Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

«МЕН САҲНАДА СИЗНИ ЎЙНАЙМАН»

«Суюнчи» бадиий фильмидаги Шермат аканинг оиласи ҳамманинг ёдида. Уларнинг оилавий футбол жамоаси ғалаба қозониши учун бир футболчи камлик қилади. Ҳозирги ўзбек футболининг жаҳон чемпионатига азалий бесамар уринишлари, доим муҳим ўйинлардаги мағлубияти ҳақида ўйласак, шу фильм эсга тушади. 

«МЕН САҲНАДА СИЗНИ ЎЙНАЙМАН»

Бу галги меҳмонимиз — «Суюнчи»да Абдулла ролини ижро этган актёр Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, «Дўстлик» ордени соҳиби Абдураим АБДУВАҲОБОВ билан суҳбатимизни айни шу мавзуда бошладик.

«Виждон етишмаяпти...»

— Бир отахон билан гаплашганимда «мана ёшим етмишга бориб қолди, терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатига чиқишини ҳали ҳам кутяпман», деган эди. Назаримда, футболчиларимизга виждон етишмаяпти. Тўғри, қарашимда айрим хатоликлар бўлиши мумкин, лекин уларнинг яратиб берилган шундай шароитда футболни қойиллатмасликка ҳаққи йўқ. Майдонга тушганда ўйинчи ўзидан кечиб, ҳамма нарсани унутиб, фақат футболнинг ичида яшаши керак. Бизнинг ўйинчилар футболни эмас, ўзини кўпроқ яхши кўради.

Абдураим ака, сизни кўрган ёшлигида полвон бўлган, деб ўйлайди. Ўзингиз ҳам бирор спорт тури билан мунтазам шуғулланасизми?

— Шу кунгача кўп спорт тури билан шуғулланганман. Ҳозир ёшим фақат юришни тавсия қилади. Эрталаб бироз сайр қиламан. Охирги вақтда тўғри овқатланишга ҳаракат қиляпман. Инсоннинг вазни ва соғлиғи меъёрида бўлиши учун тўғри овқатланиши, кўпроқ ҳаракатда бўлиши жуда муҳим.

— Спорт инсоннинг жисмоний саломатлигини яхшиласа, санъат маънавий камолотга етаклайди, айниқса, театр.  Шундай эмасми?

— Нурилла Аббосхоннинг романи асосида Ўзбекистон халқ артисти Турғун Азизов саҳналаштирган «Ўзбекча рақс» драмаси бор. Бу спектаклга тушган ўқувчи икки соатда битта китобни ўқиб тугатгандек бўлади. Хаёлидан «нима учун асарни шу вақтгача ўқимаганман, балки бундан-да чуқурроқ маъно англаган бўлардим», деган фикр ўтади.

Спектакль тўғридан-тўғри инсон руҳиятига таъсир қилади. Томошабинлар билан гаплашганда, «келганимда тобим йўқ эди» ёки «кайфиятим ёмон эди, кўриб кайфиятим ўзига келди», дейишади. Тарихий асарларни кўргач, «ота-боболаримиз шундай инсонлар бўлган экан-да, мен ҳам уларга муносиб бўлишим керак», деб чиқиб кетадиганлар қанча. Бу — тафаккурнинг ўсаётганидан дарак. Инсонлар театрдан ўзига бирор нарса олмаса, биз буни эплолмасак, театрларни ёпиб қўйиш керак.

Санъат ва мутолаа

— Санъатнинг қайси тури сизни тўлқинлантириб, ўзгача завқ беради?

— Рассомнинг маҳорат билан чизилган асаридан завқланаман. Мусиқа ва адабиётда ҳам ҳақиқий истеъдод яққол кўзга ташланади. Ҳамма нарса устасининг қўлидан чиқса, мукаммал асарга айланади. 

— Инсон танлаган касби билан ўзи, оиласи ва халқи учун қандай наф келтириши керак?

— Оддий бир чилангар ўзининг ишига содиқ бўлса, битта бурама михни виждонан ясаса, буралганда жойида қотади. Йиллар давомида кимгадир наф келтиради. Виждонсизлик билан қилинганда эса, ўз вазифасини адо этолмай, синади ёки бир жойга путур етказади.

Инсон ҳар бир ишини мукаммал қилсагина, ўзидан қониқади. Касби ортидан бола-чақа боққандан кейин виждонини поклаб ишлаши керак-да. Шунда олган маоши ҳам баракали бўлади.

— Қайси ролни ҳаёти­­нгизда туб бурилиш ясаган ижро сифатида айта оласиз?

— Албатта, «Шум бола» фильмидаги Қоравой ўзимга, танлаган соҳамга бўлган ишончни яна бир карра мустаҳкамлаган. Актёрлик фаолиятимни бошлашимда мустаҳкам пойдевор бўлган.

— Актёр бир образни яратиш учун унинг кечинмаларини ўз қалбидан ўтказа олиши зарур. Бунда эса шу қаҳрамон яшаган муҳитдан хабардорлиги катта аҳамиятга эга. Қолаверса, бадиий асар мутолааси ҳам унга ёрдам беради. Тўғрими?

— Бадиий асар яхши ёзилган бўлса, қорин очгани ҳам билинмайди. Китобнинг ичига кириб кетасиз-у, қайтиб чиққингиз келмайди. Кимдир ўқишга ҳалал берса, шунақа ёмон кўриб кетасиз. Якунига етмагунча, «кел, шуни ўқиб қўя қолай», деб варақлайверасиз.

Биз кўпроқ пьесаларни ўқиймиз. Чўлпоннинг бирор асари саҳналаштирилса, унинг бошқа китобларини ҳам ўқиб чиқишимиз керак. Қодирийнинг асаридаги бирор кичик образни яратиш учун эса шу китобни бошдан-охир ҳижжалаб мутолаа қилишга тўғри келади. Роль ўйнаётганда кичик детални ҳам аҳамиятсиз қолдириб бўлмайди. Йўқса, ўша замон ва қаҳрамон руҳиятига кириб бориш қийин кечади.

«Мендан сир яширишмайди»

— Ўғил болани ҳақиқий йигит қилиб тарбиялашда ҳарбий хизматнинг аҳамияти қандай?

— Биз йигит пайтимизда ҳарбий хизматга бормаганга «касал экан», деб қиз беришмасди. Ғурур устун келиб, шароит оғир бўлса-да, олис юртларда ҳарбий хизматни ўтаганмиз. Ҳозир йигитларимиз ўз Ватанида хизмат қиляпти. Яқинларининг тинч ҳаётини асраяпти. Бу энг катта бахт эмасми?

Ҳарбий хизматга боргунга қадар бола ўзини руҳан тайёрлаши керак. Ортида она юрти, унинг тинчлиги ва осойишталигини асраши кераклигини ҳис қилган одамга ҳеч қандай қийинчилик билинмайди. Қалбида чинакам Ватан туйғуси пайдо бўлади.

— Фарзанд тарбиялашда кўпроқ нималарга аҳамият берасиз?

— Ўзим отамдан ёш етим қолганим учун фарзандларимга кўпроқ меҳр бергим келади. Улар билан онаси ёки бошқа одам орқали эмас, тўғридан тўғри суҳбатлашаман. «Ўқишингда, соғлиғингда бирор муаммо бўлса, айт, уни ҳал қилишда ёрдам бераман», деб тушунтираман. Шунинг учун ҳам ҳеч нарсани яширишмайди.

Болалар билан дўстлаша олмасангиз, кейин қийин бўлади. Улар ичидаги гапини айтмаса, нима фикрда юргани, қандай муаммоси борлигини билиб бўлармиди? Унинг эҳтиёжларини ҳам инобатга олиш кераклигини унутмаслик зарур. Ота-она ва фарзанд ўртасида ишонч ва соғлом муҳит шаклланмаса, бола алдашни бошлайди.

Бувам виждонингизга қарши иш қилманг, ёлғон гапирманг ва ота-онага ҳурматда бўлинг, деб кўп уқтирарди. Ўша қадриятларни фарзандларимга ҳам сингдиришга ҳаракат қиляпман.

— «Дада» фильмида меҳрибонлик уйи директори образингиз мухлисларга яхши таниш. Айрим ота-оналар фарзанди олдида масъулиятсиз бўлиб бораётганининг сабаби нима деб ўйлайсиз?

— Аслида ўзбек — болажон дегани. Мен бундайларни сира тушуна олмайман. Ўз давомчисини ташлаб кетиш катта жиноят. Ахир, нима учун бу норасидани дунёга келтирдинг? Унинг айби нима? Нима муаммо бўлса, фарзанд туғилмасдан олдин ўйлаш керак. Туғилдими, бўлди, ота-она уни вояга етказишга масъул.

Фильмда ҳам ўттиз йилдан буён меҳрибонлик уйида ишлаётган директорнинг таъсирчан гапларини эшитгач, йигит болани қайтариб олиб кетади. Бу каби одамларни йўлдан қайтаришда сўзнинг кучидан кўпроқ фойдаланишимиз зарур.

«Онам танловда адашмаган»

— «Суюнчи» фильмида сизни уйлантириш учун Анзират буви (маҳалла фаоллари билан) қиз танлаган эди. Ҳаётда эса онангизнинг хоҳишига кўра уйланган экансиз. Сизнингча, турмуш ўртоқ танлашда ёши улуғларнинг тажрибасига суянишнинг қандай афзалликлари бор экан?

— Ёши катталарнинг гапирган сўзида чуқур маъно ва ақл бор. Улар биз ҳали босиб ўтмаган йўлни юриб бўлишган. Нуронийларимизнинг фикри теран ва ҳаётий тажрибаси катта. Ёшлар улар кўрсатган йўлдан юрса, иши бароридан келаверади. Онам тўғри танлов қилган экан. Фарзандларимнинг онаси уйда кекса онамни ғамхўрлик қилиб парваришлаяпти.

Қолаверса, актёр билан яшашнинг ўзига яраша машаққатлари бор. Чунки уларнинг иккинчи ҳаёти бўлади. Бирор ролни чиқариб беришда ўша образнинг руҳи билан яшаймиз. У хоҳ кино, хоҳ театр бўлсин. Айниқса, роль чиқмаётган вақтда кўп сиқилишлар бўлади. Турмуш ўртоғим санъатнинг шундай инжиқликларига ҳам бардош бериб келяпти.

— «Чимилдиқ»да бузилиши тайин бўлган бир оилани маҳорат билан сақлаб қолганингизга гувоҳ бўлганмиз. Бугун ёш йигит-қизларимизнинг оила масъулиятини ҳис қилмаслигига нималар сабаб бўляпти? 

— Оила муқаддас эканини ҳис қилмаган киши уни бузишдан қўрқмайди. Спектаклда бу ҳақда кўп гапирилган. Узтозимиз ­Турғун Азизов саҳналаштирган бу спектаклнинг оммабоп бўлишига сабаб, ҳаётда бундай ҳолатлар кўп учрар экан. Шу спектаклни йигирма уч марта кўрган одам билан гаплашдим, «мени ўйнаяпсан-ку, сени эмас, ўзимни кўриб кетяпман», деди қўлимни сиқиб. Ўн йил давомида шундай томошабинларнинг қанчаси келиб-кетмади. Бу билан ёшларга оила муқаддаслигини тушунтирмоқчи бўлдик. Ҳозирги ёшларнинг севгисида ҳавойилик кўп. Аслида, севги сўз билан тушунтирадиган нарса эмас.

«Рақобатчим йўқ»

— Ижодий ўсишда рақобатнинг аҳамияти катта, дейишади. Сиз бу фикрга қандай муносабатдасиз?

— Ҳеч кимни ўзимга рақобатчи санамайман. Саҳнага чиққан актёр, ўзининг нимага қодирлигини кўрсатиши керак. Роль ўйнаш қўлимдан келса, тафаккурим етса, саҳнани рақобат майдонига айлантиришнинг нима кераги бор? Зўрми, чиқиб ролини ижро этсин. Мен юрагимни бериб, астойдил ўйнайман. Кимнингдир мендан яхши ўйнаши мени хавотирга солмайди. Баҳони эса олий ҳакам — томошабин беради. Бу менинг фикрим.

— Негадир охирги вақтда экранларда кам кўриняпсиз? 

— Мен ролга жуда инжиқман. Йилига икки-учта кинони рад қилган вақтим ҳам бўлган. Лекин баъзан режиссёрлар кек сақлаб, чақирмайди. Ахир, сценарийси йўқ ёки жуда саёз ёзилган кинода қандай роль яратиш мумкин? Мен кўпроқ турли хил образларда намоён бўлишга ҳаракат қиламан. Эпизодларим ҳам тўлақонли, боши-охирига эга бўлишини истайман Энг муҳими, томошабинга маънавий озиқ бера олсак, шунинг ўзи кифоя.

 

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Унинг меҳнати  эл дастурхонида  эъзозда туради

Унинг меҳнати эл дастурхонида эъзозда туради

🕔22:35, 07.04.2024 ✔55

Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.

Батафсил
Ҳамиша масъулиятли  бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг  муҳим шарти

Ҳамиша масъулиятли бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг муҳим шарти

🕔16:47, 25.01.2024 ✔102

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсaнeм БЕГИМОВА билан суҳбат

Батафсил
Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

🕔10:00, 23.01.2024 ✔108

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати, Ўзбекис­тон Экологик партияси аъзоси Муҳаббат Сафоева билан суҳбат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар