Атроф-муҳит ҳолатидан одамлар рози бўлиши керак
Президент ҳузурида экологик барқарорлик ва қиш мавсумига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди
БатафсилКўп қаватли уйда яшайдиган киши борки, баъзан «дом»да чироқ ўчиб қолиши, сув қувури ёрилиши ёки ундан сув томиши, ёғин-сочинли кунларда эса томдан чакка ўтиши сингари муаммоларга дуч келади. Айниқса, салқин кунлар яқинлашгани сари ширкатга мурожаат этувчилар кўпаяди. Шунда масалага вақтида ечим топилса-ку (аслида куз-қиш мавсумига тайёргарлик анча олдиндан бўлиши лозим) яхши, аммо ҳеч қандай натижа бўлмаса-чи?
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати фаолияти бирмунча яхшиланганини таъкидлаш жоиз. Шунга қарамай, аҳолини бу борада қийнаётган муаммо ҳали оз эмас. Бугун уларни эшитяпмиз, телевизорда кўряпмиз. Тағин бу муаммолар одамлар ҳаётига хавф туғдирса, бундан ёмони бўлмаса керак. Хўш, бунинг учун ким жавобгар?
Манзилимиз пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур тумани бўлди. Жарариқ мавзесидаги 3-уй. 58 хонадондан иборат 12 қаватли уйнинг биносига қарасангиз, даҳшатли манзарага кўзингиз тушади: подъезд қаватларида дераза-ойна «йўқ». Тўғрироғи, улар жуда эскириб, яроқсиз ҳолга келган. Хонадон соҳиблари ўша думалоқ шаклдаги дераза ўрнини турли эски тахтаю-ромлар билан беркитиб қўйган.
Энг сўнгги қаватларда одам бемалол сиғадиган очиқ жойларга панжара қоқиб қўйилган. Лиқиллаб-қимирлаб туради. Сал қаттиқ тортсангиз, узилиб кетиши ҳеч гап эмас. Энг қўрқинчлиси, 11-қаватдан 12-қаватга кўтариладиган жойдаги темир панжара орасига ёш бола тугул, ўрта вазндаги киши ҳам бемалол сиғади. Пастга қарасангиз, юрагингиз орқага тортиб кетади.
Подъездлардаги майдон каттагина бўлгани учун болалар қий-чув қилиб югурар экан. Энди тасаввур қилинг, ана шундай бир пайтда улар шу томонга йўналиб, бирор кор-ҳол рўй бермаслигига кафолат борми? Бир-бири билан ҳазиллашиб ё итаришиб унга яқин йўналса, нима бўлади? Ахир, болалар талашади-тортишади, югуриб ўйнайди. Очиғи, бу ҳақда гапиргинг, хаёлга келтиргинг ҳам келмайди. Лекин шу жойларга кўзи тушган одамнинг хаёлига беихтиёр ана шундай қўрқинчли манзара келиши аниқ.
Энг қизиғи, ёнгинадаги қўшни 4-уйда бу борада ҳаммаси яхши. Подъездларга замонавий ромлар ўрнатилган. Лифти ҳам янги. Шуни кўриб, ҳақли савол туғилди: нима учун битта ширкат хизмат кўрсатадиган икки уйнинг шароити ҳар хил?
— Бу уй таъмирланиб, иккинчиси қолиб кетмайди, — дейди «Эски Жарариқ» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раҳбари Баҳодир Муродов. — 3-уйнинг подъезди ромлари алмаштирилмаганига сабаб бу уй учун банкдан кредит олишнинг бироз муддатга чўзилиб кетганидир. Лимит туфайли анча кутдик. Ҳисоб-китобларга кўра, ўн икки қаватни янгилаш учун қарийб 55 миллион сўм талаб этилади. Кредитни ҳал этиб, мана шу ойда албатта, бажарамиз. Декабрь ойига ўтмайди.
Аммо ширкат раҳбарининг айтишича, янги ромлар ўрнатилса, аҳолининг тўлайдиган мажбурий бадали 600 сўмга оширилади. Айни пайтда бу миқдор 400 сўмни ташкил этади. Чунки ба нкдан олинган кредитни қайтариш масаласи ҳам бор. У ниманинг ҳисобига қопланади? Албатта, хонадон соҳибларининг ширкатга тўлайдиган ойлик мажбурий бадаллари эвазига. Айрим хонадон эгалари эса уларни ўз вақтида тўламайди. Мутасаддининг сўзларига кўра, 3-уйда истиқомат қиладиган айрим хонадонларнинг жорий йил 1 октябрь ҳолатига кўра, жами 7 миллион 144 минг сўм қарзи бор.
Биз юқорида тилга олган 4-уйда эса лифт ўрнатилгач, хонадон соҳибларига махсус жетон берилган экан. Шу орқали лифтдан фойдаланилади. Кимнинг қарзи бўлса, лифт ўша қаватга хизмат кўрсатмайди. Шу тариқа, тизим ҳар жиҳатдан қулай ва самарали.
Албатта, ширкат раҳбарининг ҳам гапларида жон бор. Банк билан боғлиқ чўзилишлар йўқ эмас. Ўзим истиқомат қиладиган ҳудудга хизмат кўрсатадиган ширкат фаолияти мисолида ҳам биламан буни. Лекин қонунга итоаткор, тўловларни вақтида амалга оширадиган фуқароларнинг аҳволи, эътирози-чи? Уларни ким тушунади?
Бундан бир неча йил олдин бизга бириктирилган хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати бўларди. Ҳар гал уй тўловини тўлашга борганимда аксарият ҳолларда хунук манзаранинг гувоҳи бўлардим. Айримлар у ердан норози бўлиб қайтиб кетарди. Бировнинг иши тушса, ширкатдагилар мурожаат қилган кишини турли баҳоналар (агар баҳона дейиш мумкин бўлса, албатта) билан «қуруқ» қайтариб юборарди. «Томни ёпишга ҳали материал йўқ», «Электрик бугун ишламайди» қабилидаги гаплар.
Ёки бўлмаса, ертўладаги қувурни тузатиб беришни сўрагандан сантехник хизмат ҳақи талаб қиларди. «Ҳайронман, биз нима учун ҳар ой ширкатга пул тўлаймиз?», дея эътироз билдирган киши билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Қисқаси, муаммони ўзингиз ҳал қилишингиз керак.
Ҳақиқатдан ҳам нега булар хизмат кўрсатмайди десам, ёнимдаги бошқа тўловчилар:
— Ахир, пул тўлайдиганлар ҳар ой келиб-кетадиган ўша-ўша кишилар, қарздорлар ҳам кўп-да, дерди.
— Унда фақат тўловчиларга хизмат кўрсатишсин, нега энди қарздорларни деб бошқалар азият чекиши керак, — дердим бунга жавобан.
— Э, ким билсин...
Шундай пайтларнинг бирида уйимиз бошқарувчиси (домком) ҳамма қўшниларни йиғиб: «Ҳозирча ширкатга уй тўловини тўламай туринглар. Уларнинг устидан жиноий иш қўзғатилган. Аниқланишича, ширкат катта миқдордаги қарийб икки йиллик нақд пулни банкка топширмаган. Ҳозир прокуратура текширув ишларини олиб боряпти. Шу иш ниҳоясига етсин, кейин бу ёғини кўрамиз», деб қолди.
Табиийки, бу гапдан кўпчиликнинг асаби бузилди, ҳафсаласи пир бўлди. Айримлар бу жараён нима билан якунланишидан қатъи назар, «бундан буён ширкатга умуман пул тўламайман» деб қолди.
Бу ҳолга қандай баҳо бериш мумкин? Хулоса чиқариш ўзингиздан. Шу воқеадан кейин, ширкат тасарруфидан ажралиб чиқдик. Янги ширкатни уй бошқарувчининг ўзи ҳокимиятма-ҳокимият югуриб тузди. Ўзи унга бош бўлди. Бир уйга бир ширкат тамойили остида иш бошланди. Кўп қаватли уйимиздаги камчиликлар секин-аста бўлса-да, ҳал қилина бошлади.
Юқорида бир-иккита мисол келтирдик, холос. Бундай ҳолатлар ҳаммага таниш. Эшитиб турибмиз, ҳар куни ойнаи жаҳонда кўряпмиз. Энг ёмони, бирорта ширкатга бириктирилмаган уйлар ҳам кўп. Бу муаммо вилоятларда, айниқса, кўп кузатилади. Демак, бу тезкор чора-тадбирларни кўришни тақозо этади.
Шунинг учун бу борада бир қатор ишлар қилиняпти. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги маълумотларига кўра, республикамизда — вилоятлар шаҳар ва туманларида 2017 йилда янги ташкил қилинган хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари сони 340 тани ташкил этди. Биз улар нечоғли самарали фаолият юритаётгани, аҳолининг уларга нисбатан бўлаётган муносабатини жойларга чиқиб ўрганиб, газетамизнинг кейинги сонларида ёритишни мақсад қилганмиз.
Зеро, бундан буён ширкат ишидаги барча муаммони бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилган: Президентимиз 2017-2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирларига доир қарорни имзолаган. Кўп хонадонли уй-жой фондини таъмирлаш, ободонлаштириш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш дастурини амалга ошириш учун 1,8 триллион сўм маблағ йўналтириш кўзда тутилган.
Аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш, кўп хонадонли уй-жой фондининг уй ичидаги муҳандислик коммуникациялар ва умумий фойдаланиладиган жойларни ўз вақтида ва сифатли таъмирлаш, шунингдек, кўп хонадонли уй-жой фондига туташ ҳудудларни болалар ва спорт майдончалари ташкил этган ҳолда, ободонлаштиришни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган.
Мутахассислар ҳисобига кўра, келгусида ушбу дастур ижроси кўп хонадонли уй-жой фондининг техник ҳолатини тубдан яхшилаш ва ундан фойдаланиш, таъмирлаш-тиклаш ишларини ўз вақтида амалга ошириш, маҳаллий ижро органлар ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг самарали ишлашига эришилади. Мутасаддилар буни амалда қай даражада уддалашига эса ҳали қайтамиз.
Президент ҳузурида экологик барқарорлик ва қиш мавсумига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди
БатафсилЎзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2023 йил апрелда умумхалқ референдуми асосида Янги Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси қабул қилинган эди.
БатафсилАйни кунларда жамоатчиликнинг пойтахтдаги ҳаво сифати, унинг одамлар саломатлиги ва ҳаётига таъсири бўйича хавотирлари ортиб, муҳокамаларга сабаб бўляпти. Куни кеча Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланишининг сабаблари ва таркиби, шунингдек, вазиятни яхшилаш режалари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этди.
Батафсил