Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

ИГНА БИЛАН ҚЎШИҚ ЯРАТИБ...

Бу ёруғ оламнинг қувонадиган, кўриб ғамга ботадиган сир-синоатлари кўп. Бировнинг тақдир-аъмоли бошқасиникига сира ўхшамайди.

ИГНА БИЛАН ҚЎШИҚ ЯРАТИБ...

Тўрт мучаси бутун, соғлом одамни кўриб, ҳавас қиламиз. Афсус, ҳамма бекаму кўст эмас.

Мавлон Турниёзов билан Мейлихол Холматова турмуш қуришиб, бахтиёр яшашар эди. Ва ниҳоят, интиқ бўлган вақт-соат етиб келди. 1961 йил 5 февралда чақалоқ овози билан кулбалари файзга тўлди, ўғилли бўлишди. Санчиқул қишлоғида булардан-да бахтли одам йўқдай. Мавлоннинг юраги кўксига сиғмас, орзуси ушалганидан қалдирғоч каби қанот ёзарди. Ўғилчасининг отини Мустафо қўйиб, парваришига кўз-қулоқ бўлиб, тунни кунга улай бошлади. Аммо...

Бу қувончнинг ортида ғам-андуҳнинг яшириниб ётгани хаёлларига келибдими? Мустафонинг кўзи ожиз туғилгани эр-хотин қалбларини жароҳатлади. Бир кам дунё, деб шунга айтсалар керак-да.

Кунлар ўтди. Бардош, ирода одамзодга хос хислат. Ота-онанинг бунга кўникишдан бошқа чоралари йўқ эди.

Бухоро шаҳрида кўзи ожиз болаларни ўқитиб, тарбиялайдиган махсус интернат-мактаб ҳақида эшитиб, Мустафони ўша мактабда ўқитиш фикри туғилди. У ердаги шароитнинг яхшилиги, тарбиячиларнинг меҳрибонлиги, айниқса, пухта билим эгаллаётган ўзи каби болаларни эшитганда Мустафонинг ҳам ўқишга бўлган ҳаваси ортди.

Интернат-мактабда Мустафога, айниқса, ашула ва мусиқа дарслари ёқар, ашула матнларини бир эшитишда ёд олиш қобилияти бор эди. Ўқитувчи Ҳикмат Зиёдов зеҳни ўткир Мустафога ашула айтиш ва мусиқа сирларидан сабоқ бера бошлади. Икки йил давомида Мустафо Брайль усулидаги ёзиш ва ўқишни ўзлаштириб олди. Энди у мустақил ёзиш ва ўқишни уддаларди. Ғижжакчи ўқитувчиси Искандар Қаландаров чалган куйни, айтган ашулани сел бўлиб тингларди.

— Эсимда, иккинчи жаҳон урушдаги ғалабанинг ўттиз беш йиллигига атаб уруш қатнашчилари билан учрашув ўтказилди. — дейди Мустафо махсус интернат-мактабга ўқиган йилларини хотирлар экан, — Ўқитувчиларим Роҳила Муҳаммадиева, Музаффар Шарипов мени учрашувга олиб борди. Рубоб чалиш, ашула айтиш ҳадисини олган эдим. Тадбирда гапирганлар кўп бўлди. Ўқувчилар шеърлар айтишди. Менинг галим келди. Ёшимга нисбатан оғир ашула бўлса-да, шоир Собир Абдулланинг «Дугоҳ»ини айтдим. Ашулам кўпчиликка манзур бўлиб, қарсаклар билан олқишлашди. Яна ашула айтишимни сўрашди. Чокар ғазали билан айтиладиган «Мустаҳзод»ни маромига етказиб айтиб бердим. Ветеранлар гуллар билан қучоғимни тўлдиришди. Бу меҳнатим ва маҳоратимга билдирилган илк сийлов-мукофот эди.

Ижод «Бўстон»ида

Қамашида эл суйган иқтидор соҳиблари кўп. Ана шу мўътабар инсонлар ҳақида гурунг кетганда беихтиёр гап бориб «Бўстон» халқ ашула ва рақс ансамбли, унинг хонанда-ю созандаларига бориб тақалади.

Мустафо Турниёзов Бухоро шаҳридаги кўзи ожизлар махсус интернат-мактабининг 9-синфини битириб, Қарши шаҳридаги Маданият билим юртига ўқишга кирди.

Кейин Қашқадарё давлат филармониясига хонанда бўлиб ишга келди. Икки йил бу даргоҳда ишлаб, устоз хонандалар ҳузурида маҳоратини оширди. Филармонияда ишлаш, шубҳасиз, омад ва бахт. Шунга қарамасдан, Мустафонинг кўнгли «Бўстон», ўзбек мумтоз ашулалари уста-ижрочилари сафида бўлишни тусаётган эди. 1982 йилда ансамблга хонанда бўлиб ишга кирди. Ишга келишга келди-ю, ҳофизлар билан бақамти ишлаб, уларнинг ишончини қозона олармиканман деган ҳаяжон безовта қиларди уни. Раҳматжон ва Исомиддин Азимов, Ризо Раҳимқулов, Норқобил Жабборов каби санъаткорлар Мустафони илиқ кутиб олишди. Ҳамкорликда ижод қилишиб, Навоий, Фузулий, Жомий, Бедил, Феруз, Чархий, Ҳабибий ва бошқа шоирларнинг шеърларидан  қўшиқлар яратишди. Мустафонинг ашулаларини  эшитиш учун келган мухлислар билан зал лиқ тўлар, олқишлардан атроф ларзага келар эди. Эъзоз ва эътибор кўрган Мустафо «Бўстон»ни иккинчи уйи деб билди ва ҳозиргача ижод қилишдан тўхтамай ишлаб келмоқда.

«Бир умр яхши шеър изладим»

Қўшиқ ва куйда қандай сеҳр бор? Нега умри боқий қўшиқлар кўнгил мулкимизга айланиб қолган? Бу саволга ўйлаб, мушоҳада қилиб жавоб беришга тўғри келади.

Юртимиз обод, осмонимиз мусаффо, дастурхонимизда тўкин-сочинлик. Тўйдан бошимиз чиқмайди. Ободлик ва фаровонлик Оллоҳ берган олий неъматимиздир.

Шеър ёзаман деган шоирлар ҳам, ашула айтаман деган хонандалар ҳам сероб. Биргина қофиясини топган билан у шеър эмас, икки мисра шеърни ўн-йигирма қайтариб, ашула ҳам яратиб бўлмайди.

 

Сўзи саёз, куйи ғализ ашулаларнинг умри капалакникидек қисқа. Мустафо Турниёзов ана шу ўй-мулоҳазалар устида кўп бош қотиради. Яхши ашула яратиш учун, аввало, шеър танлайди. Шеърнинг ҳар бир сўзи маъносини ақл тарозисига тортиб, англайди. Тушунмаганларини шеър билимдонларидан, адабиётшунослардан сўрайди. Мустафо бир ашулани яратиш учун ойлар, баъзан йил камлик қилади. Юрак қўри билан дунёга келган ана шундай ашулаларнинг умри боқий бўлади.

Элда эъзоз топган хонанда

Мустафо Турниёзов ўттиз олти йилдан бери касбини шарафлаб келмоқда. Биров тўп тепиб кун кўрса, биров ер чопиб насибасини теради ва ҳоказо... Мустафо овози ва сози орқасидан элда эъзоз топиб, бировдан кам бўлмади. Умр йўлдоши Сайёра Тошмуродова билан ўтказаётган ҳар дамига шукрона келтиради. Уч ўғил, уч қизи ҳаётининг давомчилари.

Яшаш мураккаб, тақдир эса хилма-хил. Буни ҳаёт дейдилар. Қиёсини келтириб гапираман десак, гап кўп.

Мустафо ҳофиз ҳақида ёзган лавҳамни ўқиб бериш учун туман маданият ва аҳоли дам олиш марказига бордим. Биринчи дуч келганим Абсоат Тўраев бўлди. Қамашиликлар бу одамни маданият фидойиси дейишади. У киши мени эргаштириб, ҳофизнинг хонаси томон йўл бошлади.

— Шеър ёдлаяпти, — қайрилиб, кўрсатгич бармоғини лаблари ўртасига босди Абсоат ака. — Бироз кутайлик... Шеърни ўқиб тугатгач, кирамиз.

— Халақит бермадикми?

Ҳофиз кулимсиради.

— Э, келинглар, келинглар. Ҳар кунги одат, шеър ёдлаятувдим.

Боғдан-тоғдан қилиб, анча суҳбатлашдик. Кимнинг шеърини ёдлаётгани билан қизиқдим.

Ҳофиз олдидаги махсус дафтарини очиб, игна билан ёзилган қасида матнини ўқий бошлади. Шеърни ўқиб тугатгач, суҳбатини қолган жойидан давом эттирди.

— Кейинги вақтларда маҳаллий шоирларнинг шеърларига мурожаат этяпман. Вилоятдаги ҳайъатдан ўтказиб, кўпини ёздириб ҳам келганман. Елкадош, ҳамдам бўлиб келаётган, — ёнидаги шогирдининг елкасига қўлини қўйиб, миннатдорчилик билдирди ҳофиз, — дўстим, маслакдошим Рашид Чоршанбиевдан миннатдорман. Қуш қаноти билан деган ибора бор. Менга яқиндан ёрдам бериб келаётган одам ҳам шу.

Қаранг-а, ундай-бундай одамлар шеър нималигини билмайди, китоб ўқишни-ку бир чеккага суриб қўяйлик. Бу одам бўлса, бармоқлари орқали, игна билан дафтарига кўчириб ёзиб олган шеърлар мазмунидан ҳикмат тўқияпти.

Бир соат қўшиқ тингладик. Кўнгиллардан ғубор кўчди, димоқлар чоғ бўлди. Мен бўлсам, оламнинг рангин гўзаллиги ва нурафшон нурларини кўнгил кўзига кўчира олган бу ҳофиздан ҳайрат-ҳавасланиб уйга қайтдим. Қайтяпман-у, бир гап тилимда такрорланарди:

— Игна билан яратилган қўшиқлар!

Турсунбой БОЙМИРОВ




Ўхшаш мақолалар

Унинг меҳнати  эл дастурхонида  эъзозда туради

Унинг меҳнати эл дастурхонида эъзозда туради

🕔22:35, 07.04.2024 ✔55

Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.

Батафсил
Ҳамиша масъулиятли  бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг  муҳим шарти

Ҳамиша масъулиятли бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг муҳим шарти

🕔16:47, 25.01.2024 ✔102

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсaнeм БЕГИМОВА билан суҳбат

Батафсил
Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

🕔10:00, 23.01.2024 ✔108

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати, Ўзбекис­тон Экологик партияси аъзоси Муҳаббат Сафоева билан суҳбат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар