Бугун кимга қандай иш керак?
Ҳар йили мамлакатимизда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини ўртача ҳисобда беш юз мингдан зиёд йигит-қиз битиради.
Уларнинг бир қисми олий ўқув юртлари талабалари сафига қўшилса, катта қисми меҳнат бозорига кириб келади.
Жорий йилнинг 22-23 май кунлари пойтахтимиздаги «Ёшлар ижод саройи»да анъанавий бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтди. Ярмарка Ўзбекистон Сенати тасдиқлаган 2016 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури доирасида Меҳнат вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси, Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда «Камолот» ЁИҲ ҳамкорлигида ўтказилди.
Хўш, ушбу катта тадбирда аҳоли, хусусан, ёшлар ўзи истаган ишни топдими? Таклиф этилаётган шарт-шароит уларга маъқул келдими? Ўзи, бугун қайси мутахассисликларга талаб юқори?
Ярмаркада шу каби саволларга жавоб қидирдик. Иш ҳақи 1,5 миллион сўмгача
Икки кун давом этган ярмаркада пойтахтимиздаги 400 дан ортиқ корхона ва ташкилот қарийб 6 минг бўш иш ўрни билан қатнашди. Таҳлилларимиз шуни кўрсатдики, иш берувчилар таклиф қилган вакант ўринларнинг аксарият қисмида ойлик иш ҳақи 700 минг сўмдан ортиқ. Айрим мутахассисликлар (асосан қурилиш, саноат, ишлаб чиқариш ва ҳоказо) бўйича 1,3-1,5 миллион сўм.
Бундан ташқари, тижорат банкларининг 60 дан зиёд филиаллари тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги фуқароларга тайёрланган содда ва қулай бизнес режалари, имтиёзли кредит пакетлари билан ҳозиру нозир бўлди. Уларнинг бизнес йўналишидаги, айниқса, коллежни битирганига уч йилдан ошмаган ёшларга 1,5 йил муддатга 6,5 миллион сўмгача миқдорда бериладиган ва гаров талаб этилмайдиган 3 фоизли микрокредитларига кўпчилик қизиқди. Шу билан бирга, 3 йил муддатга 26 миллион сўмгача йиллик 9 фоизли кредитлардан ҳам фойдаланиш мумкин.
— Жорий йилнинг тўрт ойи мобайнида Тошкент шаҳри бўйича 27,5 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди, — дейди Тошкент шаҳар Меҳнат бош бошқармасининг масъул ходими Салоҳиддин РАҲИМОВ. — Шундан қарийб 70 фоизи ёшлар, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига, қолгани иш билан банд бўлмаган аҳолига мўлжалланган.
Мутасаддининг сўзларига кўра, пойтахтимиздаги мавжуд 79 касб-ҳунар коллежининг битирувчилари ярмаркага таклиф этилган бўлиб, ўқувчилар йўналиши, мутахассислигига мос келадиган ва мавжуд бўш иш ўринларидан ўзига маъқулини топа олади.
Суҳбатдан ўтса бўлди
Кўргазмали стендларни айланиб, икки томон тўлдираётган ёзувларга дуч келдик. Жараён билан яқиндан танишамиз: Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг менежмент факультети битирувчиси Наргиза Пирманова «Di-ixlos» тикув фабрикаси МЧЖга бош ҳисобчи ёрдамчиси бўлиб ишга кириш мақсадида Чилонзор туман бандликка кўмаклашиш маркази берган ишга жойлашиш учун йўлланмани тўлдирмоқда.
— Бу йўлланманинг натижаси нима бўлади? — сўрайман мутасаддидан.
— Тез кунда Наргизани малакаси бўйича суҳбатга чақиришади. Шу синовдан муваффақиятли ўтса, иши тайин, — хотиржам жавоб қилди у.
Фойдаланса, келажакда ўзига фойда
— Ўғлим саноат касб-ҳунар коллежини тамомлаган, — дейди чирчиқлик Одил Раҳимов. — Эътибор берсак, бу соҳада кадрларга талаб жуда юқори экан. Иш мўл, маоши ҳам дуруст. Давлатимиз коллеж битирувчиларига яратиб бераётган бундай шарт-шароитдан фарзандини ўқитаётган ҳар бир ота-она, албатта, унумли фойдаланиши керак. Фарзандимиз бирор ишнинг бошини тутиб, касб-корли бўлса, эртанги кунидан кўнглимиз тўқ. Майли, бошида сал қийин бўлар, лекин қаерда барчаси тайёр шароит бор экан?! Аста-секин барига эришади-да...
Ҳам нафақа, ҳам малака
Ҳозир ишсизларни иш билан таъминлашда Меҳнат вазирлиги тасарруфидаги Ишсизларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув маркази яқин кўмакчи бўляпти. Ярмарка ўтаётган бино пештоқларида махсус баннерларга кўзимиз тушди: Тошкент шаҳар туман бандликка кўмаклашиш марказлари йўллаган ишсиз фуқаролар қисқа муддатда йигирмага яқин касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш имконига эга экан.
Қизиқиб сўрасак, бу ерда ўқиш муддати 1-3 ой. Ишсиз фуқароларни касбга тайёрлаш жараёни назарий ва амалий машғулотлардан иборат. Жорий йилнинг ўтган 4 ойида жами 722 ишсиз фуқаро марказда турли касбга ўқитилди. Бунда ишсиз фуқаро доимий рўйхатда турадиган жойидаги бандликка кўмаклашиш марказига мурожаат этади. Бу ерда унга таклиф этиладиган ишга маълумоти, малакаси етмаса ёки касбини ўзгартирмоқчи бўлса, марказ ўша фуқарога бепул ўқиши учун Тошкент шаҳар Меҳнат бош бошқармасига қарашли Ишсизларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув марказига йўлланма беради.
Ўқиш жараёнида ўқувчиларга бандликка кўмаклашиш маркази стипендия ҳам беради. Таълим тугагач, тингловчилар яна қайтадан бандликка кўмаклашиш марказига бориб, у билан шартнома тузган корхонага ишга жўнатилади.
Тадбиркорликда асқотмоқда
— Марказимизда бухгалтерия курси ҳам бор, — дейди Тошкент шаҳар Меҳнат бош бошқармасига қарашли Ишсизларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув марказининг Ўқув-услубий бўлими бошлиғи Малика САРВАРОВА. — Бугун давлатимиз оилавий тадбиркорликка кенг йўл очиб бераётгани натижасида бухгалтерия курсида ўқиш истагидаги фуқаролар кўпаймоқда. Боиси аксарият фуқаро ўз шахсий фирмаси, корхонасини очишга интилади, лекин бу соҳани яхши тушунмагани учун бирмунча қийинчиликларга дуч келади. Шунинг учун марказимизга мурожаат этишади.
Устига-устак, курсларда ўқиш у қадар қиммат эмас — 130 минг сўм. Ўқув марказида соҳа бўйича олинган билим кўпчиликка асқотяпти. Улар бир вақтнинг ўзида ҳам корхонасига раҳбар, ҳам бухгалтерияга оид масалаларни мустақил ҳал этмоқда.
* * *
Бугун бутун дунёда иқтисодий инқироз оқибатида ишсизлик, аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи катта муаммога айланган бир пайтда мамлакатимизда ҳар йили янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури қабул қилиниб, унинг асосида ҳудудларда қарийб 1 миллион иш ўрни яратилмоқда. Аҳоли, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлашга эришиляпти. Фақат мазкур жараёнда ёшларда илму шижоат, ғайрат, ўз касбига масъулият билан ёндашув бўлса, бас. Шунда бу мақсадга эришиш йўлида учрайдиган ҳар қандай сунъий тўсиқлар ғов бўлолмайди.
Шаҳобиддин РАСУЛОВ,
«Оила даврасида» мухбири