаверса, ташриф буюрганларнинг барчаси ҳам тозаликка амал қилавермайди. Шунинг учун ҳам янгилигимни келгуси концертларимда такрорлай олмадик.

— Кўпкари ҳақидаги машҳур қўшиғингиз клипида ўзингиз от миниб, суратга тушгансиз. Бу қийин бўлмаганми?

— Кичкиналигимдан отларга меҳрим бўлакча, лекин биринчи марта неча ёшимда от минганим эсимда йўқ. Раҳматли отам қаерга борса, отига миндириб, мени ҳам ўзи билан бирга олиб юрарди. «Кўпкари» қўшиғимнинг клипини суратга олаётганимизда ҳам отни ўзим минганман, режиссёр дублёрни айтганида рад этганман. Биласизми, от билан тиллашмасангиз, уни сира минолмайсиз. Клипда от олд оёқларини кўтарадиган саҳна бор, шу жойида ҳам қўрқмаганман. Ҳаттоки икки йил аввал «Кўпкари» учун От спорти федерациясининг махсус Фахрий ёрлиғи билан ҳам тақдирландим. Бу эса менга чексиз шодлик ва янада куч-ғайрат бағишлади.

— Клипларингиздаги эркакча шижоат ва қатъиятингизни кўрган томошабин «Ҳойнаҳой бу хонанда оиласида ҳам «лидер» бўлса керак», деган фикрга бориши, шубҳасиз...

(Хонанда самимий кулади) Бундай саволни кўпчиликдан эшитаман. Балки томошабинларда ташқи кўринишим сабаб шундай фикр пайдо бўлар. Аммо мен фақат саҳнада Тўмарис, Барчиной образларида намоён бўламан, холос. Ҳаётда эса умуман бошқа Ҳосиламан. Барча аёллар сингари оилада ўз ўрним ва ҳурматимни билиб, кези келса, ошхонада хамирли таомларни ҳам эринмай тайёрлайман. Эркакларга хос мардонавор фазилатлар саҳна образим экани яқинларим, қариндош-уруғларим ва мени яқиндан билган ашаддий мухлисларимга жуда яхши аён.

— Эшитишимизча, тадбиркорликни ҳам йўлга қўйган экансиз. Шу тўғрими?

— Оиламиз аъзолари билан маслаҳатлашиб, «Аrt Salon» дўконини ташкил этганимиз рост. Қадимий осори-атиқалар, кашталар, сўзаналар, кўзалар сингари миллий ҳунармандликка хос жиҳозларимизни хорижлик меҳмонлар эътиборига ҳавола этамиз. Улардан андозалар олиб, замонавий тарзда тўқилган ва тикилган янги либосларимиз юртимизга ташриф буюрувчи ­сайёҳлар ҳамда юртдошларимизга манзур бўлаётир.

 

Миролим ИСАЖОНОВ

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Унинг меҳнати  эл дастурхонида  эъзозда туради

Унинг меҳнати эл дастурхонида эъзозда туради

🕔22:35, 07.04.2024 ✔55

Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.

Батафсил
Ҳамиша масъулиятли  бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг  муҳим шарти

Ҳамиша масъулиятли бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг муҳим шарти

🕔16:47, 25.01.2024 ✔102

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсaнeм БЕГИМОВА билан суҳбат

Батафсил
Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

🕔10:00, 23.01.2024 ✔108

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати, Ўзбекис­тон Экологик партияси аъзоси Муҳаббат Сафоева билан суҳбат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар