Давр нафаси      Бош саҳифа

ЛАҲЗАНИНГ ҚАДРИ

Бир лаҳза... Шугина муддатда нима иш қилиш мумкин? Бу оний фурсат нимага етади-ю, нимага арзийди?

Агар у умримизнинг ҳал қилувчи онларидан бири бўлса-чи?..

ЛАҲЗАНИНГ ҚАДРИ

Аслида ҳаётимиз ана шундай лаҳзалар мажмуидан иборат. Ҳар бир лаҳзани қўлдан бой бермоқ умрни барбод қилмоқ эмасмикан? 

Альбер Камюнинг «Бегона» асари қаҳрамони жаноб Мерсо бир қарашда ҳеч нарсага рағбати қолмаган, ҳаёт ва тирикликдан мосуво, бу дунёда орзу-мақсади, интилиш ва умиди йўқ бедаво ва зерикарли киши бўлиб кўринади. У онасининг ўлимини совуққонлик билан қарши олади. Суд унинг тақдири ҳақида чиқарган ҳукм — ўлим жазоси ҳақидаги хабар ҳам унга гўёки заррача таъсир қилмайди. Лекин ажал машинаси олдига олиб борилганида Мерсо ўша ускунанинг лоақал бир лаҳзагина ишламай қолишини орзу қилади... Ҳаётининг минглаб соатлари, миллионлаб лаҳзаларига рўйхушлик кўрсатмаган бир кимса ўша биргина лаҳзага талпинади. Гўё унинг учун ҳаётнинг бутун ҳақиқати, умр мазмуни, тириклик муддаоси ўша биргина лаҳза бағрига жо бўлгандек.

Бир лаҳза...

Гарчи ўзи орзулаган ўша биргина лаҳза берилганда шу қисқагина муддатда у нималар қила оларди? Бутун умри давомида топмаган, англамаган ҳақиқатларини англашга, қилолмаган ишларини бажаришга кифоя бўлармиди шу вақт? Ё шу лаҳзада бутун умрини қайта яшаб чиқармиди?..

Биргина лаҳзагаки шу қадар талпинар экан, буни кўриб, уни ҳаётдан умиди йўқ, совуққон ва зерикарли одам, дея оламизми?

Баҳс мавзуси мана шу нуқтада кенгая бошлайди.     

Минг йилдан ортиқ тарихга эга «Алпомиш» достонида:

«Дам шу дамдир, ўзга дамни дам дема,

Бошинг омон, давлатингни кам дема…» мисралари бор.

Бу билан соғ-омон ҳолда олаётган ҳар бир нафасимиз чексиз бойлик экани уқтирилади. Вақт — ғанимат. Ғанимат деб қўлга киритилган нарсага — ўлжага айтилади. Демак, ўтаётган ҳар бир лаҳзада нимагадир эришмоқ, ниманидир қўлга киритмоқ, эртанги кунимиз, ёрқин келажагимиз учун нималардир қила олмоқ — бугунги куннинг, ҳар бир лаҳзанинг бош вазифаси, асосий ҳикмати.

Доктор Оиз Қарний ёзади: «Дунё уч кундир. Кеча ўтди-кетди. У энди қайтиб келмайди. Эртанги кунга етиб бора оламизми-йўқми — ҳали аён эмас. Бугунги кун эса қўлимиздаги асосий сармоямиздир. Ўтган нарсалар учун қайғуриб ўзни ҳасратда қолдириш, ҳали келмаган кунлар учун беҳуда хомтама бўлиш вақтни ўлдириб, бугунни ҳам қўлдан чиқаришдан бошқа нарса эмас». Шунга кўра, эзгу ишларга шошилиш бобида «дунё бир кундир, шу куни бугундир», деб яшамоқ муҳим.   

Халқ орасида лаҳзани ушлаб қол, деган ҳикмат юради. Ҳар бир лаҳзада қилинаётган хайрли ишлар ўша лаҳзанинг ҳаёт китобимизда мангу акс этиши, мангуликка муҳрланишидир. Лаҳзаларни бирор фойдали ишга айлантирмоқ уни ушлаб қолиш, унга эга бўлиш деганидир. Вақтини зое ўтказган киши учун бирор жазо тайин қилинмаган. Ўша пайтда қайсидир яхшиликни амалга оширишдан бенасиб қолиб кетгани унинг учун аслида энг катта ютқазишдир. Чунки ўтган ҳар бир лаҳза бошқа қайтиб келмайди. Чинакам маҳрумият мана шу.  

Ҳаводаги кўзга деярли кўринмайдиган майда заррачалар — чанг-ғуборлар саломатликка жиддий путур етказиб, умрни сезиларли даражада қисқаришига сабаб бўлар экан. Буни машҳур табиб ва аллома Ибн Сино узоқ йиллик илмий кузатувлари асосида исботлаган. Афсуски, бундай кўринмас ғуборларни ҳали-ҳануз ҳеч биримиз жиддий хатар деб қабул қилмаймиз...

Эътиборимиздан четда қолиб, шиддат билан ўтиб бораётган лаҳзалар ҳам умримизнинг бир бўлагини олиб кетаётганини унчалик мулоҳаза қилавермаймиз. Аслида ўтаётган ҳар бир лаҳза азиз умримизнинг бир қисми экани аниқ. Академик шоир Ғафур Ғулом ёзганидек, «Азиз асримизнинг азиз онлари, Азиз одамлардан сўрайди қадрин...»     

«Ҳар нафасинг ҳолидан огоҳ бўл», дейди ҳазрат ­Навоий. Огоҳликнинг нафасга нима дахли бор? Лаҳзани таниш, уни идрок этиш, қадрини англаш, яъни бир лаҳзада қанчадан-қанча улуғ ишлар қила олиш мумкинлигини тушуниб етиш уни беҳуда совурмасликка сабаб бўлади. Шу маънода ҳар нафаснинг ҳолидан огоҳ бўлиш унинг нима учун берилганини тушуниб етиш ва зое кетказмаслик деганидир.  

Келажак бугундан бунёд бўлади. Айни шу лаҳзаларда келажагимиз пойдевори барпо бўлаётганини ҳис эта билиш зарур. Қалин қорлар майда-майда ёққани каби бугун умримизнинг ҳар бир лаҳзасида қилиб улгурган ишларимиз эртанги кунимиз учун жамғарилган катта ютуқ, аслида.

 

Камолиддин ШАМС




Ўхшаш мақолалар

Фракция  Суд-экспертлик фаолиятининг  ҳуқуқий асослари  такомиллаштирилмоқда

Фракция Суд-экспертлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда

🕔09:24, 23.10.2025 ✔10

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари биринчи ва иккинчи ўқишда муҳокама қилинди. Хусусан, «Суд-экспертлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Батафсил
«Тилимизнинг бойлигини четдан эмас,  ўзидан қидиришимиз керак»

«Тилимизнинг бойлигини четдан эмас, ўзидан қидиришимиз керак»

🕔09:20, 23.10.2025 ✔9

Ўзбек адабий тили сўз бойлигининг такомиллашувида ташқи манба, яъни бошқа тиллардан кирган сўзлар сезиларли ўрин эгаллагани, унинг луғат таркибида санскрит, суғд, хитой, юнон, араб, мўғул, форс-тожик, қадимий яҳудий, рус ва рус тили орқали бошқа Европа тилларидан ўзлашган сўзлар хусусида манбалар, илмий тадқиқотлар ҳамда луғатларда кўплаб маълумотлар учрайди.

Батафсил
Қонунчилик  палатасида: Хусусий  мулк кафолатидан  дори воситалари  назоратигача

Қонунчилик палатасида: Хусусий мулк кафолатидан дори воситалари назоратигача

🕔15:35, 16.10.2025 ✔29

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қабул қилинди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Фракция  Суд-экспертлик фаолиятининг  ҳуқуқий асослари  такомиллаштирилмоқда

    Фракция Суд-экспертлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда

    Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари биринчи ва иккинчи ўқишда муҳокама қилинди. Хусусан, «Суд-экспертлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

    ✔ 10    🕔 09:24, 23.10.2025
  • «Тилимизнинг бойлигини четдан эмас,  ўзидан қидиришимиз керак»

    «Тилимизнинг бойлигини четдан эмас, ўзидан қидиришимиз керак»

    Ўзбек адабий тили сўз бойлигининг такомиллашувида ташқи манба, яъни бошқа тиллардан кирган сўзлар сезиларли ўрин эгаллагани, унинг луғат таркибида санскрит, суғд, хитой, юнон, араб, мўғул, форс-тожик, қадимий яҳудий, рус ва рус тили орқали бошқа Европа тилларидан ўзлашган сўзлар хусусида манбалар, илмий тадқиқотлар ҳамда луғатларда кўплаб маълумотлар учрайди.

    ✔ 9    🕔 09:20, 23.10.2025
  • Қонунчилик  палатасида: Хусусий  мулк кафолатидан  дори воситалари  назоратигача

    Қонунчилик палатасида: Хусусий мулк кафолатидан дори воситалари назоратигача

    Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қабул қилинди.

    ✔ 29    🕔 15:35, 16.10.2025
  • Габала саммити:  янги  экологик  ташаббуслар илгари сурилди

    Габала саммити: янги экологик ташаббуслар илгари сурилди

    Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати, узоқ ва яқин давлатлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги ташаббуслари туфайли сўнгги йилларда қўшни, яқин ва узоқ мамлакатлар билан мутлақо янги – соғлом сиёсий ва иқтисодий алоқалар йўлга қўйилди.

    ✔ 31    🕔 15:34, 16.10.2025
  • Қонунчилик палатаси муҳокамасида:  Коррупцияга қарши курашиш, «шовқин»ли қонун ва оқава сувлар «манзили»

    Қонунчилик палатаси муҳокамасида: Коррупцияга қарши курашиш, «шовқин»ли қонун ва оқава сувлар «манзили»

    Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида халқимиз ҳаётини янада қулай ва фаровонлаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Депутатларнинг қизғин муҳокамасидан ўтган лойиҳалар маъқулланиб, Сенатга юборилди.

    ✔ 55    🕔 15:01, 09.10.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар