Ёхуд онг-қалб учун курашда ким биринчи?
Демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуришнинг асосий шартларидан бири — давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш. Бу борада мамлакатимизда дастлабки асос қўйилган: Президентимиз 2014 йил 5 майда имзолаган «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот олиши, мансабдор шахсларнинг қабул қилинаётган қарорлар учун масъулиятини оширишга қаратилган.
Мана, орадан икки йил ўтди. Хўш, мазкур қонун ижроси қай даражада таъминланмоқда? Унда белгиланган қоидалар ҳаётимизда ўз ифодасини топиши учун нималарни амалга ошириш лозим?
Яқинда Тошкентда ўтказилган семинарда шу каби саволларга жавоб изланди. Семинар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмиталари ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда депутатлар, фуқаролик жамияти институтлари мутахассислари, журналистлар иштирок этди.
Барча кириши мумкин, бироқ...
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ҳақида сўз борар экан, бунда ижро ҳокимиятининг фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари билан боғлиқ масалаларда очиқлигини таъминлаш устувор аҳамият касб этмоқда. Тадбирда таъкидланганидек, жаҳон тажрибаси очиқлик тамойилини амалда қўллаш вақт синови асосида шаклланиб борадиган жараён эканлигини, бу борада ягона стандартнинг ўзи йўқлигини кўрсатмоқда. Яъни, ҳар бир давлат бунда ўз миллий қарашлар тизимидан келиб чиқиб, йўл танламоқда. Хўш, бизда бу борада қандай долзарб муаммолар кўзга ташланмоқда?
— Ушбу қонунда давлат идоралари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича қатор усуллар келтирилган, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул КУШЕРБАЕВ. — Бироқ таҳлиллар баъзи ҳамюртларимизда давлат идораси фаолиятига оид ахборотни расмий сўров ёки очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш йўли билан олиш борасида ҳануз аниқ тасаввур йўқлигини кўрсатмоқда. Шу боис чекка ҳудудларгача аҳолини бу қонун ва қонуности ҳужжатларидан хабардор қилиш ва улардан фойдаланиш кўникмасини шакллантириш устувор бўлиб турибди.
Айрим ҳолларда фуқаролар ташкилот фаолиятига тегишли бўлмаган ахборотни сўрайди ёки унга жавоб бераётган шахс бу очиқ маълумот эмас, дея нотўғри жавоб беради. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни ҳамма кириши мумкин бўлган хоналар ва жойларга жойлаштириши керак. Лекин, тан олайлик, кўп давлат ташкилотида бундай хоналар номигагина ташкил этилган, оддий аҳоли у ерга — бино ичкарисига кириб бориши учун камида икки постдан ўтишига тўғри келади. Демак, ҳамма кириши мумкин бўлган хоналар ва жойларга ҳамманинг кириш имконияти ҳануз йўқ. Қонуннинг 16-моддасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳайъат мажлислари очиқ тарзда ўтказилади, деб белгиланган. Бироқ очиқ ҳайъат нима эканлиги ҳақида нафақат фуқароларда, ҳатто айрим давлат идораларида ҳам тушунмовчиликлар бор.
Давлат органига баҳо
Семинарда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги мониторингини олиб бориш ва уни баҳолаш методикаси ҳақида ҳам маълумот берилди. Бу жараённи Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш бўйича жамоатчилик кенгаши амалга оширади. Унинг таркибига Олий Мажлис депутатлари, ҳукумат ва давлат органлари вакиллари, журналистлар, нодавлат-нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари мутахассислари киритилган. 2016 йил 1 январдан 47 давлат органининг фаолияти мониторинг қилинмоқда.
— Очиқликни баҳолаш методикаси уч таркибий қисм асосида амалга оширилади, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат ТЎХТАБОЕВ. — Биринчиси «ўзини-ўзи баҳолаш» бўлиб, бунга 0 фоиз балл берилади. Чунки давлат органи ҳеч қачон ўзига паст баҳо қўймаслигини барчамиз яхши биламиз. Иккинчи компонент «Объектив маълумотлар таҳлили» бўлиб, бунда давлат органлари фаолияти тўғрисида жамоатчиликка ахборот бериш даражаси мониторинг қилинади, бунда максимал 85 фоиз балл олиш мумкин. Энг охирида давлат органларига мурожаат қилган ва очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этган шахслар, хусусан, журналистлар ва ННТ вакиллари орасида ижтимоий сўров ўтказилади. Бунда максимал 15 фоиз балл берилади.
Уч тилли сайтга бир киши масъул
Қонунчиликка кўра, давлат органларининг Ахборот хизмати оммавий тадбирлар ташкил этиш, ахборот хабарларини (пресс-релизлар, бюллетенлар ва ҳоказоларни) тарқатиш, расмий веб-сайтда улар фаолияти тўғрисидаги ахборотни жойлаштириш ва янгилаб бориш чора-тадбирларини кўриши керак.
— Ўрганишларимиз натижасида давлат органларининг ахборот хизматлари фаолиятини, умуман, қониқарли баҳолаш мумкин, — деди Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти лойиҳа раҳбари Салим ДОНИЁРОВ. — Хусусан, 2015 йилда маҳаллий ҳокимликлар ОАВда 3,6 мингдан зиёд чиқишлар қилган, 1,6 мингдан зиёд оммавий тадбирлар ташкил этган. Аммо, бу борада камчиликлар ҳам учраб турибди. Масалан, Андижон ва Сурхондарё вилояти ҳокимликларида ахборот хизмати йўқ. Аксарият давлат органида Ахборот хизматида битта штат бирлиги бор. Ваҳоланки, бир киши шунча вазифани уддалай олмайди. Матбуотда бугун ҳар уч мақоладан бири фуқаролар мурожаати асосида тайёрланмоқда. Уларда асосан давлат органлари фаолияти, коммунал ва транспорт хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим тизимларидаги муаммоли масалалар кўтарилмоқда.
Бу фикрларга қўшимча равишда айтиш мумкинки, бугун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари веб-сайтларидаги «Очиқ маълумотлар» бўлимини варақлаб, бирор янгилик топиш амри маҳол. Боз устига, уч тилда фаолият юритаётган бу сайтларда айнан Ахборот хизмати тақдим этган материаллар жуда кам. Аксарияти асосан, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабарларини шундай кўчириб қўя қолишади...
Ушбу қонунда оммавий ахборот воситасининг сўрови кўпи билан 7 кунда кўриб чиқилиши белгиланган. Агар бу сўровни кўриб чиқиш давлат органларининг ваколатига кирмаса, ваколатли органга 3 иш кунида юборилиши, ахборотдан фойдаланувчи эса бу ҳақда хабардор қилиниши керак. Бироқ... қонунчиликдаги бу меъёрлар ҳали ҳаётимизга-фаолиятимизга ўрнашиб улгургани йўқ. Дейлик, газета бош муҳаррири имзолаган расмий хат, одатда, ахборот хизматининг эмас, ташкилот раҳбари номига ёзилади. Хат умумий бўлимдан раҳбарга, раҳбар резолюцияси билан ижрочига тушишига камида 2-3 кун кетади. Буёғи энди ижрочининг вақти, ҳафсаласи, савиясига боғлиқ. Табиийки, аксарият ижрочи ҳаддан ташқари «сиёсий ҳушёр»: оғзаки интервью беришдан бош тортади, саволларга ёзма жавоб қайтаришга киришади. Тайёрланган жавобларни эса раҳбарнинг вақтини топиб, у билан келишиш керак... Бу орада эса янгилик эскириб улгуради.
...Бугун давр тезлашмоқда, дунёқарашлар ўзгаряпти, фикрлар тўқнашуви шиддатли. Бу «ахборот уруши»да ўзимизнинг журналистлар ва давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлашга масъул шахслар сал сустлашса бўлди — бўшлиқни четдан кимлардир нохолис ахборот билан тўлдириши муқаррар. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, «инсон маънавиятига қарши йўналтирилган, бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган кичкина хабар ҳам ахборот оламидаги глобаллашув шиддатидан куч олиб, кўзга кўринмайдиган, лекин зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган улкан зиён етказиши мумкин».
Умид ЁҚУБОВ