Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

«САНЪАТ БОҒИДА ЎЗ ГУЛИМ БОР!»

Бугунги саҳифамиз меҳмони нафақат ўзига хос роллари, балки дубляждаги такрорланмас овози билан элга манзур инсон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбек миллий академик драма театри актёри Маҳмуд ИСМОИЛОВ.

«САНЪАТ БОҒИДА ЎЗ ГУЛИМ БОР!»

Президентимиз санъат вакиллари билан бўлган учрашувда унвон бериш масаласига алоҳида тўхталди. Нима деб ўйлайсиз, унвон санъаткор учун қанчалик муҳим?

— Унвон санъаткорнинг кичик хизматлари учун эмас, халққа қилган буюк хизматлари учун берилади. Минг афсуски, Президентимиз таъкидлаганидек, унвонлар билан тақдирланганларнинг ҳаммаси ҳам бунга лойиқ бўлолмаяпти. Шундай «санъаткор»лар бор: ўзини тинимсиз ҳамма ёққа уриб, унвон кетидан қувади. Кейин эса довондан ошиб ўтгандек, унда чекиниш пайдо бўлади. Асли унвон билан тақдирланган одам янада кўпроқ меҳнат қилиши, эътирофга лойиқ бўлиши лозим. Мана, жорий йил мустақиллигимизнинг 26 йиллиги арафасида театримиз актёрларининг ҳеч бири унвон билан тақдирланмади. Демак, муносиб номзодлар йўқ! Санъат оламига кирганимга 40 йил бўлди, мана шу вақт давомида турли инсонларни кўрдим. Уларнинг айримлари 60 ёшга кириб, энг яхши образларни яратган, бироқ ҳалигача унвон олмаган. Айримлари эса, унвон билан тақдирланган, иккита кинода ўйнаб, театрга номига келиб-кетган ёш «ижодкор»лар.

— Ҳар бир касбнинг ўз машаққати бор. Унинг қийинчиликларини нималарда кўрасиз?

— Одамлар санъаткорларни осон пул топади, битта тўйдан яхшигина ҳақ олади, деб ўйлайди. Бу нотўғри. Театрга репетиция жараёнига ёки киносъёмкага ташқаридан кимдир келиб қолса, «Эҳ, сизларга ҳам осон эмас экан», деб кетади. Репетициянинг қийинчиликлари, битта кадрнинг қайта-қайта олиниши, неча варақлаб сўз ёдлаб, миянинг зўриқиши, яхши ижро қилдим, дегани режиссёрга ёқмаслиги — буларнинг руҳан ва жисмонан ўз қийинчиликлари бор. Мана шу касб билан улғайдинг, у билан танилдинг, машаққатли меҳнат орқали унвонларга, халқ эътирофига сазовор бўлдингми, нолимаслик керак. Байроқни баланд кўтариб, санъаткор деган номга лойиқ бўлиб юргин, деб ўзимга ҳам, оила аъзоларимга ҳам доим айтиб тураман.

— «Дарахтлар тик туриб жон беради» спектакли нега бугун репертуарда кўринмайди? Назаримда, бу халққа манзур бўлган спектакллардан эди.

— Бу спектаклни маза қилиб ижро қилардик. Чунки ёнимизда буюк актёрлар бор эди. Бош қаҳрамонлардан бири марҳум ­Рихсивой Авазов. Қолаверса, суюкли актрисамиз Яйра ­Абдуллаева ҳам бош ролни ижро қиларди. Рихсивой ака қаҳрамоннинг бувасини ўйнарди. У оламдан ўтганидан кейин ролни у каби маромига етказиб ўйнайдиган актёр топилмади. Спектакль режиссёри театрдан бошқа бир ишга ўтиб кетди. Спектаклни қайта тиклаш учун хоҳиш бор, лекин бу камлик қилади.

— «Алишер Навоий» спектакли бундан бир неча йиллар илгари ҳам саҳналаштирилган. Бугунги ва аввалги спектаклнинг ўртасида қандай фарқ бор?

— Илгари саҳналаштирилган «Алишер Навоий» спектаклида улуғ актёрларимиз Олим Хўжаев, Тўлқин Тожиевлар роль ижро қилган. Ҳар бир режиссёрнинг ўз ёндашув услуби бор. Аввалгида Навоий ва Бойқаро ёки Мажидиддин ҳамда Навоий ўртасидаги зиддиятлар кўрсатиб берилган. Бугунги саҳнадаги спектаклни Рустам Ҳамидов саҳналаштирди. Ундан замонамиз шамоли эсиб туради. Нафақат саройдаги, балки ташқаридаги иллатлар, ғийбатлар кўрсатиб берилган. Инсонларнинг бир-бирига чоҳ қазиб, умрига завол бўлиши кабилар очиб берилган.

— Ҳамза Умаровнинг шундай гапи бор эди: «Менинг ҳурматимдан саҳна ҳурмати баланд. Саҳна ҳурматидан томошабин ҳурмати устун»...

— Ҳоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин, саҳнанинг ўз салобати бор. Саҳнадаги жонли мулоқот инсонни ҳаяжонга солади. Авваламбор, томошабин театрга вақт ажратиб, бугун бир ҳордиқ чиқарай, деб келади. Биз мана шуни уларга тўлақонли тақдим этишимиз керак. Ролини номига ижро этиб, таъзим қилиб чиқиб кетиш, театрга, томошабинга хиёнат, деб ҳисоблайман. Қаттиқроқ айтганда, жиноят. Фақат самимий, соф ижро билангина томошабин ва театр ҳурматини сақлаб қолиш мумкин.

— «Туташ тақдирлар» сериалида оиласини мансабга алмашган инсон қиёфасини гавдалантиргансиз. Айтинг-чи, жамиятимизда учрайдиган мана шундай кимсаларни кўрсатиб бериш томошабинга қай даражада таъсир кўрсатади?

— Ўз манфаатини устун кўриб, икки фарзанди ва аёлини ташлаб кетиб, оила деган муқаддас номга оёқ босиш... Афсуски, бугун ҳаётимизда бундай инсонлар жуда кўп учрайди. Аҳду-паймон қилиб, турмуш қурган аёлини, икки фарзандини қаҳри қаттиқ инсонларгина хор қилиб ташлаб кетади. Уларга мансаб, унвон ва пул бўлса кифоя. Шундай йўлга кирган, бу каби ҳолатларни ўз бошидан ўтказган, озгина бўлса ҳам виждони бор инсон сериални бемалол ўтириб кўролмайди, деб ўйлайман.

— Санъат инсонга ҳузур бағишлайдиган соҳа. Шунингдек, у инсонларга кўзгу тутади. Сизнингча, бугун театр халққа кўзгу бўла оляптими?

— Театр азалдан маънавият, маърифат билан ҳамқадам юради. Тўғри, орада кўнгил­очар спектакллар ҳам намойиш этилади. Лекин уларнинг таг-замирида ҳам жамиятдаги иллатлар яширинган бўлади. Ҳозир дунёни ларзага солаётган иллатларни, яъни терроризм, гиёҳвандлик кабилардан театр огоҳ қилиб, кўзгу тутмоқда. Айрим ёшларимиз тўғри йўлни йўқотиб, келажагини барбод қиляпти. Китоб инсоннинг энг яқин дўсти бўлишини унутиб қўймоқда.

— Гавҳар кўп бўлса қадри бўлмайди, дейишади. Бугун санъаткорларимиз жуда кўп...

— Тўғри, санъаткорларимиз оз эмас. Лекин ғалвир сувдан кўтарилса қанчаси қолади? Гап мана шунда. Баъзиларини лойиқ бўлмаса ҳам гавҳар даражасига кўтариб юборганмиз. Санъат олийгоҳлари фақат ташқи кўринишга эмас, иқтидори, қобилияти ва имкониятларига ҳам алоҳида эътибор бериб қабул қилиши керак. Таълим жараёнида ҳам талабанинг истеъдоди очилмаса, уни бу соҳадан четлатиб юбориш лозим. Чунки театрларда ташқи кўриниши бор, қобилияти, маҳорати йўқ актёрлар кўпайиб кетган. Бундай истеъдоди бўлмаган актёрлар билан театр ўз олдига қўйган мақсадларига эриша олмайди. Нафақат театр, балки санъатнинг барча турида шундай. Ҳозирги ёшлар эса, тезроқ танилишни, машҳурликни мақсад қилиб қўяди. Табиийки, бундай вазиятда саёзлашиб қолган санъат бутунлай ўлиб бораверади.

— Маҳмуд Исмоилов ижод боғидан ўз гулини узиб чиқолдими?

— Ўз гулим (ўйланиб)? Менинг ўз гулларим бу ижро қилган ролларимми ёки ижодим гулми, билмадим. Биласизми, санъатни севган инсон учун театр ҳам бир гулзордек, атрофидаги касбдошлари ­оиласидек. Қани эди, ёшлик давримдан бошлаб ижро этган ролларимнинг барчасини ёзиб олишнинг имкони бўлганида...

Санъатга қадам қўйганимга қирқ йил бўлди. Мана шу давр мобайнида нималаргадир эришдим. Ҳеч кимнинг ортидан «Менга унвон беринг», деб югурганим йўқ. Меҳнатим учун тақдирлашди. Сўнг бунга муносиб бўлишга интилдим. Агар ролларимни маромига етказиб ижро этолган бўлсам, чиройли гулни ўстира олдим. Энг муҳими, санъат боғида менинг ҳам ўз гулим бор!

— Сиз маҳоратли дубляж актёрисиз. Айтинг-чи, бугун дубляж мактаблари мавжудми? Ҳозир дубляжда асосан, ёши катталарни кўп учратамиз. Ёки ёшларимизда бу соҳага қизиқиш йўқми?

— Дубляж мактаблари бизда бор ёки йўқлигини билмайман. Дубляж бу — вақти келганда бутун вужудингни, юрагингни бериб овоз улашишдир. Унда ҳам экрандаги актёр билан баробар роль ижро қилиш керак. Дубляжга қизиқадиган ёшларимиз жуда кўп. Лекин машаққатини енга оладиганлари ниҳоятда кам. Соатлаб микрофон олдида, матнга термулиб, қулоқчиндан келаётган ўзга тилдаги сўзларни тинглаб туриб, овоз бериш ҳамма ўйлаганчалик ҳам осон иш эмас. Ўзим бир неча маротаба ёшларни олиб келганман. Лекин охиригача етиб борадигани жуда кам. Қолаверса, матнни тезликда, тўхтамасдан ўқиш талаб қилинади. Баъзи ёшларимиз эса афсуски, тез ва тўғри ўқий олмайди. Орасида ҳатто, ҳижжалаб ўқийдиганларига ҳам гувоҳ бўлганман. Дубляжни ўрганиш вақт ва сабр талаб қилади. Ёшларимиз эса, ҳамма нарсага тезликда эришишни хоҳлайди.

— Санъаткор оилалар қаторига кирасиз. Бугун санъаткорларимиз оиласи узоққа чўзилмаяпти. Ўз ҳаётий тажрибангиздан келиб чиқиб, буни нима билан боғлаган бўлардингиз?

— Икки ёш ҳам санъаткорлар оламидан хабардор бўлади. Эркак аёлларнинг, аёл эркакларнинг қандай қадам босишини яхши билади. Тўй ўтганидан кейингина мана шу нарсалар уларнинг жанжалларига сабаб бўлади, деб ўйлайман. Улар бир-бирига шубҳа билан қарай бошлайди. Қаерда эдинг, ким у, нега каби саволларни жуда кўп беради. Санъаткор инсон билан турмуш қургандан сўнг уни тўғри ҳазм қила билиши керак. Бошқаларда кўрган ёмон иллатларини эридан ёки аёлидан қидирмаслиги лозим. Мен ҳам санъаткорга уйланганман ва буни тўғри тушуна оламан. Шоҳида баъзан қўнғироқ қилиб кеч қоламан деса, мен буни тушунаман. Ёки менда шундай ҳолат бўлса, у ҳам мени тушунади. Аввало, эр-хотин бир-бирини тушуна билиши керак.

— Буюк актёр Чарли Чаплин «Тарбия назорат билан эмас, ўрнак билан бўлади», деган...

— Жуда тўғри! Тарбияда фақат назорат эмас, ўрнак бўлиши керак. Айтилган гапнинг биттаси ёдда қолиши мумкин. Лекин намуна бўлиш, энг муҳими. Бола ота-онадан андоза олади. Ўтириб китоб ўқи деб, ўзи телевизор кўриб ўтираверса, албатта, бу болага таъсир қилади. Агар ўзи бошлаб, китоб ўқиса, уни фарзандлари кўриб, бирга мутолаа қилса, бу бора-бора одатга айланади. Баъзи оталар ўзи қилаётган ишларининг мутлақо тескарисини насиҳат қилади. Лекин қандай қилиб фарзанд унга амал қилсин? Ахир, отаси у учун энг мукаммал инсон! Хуллас, фарзандга, аввало, намуна бўла билиш керак.

Озода ВАЛИЕВА

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Унинг меҳнати  эл дастурхонида  эъзозда туради

Унинг меҳнати эл дастурхонида эъзозда туради

🕔22:35, 07.04.2024 ✔55

Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.

Батафсил
Ҳамиша масъулиятли  бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг  муҳим шарти

Ҳамиша масъулиятли бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг муҳим шарти

🕔16:47, 25.01.2024 ✔102

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсaнeм БЕГИМОВА билан суҳбат

Батафсил
Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

🕔10:00, 23.01.2024 ✔108

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати, Ўзбекис­тон Экологик партияси аъзоси Муҳаббат Сафоева билан суҳбат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар