Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ҚАНОАТ БИЛАН ОЧКЎЗЛИК ЧЕГАРАСИ

Такси  эмас, маршрутка

Ишга кечикаётгандим. Такси тўхтатдим. Машинанинг орқа ўриндиғида эса аёл киши ўтирарди.

ҚАНОАТ БИЛАН ОЧКЎЗЛИК ЧЕГАРАСИ

Манзилни айтдим. Йўлимиз бир экан, шекилли, сўради: «Қанча берасиз?». Мўлжаллаган пулимга рози бўлмагач (йўловчиси борлигини инобатга олгандим-да), сўраганига кўндим. Аммо...             

Йўлда кетарканмиз, ҳайдовчи қўл кўтарган барча йўловчи олдида бирин-кетин тўхтарди. Бироқ барининг йўли тескари. Бундан жиғибийрон бўларди.

Шу алфозда етти-саккиз марта тўхтадик. Охири орқадаги аёлнинг сабр косаси тўлди чамаси, бирдан норозилик билдира кетди:

— Ука, бўлди энди, тўхтайверманг. Биз ҳам шошиб турибмиз. Бунақада таксининг маршруткадан фарқи қоладими?    

Ҳайдовчи индамади. Ишхонам жойлашган чорраҳага келганимда, ҳайдовчи ҳалиги аёлга қараб:

— Опа, сизни шу ерда қолдираман, биз тўғрига кетамиз, — деди. 

— Нега энди?

— Бу ерга бурилсам, тирбандликда қолиб кетаман. Шундоқ пиёда юриб етиб олсангиз ҳам бўлади.

Аёлнинг асаби бузилди. Пулни салонга сочиб юбориб, машина эшигини қарсиллатиб ёпди. Таксичи эса, табиийки, сўкиниб қолди.

— Ўзи берадиган пули ҳеч қанча эмас-у, яна зарда қилишини қара? — деди менга.         

— Агар ҳеч қанча бўлса, нега уни опкелдингиз? — дея эътирози ноўрин эканини вазминлик билан айтдим.

Лекин ҳайдовчи барибир ўзиникини маъқуллади. Баҳслашиш бефойда эди. Манзилимга етгач, бирдан кайфиятим бузилди: барибир, кеч қолдим...

Ортиқча одам оламан деб...

Ўша куни ишхонадан кеч чиқдим. Шунинг учун жамоат транспорти юришдан тўхтаганди. Уйимгача қарийб йигирма километр. Чўнтагимда эса пул озроқ.

Бир такси тўхтатдим. Манзилни айтдим.

— Мўлжалингиз қанча? — сўради у.

— Ака, ёнимда озроқ қолганди, — дея борини айтдим. — Уйгача олиб кириб қўйсангиз, қолганини бериб юбораман.  

— Бўпти, ўтиринг.

— Қанча бераман?

— Ўтирсангиз-чи, ука. Бу ёғи бир гап бўлар...

Машинага ўтириб, очиғи, ўйлаб қолдим: етиб борганимдан кейин «фалонча бўлади» деб туриб олса-я? Устига-устак, йўлда бир-икки йўловчи қўл силтаб, такси ушламоқчи бўлганида ҳам тўхтамади.

— Йўл-йўлакай одам олиб кетсангиз бўлмайдими? — сўрадим ҳайдовчидан.

— Ука, бу ерда тўхташ мумкин эмас. Уч-тўрт минг сўм топаман деб, жарима тўлаб юрмайин тағин. Ҳамманинг ризқини беради. Очкўз бўлмасак, бас.

Самимий айтилган бу гапдан англадимки, ҳайдовчи инсофли, диёнатли киши. Уйим жойлашган чорраҳага етганимда, уни шу томон буришини сўрадим. Лекин ҳайдовчи:

— Ука, мен тўғрига кетаман. Сизни шу ерда тушираман. Бу ёғи яқин, шундайми? Пиёда ҳам етиб оласиз.

— Менга-ку фарқи йўқ. Аммо йўлкиранинг қолгани-чи?..  

— Қўяверинг, шу пулингизга ҳам розиман.

Бирдан хурсанд бўлиб кетдим: арзонга етиб олганим учун эмас, ана шундай инсоф-диёнатли ҳайдовчига учраганимдан.

Темурмалик САИДОВ




Ўхшаш мақолалар

Атроф-муҳит ҳолатидан  одамлар  рози бўлиши керак

Атроф-муҳит ҳолатидан одамлар рози бўлиши керак

🕔11:04, 04.12.2025 ✔59

Президент ҳузурида экологик барқарорлик ва қиш мавсумига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди

Батафсил
Халқимиз экологик ҳуқуқларини таъминлашнинг  мустаҳкам асоси

Халқимиз экологик ҳуқуқларини таъминлашнинг мустаҳкам асоси

🕔11:03, 04.12.2025 ✔60

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2023 йил апрелда умумхалқ референдуми асосида Янги Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси қабул қилинган эди.

Батафсил
Тошкентда ҳаво ифлосланиши:  Сабаблар санаб ўтилди,  ечим эса...

Тошкентда ҳаво ифлосланиши: Сабаблар санаб ўтилди, ечим эса...

🕔15:48, 27.11.2025 ✔152

Айни кунларда жамоатчиликнинг пойтахтдаги ҳаво сифати, унинг одамлар саломатлиги ва ҳаётига таъсири бўйича хавотирлари ортиб, муҳокамаларга сабаб бўляпти. Куни кеча Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланишининг сабаблари ва таркиби, шунингдек, вазиятни яхшилаш режалари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар