...Тошкентдаги коллежлардан бирида ўқиётган 17 ёшли йигит 31 май куни беш дўсти билан Бўзсув каналининг...
«Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуасидан оқиб ўтувчи жойида чўмилмоқчи бўлади. Дўстлар анҳорга қарийб бир вақтда сакрайди. Лекин негадир бир ўқувчи охирги бўлиб сувга тушади. Тушади-ю, бир лаҳза сув юзида қалқиб, ғойиб бўлади.
Дўстлари ёшлик қилибми ёки саросимада қолибми, чўкаётган шеригига ёрдам кўрсатиш, қутқарув хизматига хабар бериш ўрнига воқеа жойидан ғойиб бўлишади... Қутқарувчи ғаввослар орадан уч кун ўтиб, ўсмир жасадини топишди. Жасад сув оқими бўйлаб 200 метрга сузиб кетганди.
Ҳа, серқуёш юртимизда май ўрталаридан чўмилиш мавсуми бошланади. Бу вақтда одамлар офтоб тафтини бироз босиш, салқинлик ва ҳузур-ҳаловат излаб, сув ҳавзалари ва пляжларга ошиқади. Тўғри, сув киши танини яйратиб, тетиклик бахш этади. Аммо тартиб-қоидадан чиқилса, «сув балоси»га йўлиқиш мумкин...
Кўза кунида синади
Бадалига бир инсон ҳаётини сўраган фожиа айбдорини излашдан энди фойда йўқ. Шундай бахтсиз ҳодисалар такрорланмаслиги учун нима қилиш керак? Аҳолида ўз ҳаётига жавобгарлик ҳиссини шакллантириш йўлида қандай тадбирлар кўрилмоқда? Чўмилиш мавсумидан талафотсиз чиқишнинг имкони борми?
Шу ва бошқа саволлар билан Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Ҳусан БОБОНОВга мурожаат қилдик.
— Пойтахтимиз ҳудудидан ўтадиган каналлардаги сув ҳарорати доимий паст, боз устига, оқим тез, — дейди Ҳусан Бобонов. — Қолаверса, анҳор ва каналлар қирғоғида кўплаб кафе, чойхоналар қад ростлаган. Алкоголли ичимликлар ичиб, тез оқаётган паст ҳароратли сувга тушган киши ўзини йўқотиб қўйиши ҳолатлари кўп учраётир. Бундан ташқари, тажрибасиз «сузувчи»лар ҳам иссиқ ва совуқ ҳарорат кескин алмашганда тўғри ҳаракатланолмай, бахтсиз ҳодисага учрамоқда. Тошкент шаҳрида жорий мавсум ҳисобидан содир бўлган илк бахтсиз ҳодиса — Бўзсув каналига 17 ёшли ўсмирнинг чўкиб кетиши ҳам айни шу сабаб билан юз берди. Яъни тез оқаётган паст ҳароратли сувга сакраган ўсмир тўғри ҳаракатлана олмаган.
— Каналларда чўмилиш хавфли экан, бундан аҳолини огоҳлантириш бўйича қандай тадбирлар олиб борилмоқда?
— Пойтахтимиз ҳудудидан ўнлаб анҳор ва каналлар оқиб ўтади. Ёзда қўриқланмайдиган канал, анҳор ва сув ҳавзаларида чўмилиш, афсуски, одат тусига кирган. Чўкиш билан боғлиқ ҳолатларнинг асосий қисми ҳам айнан чўмилиш тақиқланган ҳудудларда юз бермоқда. Шу боис аҳоли энг кўп чўмиладиган жойларга, анҳор ва каналларнинг тез оқувчи қисмларига ҳозирча 810 дона тақиқловчи белги ўрнатилди. Мактаб ва коллеж ўқувчилари билан учрашувлар уюштирилди. Ўқитувчилар билан ҳамкорликда ўқувчиларга мавзуга доир диктант ва иншолар ёздирилди. Бундан ташқари, жойларга чиққан ҳолда, 7 мингдан ортиқ фуқаро билан тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди.
— Буларнинг натижаси қандай? Кутилганидекми?
— 2008 йилда Тошкентдаги сув ҳавзаларининг тақиқланган жойларида, Чирчиқ дарёси, Анҳор ва Бўзсув каналларида 26 киши чўккан бўлса, 2015 йилда бу жойларда 11 киши ҳалок бўлди. Бу сезиларли пасайиш дейиш мумкин. Аммо қайд этилган натижа барибир қониқарли эмас. Ҳозирги вақтда чўмилиш тақиқланган жойларни назорат қилиш учун ҳар куни рейдлар ўтказилмоқда. Қоидабузарларга нисбатан асосан суҳбат олиб бориш ва кўндириш методлари қўлланилаётган бўлса, баъзи фуқаролар жаримага ҳам тортилмоқда. Жарима миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 3–10 бараварини ташкил этади. Ҳозирга қадар 11 ҳолат бўйича тартибни бузган фуқароларга жарима солинди. Рейдлар 1 сентябргача давом этиши кўзда тутилган. Шунингдек, шаҳар фавворалари остида чўмилиш ҳам тақиқланган. Бундай қоидабузарликларни милиция ёки муассаса қоровули қутқарув хизмати иштирокисиз бартараф этади.
Афсуски, тушунтириш ишлари олиб борилаётганига қарамай, баъзан фарзандларини тақиқланган жойга чўмилишга олиб борган оталарни ҳам учратдик. Кўза кунда эмас, кунида синади. Агар шу анҳорда қайсидир қўшни ёки танишингиз чўмилиб, ҳеч бир муаммога дуч келмаган бўлса, бу сиз билан ҳам ҳаммаси кўнгилдагидек ўтади, дегани эмас.
— Фуқароларга қаерларда чўмилишни тавсия қиласиз?
— Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 20 майдаги «Ўзбекистон Республикаси акваторияларининг пляж зоналарида дам олувчиларнинг хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, пляжларда фуқароларнинг хавфсиз дам олиши таъминланмоқда. Қутқарувчиларнинг доимий назорати остида бўладиган жамоат пляжлари, ҳовузларда чўмилиш хавфсиз ва саломатлик учун ҳам фойдали. Чунки белгиланган чўмилиш жойларида сузишни билмаган ёки яхши сузолмайдиганлар учун мураббий ёрдами ташкил этилган. Шунингдек, малакали қутқарувчилар назорати мавжуд. Ҳозирга қадар бундай жойларда чўкиб кетиш ҳолатлари қайд этилгани йўқ.
Муаммога тиббий назар
«Мен ҳар қандай тезоқар совуқ сувда сузоламан. Сузиш бўйича катта тажрибам бор», дейди баъзилар катта гапириб. Балки... унинг тажрибаси ҳақиқатдан ҳам каттадир, лекин тақиқланган жойларда чўмилиш фақат чўкиш хавфини туғдирмайди. Масаланинг тиббий жиҳатлари бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика Давлат санитария–эпидемиология назорати маркази бош шифокори Баҳром АЛМАТОВ шундай деди:
— Айрим ҳолларда аҳолининг, айниқса, ёш болаларнинг канал, ариқ ва ҳатто, фаввораларда чўмилаётганини учратамиз. Бу борада чўмилиш мавсуми олдидан маҳалла фаоллари иштирокида тушунтириш ишлари олиб борилди. Тақиқланган жойларда чўмилиш турли жароҳатлар олишга, сув оғизга кириши оқибатида ўткир юқумли ичак касалликлари билан хасталанишга олиб келиши мумкин.
Чўмилиш масканларида Давлат санитария-эпидемиология назорати олиб борилади. Чўмилиш ҳавзаларини лойиҳалаштириш, жойлаштириш ва фойдаланишга доир санитария қоида ва меъёрларига кўра, тери-таносил касалликлари ва ўткир юқумли хасталикларнинг тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида ташриф буюрувчилар ва хизмат кўрсатувчи ходимлар тиббий кўрикдан ўтиши керак. Шаҳар, туман ҳудудида нохуш санитария-эпидемиологик вазият юзага келганда ҳудудий давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари томонидан чўмилиш ҳавзаси маъмуриятига тиббий кўрикдан ўтмаган мижозлар киришини тўхтатиш тўғрисида тавсия берилади.
Санитария-эпидемиологик вазиятдан қатъи назар, мактабгача ёшдаги ва кичик мактаб ёшидаги болалардан сузиш гуруҳига қабул қилишдан олдин ва кейинчалик ҳар уч ойда бир маротаба энтеробиоз ва лямблияларга паразитологик текширувлардан ўтгани тўғрисида маълумотнома талаб қилинади.
Чўмилиш ҳавзаларидаги сувнинг сифати О‘z Dzt 950:2011 «Ичимлик суви. Гигиеник талаблар ва сифатини назорат қилиш» талабларига жавоб бериши керак. Сувнинг сифати чўмилиш ҳавзаси маъмурияти ва ҳудудий Давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари билан келишилган график асосида назорат қилинади.
Назорат давомида бактериологик ва кимёвий текширувларга намуналар олинади. Талабга жавоб бермаган сув борлиги аниқланса, чўмилиш маскани фаолияти вақтинча тўхтатилади. Ҳовуздаги сув чиқариб ташланиб, унинг туби ва деворлари зарарсизлантирувчи воситалар билан ювилади. Янги сув тўлдирилгандан сўнг қайтадан бактериологик ва кимёвий таҳлил учун намуна олинади. Натижа ижобий чиқса, чўмилиш ҳавзаси фаолиятини давом эттиришга рухсат берилади. Ҳозирга қадар ўтказилган назорат чоғида махсус чўмилиш жойларида сифатсиз сув борлиги аниқланмаган.
Фалокат оёқ остида
Агар чўкаётган одамни кўриб қолсак, нима қилиш керак? Қаерга хабар бериш, қандай ҳаракатланиш лозим?
Тошкент шаҳар қутқарув хизмати бошқармаси бошлиғи ўринбосари Акмал АБДУСАМАТОВнинг мавзуга доир маълумотлари шу хусусида бўлди:
— Қаттиқ чарчаган, оч қолган, спиртли ичимликлар ичган, чанқаган ёки бирор касаллик безовта қилаётган вақтда чўмилиш мумкин эмас. Чўкиш нафас йўлларининг сув ва бошқа суюқликлар билан тўлиб қолиши, сувда тўғри ҳаракатлана олмаслик оқибатида юзага келади. Чўкаётган одамни кўрсангиз, яқин ўртадаги назорат-қутқарув постига ёки қутқарув хизматининг 1050 рақамига хабар беринг.
Агар тажрибали сузувчи бўлсангиз, вақтни бой бермай, чўкаётган одамга ўзингиз ёрдам беришингиз ҳам катта бахтсизликнинг олдини олиши мумкин. Чўкаётган одамни сувдан олиб чиқиш маҳорат талаб этади. Чўкаётган кишига орқа томондан сузиб яқинлашиш, сочи ва қўлтиғи остидан ушлаб, юзини тепага қаратиб (ўзингизни ушлаб олишига йўл қўймаган ҳолда!), қирғоққа қараб сузиш керак. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш чўккан кишининг аҳволига боғлиқ. Агар у ҳушини йўқотмаган, юрак фаолияти ва нафас олиши сақланган бўлса, бошини пастга эгган ҳолда қуруқ қия жойга ётқизиш ва шундан кейин уни сочиқ билан артиш керак. Имкони бўлса, иссиқ чой, қаҳва ичириб, кўрпага ўраш ва тинчлантириш лозим. Сизнинг эътиборли бўлишингиз ва кўрсатган ёрдамингиз кимнингдир ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.
Дилроз АБРАЕВА
ёзиб олди.