Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

Меҳриддин РАҲМАТОВ: «УЛАР КИНОДА ЎЙНАСА, МЕН САМОЛЁТ ҲАЙДАЙМАН»

Жиддий қиёфа, жиддий роллар... Чиндан ҳам у бири-бирига ўхшамаган жиддий роллари билан мухлислар қалбига кириб борди, назаримизда. Мухлислар берган таъриф қанчалик тўғри ёки нотўғрилигига унинг ўзи — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Меҳриддин РАҲМАТОВ суҳбатимизда жавоб қайтарди.

Меҳриддин РАҲМАТОВ: «УЛАР КИНОДА ЎЙНАСА, МЕН САМОЛЁТ ҲАЙДАЙМАН»

— Меҳриддин ака, театр саҳнасидаги жиддий ролларингизга ҳаётда ҳам жиддий инсонлигингиз сабабми?

— Балки. Театрдаги ижодим 1995 йил санъат олийгоҳида ўқиб юрган вақтлар бошланган. «Қатағон» спектаклидаги образ менинг биринчи ролим эди. Йигирма уч йил бўляптики, шу даргоҳдаман. Балки, чиндан ҳам ташқи кўринишимнинг жиддийлик касб этиши театрдаги тақдиримни белгилаб бергандир?! Нима бўлганда ҳам мен бу тақдирдан розиман.

— «Алишер Навоий» спектаклида сизга аввалига Мўмин Мирзо, кейин Ҳусайн Бойқаро образи топширилди...

— Спектакль илк маротаба қўйилганида шаҳзода Мўмин Мирзо ролини ижро этгандим. Орадан йиллар ўтиб, спектакль қайта саҳналаштирилганда режиссёр менга Ҳусайн Бойқаро образини топширди. Назаримда, бу икки роль оралиғидаги вақтда турли ракурсдаги образларни гавдалантирганим менинг ютуғим бўлган. Бу эса Ҳусайн Бойқарони ижро этишимга замин яратган. Тажрибамдан англадимки, актёр кичкина, эпизодик роль бўлса ҳам қалб қўрини бериб ижро этиши, тинимсиз машқ қилиши, театрда роль танламасдан ўйнаши керак экан. Шундагина маҳорати ошади. Актёр ўз маҳоратини кўрсата олсагина бошқалар томонидан тан олинади. Бу эса уни катта марраларни забт этишга ундайди.

— «Талваса» спектаклида қаҳрамонингизни маҳорат билан гавдалантиргансиз. Айтинг-чи, Мелис образи бугунги кун ҳақиқатига қанчалик яқин?

— Куни кеча бир йигит қўнғироқ қилди. «Америкада яшаяпмиз, лекин ўзбек фильмларини, спектаклларини соғиняпмиз. Фарзандларимиз ҳам ўзбекона тарбияда, ибо-ҳаё тушунчаси ривожланиб катта бўлишини истаймиз. Яхши спектаклларнинг видеотасвирларини жўнатсангиз», деб илтимос қилди.

Буни қарангки, «Талваса»да Америкага кетиш талвасаси очиб берилган. Мелис мусиқа билан шуғулланадиган, хориж оҳангларига муккасидан кетган йигит. Лекин мен ўйнаган қаҳрамоннинг салбий жиҳатлари қанчалик кўп бўлмасин, у ўзлигини йўқотмаган. Мелис онасига: «Америкада яшаб нима қиласиз? Майли, боринг, лекин дам олиб, ҳордиқ чиқаришга боринг. Нима кераги бор ўзга юртда яшашни? Бир кун хор бўласиз», дейдиган жойи бор.

Халқимиз мустақилликнинг илк давридаги қийинчиликларга сабр қилиб, бугун шундай ёруғ кунларга етиб келди. Ватанини, она юртини ташлаб кетмади. Спектаклда мана шу ҳолат очиб берилган. Қаҳрамоним, асосан, салбий характерга эга бўлса ҳам, қалби пок, ўз миллатини севувчи инсон.

— Бугун реклама кўп нарсани ҳал қилади. Ҳатто истеъдод ҳам унчалик муҳим эмасдек. Сиз-чи, санъаткор учун реклама қай даражада муҳим деб ўйлайсиз?

— Сиз ўйнаган спектакллар, ролларни халқ билмаса, кўрмаса, унинг баҳоси ҳам бўлмайди. Ўз ижодингиз ҳақида мухлис фикрини билолмайсиз. Биз халқ учун ижод қиламиз. Реклама бўлса, халқ қандай ижод қилаётганингизни баҳолаб туради. Реклама орқали санъатда тутган ўрнингизни билиб оласиз. Шу жиҳатдангина реклама ҳам керак. 

— «Туташ тақдирлар» сериалида рассом йигит образини гавдалантиргансиз...

— «Туташ тақдирлар» сериалидаги роль ўзимга ёққани учун ўйнаганман. Жуда кўп сериалларга таклифлар бўлди. Юқорида реклама керакми, дедингиз. Реклама керак, фақат ўз ўрнида бўлса. Сериалларда сизга мос роль бўлса, ички ­дунёингизни очиб беролса, халққа чиндан нафи тегадиган керакли нарсани яратиб беролса, ўйнаш керак. Албатта, бу менинг шахсий фикрим.

— Баъзи актёрлар бор — театр актёри, баъзилари — кино актёрлари. Икки саҳнани баробар эплайдиганлари ҳам кўп. Бу ҳақида нима дейсиз?

— Биз институтни тугатганимизда «Драма ва кино актёри», деган диплом берилган. Демак, иккисини ҳам эплашимиз керак. Лекин ҳамма ўз ҳолатидан келиб чиқиб ижод қилади. Мен болалигимдан театр ва кинони бирдай орзу қилганман.

— Унда нега фақат давлат кинолари, сериалларида ўйнайсиз, хусусийларида кўринмайсиз?

— Кассабоп киноларга сценарийнинг ҳам, актёрларнинг ҳам кассабопини қидиришади. Биз сценарий танлайверганимиз учун ҳам қолиб кетамиз.  Майли, у кассабоп фильм бўлиши мумкиндир, лекин роль менга тўғри келмайди. Ролни катта ёки кичиклигининг аҳамияти йўқ. Бу ерда асосий муаммо — образда ўзимни кўролмаслигим.

— Хусусий киноларни жуда кўп танқид қилишади. Баъзи актёрлар уни оқласа, баъзилари, аксинча... Сиз қандай фикрдасиз бу борада?

— Имконият бўлганда, хусусий киностудияларнинг саноқлиларини қолдириш керак, деган бўлардим. Хусусий кино деб, ҳамма ҳам кино олавериши шарт эмас. Кинонинг рейтингги пасайиб кетади. Агар ҳаммага кино олишга рухсат берилса, биз бошқа иш қидиришимиз керак. Хусусий кинони олиш мумкин, сценарийни пухта тузиб, уни бадиий кенгашдан ўтказгандан кейингина. Лекин тўрт-беш одам йиғилиб, ўртага пул ташлаб, кино олишини мен умуман оқламайман. Ҳозир кино санъатида кинога алоқаси бўлмаган одамлар жуда кўп. «Мен кинода ўйнасам бўладими?», дейишади гоҳо. «Самолёт ҳайдасам бўладими?», дегандек гап-ку бу! Касбга нисбатан ҳурмат йўқолиб кетяпти.

— Чет эл режиссёрларидан кимларнинг ижодини мунтазам кузатиб борасиз ва кимнинг фильмида роль ижро этишни истардингиз?

— Бу саволни ҳали ҳеч ким бермаганди (кулади). Қишлоқ кўчаларида ялангоёқ югуриб юрганимда, театрда Ёдгор ­Саъдиев, Эркин Комилов, Ёқуб Аҳмедов, Тўти Юсупова каби буюк актёрлар билан бирга роль ижро этишни орзу қилардим. Мана, орзум амалга ошди. Инсон орзу билан тирик. Мел Гибсоннинг фильмларини жуда яхши кўраман. Унга ўхшаган режиссёрлар билан ишлаш насиб қилсин.

— Ҳар бир актёр бирор роли билан эл оғзига тушади ва ана шу роль унинг «юз»ига айланади. Сиз шундай роль деб қайси образингизни айта оласиз?

— Кўпчилик мени «Туташ тақдирлар» орқали танийди. Ўзим эса «менинг юзим шу», дея оладиган роль яратмадим, деб ўйлайман. Аммо умид қиламан.

— Бир клипда қизлари бор отани гавдалантиргансиз. Қаҳрамони­нгиз ҳаётда сизга қанчалик яқин?

— Яратганга шукр, қизларим, ўғилларим бор. Лекин қизларимни яхши кўрганим учун клип сценарийси ўзимга ҳам ёқди. Қиз фарзандли бўлганида яратганга хуш келмайдиган қилиқларни қиладиганларга дарс бўлсин, деб бу ролни бажонидил ўйнадим.

— Бугунги кундаги баъзи ўсмирлар тарбиясидаги нуқсонлар ва уларнинг ачинарли хотимаси барчамизни ларзага солмоқда. Бу каби ҳолатларнинг келиб чиқиши нимага бориб тақалади, деб ўйлайсиз?

— Биринчи навбатда, оиладаги тарбияга бориб тақалади. Иккинчи навбатда, чет элдан, интернет тармоқларидан, телефонларда тарқалган хунрезликлар, инсонни қадрсиз қиладиган видео-роликларнинг таъсири. Улар фарзандларимизнинг дийдасини қотириб қўйяпти. Шу боис уларни назоратга олиб, тарбияни кучайтириш керак.

— Ота-онангиз сизга қўллаган тарбия усулидан фарзандларингизда ҳам фойдаланасизми?

— Аввало, биз жуда содда эдик. Бизга четдан ҳеч қандай информациялар келмасди. Ҳозир эса техника ривожланиб кетди. Фарзандларимизга иложи борича тўғрисўзликни ўргатиш керак. Бир ёлғон тўқилса, иккинчи ёлғон туғилишини уқтириш керак. Шунда ҳаммаси жойида бўлади.

— Ўзбек хонадонларида эркак кишининг устунлиги асрлар давомида сақланиб келган. Лекин бугун баъзи хонадонларда аёлларимизнинг сўзи ўткирроқдек...

— Аёл киши эркак кишининг устунлигини тан олиши, фарзандларига ҳам буни уқтира олиши керак. Шундагина оилада тинчлик, барака бўлади.

— Бўш вақтингиз жуда кам бўлса керак? Мутолаага ҳам улгурасизми?

— Китоб ўқишни жуда ҳам яхши кўраман. Болалигимдан китобга меҳр қўйганман. Чунки кимки, яхши инсон бўлишни истар экан, унинг дўсти китоб  бўлади.

 — Бугунги кунда халқимизни, ёшларни китоб мутолаасига қайтаришга эътибор кучайди. Бу борада Президентимизнинг махсус фармойиши ҳам қабул қилинди. Санъаткорлар китоб ўқишни тарғиб қилишга қанчалик ўз ҳиссасини қўшяпти?

— Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар бир вилоятда «Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз» шиори остида тадбирлар ўтказиляпти. Театримиз ҳам бунда мунтазам қатнашмоқда. Шахсан ўзим ҳам вилоятларда ўтган учрашувларда китоб ўқиш афзалликлари ҳақида гапириб чарчамаяпман. Бу гаплар барибир кимгадир таъсир қилади, китобга қайтишга ундайди.

Озода ВАЛИЕВА

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Унинг меҳнати  эл дастурхонида  эъзозда туради

Унинг меҳнати эл дастурхонида эъзозда туради

🕔22:35, 07.04.2024 ✔55

Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.

Батафсил
Ҳамиша масъулиятли  бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг  муҳим шарти

Ҳамиша масъулиятли бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг муҳим шарти

🕔16:47, 25.01.2024 ✔102

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсaнeм БЕГИМОВА билан суҳбат

Батафсил
Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

🕔10:00, 23.01.2024 ✔108

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати, Ўзбекис­тон Экологик партияси аъзоси Муҳаббат Сафоева билан суҳбат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар