Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

НАВРЎЗНИ ҚЎМСАШ РУҲИЯТИМИЗДА БОР

ёхуд мерос ҳужайраларни уйғотувчи қадимий байрам

Табиат ва инсон. Ўзаро муштарак бу икки тушунчани бир-биридан айро тасаввур этиб бўлмайди. Табиатнинг ҳар бир ҳодисаси руҳиятимизда рўй беради. Қадимий айёмНаврўз байрамини ана шу руҳият тараннуми сифатида қабул қилиш мумкин.

НАВРЎЗНИ ҚЎМСАШ РУҲИЯТИМИЗДА БОР

Бугун шу каби биз ҳали моҳиятини тўла англаб етмаган байрам аслида тан ва руҳимизнинг табиий эҳтиёжи экани ҳақида адабиётшунос олим Омонулла Мадаевнинг мулоҳазаларини сиз билан ўртоқлашмоқчимиз.

— Тана аъзоларимиз меҳнат қилгандан кейин дам олишга эҳтиёж сезади. Байрам эса одамларнинг қалбида, вужудида муайян вақт давомида пайдо бўлган ғуборларни кетказиш мақсадида нишонланади, — дейди Омонулла Мадаев. — Инсон табиати ниҳоятда мураккаб. Мана шу хусусият фақатгина тана аъзоларининг сокинлик билан дам олишига қониқмайди. Муайян вақт ўтгач, унда кўнгил очиш истаги пайдо бўлади. У ўйинга тушишни, одамлар билан муомалада бўлишни хоҳлайди. Шу тарзда одамзотда байрам нишонлаш ҳолати вужудга келади.

Байрам бирор юмушни ниҳоялаб, дам олиш мақсадида ўтказилган бўлса, нима учун одамлар Наврўзни қиш бўйи ҳордиқ чиқаргандан кейин нишонлаган?

— Қишда танча атрофида ўтириб, киши бўғилиб, эзилиб кетади. Ҳаво очилиб, қуёш чиққач, одамлар рўшнолик кўради. Шундай вақтда Наврўз меҳнатдан эмас, руҳий чарчоқни тарқатиш учун нишонланган.

Одамлар Наврўзда дам олиб, яхши ният қилиб кўнгилни тинчитиб, кейин кетмон ушласа, баракаси икки баробар кўпроқ бўлишини тушуниб етишган.

Шу билан бирга, Наврўз Шарқ халқларида йил боши саналган. Бунинг қандай ўзига хос хусусиятлари мавжуд?

— Дунёдаги турли давлатлар янги йилни ҳар хил вақтда нишонлашади. Аммо уларнинг бирортаси табиатдаги бир фаслдан иккинчи фаслга ўтиш палласига тўғри келмайди. Янги йилнинг баҳор — уйғониш фаслидан бошланишида ҳам чуқур маъно бор. Наврўз — аввалги аламлар, кеклар, ғазаблар қишда, совуқда қолсин, энди янги, қуёшли ҳаётни бошлагин, деган маънони ҳам англатади.

Табиат ва астрономик ҳолатга кўра йил 21 мартдан бошланса, нима учун янги йилни 1 январдан бошлаймиз?

— Эронда янги йил 21 мартда нишонланади. Бизда эса давлатлар ўртасидаги муносабатларда ҳар хиллик ва тушунмовчилик юзага келмаслиги учун йил 1 январдан бошланади. Бу дунё бўйича қабул қилинган умумий қоида.

— Наврўзнинг аслида неча йиллик тарихи бор?

— Унинг тарихига аниқ чегара қўйишнинг имкони йўқ. Бундан 2700 йил аввал ёзилган «Авесто»да ҳам Наврўз «Янги кун» деб ёзилган. У ерда ҳам байрам муддати 21 март арафасига тўғри келади. Байрамнинг кун ва туннинг тенглашишига тўғри келиши астрономик фикрнинг ғалаба қилишидир.

— Бу байрамни оммавий нишонлаш қачондан бошланган?

— Бунинг тарихини Алишер Навоий «Тарихи мулки ажам» китобида келтирган. Эрон шоҳи Жамшид одам тасаввур қилолмайдиган даражадаги улкан қасрда жуда катта қабул маросими ўтказган. Шу маросим ўтказилган вақтни Наврўз деб эълон қилди. Наврўзнинг ­оммавий нишонлаши ҳақидаги маълумот шу.

— Наврўз аслида неча кун нишонланади?

— Бунинг тайин муддати бор. Наврўз байрами у келадиган кундан олдинги чоршанбадан бошланади. 21 мартда нишонланиб ўрик гуллаб, довуччага киргунча давом этади. Беруний «Наврўз дарахтларнинг гуллашидан мева туггунича давом этади», деган.

— Наврўзни нишонлашда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос урф-одати ва анъаналари мавжуд. Улар маънавий-маданий ҳаётимизда қандай аҳамиятга эга?

— Наврўз биздан ташқари қозоқ, қирғиз, тожик, эрон, туркман, қорақалпоқ, озарбайжон, афғон халқларида ҳам бор. Ҳиндистоннинг айрим  жойларида ҳам нишонланади. Ҳар бир ҳудуд байрамни ўтказишда ўз удумларига эга. Татаристонда Наврўз Сабантуй дейилади. Улар қурбонлик билан ўтказишади. Озарбайжонда уйнинг пештоқига, одамлар бир-бирининг пешонасига хамир ёпиштиришади. Бу оқликка етдик, деган маънони англатади.

Бу удумлар юртимизнинг турли ҳудудларида ҳам турлича кўринишга эга. Масалан, ҳалим, асосан, Тошкентда қилинади. Уни пишириш вақтида ёш йигитлар самовар қўярди. Самовар олдида қизи бор оталар ўтирган. Йигитлар уларга ўзини кўрсатишга ҳаракат қилиб, чойингиз борми, нонингиз борми, деб хабар олиб турган. Бу ҳам ўзига хос бир тарбиявий аҳамиятга эга.

Сумалак тайёрлашда эса нуроний онахонлар турли халқ достонларини овозини чиқариб ўқишган. Бу ерда энди қизлар ўғли бор аёлларга мулозамат қилишган. Буларнинг ҳаммаси одамларни бир-бирига боғлаш, меҳр-мурувватли бўлишига чорлайдиган катта тарбиявий аҳамиятга эга ишлар.

Кўп вилоятларда дарвешона деган удум бўлиб, ҳамма топгани билан дастурхон тузаб, бутун маҳаллага зиёфат уюштирилади. Ётиб қолган хасталарни зиёрат қилишган. Ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олинган. Бу  Огаҳийда ҳам «Дарёни сайр қилгин ва ғарибни зиёрат қилгин», деб келган.

Аввал бутун халқ Наврўзга тайёргарлик кўрар, далага чиқиб ялпиз, исмалоқ терарди. Ҳозир бу айрим ҳудудлардагина сақланиб қолган. Фарғонада аёлларнинг доира чалиб, лапар айтишлари ҳали ҳам кўкни тутиб кетади. Гасура-гусир қўшиқ куйлашади. Халқимизнинг бир қисми байрам қилишса, бир қисми қилмаяпти. Байрам қилмаётганларнинг кўпчилигини Эркин Воҳидов таъбирича, тафаккурчилар деб аташ мумкин. Ҳа, энди байрам экан, деб айримлар ухлаш билан чарчоғини чиқаряпти.

— Инсон саломатлигини мустаҳкамлашда ҳам баҳорий таомлар катта аҳамиятга эга дейишади. Бу қарашнинг илмий асоси борми?

— Баҳорда майиз, жийда, туршак каби қуруқ мевалар бўлади. Шунинг учун инсон тана аъзолари муайян чарчоқ ҳолатини бошдан ўтказади. Бундай паллада ўта қувватли, жисмоний кучни оширадиган овқатлар инсон танасига салбий таъсир қилади. Шунинг учун сумалак тайёрланади. Сумалак ҳам, ҳалим ҳам йигирма соат қайнайди. Узоқ вақт давомида пиширилган таом инсон танасига, ўша вазиятига мойил бўлиб уйғунлашиб кетади. Янги кўзи ёриган аёлга атала беришади, чунки унинг танаси заиф. Қишдан чиққанда эса ҳамманинг танаси қайсидир маънода заифлашиб қолган бўлади.

— Агар бу жараённи табиат мисолида оладиган бўлсак, қор тагида қолган майса худди баҳорда қуёш кўрганидек, одамларнинг танаси ҳам шу каби таомлар билан ўзини тиклаб олар экан-да.

— Тўғри.

— Бу айёмнинг тана билан бирга руҳиятга ҳам ўзгача куч бағишлаши ҳақида сўзингиз бошида тўхталган эди­нгиз. Бу масаланинг моҳиятини қандай изоҳлаш мумкин?

— Инсон тана аъзолари ҳужайралардан иборат. Уларнинг ичида аждодларимиздан мерос генлар бор. Буни кўпчилик билмайди. Шу ҳолатга келгунимизча кимимиздир Амир Темур даврида яшаган-ку. Ўша вақтдаги Наврўз байрамида иштирок этган аждодимизнинг бизга ўтган ҳужайралари байрам нишонлаганимизда лаззатланади. Сумалак пишириш жараёнини ўша ҳужайралар кўрган, ҳолатнинг такрорланиши орқали улар кўзимиз, хаёлимиз, вужудимиз орқали роҳатланади. Наврўз инсон қалбида ухлаб ётган ўша генларни уйғотадиган байрам. Бу эса инқилобий иқтидорларни намоён этишга имкон яратади.

Бир инсоннинг дунёга келиши минглаб ҳужайраларнинг жанги демакдир. Бу табиат қонуни. Шундай экан, бизга берилган имкониятни оқлаб, ўқиш, фикрлаш, ёзиш, фазилатларидан фойдаланиш — Амир Темур даврида яшаган аждодларимиз, ўзимиз, фарзандимиз ва келажак олдидаги масъулият. Бизга Наврўзни нишонлаш имкони берилдими, нишонламасак, тарих ва келажак олдида жавобгармиз.

— Балки шу боис шўро замонида бу байрамни нишонлашга имкон беришмагандир?

— Наврўз миллатнинг миллат эканини кўрсатадиган байрам. Миллат ўзининг ўзбеклигини ҳис қиладиган байрам. Одамлар бир-бири билан учрашиб муомалага киряпти, дардлашяпти. Йигитлар маҳаллага қабул қилиняпти. Бундай бебаҳо қадриятларга ўша тузум мойил эмас эди. Шу боис 1987 йилда Наврўз байрамини нишонламаслик ҳаракати бошланган. Шукрки, 1990 йилдан Наврўзимиз ўзимизга қайтди. Ўша йили Истиқлол санъат саройининг олдида бўлган байрам кўз олдимдан кетмайди. Миллий қўшиқларимиз ҳали ҳам қулоқларимда жаранглаб тургандек.

— Аммо бугун Наврўз қўшиқ ва ўйинлари бироз ёдимиздан чиққандек...

— Биз Наврўз қўшиқларини билмасак, айб қўшиқда эмас-ку?! «Читтигул», «Офтоб чиқди оламга», «Ёмғир ёғдир» каби қўшиқлардан ҳаммасининг ўз оҳанги бор. Бу қўшиқларни халқимиз яратиб бўлган. Улар шу қўшиқларни жўр бўлиб ижро этишган, бир-бирини ҳис қилган.

Жамиятимизда, юқорида айтганимдек тафаккур кучайиб кетди. Ўзликка қайтиш, аввалги удумларни тиклаш учун тасаввурга эрк бериш керак. Сиз билан суҳбатдан кейин бу фикрим яна ҳам кескинлашди.

 

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Унинг меҳнати  эл дастурхонида  эъзозда туради

Унинг меҳнати эл дастурхонида эъзозда туради

🕔22:35, 07.04.2024 ✔55

Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.

Батафсил
Ҳамиша масъулиятли  бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг  муҳим шарти

Ҳамиша масъулиятли бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг муҳим шарти

🕔16:47, 25.01.2024 ✔102

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсaнeм БЕГИМОВА билан суҳбат

Батафсил
Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

🕔10:00, 23.01.2024 ✔108

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати, Ўзбекис­тон Экологик партияси аъзоси Муҳаббат Сафоева билан суҳбат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар