Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

«АКТРИСА БЎЛИШ ХАЁЛИМГА ҲАМ КЕЛМАГАН»

«Ичмайди, чекмайди, ёмон йўлга юрмайди. Ўн гапирсангиз, бир жавоб қилиб, кули-иб туради...»

«АКТРИСА БЎЛИШ ХАЁЛИМГА ҲАМ КЕЛМАГАН»

Бу жумлалар халқимизга яхши таниш: ҳа, ўша, «Бозор кўрмаган йигит» теленовелласидан. Унда қизнинг онаси ролини ўйнаган актриса эса ҳеч кимга ўхшамаган чеҳраси, овози ва ҳаракатлари билан томошабин қалбига йўл топа олган. Хуллас, бу галги суҳбатдошимиз — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Доно ­БОБОХОНОВА.

— Чет тиллар институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети)нинг роман-герман факультетида ўқир эдим, — эслайди актриса. — Бир куни дугонам дарсдан кейин кинога борайлик, деб қолди. Дарсларим эрта тугагани учун у ўқийдиган санъат институтига бордим. Институт ҳовлисида дугонамни кутиб ўтирсам, бир одам келиб, «Қизим, нима қилиб ўтирибсиз бу ерда?» деб сўради. Салом бердим. «Дугонамни кутяпман», дедим. Дугонам кимлигини билгач, «ичкарига киринг, репетиция бўляпти», деди.

Ичкарида репетиция қилаётган талабаларга қараб ўтириб, манзарага шундай сингиб кетибманки, хаёлимда ўзим саҳнада роль ижро этяпман. Репетицияда ўша одам бир қизга нима қилиши кераклигини роса тушунтирди, аммо қиз ўйнаб беролмади. Шунда у менга қаради-да, «сиз ўйнаб беринг-чи», деди. «Нимани», дедим. «Мана, болангиз ётибди, касал. Сиз дорихонага чиқиб кетдингиз, қайтиб келса­нгиз, ўлиб қолган», деди. Худди чиндан шу онанинг ўрнида бўлиб қолгандай эдим. Ролга шундай киришиб кетибманки, у киши «вой, тирик экан», деса чиндан болам тирик қолгандай ҳам кулиб, ҳам йиғлаб ўйнабман. Барчаси тугагач, «Қизим, сизнинг жойингиз шу ерда, бизга ўқишга келинг», деди. Кейин билсам, бу киши кўплаб актёр-актрисаларга устозлик қилган Раҳим Сайфиддинов экан.

Шу тариқа санъат йўлига кирдим ва бир умр қолиб кетдим.

— Демак, санъаткор бўлиш аслида режангизда бўлмаган ёки актрисаликни орзу қилармидингиз?

— Йўқ. Хаёлимга ҳам келмаган. Онам касалхонада фаррош бўлиб ишларди. Ёлғиз ўзи олти болани боқиш учун эрта-кеч тиним билмасди. Кун бўйи уйда бўлардим, энг севимли машғулотим — ойнага қараб рақс тушиш эди. Қизиқишим шунчалик кучли эдики, ўзим рақс тўгарагини топиб борганман. Афсус, ёшим катта бўлиб қолгани учун балетга олишмаган. Бироқ ичимда нимадир санъат томон ундайверарди. Одамнинг ичида санъатга ошуфталик бўлса, эртами-кеч ташқарига отилиб чиқаркан.

— Айнан академик драма театрига келишингиз қандай бўлган?

— Бу театрга келишимга ­Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабов сабаб бўлган. Санъат институтида мен 2-курсда, Мурод 1-курсда таҳсил олардик. Бир куни «Доно, театр очилаётган экан, бориб кўрмаймизми?» деди. Иккиланиб, бордим. Қаранг, иккаламизни ҳам ишга қабул қилишди. Шу театр мен учун катта мактаб вазифасини ўтади. 1968 йилда 21 ёшимда театрга келган бўлсам, мана, 48 йилдан бери шу ерда ишлаяпман. Афсус қилмайман, чунки театрни жуда севаман.

— Салкам ярим аср давомида бир жойда ижод қилиш, албатта, ҳаётда муҳим бурилишлар ясайди...

— Театрга илк келганимдан Эргаш Масафаев режиссёрлигида иш бошладим. «Ўн саккиз ёшлигим» спектаклида ажойиб актриса Ширин Азизова билан дублёр эдим. Турмуш ўртоғим (Исамат Эргашев — Г.М.) билан бир-биримизга ўша спектакль сабаб кўнгил қўйганмиз. Спектаклда мен Муҳаббат, турмуш ўртоғим Равшан ролини ижро этганмиз. Бошида роса репетиция қилдик, ҳеч кўнгилдагидек чиқмади. Режиссёр жуда қаттиққўл одам эди. Жаҳли чиқиб, «эртага тай­ёр бўлинглар», деди-ю, чиқиб кетди. Улар кетгач ҳам Исамат ака билан роса репетиция қилдик. Лекин ҳеч ўхшамади. Спектаклда шундай жойи бор эди: Муҳаббат Равшанга дўппида сув олиб боради. Равшан Муҳаббатга дил изҳори қилади. Репетиция қилаётиб дўппини кўтарсам, Исамат ака шундай қараб турибдики, беихтиёр юрагим «жиз» этди. Эртасига режиссёрга кўрсатиб бердик, негадир Исамат акани кўзига тик боқолмай, уялиб ерга қарадим. Режиссёрнинг оғзи қулоғида: «ана, ана, бўларкан-ку». Аслида эса биз бир-биримизни чиндан севиб қолгандик. Шундан кейин Исамат ака билан турмуш қурдик, анча йиллар бирга яшадик, фарзандларимиз дунёга келди.

Сўнг... уч бола билан ёлғиз қолдим. Жуда оғир пайтлар эди. Театр туфайли барча қийинчиликни енгдим. Ҳозир болаларим, невараларим барчамиз бирдай бахтли яшаяпмиз. Театрим билан доим биргаман.

— Айтинг-чи, ўша давр билан бугун катта ёшли ак­трисалар ва ёшлар ўртасидаги муносабатда қандай фарқлар бор?

— Ёши улуғ артистлар ҳеч бизга катта гапиришмаган. Ўзларидаги бор тажрибани бизга ўргатишга астойдил ҳаракат қилишарди. Каромат Аъзамова, Ширин Азизова ва бошқа актрисаларда самимийлик, ёшларга хайрихоҳлик кучли эди. Галилео Галилей «Устоз ўқитмайди, шогирднинг ўзини англашига ёрдам беради», деган. Демак, режиссёр актёрларнинг ўзини англашига ёрдам бериши керак.

— Масалан, қандай йўл билан?

— Эргаш Масафаев ана шундай устоз эди. У киши урмасди, сўкмасди, фақат шундай қарарди-да: «Мен автобусга бир сўм тўлаб, Дононинг саҳнада у ёқдан бу ёққа юришини кўргани келганим йўқ, менга образ керак», дер эди. Ич-ичимгача зириллаб кетардим.

— Ҳозирги ёшлар-чи?

— Улар эшитади, «хўп», дейди. Ўша куни амал ҳам қилади. Эртасидан яна ўз билганидан қолмайди. Тўғри, гапингни қулоққа иладиганлари ҳам бор. «Бахт эшик қоққанда» спектаклига менга дублёр сифатида Сайфиддин Мелиев Роҳат Муродовани танлади. Қарасам, дублёрим менга ўхшатиб ўйнашга ҳаракат қиляпти. Чақирдим-да, «мени қайтармагин, ўзингни ўйна, шунда ўз образинг яралади», дедим. Қаранг, режиссёрга шу қизни дублёрим сифатида олишни маслаҳат берганимда, адашмаган эканман.

— Сизнингча, бугун театрдаги энг оғриқли нуқта нима?

— Баъзи актёр-актрисалар пулнинг изидан югуриб, ўзини, қиёфасини  йўқотишяпти. Улар ўзини англаш ўрнига отарчиларга айланиб қолишяпти. Ахир бу — санъатнинг фожиаси-ку. Кейин санъатни тушунмаган одам театрга режиссёр бўлиб қолса, актёрнинг шўри қуриди, деяверинг... Менга таскин берадигани — театримизда ижод руҳи сақланиб қолгани.

— «Бозор кўрмаган йигит» телефильмида суратга тушишга кўнмаган экансиз...

— Театрда «Отасининг қизи»да ўйнардим. «Бозор кўрмаган йигит» сценарийсини ўқисам, жуда ўхшаш. Масафаев доим «ролинг иккинчисига ўхшамасин», дерди. Шу таълимни олганим учун режиссёр Толиб Ҳамидовга рад жавобини бердим. «Нимага», деди. «Отасининг қизи»да Ҳакима ролини ўйнаганман, ўхшаш-ку», дедим. «Ўхшамайди, келгин», деди. Истаб-истамай бордим. Аммо режиссёр шундай маҳоратли эдики, умуман бошқа нарса яралди. Энг зўри — партнёрим Равшан Солиҳов билан ишлаш ҳузур эди.

— Ҳозир телеканаллар кўп, режиссёрлар кам эмас, аммо нега шундай телефильмлар йўқ?

— Чунки драматургия пасайди, режиссёрлик мактабининг даражаси тушиб кетди. Олдин ўзимиздан ёши улуғ актёрлар-актрисалар изидан эргашиб, улардек бўлиш учун ҳаракат қилардик. Гоҳида ўйлаб қоламан: балки биз ёшларни ортимиздан эргаштира олмаётгандирмиз. Кейин бугун давр шиддатланди, руҳият ўзгарди, томошабинни тутиб туриш осон эмас.

— Энг зўр партнёрингиз ким эди?

— Мурод Ражабов. У асли театр актёри: ҳам драматик, ҳам комедик ролларни жуда маромига етказиб ўйнарди. «Биринчи бўса» спектаклида томошабин тугул, актёрлар ҳам йиғлаб юборган.

— Актёрни лавозим бузади, дейишади...

— Ҳа. Кўп кўрдик. Чунки актёр сокин бўлиши, фақат яратажак образи ҳақида ўйлаши керак. Бир томондан ҳисобчи «бунча чиқим қилдик», деса, рассом ўзининг дардини айтса, актёр «анави билан чиқишолмаяпман», деса — у қачон ўз образи ҳақида ўйлайди? Актёр саҳна учун яшаши керак. Актёрнинг энг катта бахти — саҳна, томошабин олқиши.

— Шунинг учун пенсияга чиқиб ҳам театрдан кетмабсиз-да?

— Чунки театрсиз яшолмайман. Ойлик тўламасаларинг ҳам ишлашга розиман, дедим.

— Доно опа, бугун сиз қандай образни гавдалантиришни истайсиз?

— Бир умр трагик-комедияларда роль ижро этганман. Асли шундай ролларни севиб ўйнаганман. Бир вақтнинг ўзида ҳам кулиб, ҳам йиғлаб ўйнашни истаганман. Қанийди, мана шундай асарлар бўлса, маза қилиб ўйнасам...

Гўзалой МАТЁҚУБОВА

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Унинг меҳнати  эл дастурхонида  эъзозда туради

Унинг меҳнати эл дастурхонида эъзозда туради

🕔22:35, 07.04.2024 ✔55

Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.

Батафсил
Ҳамиша масъулиятли  бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг  муҳим шарти

Ҳамиша масъулиятли бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг муҳим шарти

🕔16:47, 25.01.2024 ✔102

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсaнeм БЕГИМОВА билан суҳбат

Батафсил
Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

🕔10:00, 23.01.2024 ✔108

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати, Ўзбекис­тон Экологик партияси аъзоси Муҳаббат Сафоева билан суҳбат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар