Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

Фарҳод АБДУЛЛАЕВ: ИККОВИНИ ТАНЛАШДА ҲАМ АДАШМАГАНМАН

Ўзига хос қиёфа, овоз эгаси, комедик, драматик, трагедик ролларни бирдай меъёрига етказиб ижро этадиган санъаткор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Абдуллаев саҳифамизнинг бу галги меҳмони. Унинг актёр ва театр ҳақидаги фикрлари ҳам ўзига хос, такрорланмас...

Фарҳод АБДУЛЛАЕВ:  ИККОВИНИ ТАНЛАШДА ҲАМ АДАШМАГАНМАН

— Бугун негадир ёшлар орасида актёр кўркам, келишган бўлиши керак, деган фикр шаклланган. Сиз ҳам шу орқали кириб келганмисиз?

— Бу фикр бугун шаклланган эмас. Театр ва рассомчилик институтига ҳужжат топширишга келганимдаёқ, шу гапни эшитиб, ҳафсалам пир бўлган. Барибир имтиҳон топширганман. Ўқишга қабул қилишган. Кейин билсам, институт эшиги олдида қаторасига ўтирган ўқитувчилар абитуриентларни кузатишаркан. Энг муҳим баҳо уларнинг истарасига қўйиларкан. Бир қарашда хунук актёр фавқулодда истеъдод соҳиби бўлиши мумкин. Айнан ўзим чиройли актёрлар тоифасига кирмаганимдан хафа эмасман. Чунки бунақа қаҳрамонларнинг умри қисқа. Улар ўрнини янги чиройли қаҳрамонлар эгаллайверади. Бизга ўхшаганлар эса саҳна учун доим керак. 

— Ўқимай туриб ҳам актёр бўлиш мумкинми?  Масалан, Ғани Аъзамов ва бошқа устоз санъаткорлар каби?

— Улар фавқулодда истеъдод эгаси бўлган. У даврда ўқитадиган олийгоҳнинг ўзи йўқ эди. Шу сабаб Москвага бориб, махсус актёрлик курсларида ўқиб, малака оширишган. Бундан ташқари, улар доим халқдан ўрганган, эл орасида бўлган. Агар истеъдод булоқдек отилиб ётса, ҳеч нимага фойдаси тегмайди. Уни йўналтирсангиз, фойдаси кўпларга тегади. Ўқиш шунинг учун ҳам керак. Кинода ўқимай туриб ҳам ўйнаш мумкиндир, аммо театрда эмас.

— Театр кийим илгичдан бошланади, деган гап бор. Аслида ҳам шундай бўлиши керакмасми?

— Эркин Комилов, Теша Мўминов каби актёрлар қатори мен ҳам бирданига саҳнага чиқмаганман. Олдинига саҳна ишчиси, декоратор, суфлёр бўлиб ишлаганман. Ҳозир театрда олийгоҳни битириб, саҳна ишчиси бўлиб ишлаётган йигитларнинг «Бир пайтлари мен ҳам шу ерда ишлардим», деб руҳини кўтариб қўяман. Айримлар биринчи кунданоқ саҳнага чиқади, қаҳрамонни ўйнайди. Қарабсизки, ҳеч қанча ўтмай «юлдуз-да». Саҳнага меҳнат қилиб етишганлар учун театр доим қадрли.

Театрда истеъдодли ёшлар кўп. Бироқ ўзини телевидение, радио, тўйга уришади. «Пул зарур, квартирада тураман, рўзғорни бутлаш керак»... Бу баҳона бўлолмайди. Чунки бизда ҳам рўзғор, бизда ҳам уй муаммоси бўлган. Бироқ сабр қилганмиз. Мени энг қийнайдигани, уларнинг ўзини жуда арзонга сотаётганини англаб етмаслиги.

— Бугун замон жуда тезкор. Ёшлар бошқалардан ортда қолмаслик учун ҳам шундай қилишар, балки?

— Бир нарсага эришиш учун иккинчисидан воз кечиш керак. Актёр ақлли, сабрли бўлмаса, ўзини арзонга сотиб қўйганини билмай қолади. Мен реклама, ролик, тўй деган нарсалардан доим узоқман. Нима, менга шуҳрат, пул керакмасми? Актёрликни тақдир деб билганим учун бу номга гард қўндирмай, асрашга ҳаракат қиляпман. Масалан, Санжар Саъдуллаевнинг овозини эшитган одам дарров таниб олади. Бироқ у киши бирон марта мана мен, деб ўз қиёфасини кўз-кўзламайди-ку?!

— Сизда ҳам айрим ҳолларда бу соҳадан кетиш истаги бўлгандир? Шундай пайтда ўзингизни тутиб олиб, яна олға қадам босишингизга нима туртки берган?

— Бўлган. Бир сафар укам, бир сафар дўстим — Зокир ака соҳадан кетмаслигимга туртки берган. Иккиланиб йўлингиздан қайтмоқчи бўлганингизда, сизни маънан суяйдиган, яна олға юришга ундайдиган одамлар ҳам керак.

— Дублёри йўқ актёр сирасига киришингизни кўплар таъкидлайди. Актёр учун дублёрсизлик муваффақиятми ёки аксинча?

— Дублёр театр мавқеини ушлаб туриш, спектаклнинг тўхтаб қолмаслиги учун, албатта, керак. Дублёрлар орасида яхши маънода рақобат бўлгани учун актёрлардаги салоҳият ривожланади. Бироқ шундай пайтлар бўладики, сизга дублёр топилмай қолади. Асли бу ҳам бахт. Чунки айнан сиз учун спектакль яратилади.

Қаҳрамонни ўйнайдиган актёрнинг биттаси зўр, иккинчиси сал кучсизроқ бўлиб қолади, гоҳи. Натижада эса, ўша зўр ўйнаган актёр чиқадиган кунни томошабин кутади. Гоҳида «Вақтим йўқ, сен ўйна», деб саҳнадан чиқиб кетади, ўзини катта ола бошлайди. Бу дублёрларнинг иккиси ҳам заифлигидан. Театрга эса, мардлар керак.

— Балки шу ғирромликлар эвазига санъатда турғунлик кечаётгандир?

— Балки. Чунки бундан ҳамма хабардор. Томошабин ҳам, танқидчилар ҳам, жамоа ҳам, ёшлар ҳам. Энг ёмони, ёшларда шундай бўлса ҳам бўлавераркан, деган фикрнинг шаклланаётгани.

— Комедик роллар қатори трагедик ролларингиз ҳам томошабинни ҳайратга солади. Айниқса, «Афғон» фильмидаги образингиз. Бу образга афғон урушини бутун фожиаси юклангандек. Оғир бўлмаганми?

— Юрак майда томирлардан иборат. Шундай роллар бўладики, ижро давомида шу томирларнинг узилганини ҳис қиласиз. «Афғон» фильмида ҳам худди шундай бўлган. Фильмда бу саҳна битта дублда, кадр узилмасдан олинган. Бундай ролларни ўйнаш жуда оғир. Айниқса, мени томошабин комик ролларда кўриб кўзи ўрганганидан кейин, бунинг меъёрини топишим керак эди. Сартарошхонадан ҳазил қилиб ўтаётган қаҳрамоним, тобутни кўргач, фожиадан изтиробга тушади. Ижро меъёрига етмай қолса ғалати, ўтиб кетса, ғашни келтирадиган кулги  пайдо бўлади.

— «Зарб» фильмидаги образингиз эса характер жиҳатдан умуман бошқача...

— Асли қаҳрамонимнинг ўзи ўзгача бир характерли одам. Тўғриси бу образимдан кўнглим тўлган. Томошабин мени бошқа қиёфада кўришини истадим. Бунинг уддасидан чиқдим, деб ўйлайман. Фильм санъаткор ҳақида. Унга пул, мол-дунё қизиқмас. Бир пайтлари ҳеч ким бўлган хотини эса, бойвучча бўлиб, эрининг доира чалишидан ор қилади. Созанда эса чалмасдан туролмайди. Асли санъаткор икки нарсада — касб танлашда ва хотин танлашда адашмаслиги керак. Биронтасида хато қилиб қўйдингизми, ҳаётингиз чалкашиб кетиши ҳеч гапмас.

— Актёрда ўзлик тушунчаси қандай бўлиши керак? 

— Айримлар «мен» деб бошлайди гапини, дарров энсангиз қотади. Агар у актёр бўлса, пульт тугмасини босиб, бошқа каналга ўтказади томошабин. Чунки унинг «мен»и такаббурлик ва мақтанчоқликка тўла. Айтаётган гапи қилаётган ишига номуносиб. Шунинг учун актёрнинг гапи билан иши бир бўлиши керак. Кўримсиз бўлса ҳам ўз қиёфаси, хирилдоқ бўлса ҳам ўз овози бўлсин.

— Пўлат Саидқосимов менинг битта шогирдим бор, у ҳам бўлса Фарҳод, дейди. Сизнинг ҳам санъатда битта устози­нгиз борми?

— Йўқ, албатта. Пўлат акамдан саҳнада эркин юришни, Ёдгор Саъдиевдан гина сақламасликни ўрганганман. Ҳаммадан аста-секин битта-битта олиб ўрганади одам. Гап устоздамас, гап шогирдда. Битта одамни устозим деб, фақат унга тақлид қилаверсангиз, бошқалардан ўрганишингиз керак бўлган билим-тажрибадан қуруқ қоласиз. Муҳими, ўзлигингизни сақлаб қолиш. Устоздан ўрганиш зарур, унинг нусхаси бўлиб қолиш керак эмас.

— Устоз-шогирд муносабати қандай бўлиши керак асли? Бугун нега ёшлар бу анъанага бўйсунмай қўйди?

— Бўйсунмай қўйди, деган гапнинг ўзи нотўғри. Асли муносиб устозларнинг ўзи жуда кам. Ёшларни танқид қилишдан аввал, биз ўзимиз олдин уларга муносиб бўлайлик. Театрда «Нега тўйга чиқдинг, уялмайсанми?», дейдиган одам йўқ. Чунки ўзи чиқади. Гоҳида гапириб қолишса, эшитгувчилар «Хўп, хўп», дейишади-ю, юзини четга буришади.

Бугун ҳар томонлама устозлик рутбасига лойиқ одамлар кам. Ёшлар унисининг этагидан тутмоқчи бўлишади, бунисининг этагидан тутмоқчи бўлишади, охири ҳафсаласи пир бўлади. Натижада устоз-шогирд анъанаси йўқолиб боряпти. Бунга ёшлар эмас, катталар айбдор.

— Актёрда ижодий режа бўладими?

— Мен Сергей Безруковдан «Театрда бадиий раҳбарсиз, съёмкаларингиз кўп, хизмат сафарларингиз саноқсиз. Қандай қилиб шунча ишга улгарсиз», деб сўраганимда, менга ғалати қараб, «Расписание», деганди.

Қарангки, улар бир йил олдин нима қилиши кераклигини билади. Чунки уларда қатъий режа бор. Бизда-чи, кутилмаган сафарлар, давлат тадбирлари, эрталаб ишга келганингизда кечқурун нима бўлишини билмайсиз. Бир хиллар: «Мен Гамлетни ўйнайман», дейди. Шундай пайтда: «Вақти келса, ўйнарсан, бўлмаса, йўқ», дейман. Вақти келганида ҳаммаси бўлади. Мен импровизация билан яшайман.

— Юқорида санъаткор икки нарсада — бири касб танлашда, иккинчиси оила қуришда адашмаслиги керак, дедингиз. Муваффақиятларга эришишингизда оилангизнинг ўрни бор, албатта. Айтинг-чи, оилада мувозанатни қандай сақлайсиз?

— Икковини танлашда ҳам адашмаганман. Оила мослиги уларнинг ҳуснида, бўйида эмас, хусусиятларида, яъни плюс-минусида. Мен — плюсман, аёлим — минус. Характерлар бир-бирини тўлдириши керак. Аввало, актёрнинг аёли турмуш ўртоғининг касбини ҳурмат қилиши керак. Турмуш ўртоғим касбимга илоҳий нарсага қарагандек қарайди. «Диёнат» видеофильмида Отақўзини ўйнаганман. Қишлоққа борганимда битта қиз изимдан Отақўзи, деб чақирган. Тўйдан кейин билсам, ўша қизга уйланган эканман. Аёлим менга «актёр», деб қарайди. Шундан ҳам билса бўлади, унинг бу касбга муносабатини. Биргаликда учта фарзандни вояга етказдик. Оддийгина, аммо бахтли оиламиз.

 

Гўзалой МАТЁҚУБОВА

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Унинг меҳнати  эл дастурхонида  эъзозда туради

Унинг меҳнати эл дастурхонида эъзозда туради

🕔22:35, 07.04.2024 ✔55

Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.

Батафсил
Ҳамиша масъулиятли  бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг  муҳим шарти

Ҳамиша масъулиятли бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг муҳим шарти

🕔16:47, 25.01.2024 ✔102

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсaнeм БЕГИМОВА билан суҳбат

Батафсил
Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

🕔10:00, 23.01.2024 ✔108

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати, Ўзбекис­тон Экологик партияси аъзоси Муҳаббат Сафоева билан суҳбат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар