Сиз кутган суҳбат      Бош саҳифа

«БИЗ РЕКЛАМА БИЛАН МАШҲУР БЎЛМАГАНМИЗ»

Ўн беш йил ижодий танаффусдан сўнг яна театр саҳнасига қайтиб, «Имон» спектаклида бош қаҳрамонни маромига етказиб ижро қилган, худди яратган образларидагидек кескин характерли, жиддий, кези келганда, ўйлаб мурожаат қилишга мажбур этадиган актёр, Ўзбекистон ҳамда Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор САЪДИЕВ саҳифамиз меҳмони бўлди.

«БИЗ РЕКЛАМА БИЛАН МАШҲУР БЎЛМАГАНМИЗ»

Ёдгор ака, актёрнинг қисмати режиссёрнинг қўлида бўлади, деган гапга қандай қарайсиз?

— Бу фикрга қўшилмайман. Актёрнинг қисмати режиссёр қўлида бўлганида, бу оламда бирорта актёр бўлмасди. Актёрнинг қисмати ўз қўлида. У қисматини ўз устида ишлаши ва шуғулланиши билан яратади. Албатта, режиссёр актёр қирраларининг очилишида, ижро маҳоратининг шаклланишида муҳим. Лекин ҳамма гап актёрнинг ўзида, ҳаракатида бўлади, деб ўйлайман.

Саҳнамуқаддасдейишади. Сизнинг бошқача ёндашувингиз борми бу борада?

— Бунга ҳар ким турлича ёндашади. Мен учун саҳнанинг муқаддаслиги, унинг томошабинларга бўлган поклиги ва ҳалол хизматида.

— Машҳур рус қўшиқчиси Алла Пуга­чёва бир интервьюсида «Санъаткор ҳақида яхшими-ёмонми гап тарқалса, бу унинг фойдасига бўлади», деган эди. Сизнинг бунга фикрингиз қандай?

— Бошқаларни билмадим, лекин ўзим ҳақимдаги миш-мишларни ёқтирмайман. Тўғри гапиришса, ҳеч қандай қаршилигим йўқ. Россияда бунақа нарсаларга кўп эътибор беришади ва шундан келиб чиқиб, хулоса қилинади. Бироқ бу бизнинг ўзбекчиликка тўғри келмайди. Шунинг учун ҳам миш-мишларга қаршиман.

— Танқидга қандай қарайсиз?

— Танқидни тушунаман. Агар ўринли бўлса, ҳеч қандай эътироз билдирмайман ва хатони тузатишга ҳаракат қиламан. Кимдир мени «чўктириш» мақсадида танқид қилаётганини билиб қолсам, унда бошқа гап...

— Кўпчилик ўзини  ўзи таҳлил қилишга мойил бўлади. Сиз-чи?

— Мен ҳеч қачон ўз-ўзимни таҳлил қилмайман.

— Нима дейсиз, бугунги спектакллар томошабинга кўзгу тута оляптими?

— Агар томошабинга бирор нима бермаганида театрлар ёпиб қўйилган бўларди. Ҳозирги кунда театрларнинг ҳаммаси керак. Айниқса, бугун театрнинг аҳамияти тобора ошиб бормоқда. Бу, албатта, қувонарли.

— «Келинлар қўзғолони» спектаклини севиб томоша қиламиз. Қайта-қайта кўрсак ҳам меъдамизга тегмайди. Назаримда, бугунги баъзи спектакллар бир кўришлик. Бунинг сабаби нимада, деб ўйлайсиз?

— Бунинг сабаби профессионализм энди-энди, секин-секин ривожланаётганида. Уни доим сақлаб қолиш керак. Марҳум Биринчи Президентимиз Ислом Каримов билан бўлган бир суҳбатда менга «Ёдгор, саҳнада профессионализмни йўқотиш керак эмас. Агар маҳоратли ижро йўқолмаса, саҳна улуғланса, мухлислар ҳам сизларни эъзозлайди», деган эдилар. Бу жуда тўғри гап.

— Узоқ йиллардан бери театрда фаолият олиб бормоқдасиз. Ҳеч ортга назар солганмисиз?

— Йўқ, чунки бунга ҳали эрта. Жуда кўп ишлар қилишни мақсад қилиб қўйганман. Ортга қараб, қандайдир фикрлар билдиришга ҳали тайёр эмасман. Олдин халққа кўнгилдагидек хизмат қилиб, сўнг ортга қаралса, бу бошқа гап. Инсон қачон ортга назар ташлайди? Халқига яхши хизмат қилиб, ундан ўзи ҳам қониқса. Мен эса бу жараёнга ҳали етиб келмадим.

— Санъат соҳасини танлаган инсонда қайси фазилатлар бўлиши шарт, деб ўйлайсиз?

— Аввало, дили пок бўлиши керак. Халққа ҳалол хизмат қилиш асосий мақсади бўлсин. Мана шу икки жиҳат муҳим, қолганлари ўз-ўзидан қаторлашиб келаверади.

— Ижодда илҳом манбаингиз нима?

— Ўз ички ҳолатимдан илҳомланиб ижод қиламан. Бирор нарсадан завқланиб ижод қилмайман.

— «Шайтанат» фильмидаги образингиз жуда муваффақиятли чиққан, ўзингиз бу ҳақда нима дейсиз?

— Бу образим халққа ёққанидан жуда хурсандман. Лекин бу «Ёдгор Саъдиев шу роль билан қолади», дегани эмас. Ниятим, келажакда халққа манзур бўладиган яна бир қанча роллар ижро қилиш.

— Кинога илк бор кутилмаган ташриф билан кириб келган экансиз?

— Тўғри, акам, Хайрулла Саъдиевни излаб келган режиссёрга мен эшик очганман ва у мени кўриб, кинога таклиф этган. Бундан ҳеч қачон афсусланмайман.

— Яқинда берган интервьюларингиздан бирида клип суратга олмоқчи эканингиз ҳақида айтиб ўтган экансиз?

— Ҳа, ҳазил қилиб айтганман. Лекин буни тўғри тушуниш керак. Клип сюжети қуйидагича бўлади: тўй бўляпти ва санъаткор эълон қилинади. Парда очилади ва унинг ортида бирор машҳур санъаткорнинг тахтага ёпиштирилган сурати туради. Магнитофонда қўшиқ янграйди, одамлар рақсга тушади. Клипнинг номи «Жонли ижрога қайтиш керак». Жонли ижро жуда сийқаланиб қолган. Санъаткорларимиз, ҳеч бўлмаса, тўй-маросимларда жонли куйласин. Шунда ҳеч ким бир ойлаб концертлар беролмайди. Жонли ижрода узоғи билан беш кун куйлай олиш мумкин. Халқимиз ҳам фонограммага кўникиб қолди, назаримда...

— Сиз ўзингизни спортда, санъатда кашф қилди­нгиз. Яна қандай қирраларингиз бор?

— Санъаткор сирли бўлиши керак. Томошабинга ҳам, мухлисига ҳам. Шу боис ҳозир сизга бундай-ундай қирраларим бор, деб айтмайман.

— Кўринишингиз чиндан ҳам сирли, бунинг сабаби нимада? 

— Билмадим... Сабаби, балки отасиз катта бўлганим ёки кўнглим доим ўксиниб турганидадир. Дадамни кўрмаганим армоним. Унинг овози ёзилган пластинкадан ҳеч бўлмаса овозини эшитмоқчи эдим. Аммо уни ҳам тополмаяпман.

— Оилада қаттиққўл отамисиз?

— Йўқ, оилада қаттиққўл бўлишга ҳожат йўқ. Ақлли фарзандларим борлигига доим шукр қиламан. Бунда марҳум умр йўлдошимнинг ўрни беқиёс. Болалар тарбияси билан кўпроқ у шуғулланган.

— Ҳозир санъат оламига кўпгина ёшлар кириб келяпти. Улар орасида машҳурлик, қоматини кўз-кўз қилиш ёки бойлик орттиришни кўзлаганлари ҳам йўқ эмас...

— Меҳнат қилиб танилиш бошқа, реклама орқали машҳур бўлиш бошқа. Биз мақсадимизга меҳнат қилиб эришганмиз. Бизни ҳеч ким реклама қилган эмас. Ҳозир санъат нималигини билмайдиган одамлар тўлиқ профессионализмга эга бўлмаган инсонни «зўр», деб реклама қилиб, зўраки сингдирмоқчи бўляпти. Мен бунга бутунлай қаршиман. Уларнинг халққа фойдаси тегиши қийин бўлади. Кўпроқ меҳнат қилиш керак, реклама эмас. Телевидениега бориб, пулини тўлаб ўзини реклама қилади ва эътиборини шунга қаратади. Санъат эса четга сурилиб қолади. Профессионализм йўқолишининг сабаби ҳам мана шунда. Халққа хизмат қилишдан кўра машҳур бўлишга кўпроқ эътибор қаратиляпти. Балки рекламалардан умуман воз кечган маъқулдир. Овози йўқ одамлар ҳам ком­пью­тер ва рекламалардан фойдаланиб, «санъаткорман», деб юрибди. «Истиқлол» санъат саройи ҳам хонандаларга саралаб, «чертиб-чертиб» берилса яхши бўларди. Олдин концерт дастури билан танишиб чиқиб, мутахассислар кўригидан ўтказиб, кейин рухсат бериш керак.

— Турмуш ўртоғи­нгиз билан бахтли ҳаёт кечиргансиз. Бироқ бугун санъаткор ёшлар ўртасидаги муносабатлар узоққа бормай бузиляпти. Бу ниманинг оқибати, деб ўйлайсиз?

— Яқинда бир мажлис бўлди. Ажримлар сони бўйича Тошкент шаҳри энг олдинги ўринда экан. Менга сўз берилганида, «Бир нечта қора «Жип»ларда келиннинг уйига бориб, уни ва дугоналарини олиб, шаҳар айланиш, тўйхонанинг олдига келин-куёв қучоқлашиб тушган расмини катта қилиб қўйиш, тўй давомида улар ҳақида кино қилиб, беҳаё видеоларни тақдим қилишнинг нима кераги бор?», деб айтдим. Буларнинг ўрнига оила мустаҳкамлигини ўйласа бўлмайдими? Шундай ҳашамат билан оила қуриб, икки-уч ойдан кейин ажрашиб кетишяпти. Бу масалада ота-оналар кўпроқ қайғуриши керак. Қайнонани айбдор қилишади. Балки қайнонанинг ҳам айби бордир. Лекин назаримда, кўпроқ қизларимизнинг тарбиясига эътибор бериш керак. Ҳали тўй бўлмасдан олдин қучоқлашиб суратга тушиш тўғрими, бу миллатимизга хосми? Ёшлар шуни тушуниб етиши шарт. Буни ота-она уларга етказиши жоиз. Шунда улар масъулиятни ҳис қилади.

— Қандай китоблар ўқишни хуш кўрасиз?

— Тоҳир Маликнинг барча китобларини севиб ўқийман. У жуда яхши ёзувчи. Асарлари менга жуда маъқул.

— Мухлисларингизга тилакларингиз?

— Аввало, оилаларимиз тинч бўлсин. Оила тинч бўлса, юрт осойишта бўлади. Доим фаровон ва файз-баракали бўлсин. Айниқса, ёшларимиз оиласини асрасин, қаерда бўлмасин оиласини унутмасин.

Озода ВАЛИЕВА

суҳбатлашди. 




Ўхшаш мақолалар

Унинг меҳнати  эл дастурхонида  эъзозда туради

Унинг меҳнати эл дастурхонида эъзозда туради

🕔22:35, 07.04.2024 ✔55

Ўзбекистон Экологик партиясидан Халқ депутатлари Хонқа туман Кенгаши депутати, «Сотим Гўйинчи» хусусий корхонаси раҳбари Жалоладдин Сотимов билан учрашибоқ, уни саволга тутдим.

Батафсил
Ҳамиша масъулиятли  бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг  муҳим шарти

Ҳамиша масъулиятли бўлиш – партия ходими ва экофаолликнинг муҳим шарти

🕔16:47, 25.01.2024 ✔102

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсaнeм БЕГИМОВА билан суҳбат

Батафсил
Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

Катта орзулар улуғвор ишларга ундайди

🕔10:00, 23.01.2024 ✔108

Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати, Ўзбекис­тон Экологик партияси аъзоси Муҳаббат Сафоева билан суҳбат.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар