Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

ДЕВОРИ ЙЎҚ ҲОВЛИДАГИ ТЎЙГА БОРИБ...

«Битта қўшиқ билан инсон вужудини ларзага келтириш учун санъаткор халқнинг ичида яшаши керак. Унинг дарду аламини ўз юрагидан ўтказгандагина ҳақиқий санъаткор мақомига эриша олади».

ДЕВОРИ ЙЎҚ ҲОВЛИДАГИ ТЎЙГА БОРИБ...

Бу гапни айтган хонанда Дилшод Раҳмоновнинг ўзи ҳар доим инсонлар орасида бўлишга, халқ билан ҳамнафас яшашга уринадими? Санъаткоримиз билан суҳбатимиз аввалида шу саволга жавоб изладик.

— Қўшиқ тингловчига фақатгина завқ эмас, маънавий озиқ ҳам бера олиши керак, — дейди Дилшод Раҳмонов. — Балки бунинг учун туғма санъаткор бўлиш керакдир.

Отам мактабда мусиқадан дарс берган. Уйда ўзи учун қўшиқ куйлаб туради. Менга ҳам қимматли маслаҳатлар бериб, санъатда ўз йўлимни топишимда кўп меҳнати сингган. Қолаверса, ёшлигимдан устоз санъаткорларнинг қўшиқларини эшитиб катта бўлдим. У қўшиқларнинг залвори ҳам, таъсирчанлиги ҳам ўзгача эди...

Тақлидми ёки таъсир?

— Рустам Ғоиповнинг қўшиқларини тинглаб улғайган экансиз. Ижодингизда хонанданинг услубига яқин оҳанглар анчагина. Бу қўшиқчи ижодидан таъсирланишми ёки тўғридан-тўғри тақлид?

— Мен ҳам Рустам Ғоиповнинг йўлидан кетдим. Бу инсондаги сўзга талабчанлик, талаффуз тиниқлигини жуда қадрлайман. Қолаверса, овози зўр, ижро услуби ҳам кўнглимга яқин. Қўшиқларини тинглаб, кўп нарса ўрганаман. Бирор қўшиғини куйламоқчи бўлсам, ўзидан рухсат олиб, кейин халққа етказаман.

— Устоз санъаткорларнинг кўп қўшиқларини куйлагансиз. Бу билан машҳурликка эришмоқчи бўлганмисиз ёки уларни қайта «жонлантириш»ни истадингизми?

— «Гул бир ён, чаман бир ён», «Турфа гуллар» қўшиқлари менгача шуҳрат қозониб бўлган. Улар янграганда катта ёшли аёллар ҳам ўйинга тушиб кетади. Устозларимиз Қодир Мирашуров, Абдурауф Олимов билан учрашганда шу қўшиқларингиз жуда яхши айтилган-да, десам, сиз ҳам айтинг, деб оқ йўл беришди. Бу қўшиқлар юрагимга жуда яқин. Ички истак уларни қайта куйлашга ундади. Гарчи биринчи ижрочи даражасида меъёрига етказа олмасам ҳам уларни куйлаб завқланаман. Қаерга борсам, шу қўшиқларни сўрашади. Бу ўлмас қўшиқларни одамлар эшитгани сайин эшитгиси келаверади.

Беморни соғайтиради

— Ҳар бир қўшиқни халқ кўнглига олиб киришнинг синоати нимада, деб биласиз?

— Биринчи навбатда, сўз зўр бўлиши керак. Сўзлар ички дард билан ёзилса, таъсирчанлиги жуда кучли бўлади. Баъзан шеър матнида унинг залвори сезилмаслиги мумкин. Лекин ижро билан одамларнинг юрагига етказиб берса бўлади. Бунинг учун йўналишни тўғри танлаб, юракдан куйлаш керак. Дардли оҳангларни бўғиқ овоз билан кўнгилни тирнаб чиқаётганини билдириб айтиш жуда муҳим. Зўр сўз, зўр ижро, зўр йўналиш, оҳанг бўлса, унга ишлов беришнинг, аранжировканинг ҳам ҳожати йўқ. Устозимиз Охунжон Мадалиев афғон уруши ҳақида «Дўстлари келса-ю, келмаса болам», деб куйлаганда мухлислар йиғлаб юборган. Ўша қўшиқларнинг аранжировкаси ҳам бўлмаган. Одам фақат сўзнинг ўзи билан халқни сел-селбор қилиб юбориши мумкин. Айтмоқчиманки, сўзнинг қудрати буюк.  

— Баъзан қўшиқ эшитиб эски хотираларимиз жонланади, янги ишлар сари илҳомланамиз. Бунинг сири нимада?

— Ҳар бир санъаткор ўзининг юрагидаги дарди билан қўшиққа жон кирита олиши керак. Шундай хонишлар бўладики, касалнинг дардига шифо бўлиши мумкин. Тошкентлик етмиш ёшли Ойниса ая — мухлисимиз. Тез-тез қўнғироқ қилиб, ҳол сўраб туради. «Касал эдим, қўшиқларингизни тинглаб анча соғайдим», дейди. Қаранг, қўшиқдан таъсирланиб, тузаладиган одамлар ҳам бор экан. Бу ҳолат балки бизга билинмас, лекин ҳақиқий қўшиқ шайдосининг қарашлари бутунлай ўзгача.   

Айниқса, жонли ижро ва сўзнинг аҳамияти катта. Қўлга тор олишим билан мухлисларим жонланиб кетади. Кўпчилик концертга фақат жонли ижро учун тушади-да.

— Жонли ижронинг кучи бошқача демоқчисиз-да?

— Албатта, жонли ижронинг «жон»и бўлади. Қўшиқчи ҳақиқий иқтидор соҳиби бўлса, жонли ижродан қўрқмайди. Баъзида битта тор билан юракни забт этиш мумкин.

— Бугун санъаткор ниқоби остида ўзини ҳар кўйга солаётган, оддий кўча гапларига мусиқа басталаётганларга муносабатингиз қандай?

— Майли-да, кўчага чиқиб безорилик ёки ўғирлик қилмаяпти-ку. Адашган бўлса, бир кун тўғри йўлини топар. Ўсаман, деб ўз олдига қатъий мақсад қўйган бўлса, йўл қидиради. Бир кун келиб зўр санъаткор бўлиши мумкин. Санъат ҳам бир майдон. Яхшини халқ ўзи кўтариб юборади. Ишини қойиллата олмаган эса адашганини тушуниб етади. Саҳнага биринчи бор  чиққанимда менинг ҳам қўлимдан микрофон тушиб кетган. Ўзгаларнинг хатосини унинг ортидан муҳокама қилиш яхши иш эмас. Катталарга ҳавас қилиб, кичикларни етаклаш керак. Менинг ҳам қўлимдан кимдир етакламаганда, балки адашардим.

— Тўй-ҳашамларда қўшиқларингизни ҳаваскор ижрочилар куйлашига муносабатингиз қандай?  

— Бундан фақат хурсанд бўламан. Айтсин, қўшиқ халқники. Ўзим ҳам устозларнинг қўшиқларини куйлаяпман-ку.

Кўнгли тоза инсонгина...

— Чин инсоний фазилатлар сизнинг тасаввурингизда қандай?

— Ҳаммамиз ҳам хом сут эмган бандамиз. Билиб-билмай хато ишларга қўл урамиз. Уларни ювиб юбориш учун савобни кўпроқ қилиш керак. Савоб инсонни асрайди. Биров ёмонлик қилса ҳам яхшилик билан жавоб қайтариш керак. Кимнингдир дилини оғритишдан ёмони йўқ.

— Танқидга муносабатингиз қандай?

— Бир куни биттасининг «Намунча авжига чиқаверади, ашулани бақириб айтади», деган гапини эшитиб қолдим. Унинг гапидан хафа бўлмадим, аксинча, ўйлаб қолдим, демак, чиндан ҳам кўп бақириб юборсам керак-да, деб мушоҳада қилдим. Шундан кейин бир-икки қўшиғимни бақирмасдан айтиб кўрдим. Ширин қўшиқ чиқди. Раҳмат ўша инсонга. Балки мени тўғри танқид қилгандир. Шундай вақтларда дўстларимнинг муносабатини сўрайман. Одам ҳамма вақт ҳам ўз хатти-ҳаракатларига холис баҳо бера олмайди-ку.

— Бир суҳбатда «куйлаётган қўшиқларимдаги армонли севги ва изтироблар халқнинг дарди, уларнинг кўнглидаги изтироблар», дегансиз. Айтинг-чи, сиз халққа нечоғли яқинсиз? Уларнинг дардини қандай ўрганасиз?

— Севгида айрилиқ кўп бўлади. Шу мавзудаги қўшиқлар халққа кўпроқ таъсир қилади. Мухлислар кўпинча «қўшиқларда куйланган мавзулар ўзи­нгизнинг бошингиздан кечирганларингизми?» деган саволни беришади. Оламдан ўтган она ҳақида «Очиқ турур дастурхон, устида йўқ иссиқ нон», деган қўшиғимиз бор. Менинг онам ҳаёт, худога шукр. Бу мавзуни куйламаслигим ҳам мумкин эди. Лекин мен фақат ўз дардим билан яшасам, ўз дардимни куйласам, халқнинг қалбига қандай кириб бора оламан. Ота-онам ҳам шундай қўшиқлар куйлаб, инсонлар қалбига кириб боришимни кўп тайинлашади. 

— Айрим санъаткорлар машҳурлик жим-жималарида оддий халқдан ажралиб қолишади?

— Машҳурлик ҳам бир синов. Бундай инсонлар кўпроқ китоб ўқиши керак. Халқ билан мулоқот қилиши зарур. Шундагина ҳаётнинг асл маъносини тушуниб, кибр-ҳавога берилмаслиги мумкин.

Биз халқнинг ичидаги одаммиз. Озгина санъатимиз билан халқнинг қалбига йўл тополсак, халқ бизга жонини беради. Баъзан ҳовлисининг девори йўқ одам ҳам фалон пулга санъаткорни тўйига олиб бориши мумкин. Ҳатто шундай инсонларнинг пулини ўзига қолдириб кетган ҳолларимиз ҳам бўлган. Халқнинг олдида қўлимиз доим кўксимизда бўлиши керак.

«Кўзимга тик қарамайди»

— Оилада фарзанд тарбиясида отанинг ўрни, уларга муносабати жуда муҳим. Сиз бу масалага қандай ёндашасиз?

— Икки ўғлим бор. Каттаси спортга қизиқади. Нотўғри иш қилса, гапирмай қўяман, ўзи тушунади. Хатосини билиб, кечирим сўрайди. Юраётган ҳар бир қадамига кўз-қулоқ бўлиб тураман. Бир марта айтган ишим ёдидан чиқиб қолгани учун неча кун қийналиб юрди. Хафа бўлганимни билиб, ичидан эзилди.

Фарзандларим кўзимга тик қарамайди. Болани уриб тарбия қилиб бўлмайди. Уларни тарбиялашда чиройли гапириш керак. Безиллатиб қўйиш ярамайди.

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА

суҳбатлашди.




Ўхшаш мақолалар

Ишонч, масъулият ва уйғоқлик – Экопартия депутатларининг виждон иши

Ишонч, масъулият ва уйғоқлик – Экопартия депутатларининг виждон иши

🕔17:43, 23.08.2024 ✔445

Ҳар бир сиёсий партиянинг омма орасидаги ҳурмати, обрў-эътибори депутатлик корпусининг фаолияти билан чамбарчас боғлиқ. Айниқса, катта сиёсий жараён арафасида депутатларнинг ўтган муддатдаги фаолияти яна бир бор сарҳисоб қилиниб, тегишли хулосалар чиқарилиши табиий.

Батафсил
Унинг меҳнати  эл дастурхонида  эъзозда туради

Унинг меҳнати эл дастурхонида эъзозда туради

🕔22:35, 07.04.2024 ✔577

Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.

Батафсил
Ҳамиша масъулиятли  бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг  муҳим шарти

Ҳамиша масъулиятли бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг муҳим шарти

🕔16:47, 25.01.2024 ✔631

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсaнeм БЕГИМОВА билан суҳбат

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар